Давлат бюджети: “ижтимоий давлат” тамойиллари асосида
Давлат бюджети: “ижтимоий давлат” тамойиллари асосида

 

Дунёда кун сайин мураккаблашиб бораётган геосиёсий вазиятда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш ҳар қандай қудратли давлат учун ҳам жиддий қийинчиликлар туғдирмоқда. Шу ўринда, 2030 йилгача катта марраларни кўзлаган Ўзбекистон учун сўнгги кечаётган жараёнлар ва воқеаларни ҳисобга олган ҳолда вазиятни тўғри баҳолаш, йўл қўйилган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш, юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларни олдини олишга қаратилган чораларни кўриб бориш жуда муҳим аҳамиятга эга. Ваҳоланки, кечаётган геосиёсий можаролар, минтақавий тўқнашувлар, катта кучлар ўртасидаги зиддиятлар, халқаро савдо низолари, технология можаролари ва турли глобал даражадаги келишмовчиликлар,  иқлим ўзгариши ва экологик нобарқарорлик келтириб чиқараётган муаммолар мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижадорлигига ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди.

Мана шундай, тез ўзгарувчан вазиятда бошланган ишларни тахминларга эмас, балки аниқ таҳлил ва ҳисоб-китобларга таянган ҳолда изчил давом эттириш биз учун энг мақбул йўл.  Буни давлатимиз раҳбари 2024 йил учун давлат бюджетининг асосий йўналишлари ҳамда тармоқ ва ҳудудларда амалга ошириладиган вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида аниқ ва тиниқ қилиб кўрсатиб берди.

 

Бюджет даромадлари базаси кенгайтирилади

Президент Шавкат Мирзиёев йиғилишда Давлат бюджети даромадларини ошириш борасида иккита муҳим омилни очиб берди. Улардан биринчиси — бюджет даромадлари базасини кенгайтиришда корхоналарнинг фойдалилик (рентабеллик) даражасини ошириш. Бу борада саноат тармоқларида харажатни қисқартириш орқали таннархни камайтириш имкониятлари кўрсатиб берилди. Дарҳақиқат, таннарх камайса махсулот рақобатбардош бўлади, бозори чаққон бўлади. Рентабеллик юқори бўлади ҳамда бюджетга ўндириладиган фойда солиғининг салмоғи ҳам ошиб боради.

Биргина жорий йилнинг тўртинчи чорагида 349 та йирик саноат корхонасида 2,1 триллион сўм харажатларни камайтириш мумкинлиги ҳисоб-китоб қилинган. Шунга қарамасдан, йил бошига нисбатан маҳсулот таннархининг 10-15 фоизга ошириб юборилишига йўл қўйган ОКМК, “Ўзметкомбинат”, “Кимёсаноат” корхоналари фаолиятига йиғилишда танқидий баҳо берилди. Агар таннархга таъсир қилувчи ортиқча харажатларни қисқартириб бориш имкониятлари изланиб, бу ишлар тизимли давом эттирилса йирик саноат тармоқларида таннархни 15-20 фоиз камайтириш имкониятлари мавжуд эканлиги таъкидланди.

Бюджет даромадлари базасини кенгайтиришда яна бир муҳим омил — ҳудудларда паст қувватда ишлаётган корхоналарнинг муаммоларини ечишга кўмаклашиш орқали уларни тўлиқ қувватда фаолият олиб боришига имкон яратиш. Шу ўринда, бироз чекиниш бўлса ҳам айтиш жоизки, мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини кенгайтиришга қаратилган кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, тадбиркорларга, жумладан, бухгалтерия ҳисоби, маркетинг, ресурсларни бошқариш ва бошқа бизнес юритиш билан боғлиқ кўникмаларни эгаллашга ёрдам кўрсатилмоқда. Бизнесни ривожлантириш учун кредитлар ва микрокредитлардан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилмоқда. Кичик тадбиркорларга бизнес-режалар ва ривожланиш стратегияларини ишлаб чиқишда ёрдам кўрсатилаяпти ҳамда субсидиялар берилаяпти.

Йиғилишда юқоридагиларга қўшимча тазда, кичик бинес субъектларини йирик ишлаб чиқарувчилар билан кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича вазифалар белгиланди. Бу ишлар қандай ва қанча қўшимча ресурслар ва қўллаб-қувватлашни талаб қилиши мумкинлигини аниқлаш ҳамда ушбу кооперация алоқалари мустахкамлиги ҳамда самарадорлигини мунтазам баҳолаш ва мониторингини олиб бориш бўйича тегишли вазирлик ва идоралар олдига аниқ вазифалар қўйилди.

 

Ошинг ҳалол бўлса...

Видеоселектор йиғилишида тадбиркорликни ривожлантириб, солиқ базасини кенгайтириш, афзалликлар бериш орқали “яширин иқтисодиёт”ни қисқартириш муҳимлиги айтиб ўтилди. Маълумки, “яширин иқтисодиёт” — бу расмий рўйхатга олинмаган ва шу йўл билан солиқларни четлаб ўтадиган, белгиланган тартиб-қоидаларга мос келмайдиган фаолият. Бундай юсинда бизнес юритишнинг оқибатлари жиддий бўлишини, жамият ва иқтисодиётнинг барқарор ривожланишига салбий таъсир қилибгина қолмай, балки тўсиқ бўлишини яхши тушунамиз.

Мамлакатимизда ижтимоий дастурлар, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа муҳим соҳаларни молиялаштиришнинг барча имкониятлари изланаётган бир пайтда “яширин иқтисодиёт”нинг улуши салмоқли эканлиги тоқат қилиб бўлмайдиган ҳолат. Селектор йиғилишида бу борада бир қатор аниқ вазифалар белгиланди. Хусусан, Давлат солиқ қўмитаси тузилмасини янада такомиллаштириш, солиқ ходимларининг “яширин иқтисодиёт” билан курашиш борасидаги масъулиятини оширишга қаратилган янги механизмлар жорий этилади. 

Ноқонуний бизнес ва тадбиркорлик адолатли рақобат шартларини бузиши аниқ. Бу эса нафақат солиқ базасини кенгайтиришга тўсиқ, шунингдек қонуний ишлаётган тадбиркорнинг бозорини касод қилишга олиб келади. Агарда маҳаллага бириктирилган солиқчи сидқидилдан ва ҳалол фаолият олиб борса, ўз ҳудудида солиқ ва йиғимларга тортилмайдиган тадбиркор қолмайди.

“Яширин иқтисодиёт”га кирган тадбиркор аксарият ҳолларда энергия ресурсларидан ҳам яширинча фойдаланишга ҳаракат қилади. Бундан ташқари, сохта ёки ноқонуний маҳсулотларни ишлаб чиқариш, шунингдек тартибга солинмаган фаолият истеъмолчиларнинг саломатлиги ва хавфсизлигига ҳам таҳдид солади.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари ҳудудларда “яширин иқтисодиёт”ни аниқлашнинг энг оддий ва содда усулини кўрсатиб берди. Унга кўра, энди қайси туман ёки шаҳарда энергия ресурслари (электр энергияси, газ)га бўлган талаб ошган ҳолатда иқтисодий ўсиш кўрсаткичларида ижобий ўсиш динамикаси кузатилмаса, демак уша ҳудуд “яширин иқтисодиёт” нуқтаи назаридан алоҳида урганилади. Солиқ базасини кенгайтиришга қаратилган тадбирлар тўғри ишлаётган тадбиркорга муаммо тўғдирмаслиги керак. Чунки инсоф ва интизомли солиқ тўловчи – “Агар ошинг ҳалол бўлса, кучага чиқиб ич”, қабилида фаолият олиб боради.

 

Харажатлар натижадорлиги интизомни талаб қилади

Яқинда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ижтимоий соҳаларни ривожлантириш ҳамда ижтимоий ҳимоянинг адолатли механизмларини жорий этиш устувор вазифалар этиб белгиланган. Шу боис 2024 йил учун давлат бюджети лойиҳасида бу соҳалар ривожланишига катта эътибор билан ёндашилган. Хусусан, келгуси йил инсон капиталини ривожлантириш учун 102,5 триллион сўм йўналтириш мўлжаланаётганлиги, ушбу маблағлар ҳажми жорий йилдагига нисбатан 15 фоиз кўплиги буни исботлаб турибди. Давлат бюджетининг дастлабки лойиҳасида 317 та мактаб қурилиши ва реконструкция қилиниши режалаштирилганлигига қарамасдан Президентимиз яна 150 та мактаб қурилишига қўшимча маблағ ажратишни таклиф қилди. Шунингдек, мактабгача таълим, профессионал ва олий таълим тизими учун назарда тутилган маблағларни ҳам кўпайтириш бўйича фикр билдирилди. 2024 йил мактабгача таълим учун субсидиялар ажратилиши кўзда тутилмоқда.

Йиғилишда ушбу маблағлардан оқилона фойдаланиш, ажратилаётган маблағларнинг натижадорлигини ошириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди. Бундан буён бюджет маблағлари ҳисобидан давлат харидларини амалга оширишда тўғридан-тўғри шартномалар тузишга йўл қўйилмайди, танлов ва тендер савдолари ошкора ва очиқ ўтказилиши устидан қатъий назорат ўрнатилади. Бу борада бюджет интизомини кучайтириш бўйича қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритилади. 

Юқоридагилардан ташқари, келгуси йилдан “Маҳалла бюджети” тизими тўлиқ жорий қилиниши ҳар бир маҳалланинг ўзида ер ва мол-мулк солиғини туширишдан ўртача 100 миллион сўмгача маблағ тўплаш имконини беради. Бу маблағлар маҳаллада иш ўринлари яратиш, аҳолининг эҳтиёжларини қондирадиган инфратузилма лойиҳаларига йўналтирилиши лозим. Ушбу янги тизим бўйича маҳалла фуқарорлар йиғини раиси ва бириктирилган ходимларни ўқитиш, маблағларнинг ҳисоб-китобини тўғри юритиш ҳамда жамоатчилик назоратини олиб бориш юзасидан кўрсатмалар берилди. Солиқ қўмитасига “маҳаллабай” иш ташкил қилган ҳолда тадбиркорларнинг фаолиятини тиклаш ва иш ўринларини легаллаштиш, солиқ базасини кенгайтириш, ер ҳисобини юритиш, янги иш ўринлари яратиш ва бюджет тушумини кўпайтиш чораларини кўриш вазифаси қўйилди.

 

Давлат бюджети ижроси устидан парламент назорати кучайтирилади

Янги қабул қилинган Конституцияга кўра Давлат бюджетини қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биргаликдаги ваколатларига кирса, бюджетнинг ижросини назорат қилиш Қонунчилик палатасининг мутлоқ ваколати ҳисобланади. Тез кунларда 2024 йил учун бюджет лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилиши кутилмоқда. Давлат бюджетини қабул қилиш ва унинг ижросини назорат қилиш Қонунчилик палатасининг бош вазифаси ҳисобланади. Шуни ҳисобга олган ҳолда, бўлиб ўтган йиғилишда қўйилган вазифалардан келиб чиқиб, Давлат бюджети ижросига оид масалаларни сиёсий партиялар фракциялари ва қўмиталарда муҳокама қилиш жараёнлари чуқур таҳлилларга асосланган ҳолда олиб борилади.

Бюджетдан маблағ олувчи вазирлик ва идоралар томонидан молиявий хато ва камчиликларга ҳамда ноқонуний ўзлаштиришларга йўл қўйилаётганлиги йиғилишда танқид қилинди. Айниқса, берилаётган субсидиялардан мақсадсиз фойдаланиш ҳамда ноқонуний ўзлаштириш ҳолатларини олиш учун жиддий чоралар кўрилиши лозимлиги ўқтирилди.

Шу ўринда вазирлик ва идораларда ташкил этилган ички аудит тизими кутилган натижаларни бермаётганига эътибор қаратиш лозим. Бундан ташқари, бюджет маблағлари ҳисобидан давлат харидларини амалга оширишда ҳам ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар кўзга ташланмоқда. Юқоридагиларни эътиборга олган ҳолда Бюджет кодекси ва “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартиришлар киритиш талаб этилмоқда.

Бюджетлаштириш жараёни шаффофлиги ва бюджет маблағлари самарадорлигини таъминлашда яна бир муҳим парламент назорати механизми жорий этилган. Яъни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрда қабул қилинган ПҚ-73 қарорига кўра 2022 йилдан бошлаб, биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи вазирлик ва идораларнинг ривожлантириш дастурларида белгиланган мақсад индикаторлари бажарилиши бўйича чораклик ахборотлар Вазирлар Махкамаси томонидан Қонунчилик палатасига тақдим этиб борилиши белгиланган.

Ушбу назорат механизми самарали ишлаши учун мақсад индикаторлари тўғри аниқланиши ва ўз вақтида қабул қилиниши керак. Ушбу маълумотларни Қонунчилик палатасининг тегишли қўмиталарида доимий равишда (ҳар чоракда) мониторинг қилиб бориш йўлга қўйилган, лекин маълумотлар батафсил ва ўз вақтида тақдим этилмаётганлиги сабабли депутатлар вазирлик ва идораларнинг ривожлантириш дастурлари натижадорлигини ўз вақтида баҳолаш имконига эга бўлмаяпти. Шундан келиб чиқиб, йиғилишда 2024 йил учун ушбу индикаторларни бир ой ичида сифатли ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Мақсад индикаторлари устидан парламент назорати механизми тўлақонли жорий этиладиган бўлса, нафақат жорий йил учун, шунингдек келгуси давр учун мўлжалланаётган бюджет параметрларини ҳам таҳлил қилиб бориш ҳамда таклиф ва мулоҳазаларни тегишли вазирлик ва идораларга билдириш имконияти янада ошади. Шу боис, мақсад индикаторлари Олий Мажлис Қонунчилик палатасига келгуси йил учун Давлат бюджети парметрлари билан биргаликда киритилса, Давлат бюджети мухокамаси янада мазмунли ўтишига хизмат қилган бўлар эди. Бунинг учун қонун ҳужжаларида бюджетлаштириш тизимини янада такомиллатиришга оид тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилади.

Ўзбекистон ривожланишнинг “Ижтимоий давлат” моделини танлаганлиги янги тахрирда қабул қилинган Конституциямизда белгилаб қўйилди. Ижтимоий давлатда олиб борилаётган ҳар бир сиёсат фуқаронинг муносиб турмуш сифати ва даражасига эришишига қаратилиши, ижтимоий тафовутларни қисқартиришга йўналитирилиши ва ижтимоий адолат тамойилларига мос бўлиши керак. Бундай мамлакатда яратилган моддий неъматлар, даромадлар ва бойликларни адолатли қайта тақсимлайдиган институтлар ва механизмлар ишлаши талаб этилади. Йиғилишда Давлатимиз рахбари томонидан кўрсатилган камчиликлар ва очиб берилган имкониятлар айнан мана шу мақсадларга қаратилганлигини  яққол кўришимиз мумкин. Бу эса, ўз навбатида, бюджетлаштириш тизими, давлат бюджетининг асосий йўналишлари, унинг ижроси ва назорат механизмларини “Ижтимоий давлат” тамойилларига мос бўлишига имкон яратади.

 

Шарофиддин НАЗАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш