Юриш сўлларда
Юриш сўлларда

 

Кейинги йилларда мамлакатимизда комплекс ўзгаришларга асос бўлаётган туб ислоҳотларни жаҳон сиёсатдонлари тан олмоқда. Ўзбекистон ютуқлари, аҳамияти ҳақида жаҳон минбарларида эътироф этилаётгани ҳар биримизни қувонтиради. Дунё давлат сифатида ўзгарганимиз, халқ сифатида ўсаётганимизга ишонди. Бундан кейин ҳар томонлама муносиб бўлиш бурчимиз.

Янгиланган Конституция юртимизда янги ҳуқуқий-сиёсий маконни яратди. Унинг қабул қилинишида юртдошларимиз катта фаоллик кўрсатгани ҳам ҳуқуқий-сиёсий тафаккур кенгайганидан далолат беради. Демак, келаси йил бўлиши кутилаётган парламент ва маҳаллий сайловларда бутунлай янгича кайфиятдаги сайловчиларни кўрамиз.

 

Шахс эмас, ғоя муҳим

Парламент сайловидаги бир жиҳатга тўхталиб ўтмоқчиман. Охирги икки парламент сайловини натижаларига қарасак, кўпчиллик сайловчилар нисбатан ўнг мафкурага таянган партияларга кўпроқ овоз бераётганига гувоҳ бўламиз. Бунинг бир қанча сабаблари бўлиши мумкин. Шулардан фақат биттасига эътибор бермоқчимиз.

Моҳиятан ҳар бир сиёсий партия тарафдорлари, яъни сайловчилари кўпроқ бўлиши учун ҳаракат қилади. Ҳар бир фуқаро одатда ўзининг ижтимоий ҳолатидан келиб чиқиб сиёсийлашади. Фуқаронинг бирламчи, устувор манфаатини қайси партия ёки депутатликка номзод ҳимоя қилишга ваъда бераётган бўлса, у ўша партия ёки депутатликка номзодга овоз беради. Бу – табиий жараён.

Лекин сайловчиларда партияларнинг дастурий ғоялари, сиёсий спектрдаги позицияси, ўнглар нима учун курашишию, сўллар нима учун курашиши ҳақида етарлича билим ва тушунча бўлмаса-чи? Бундай ҳолатда сайловчи кимнингдир ташқи кўриниши, кимнингдир маълумоти ёки таниши кимга овоз бераётган бўлса, ўшанга овоз бермаслигига ким ишонади?

Парламент сайловида фақат шахсга овоз бериб келингани сайловчиларнинг партиялар сиёсий ғоялари ҳақида кенгроқ маълумотга эга бўлишга ундамаган, албатта. Аммо кейинги сайловда вазият ўзгаради. Демак, бизни жамиятда ҳам сиёсий тафаккур, ғоялар ҳақида муҳокамалар фаоллашишига умид бор.

Ўзбекистон ЯИМ айни даврга келиб 90 млрд доллар, деб айтилмоқда. Давлатимиз раҳбари яқин йилларда ЯИМ ҳажми 160 млрдга етишини, таъкидлади. Агар йиллар кесимида олиб қарасак, Ўзбекистонда ЯИМнинг ўсиш тендецияси яққол кўринади. Бугунги кундаги 90 млрд доллар аҳоли жон бошига ҳисоблаганда, икки ярим минг доллар атрофида тўғри келади. Аҳолининг ижтимоий ҳимоясини яхшилаш ва ҳаёт сифатини кўтаришга қаратилган ислоҳотлар бежизга эмас.

Шундай экан, сўллар парламентдаги ўрнини мустаҳкамлашга ҳаракат қилиши керак. Чунки, айнан ижтимоий ҳимоя, илғор ислоҳотлар, ижтимоий ва иқтисодий тенглик ғояларини сўллар ҳимоя қилади. Ва албатта, Конституциямизнинг 1-моддасида Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат экани белгилаб қўйилиши ҳам бўлажак сайловларда сўллар ўз мавқеини мустаҳкамлашига бир ишорадир.

Энди асосий масалага ўтсак, сайловчиларга сўл партия ва ўнг партия ҳақида фундаментал тушунча етишмаслиги панд бераётгандир.

Шу ўринда газета ўқувчиларининг аксарияти сўллар ва ўнглар ҳақида маълумотга эга бўлса ҳам баъзи ёдидан кўтарилганларга бу тушунчаларнинг қандай пайдо бўлгани ва фарқли жиҳатлари ҳақида бироз гапирмоқчимиз.

Бугунги кундаги “сўл қанот” ва “ўнг қанот” сиёсий атамалари либераллар ва консерваторлар учун рамзий белгилар сифатида қўлланилади. Аммо бу тушунчалар дастлаб 1789 йилнинг ёзида, Франция Миллий Ассамблеяси аъзолари конституция лойиҳасини ишлаб чиқиш учун йиғилган пайтда сиёсатчиларнинг жойлашиш-ўтириш тартибига нисбатан ишлатилган.

 

Сўл нимани англатади?

Сиёсатда сўллар ижтимоий адолат ва тенгликни қўллайди. Ислоҳотларни ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглиги тамойили бўйича олиб бориш тарафдори бўлишади.

 

Ўнг нимани англатади?

Ўнг сўзи консерватив қарашларга эга бўлган одамлар ёки гуруҳларни англатади. Бу одатда, улар мавжуд шароит ва институтларни сақлаб қолишга мойиллигини билдиради. Ёки улар анъанавийларни тиклашни ва ўзгаришларни чеклашни хоҳлашади.

Сўл ва ўнг қанот мафкуралари ўртасидаги туб фарқлар одамларнинг ҳуқуқлари ва ҳукумат сиёсатига боғлиқ бўлади. Жумладан, чап қанот эътиқодлари кўпроқ эгилувчан характерга эга. Улар жамиятга давлатнинг кенгайтирилган роли, яъни давлат асосий ташаббускор бўлса, фуқароларга фойдалироқ бўлишига ишонишади.

Ўнг қанот мафкурачилари эса одамлар энг яхши натижага шахснинг ҳуқуқлари ва фуқаролик эркинликлари устувор бўлганда ва ҳукуматнинг роли ва айниқса кучи минималлаштирилганда эришилади, деб ҳисоблашади.

Уларнинг фарқини янада яхшироқ тушунишимиз учун иқтисодий соҳадаги қарашларига юзланамиз.

 

Сўллар

Даромадлар тенглиги; бойларга нисбатан юқори солиқ ставкалари; ижтимоий дастурлар ва инфратузилмага давлат харажатлари; бизнесга нисбатан кучлироқ қоидалар яратиш.

 

Ўнглар

Камроқ солиқлар; корхоналарга нисбатан тартибга солишни камайтириш; давлат харажатларини қисқартириш; бюджетнинг мувозанатлилигини таъминлаш.

Ғояларни фарқлашимиз ва қайси ғоялар биз учун муҳимроқ бўлса, ўша тарафдаги партияга эргашишимиз мумкин бўлади.

Бутун дунёда ишчи-хизматчилар, яъни асосий сайловчилар кўпроқ сўл партияларга эргашишади. Сабаби, улар ижтимоий ҳимояга кўпроқ муҳтож бўлишини яхши билишади.

Бугунги кунда ҳар қандай сўл партия андоза олса арзигулик ва дунёдаги энг нуфузли партиялардан бири Буюк Британиянинг Лейбористлар партиясидир.

Ишчилар партияси ҳам деб аталадиган мазкур партия ҳақиқий сўл партия ҳисобланади. Ўша даврда Буюк Британияда Консерваторлар ва Либераллар партияси мавжуд эди. Лейбористлар партияси тузилганидан сўнг либералларнинг доҳийси ва узоқ йиллик етакчиси Давид Лойд-Жорж “Лейбористлар партиясининг тузилганлиги Либераллар ҳукуматининг хатосидир”, деган эди. У тўғри айтган, бугунги кунда Либераллар партияси Буюк Британияда мавқеи жиҳатдан учинчи ўринга тушиб кетди.

Бир сўз билан айтганда, сўл партиялар кўплаб мамлакатларнинг ишчи ва демократик ҳаракатларида таъсирли куч ҳисобланади. Сўл партияларга социал-демократик, социалистик, социал-либералистик ва бошқа сиёсий кучлар киради.

Ҳозирги кунда дунёда тахминан 100 дан зиёд сўл йўналишдаги партиялар мавжуд. Халқаро майдондаги кескин ўзгаришларга қарамай, бир асрдан ортиқроқ амалиётида сўллар мафкураси ўзининг ҳаётийлиги ва ижтимоий самарадорлигини кўрсатди. Кўплаб сиёсий мафкуралар тушкунликка тушиб, жамиятдаги нуфузини буткул йўқотган пайтларда сўллар мафкураси ўз таъсирини кучайтирди.

Унинг назарияси ортодоксал хусусиятга эга бўлмагани сабабли ижтимоий шароитга қараб мослашишига, ўзгаришига имкон берди. Мен сўлларга кўпроқ эътибор бердим, айбга буюрмайсиз, сабаби, ўзим ҳам сўлчиман.

Ҳамма андоза олишга уринадиган ва ҳеч қурса амалиётига бир назар соладиган АҚШда сўллар ва ўнгларнинг қарашларини ажратиб турувчи бир мисол бор экан. Кўпчилик айнан шу мисол орқали ўзининг сўл ёки ўнглигини аниқлар экан. Бу аборт масаласидаги қарашлар экан.

Унга кўра, ўнглар ҳомила тирик эканлигига ишонади ва аборт қотиллик, деб ҳисоблашади.

Сўллар аёллар ўз таналарини назорат қилишлари керак ва абортни тақиқлаш аёлларнинг репродуктив ҳуқуқларини бузади, деб ҳисоблашади.

Ўзбекистонда бугун ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотларнинг мазмуни, мақсадига зийрак кўз билан тикилсангиз, ижтимоий йўналтирилган ташаббуслар кўплигига, сўлчилар ғояларини амалга ошириш йўлида катта қадамлар ташланаётгани кўринади.

Жамиятимизда ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглигини таъминлаш ниҳоятда зарур, сиз қайси соҳада ишлашингиз, қаерда яшашингиз, қанча даромад топишингиздан қатъий назар, бу тамойил жуда муҳим. Чунки асосий муаммоларимизнинг илдизи мана шу ерда.

Яна бир муҳимлик шундаки, бугун жамиятимизда ижтимоий бирдамликни мустаҳкамлаш, уни бойитиш, таъсир кучини ошириш ҳар қачонгидан зарур. Дунёда кузатилаётган оғир ҳолатлар катта сигналлар бермоқда. Халқ ва давлат бирдамлиги қанчалик заруратга айлангани аён. Ижтимоий бирдамлик жамиятдаги муаммоларни фуқаролар, жамоатчилик фаоллиги асосида енгишда уникал куч вазифасини бажара олади.

Юқоридагиларга кўра, келаётган сайловда парламентда сўллар позицияси мустаҳкамланиши мамлакатнинг барқарор ривожланишига, ҳукуматнинг халқимиз олдидаги масъулияти янада кучайишига хизмат қилган бўларди. Бундай дейишга, ишонинг, сабаб ва асослар етарлича топилади.

 

Аҳмад Қурбонов,

сиёсий шарҳловчи.

«Ўзбекистон овози», 1.11.2023, №43

 

 

 

 
← Рўйхатга қайтиш