66 миллион «туя» бўлдими?
66 миллион «туя» бўлдими?

 

Маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчиларига жуда катта ишонч билдирилган, катта ваколатлар берилган, муҳим ижтимоий масъулиятли вазифалар юкланган. Ваколатлардан самарали фойдаланиб, эл-юртга хизмат қилаётган, одамларга нафи тегаётган ҳоким ёрдамчилари жуда кўп, барака топишсин.

Ҳоким ёрдамчиси вазифасида ишловчилар тадбиркорликни ривожлантириш, фуқароларнинг бизнес лойиҳа ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тажрибасига ҳам эга бўлиши кераклиги қайд этилган. Бугун ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчилари бор ва улар ушбу талаблар асосида танлаб олинганига шубҳа йўқ.

Ҳоким ёрдамчилари маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш ва янги иш жойларини яратишга масъул ҳисобланади. Аҳолининг барча қатлами, хусусан, ишсизлар, ижтимоий кўмакка эҳтиёжманд кишилар билан индивидуал тарзда фаолият олиб бориши лозим. Ердан фойдаланиш, кредит олиш, эҳтиёжманд кишиларга субсидиялар ажратиш, инфратузилмани яхшилаш каби масалаларга ҳам масъул.

Бундан ташқари, аҳолини касбга ўқитиш, ўз ишини очишига кўмаклашиш, бандлигини таъминлаш каби муҳим ишларга ҳам бош-қош бўлади. Умуман, ҳоким ёрдамчиларига маҳалладаги барча ижтимоий масалалардан хабардор ва аҳолига яқин кўмакчи бўлиш вазифаси юклатилган. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам ана шундай фаолият билан виждонан шуғулланяпти, дея олмаймиз.

Биргина мисол. Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани «Тўда» маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси У.Туропов эҳтиёжманд кишилар учун берилаётган имконият ва имтиёзлардан ўз манфаати йўлида фойдалангани ҳақида хабарлар тарқалди. Маълум бўлишича, у эҳтиёжманд бўлган, бир амаллаб тирикчилик қилиб юрган оилага қоп-қоп ваъдалар бериб, жорий йилнинг ёз ойларида 2-гуруҳ ногирони Мамаюсуф Эшқобилов номига катта миқдорда кредит олган. Содда одамлар уларга ҳеч қандай муаммо чиқмайди, деган гапга ишонишган.

Қизиғи шундаки, ҳоким ёрдамчиси маҳаллага қандай ёрдам келса, уларга берилиши, уйларини таъмирлашга ва уй-жойининг кадастр ҳужжатларини тўғрилаб беришга ёрдам қилишини айтган. Ваҳоланки, буларнинг барчаси унинг функционал вазифаларига киради. Унинг ўзи кредит ҳужжатларини тайёрлаб, «Халқ банки» орқали ишини осонгина битирган. Буларнинг барчаси кредитдан ҳеч қандай наф кўрмаган, аммо уни тўлашига тўғри келаётган оиланинг сўзлари.

Аслида вазият қандайлигини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон ХДП Қумқўрғон туман кенгаши раиси, туман Кенгашидаги партия гуруҳи аъзоси Мамаражаб Намозов «емаган сомсага» пул тўлаётган фуқаронинг хонадонида бўлди.

— Аввало, ҳар бир шахс ким бўлиши ва қайси вазифада ишлашидан қатъи назар, ўз ишига виждонан ёндашмас экан, мана шундай муаммолар бўлаверади, оддий одамлар жабр кўраверади, — дейди Мамаражаб Намозов. — Айни шу фикрлар билан «Тўда» маҳалласида яшовчи партиямиз электорати вакилининг хонадонида бўлдик ва туман Кенгаш депутати Р.Менгзиёева, «Тўда» МФЙ хотин-қизлар фаоли М.Эрданова иштирокида фуқаро Матлуба Бердиеванинг оилавий шароитини ўргандик. У ерда вазият биз тасаввур қилгандан бироз бошқачароқ кўринишда эди.

Яъни, оиланинг мурожаатидан кейин масъуллар томонидан уй-жойини таъмирлаш ишлари бошланган. Хусусан, эшик-ромлар қўйилиб, иккита хонаси таъмирланибди. Шикоятда кўрсатилган томорқа хўжалиги кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича ишлар амалиётда экани айтилди.

Энди энг асосий масала – уларнинг номига олинган кредит қарздорлигини сўндириш бўйича ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан суриштирув бошланган экан. Маҳалла масъулларининг хабар қилишича, ҳоким ёрдамчиси У.Туропов ижтимоий иссиқхона қуриш ва у ерда 8-10 кишининг бандлигини таъминлаш мақсадида кредит олган. Аммо унинг ғояси амалга ошмай қолган экан.

Халқ демократик партияси фаоллари, депутатлар жараённи ўз назоратига олди ва масалага қонуний, адолатли ечим топилишини кутади.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 8.11.2023, №44

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш