Муҳим ташаббус: ЎзХДП фуқаролар пенсия таъминоти масаласида қонунчиликка таклифларини илгари сурмоқда
Муҳим ташаббус: ЎзХДП фуқаролар пенсия таъминоти масаласида қонунчиликка таклифларини илгари сурмоқда

 

Мамлакатимизда кейинги йилларда кучли ижтимоий сиёсат юритилмоқда, аҳолининг эҳтиёжманд қатлами ҳуқуқ ва манфаатлари самарали ҳимоя қилинмоқда. Хусусан, ижтимоий нафақа олувчилар ва пенсионерларни қўллаб-қувватлаш бўйича муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, қатор янгиликлар жорий этилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонига асосан келаси йил 1 январдан фуқароларга пенсия тайинлаш учун қўшимча равишда Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилиш имконияти яратилади. 2025 йил 1 мартдан бошлаб 60 ёшга етган эркакларга ва 55 ёшга етган аёлларга пенсиялар “автоматик” тарзда, яъни бирор-бир турдаги ҳужжат талаб этмаган ҳолда тайинланади. Натижада фуқаролар пенсия тайинлаш учун қўшимча ҳужжатлар йиғиш, Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлинмасига мурожаат қилишига ҳожат қолмайди.

Аммо тизимда ечимини кутаётган масалалар йўқ эмас. Халқ демократик партиясининг марказий ва ҳудудий ташкилотлари, туман, шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари, парламентдаги фракцияси аъзолари доимий ўз электорати, жамоатчилик вакилларининг мурожаатларини ҳал этишга интилади, шу билан бирга, фуқаролар бераётган таклифларни ўрганиб, амалга оширишга алоҳида эътибор қаратади.

Партия электорати, жамоатчилик вакилларидан пенсия тайинлаш, ногиронлиги бўлган шахслар ва уларнинг яқинлари дуч келаётган ижтимоий масасаларни ҳал қилиш бўйича аниқ таклифлар келиб тушди. Шу асосда Халқ демократик партиясининг парламентдаги фракцияси янги қонунчилик ташаббусини илгари суришга тайёрланмоқда. Бугун Қонунчилик палатасида ЎзХДП фракцияси ва Марказий Кенгаши аъзоларидан иборат ишчи гуруҳнинг йиғилиши ташкил этилди.

Йиғилишда қишлоқ хўжалиги соҳасида (жамоа хўжалиги, давлат хўжалиги) ишлаб пенсияга чиққан шахслар, ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган шахслар ва уларнинг оила аъзолари манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қонунчиликни такомиллаштириш тўғрисидаги масала муҳокама этилди.

Ишчи гуруҳ аъзолари фракция томонидан ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳасида учта йўналишдаги таклифлар акс этаётганини билдиришди.

Биринчиси йўналиш пенсияни тайинлаш масаласи билан боғлиқ. Гап шундаки, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонуннинг 37-моддасида“1965 йилдан кейинги давр учун жамоа хўжалигидаги иш стажини ҳисоблаб чиқаришда, агар жамоа хўжалиги аъзоси узрсиз сабабларга кўра жамоа хўжалигида белгиланган меҳнатда иштирок этиш минимумини бажармаган бўлса, ишланган вақтнинг амалда давом этган даври ҳисобга олинади”, деб белгиланган.

Аммо амалда қишлоқ хўжалиги соҳасида (жамоа хўжалиги, давлат хўжалиги ва ширкат хўжалигида) меҳнат фаолиятини 2005 йилга қадар юритган фуқароларнинг фаолияти тўғрисидаги (ҳар йилги меҳнат минимум қарорлари) маълумотлари архив сақловига топширилмаган ёки умуман белгиланмаган. Оқибатда 2005 йилга қадар қишлоқ хўжалиги соҳасида (жамоа хўжалиги, давлат хўжалиги ва ширкат хўжалигида) меҳнат қилган аксарият шахсларга бошқаларга нисбатан кам миқдорда пенсия тайинланган. Бу жараён ҳозирга қадар ҳам давом этиб келмоқда.

Мисол учун, жамоа хўжалигида 1980 йилда эркаклар учун 220 кун, аёллар учун 160 кун меҳнат минимуми ўрнатилган. Лекин улар пенсияга чиқишда ўзларига боғлиқ бўлмаган сабаблар билан (йўқолгани ёки архивда мавжуд эмаслиги сабабли) фаолияти тўғрисидаги маълумотни тақдим қила олмаган. Бундай ҳолларда, амалдаги қонунчиликка асосан, эркак учун 220 кун бир йил меҳнат стажи сифатида эмас, балки 7 ой 10 кун сифатида ҳисобга олинган. Аёлларга эса 160 кун 5 ой 10 кун сифатида ҳисобланган. Ваҳоланки, қонунчиликка кўра, қишлоқ хўжалигида ишлаган эркаклар учун 220 кун, аёллар учун эса 160 кун бир йиллик стаж сифатида ҳисобланиши шарт. Ишлангани ҳақида маълумот сақланмагани ёки умуман йўқлиги учун фуқаро жавобгар бўлиши тўғри эмас. Бу бир вақтлар жамоа хўжалигида меҳнат қилган фуқароларнинг манфаатлари чекланишига, бошқа соҳаларда фаолият олиб борганларга нисбатан 2-3 баробар кам пенсия ҳисобланишига олиб келмоқда.

Халқ демократик партияси фракцияси илгари суришга тайёргарлик кўраётган қонун лойиҳаси билан ана шу камчиликни тузатиш, қишлоқ хўжалигида ишлаган юртдошларимизнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, меҳнатини муносиб баҳолаш мақсад қилинмоқда.

Кейинги масала. Қонунчилигимизда фарзандларини парваришлаётган аёлларга пенсия белгиланишида айрим муаммолар мавжуд. Фракция аъзоларининг сайловчилар билан учрашувларида аёлларнинг фарзандларини парваришлаш таътилларида бўлган вақтлари пенсия тайинлашда тўлиқ инобатга олинмаслиги бўйича эътирозлар билдирилмоқда.

Яна бир масала. Пенсия тайинлашда иш стажи ҳисобланиши билан боғлиқ муаммолардан яна бири патронаж хизматига муҳтож ногиронларнинг ушбу хизматдан фойдаланиш ҳуқуқини амалга ошириш билан боғлиқдир. Ушбу масала ногиронлар жамиятлари билан биргаликда ўрганилганда, патронаж хизматига муҳтож ногиронларни парваришлаш ишлари асосан уларнинг оила аъзолари, хусусан, оналари томонидан амалга оширилади. Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 84,7 минг нафар 16 ёшгача бўлган ногиронлиги бор шахслар бўлиб, уларнинг ярмидан кўпроғи қишлоқ жойларда истиқомат қилади. 42,6 минг нафари эса туғма ногиронлар саналади. Уларнинг кўпчилиги таянч-ҳаракат тизими, асаб ва руҳий касалликларга чалинган бўлиб, доимий ўзгалар парваришига муҳтождир.

Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ногиронлар ва уларнинг оила аъзоларининг ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида I гуруҳ ногиронига ёки 16 ёшгача бўлган ногирон болага, шунингдек, ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган (даволаш муассасасининг хулосасига кўра) 80 ёшга тўлган қарияларга қараб турилган вақт ёшга доир пенсия тайинланаётганида иш стажига қўшиб ҳисобланиши назарда тутилган. Бироқ ушбу қонуннинг 37-моддаси 2-қисмида чекловлар ўрнатилган бўлиб, мазкур модданинг “д” ва бошқа бандларида назарда тутилган даврлар умумий иш стажи камида 7 йил бўлган тақдирда иш стажига қўшиб ҳисобланиши белгиланган. Бу билан ўзгалар парваришига муҳтож туғма ногирон болаларни тарбиялаётган аёлларга ёшга доир пенсия тайинланаётганда соғлом бола тарбиялаётган аёлларга нисбатан тенг бўлмаган шароитда ҳисобланмоқда. Бу ўринда асосий масалалардан бири шундаки, фарзанди туғилганидан ногирон бўлган аёл, она боласини қаровсиз қолдириб, 7 йиллик иш стажига эга бўлиши амалда имконсиздир.

Шуни ҳисобга олиб, Халқ демократик партияси муаммоларга қонуний ечим топиш мақсадида “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонуннинг 37-моддасига тегишли ўзгартириш киритишни таклиф қилмоқда.

Ишчи гуруҳ йиғилишида мазкур масалалар республика пенсия жамғармаси мутасаддилари, соҳа мутахассислари, партия фаоллари иштирокида атрофлича муҳокама этилди.

Ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳасини ҳар томонлама таҳлиллар асосида тайёрлаш, халқаро ва хорижий тажрибани тўлиқ ҳисобга олиш, вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликни кучайтириш, қисқа муддат ичида фуқаролар манфаатлари ҳимоясига хизмат қиладиган қонун лойиҳасини тайёрлаш ва муҳокамага қўйиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш