Дронлардан фойдаланиш тартиби енгиллаштириладими?
Дронлардан фойдаланиш тартиби енгиллаштириладими?

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Хусусан, “Айрим тоифадаги жиноий қилмишлар учун жавобгарлик либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида учувчисиз учадиган аппаратлар, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларининг белгиланган тартибда мажбурий декларация қилинадиган транзитидан ташқари уларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, сотиш, сотиб олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш тақиқланган. Жазо чоралари қатъий белгиланган бўлса-да, ушбу тоифадаги жиноятлар сони йилдан йилга кўпайиб бормоқда.

Лойиҳага кўра, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш ҳаракатларини содир этганлик учун маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи 1854-моддаси билан тўлдирилмоқда. Бунда учувчисиз учадиган аппаратларни давлат эгалигига ўтказиш назарда тутилмоқда. Шунингдек, Жиноят кодексининг 2444-моддасида белгиланган санкцияларга муқобил жарима, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш каби жазо турлари киритилмоқда.

Фракция аъзолари учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини қонунга хилоф равишда республика ҳудудига олиб кириш фуқаролар томонидан қонунчилик талабларини билмаслик оқибатида ҳам содир этилаётганига эътибор қаратди.

Хусусан, узоқ муддат чет эл ҳудудида яшаб қайтган фуқаролар ёки республикага биринчи маротаба кириб келаётган чет эл фуқаролари томонидан ҳам бундай мосламаларни олиб киришга тақиқ борлигидан хабари бўлмаслиги ҳам ҳуқуқбузарлик содир этилишига сабаб бўлаётгани таъкидланди. Шундан келиб чиқиб, қонунчиликда белгиланган меъёрлар аҳолига тушунарли тарзда ифодаланиши ва масъуллар томонидан тушунтириш ишлари кучайтирилиши зарурлиги қайд этилди.

Янгиланган Конституция Янги Ўзбекистон стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб, миллий давлатчилик тараққиётининг тарихий муҳим босқичида давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди. Жумладан, ҳокимиятларнинг бўлиниши тамойили ҳамда ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимининг замонавий концепцияси ҳисобга олинган ҳолда, Олий Мажлис, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати ўртасида ваколатлар қайта тақсимланди. Шунингдек, давлат органлари фаолиятининг янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйилишини таъминлаш мақсадида айрим қонун ҳужжатларини янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлаштириш зарурати юзага келмоқда.

Фракция йиғилишида иккинчи ўқишда муҳокама қилинган қонун лойиҳасида ана шундай ўзгаришлардан бири ўрин олган. «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси 17 та моддадан иборат бўлиб, мазкур ҳужжат асосида 13 та қонунга ва Сайлов кодексига тегишли ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

ХДП фракцияси аъзолари қонун лойиҳасида таклиф этилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар янгиланган Конституцияни амалиётга тўғри тадбиқ этишга хизмат қилиши билан аҳамиятли эканини таъкидлади. Қонунчилик палатаси депутатлари корпусини шакллантиришнинг мажоритар-пропорционал шаклига асосланган сайлов тизими жорий этилишининг ҳуқуқий асослари яратилиши билан боғлиқ қонунчилик меъёрларининг мувофиқлаштирилишига урғу берилди.

Шу билан бирга, сайловнинг мазкур тизими орқали давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг роли кучайиши қайд этилди. Таклиф ва фикр-мулоҳазалардан сўнг Конституциявий қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан маъқулланди.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш