Ҳамкорлик ва иқтисодий барқарорлик тараққиёт асосидир
Ҳамкорлик ва иқтисодий барқарорлик тараққиёт асосидир

 

Ўзбекистон нафақат минтақавий, шу билан бирга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда тобора муҳим ўрин тутмоқда. Муаммоларни биргаликда ҳал этиш, стратегик режаларни ҳамжиҳатликда белгилаш халқимизнинг ҳаётий анъаналарига ҳар томонлама мос келмоқда. Бу барчамизни қувонтиради, тинчлик, барқарорлик ва ҳамкорликнинг зарурати ва аҳамияти ҳақида мушоҳада юритишга ундайди.

Кенг жамоатчилигимиз Президентимиз бошчилиги ва ташаббускорлиги асосида изчил олиб борилаётган ички ва ташқи сиёсатни фаол қўллаб-қувватлаётганига бевосита гувоҳ бўляпмиз. Айниқса, юртимизда кейинги йилларда янгича форматларда олий даражадаги учрашув ва мулоқотлар ўтказилмоқда, муҳим ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Дунёдаги экспертлар Ўзбекистоннинг халқаро миқёсда тутган ўрни ва позицияси тобора мустаҳкамланаётганини эътироф этаётгани бежиз эмас.

Пойтахтимизда бўлиб ўтган нуфузли Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг ўн олтинчи саммитида билдирилган фикрлар, олға сурилган ташаббусларни юртдошларимиз, халқаро ҳамжамият ва экспертлар катта қизиқиш билан кузатди.

Саммитга раислик қилган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқида бугун кўз ўнгимизда дунё сиёсий архитектураси том маънода ўзгараётгани, глобал қайта қурилиш содир бўлаётгани, бу мураккаб жараёнларда ҳамжиҳат бўлиб ҳаракат қилиш, вужудга келаётган хавф-хатарларга қарши самарали ечимлар топиш муҳимлигини алоҳида таъкидлади.

Шу жиҳатдан саммит “Ҳамкорликда иқтисодий барқарорлик ва тараққиёт сари” шиори остида ўтгани муҳимдир. Ташкилотга аъзо давлатларда ярим миллиард аҳоли яшайди, барқарорлик учун иқтисодий ҳамкорлик ниҳоятда зарур. Ҳозирги мураккаб вазиятда яқин ҳамкорлик билангина амалий натижаларга эришиш мумкин. Халқ демократик партияси ўзаро манфаатли кўп томонлама иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга хизмат қиладиган ташаббусларни тўлиқ қўллаб-қувватлайди.

Давлатимиз раҳбари иқтисодий ҳамкорлик бўйича савдо-иқтисодий, саноат, инвестиция ва инновациялар, транспорт соҳаларидаги алоқаларни ривожлантириш бўйича аниқ таклиф-ташаббусларни билдирди.

Уларнинг ҳаётийлиги ва муҳимлиги яқин ва яхши қўшни бўлган мамлакатларимиз иқтисодиётлари бир-бирини тўлдира олиши билан изоҳланди. Умумий савдо-транспорт коридорлари ва энергетика тармоқлари давлатларимизни узвий боғлаши, янги “ўсиш нуқталари”ни биргаликда излаб топиш орқали келгусида салмоқли натижаларга албатта эришишимиз қайд этилди.

Ҳозирча ишга солинмаётган катта имкониятларнинг чуқур таҳлили асосида “Иқтисодий ҳамкорликнинг стратегик мақсадлари – 2035” концептуал ҳужжатини ишлаб чиқиш вақти келгани ҳақида позиция билдирилди. Яъни, давлатимиз раҳбари иқтисодий ҳамкорликка стратегик мақсад сифатида устуворлик беришни таклиф қилди.

Ўзаро савдони рағбатлантириш нима учун муҳимлиги аниқ рақамларда кўрсатиб берилди. Ўтган йили мамлакатларимиз ўртасидаги савдо кўрсаткичи 85 миллиард долларни ташкил этгани ҳолда, Ташкилотга аъзо давлатлар умумий ташқи савдосининг 8 фоизини ташкил этган. Имтиёзли савдо битимини тузиш бўйича кўп йиллик уриниш лар кутилган самарани бермаётгани, тўсиқсиз савдони шакллантириш йўлида ҳали-ҳамон кўплаб чеклов ва муаммолар сақланиб қолаётгани маълум қилинди.

Президентимиз тўғри таъкидлади – реал ҳолатларни очиқ тан олиш ва уларни ижобий томонга ўзгартириш учун вазиятга янгича қараш билан ёндашиш керак. Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасида савдони соддалаштириш тўғрисидаги битим орқали товар ва хизматлар савдосини енгиллаштириш, техник ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш, божхона, фитосанитария ва ветеринария тартиб-қоидаларини рақамлаштириш, электрон савдони ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Иқтисодий алоқалар асосан савдо орқали мус таҳкамланади, мамлакатларимиз фуқаролари, ишлаб чиқарувчилари ва хизмат кўрсатувчилари ўртасида доимий ва фаол ҳамкорлик учун қулай шароит яратилса, халқларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ривожланади. Шунинг учун қулай муҳит зарур.

Қатор чора-тадбирлар орқали 2035 йилга бориб ўзаро савдо ҳажмларини камида икки баробар кўпайтириш мумкинлиги қайд этилди, давлатимиз раҳбари илгари сурган таклифлар билан бундай натижага бемалол эришиш мумкин, албатта.

Ҳамкорлик йўлсиз бўлмайди. Саммитда бу масалага алоҳида эътибор қаратилди. Тарихий географик ҳолат минтақада асосан қуруқликдаги йўлларни қулайлаштиришни, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишни тақозо этади. Президентимиз Осиё-Тинч океани, Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Европа минтақаларининг йирик бозорлари билан боғлайдиган ва бизнинг ҳудудларимиз орқали ўтадиган трансконтинентал транспорт йўлаклари салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш зарурлигини таъкидлади. “Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Туркия” транспорт йўлагини ривожлантириш бўйича қабул қилинган ҳужжатга бошқа аъзоларни ҳам қўшилишга, ўзаро тариф ва йиғимларни мақбуллаштиришга чақирди.

Алоҳида қайд этиш зарурки, иқтисодий ҳамкорлик мустаҳкамланиши минтақада умумий турмуш фаровонлиги ошишида, долзарб ижтимоий масалалар самарали ҳал этилишида муҳим асос бўлиб хизмат қилади. Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар билан алоқалар ҳар томонлама мустаҳкамланиши халқимизнинг тарихий анъаналари ва бугунги манфаатларига тўлиқ мос келади.

 

Улуғбек ИНОЯТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари.

«Ўзбекистон овози», 15.11.2023, №45

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш