Электр энергияси: Кўп ишлатган кўп тўлаши адолатдандир
Электр энергияси: Кўп ишлатган кўп тўлаши адолатдандир

 

Энергия ҳар куни, ҳаммамизга керак. Қўлимиздаги телефон қурилмаси, уйимиздаги телевизор, ҳаво совутиб-иситгич, соч қуритгич, кир ювадиган машина, чой қайнатгич, ошхонада овқат тайёрлашда ишлатиладиган яна қанча ускуналар, кўчамиздаги автомашина – ҳаммаси энергия сўрайди. Электр токи, газ ёки бензин бермасак, биронтаси ишламайди, оғиримизни енгил, узоғимизни яқин қилмайди. Айниқса, электр энергияси ҳаётимиз, танамиз, ҳатто руҳиятимизгача етиб борган, десак муболаға бўлмайди.

 

Ўзимиздан ортиб, сал узоқроқ қарасак, бутун мамлакат иқтисодиёти, халқимизнинг улкан рўзғори энергия, электр билан боғлиқ экани аён кўринади. Кейинги йилларда юртимиз катта яратувчилик маконига айланиб кетди, қаерга борманг, янги қурилиш, янги бино, янги ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш манзили йўлингиздан чиқади. Уларнинг ҳаммасига энергия керак, акс ҳолда, ўзгаришнинг, ўсишнинг имкони йўқ.

Афсус. Барчага керак электр энергияси бўйича бир неча йиллар аввал оғир ҳолат юзага келиб қолган. Тизимнинг тўғри ишламаслиги муаммоларни янада чуқурлаштирган. Оқибатда электрда узилишлар одатий ҳолга айланиб қолган эди. Бунинг сабаби кўп, асосийларидан бири ишлаб чиқариш ва етказиб бериш нархи электр энергиясининг асл нархидан арзон эди. Етмаган пулнинг катта қисми давлат бюджетидан қоплаб келинади. Яқинда мустақилликка эришган, энергия манбалари бошқа мамлакатларга қаттиқ боғлаб ташланган давлатнинг бюджети бақувват бўлмаслиги аниқ эди. Шу тарзда масала йиллар давомида чуқурлашиб, чигаллашиб кетди.

Нарх сунъийлиги, барибир, сифатга таъсир қилади, бу – иқтисодиётнинг шафқатсиздек кўринадиган, лекин қатъий, тўғри қонуни. Шунинг учун электрда узилишлар сурункали тус олади. Арзон, аммо йўқ! Ундан кўра, нархи адолатли бўлиб, ҳар доим келиб тургани яхши эмасми?.. Бугун кўпчилик шуни тушуниб етяпти. Соҳада ўзгаришлар қилишга хайрихоҳлик билдиряпти. Соғлом фикр устун келаяпти.

 

Улкан ижтимоий кайфият

Ўзбекистонда нега электр энергияси аҳолига арзонроқ етказиб берилиб келган? Шу тўғрими? Нимага керак? Шундай саволлар ҳам берилади.

Бундай саволларнинг бир томондан жавоби аниқ. Мамлакат яқинда мустақил бўлган, аҳоли даромадлари ва имкониятлари катта эмас, эҳтиёжмандларни қўллаш, ижтимоий кайфиятни тушириб юбормаслик – шуларнинг ҳаммаси эзгу сабаблар.

Йиллар ўтди, аҳоли орасида электрни бошқаларга, одатдаги истеъмолчиларга нисбатан бир неча ўн баробар кўп ишлатадиган тоифалар кўпайди. Бюджетдан берилаётган ёрдамнинг катта қисми улар томонга ўтиб кетаверди. Энергетика вазирлигига кўра, бир йилда ўртача 1,15 млрд доллар маблағ аҳоли хонадонларининг энергетик эҳтиёжини субсидиялаш учун сарфланяпти. Демак, шу маблағнинг катта қисми аслида муҳтож бўлмаганларга тақсимланиб қоляпти, асосийси, шунинг ҳисобига электр етказиб бериш тобора қийинлашиб кетяпти. Бу хато механизм ва адолатдан эмас.

Шунинг учун иқтисодчилар ва халқаро ташкилотлар мамлакатимиздаги субсидиялашнинг амалдаги шаклини ижтимоий адолатсиз, деб кўп айтган. Аммо давлат шошгани йўқ, ижтимоий кайфиятни, ким қандай тушуниб, қандай талқин қилишини ўйлади. Бутун оламни ларзага солган пандемия орага тушди. Ўзгариш онгли кечиктирилди.

 

Икки томонлама адолатсизлик

Расмий рақамларга кўра, маиший истеъмолчиларнинг 75 фоизи (5,7 миллионта хонадон) ойига ўртача 200 кВтгача миқдорда электр энергияси сарфлайди. Улар сарфлаётган энергиянинг умумий миқдори жами хонадонларга етказиб берилаётган энергиянинг 26 фоизини ташкил этади.

Ойига ўртача 1000 кВтдан ортиқ миқдорда электр ишлатадиган аҳоли улуши эса атиги 2 фоизни (146 мингта хонадон) ташкил этса-да, жами хонадонларга етказиб берилаётган электр энергиясининг, эътибор беринг, 32 фоизини улар ишлатади.

Демак, 75 фоиз истеъмолчи 26 фоизни, 2 фоиз истеъмолчи эса улардан кўпроқ 32 фоизни олади. Оқибатда субсидия маблағи адолатсиз сарфланиб, бунинг устига тизимдаги ҳолат оғирлашаверади.

 

Кечиккан янгилик

Кейинги ойдан бошлаб электр энергиясининг ўртача истеъмол миқдоридан кўп электр энергияси ишлатувчи истеъмолчилар ўсиб борувчи коэффициент доирасида ҳақ тўлайди.

Амалдаги тариф 295 сўмлигича қолмоқда, лекин кўп электр сарфлаганда шунга яраша кўпроқ тўлов қилиш белгилаб берилмоқда. Яъни, ойига 1000 кВтдан кўп электр энергияси сарфлагани учун тарифдан 2−4 бараваргача қимматроқ тўлов қилади. Шошилманг, Энергетика вазирлигининг айтишича, ўсувчан коэффициент аҳолининг 98 фоизига умуман таъсир қилмайди.

Энергетика вазирлиги матбуот котиби маълум қилишича, одамларда тежамкорлик кайфиятини кучайтириш ҳамда «яширин иқтисодиёт» унсурларига барҳам бериш учун қўшимча ўсувчан коэффициент қўлланилиши назарда тутилмоқда.

Мамлакатимиздаги 146 мингдан ортиқ абонент 1000 киловатт/соатдан кўп электр энергияси ёқар экан. Уларнинг ҳам 10 минг нафари ойига 5 минг киловатт/соатдан ошиқ, 4 мингдан ортиғи эса ойига 10 минг киловатт/соатдан зиёд электр энергияси истеъмол қиларкан. Ўзгаришлар асосан шуларга тааллуқли бўляпти.

 

295 сўм жойида турибди

Бир ойда 1000 киловатт/соатгача электр энергияси сарфласангиз, 295 сўмдан 295 минг сўм тўлайсиз. Юртимиздаги аксарият хонадон учун ҳеч нарса ўзгармайди.

Айтайлик, 4850 киловатт/соат ёққан бўлсангиз, 1001 дан 4850 гача 590 сўмдан 2 миллион 271 минг 500 сўм+295 минг сўм=жами 2 миллион 566 минг 500 сўм тўлайсиз. Олдин сиз бунинг учун жами 1 миллион 430 минг 750 сўм тўлаган бўлгансиз.

Агар бир ойда 9420 киловатт/соат ишлатсангиз, 1000 киловатт/соат учун 295 сўмдан, 1001 киловатт/соатдан 5000 киловатт/соатгача 590 сўмдан, 5001 киловатт/соатдан 9420 киловатт/соатгача 700 сўмдан тўлов қиласиз.

Ўзгариш, коэффицентлар умуман қийин эмас, осон ва тушунарли. Бемалол ўзингиз ҳисоблаб кўрсангиз бўлади.

 

Аччиқ мисол

Бир ойда 12 минг киловатт/соатгача электр ишлатадиганлар бор экан. Ҳақига 3 миллион 658 минг сўм тўларкан. Қизиғи, улар ўша ойда давлат бюджетидан 8 миллион сўмдан кўпроқ субсидия оларкан. Ойига! Ҳам кўп ишлатади, ҳам ўртача 5 миллион фойда-да.

1 ноябрдан кучга кирадиган тартибга кўра, энди улар 9 миллион 912 минг сўм тўлайдиган бўлади. Яъни, жуда кўп ишлатгани учун давлат маблағи беҳуда сарфланмайди. Ўртача, одатий истеъмолчиларни субсидиялаш, қўллаш давом этаверади.

 

Ўзимизга боғлиқ

Ўсувчан коэффициентлар нархнинг ошиши эмас, балки анча йиллардан бери кечикиб келаётган вазифаларнинг бажарилиши, энергия тежамкорлигига эришиш учун адолатли ва оқилона йўлдир. Олдинда қиш.

1 ноябрдан бошлаб аслида адолат тикланди, эҳтимол, тежамкорлик зарурати кенгроқ тушунила бошлайди. Хотиржам бўлинг, юртимиздаги 98 фоиз электр энергия истеъмолчиси тоифасига кирсангиз, ниманидир ўзгартиришга асло зарурат бўлмайди.

 

Лазиза ШЕРОВА

«Ўзбекистон овози», 22.11.2023, №46

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш