Бош молиявий ҳужжат халқимиз фаровонлигига хизмат қилади
Бош молиявий ҳужжат халқимиз фаровонлигига хизмат қилади

 

Геосиёсий нобарқарорликлар, глобал иқтисодий ўсишдаги тебранишларнинг салбий таъсири кучайиб бораётган ҳозирги шароитда  Ўзбекистоннинг асосий савдо иқтисодий ҳамкор давлатларида иқтисодий ўсиш суръати секинлашиши кузатилмоқда. Бундай ташқи омиллар таъсири мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни олиб бориш, барқарор иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлашда айрим муаммоларни келтириб чиқараётгани сир эмас.

Шунга қарамасдан, куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида қабул қилинган “2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунда кўзда тутилган консолидациялашган бюджет даромадлари ва харажатлари, бюджет даромадларини шакллантириш ҳамда харажатларини амалга ошириш бўйича белгиланган вазифалар, аниқроқ қилиб айтганда, давлатнинг ўзига олаётган мажбуриятлари, тез суръатларда ривожланаётган мамлакатларга хос бўлган хусусиятларни ўзида акс эттираётганини кузатишимиз мумкин.

Мухбиримиз келгуси йил учун қабул қилинган Давлат бюджетининг асосий параметрлари, муҳим жиҳатлари ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси Шарофиддин НАЗАРОВ билан суҳбатлашди.

— Шарофиддин Ҳакимович, биламизки, “2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қуйи палатага тақдим этилгач, уни такомилга етказиш борасида муайян ишлар амалга оширилди. Келинг, дастлаб қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти тўғрисида қисқача маълумот берсангиз.

— Давлат бюджети мамлакат равнақига хизмат қиладиган бош молиявий ҳужжат бўлиб, 2020 йилдан бошлаб, қонун кўринишида қабул қилина бошлади. Қонунларни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқиш ва қабул қилишнинг тартиб ва таомилларига кўра, ушбу ҳужжат жорий йилнинг 8 ноябрь куни қуйи палата йиғилишида биринчи ўқишда муҳокама қилинган ҳамда депутатлар томонидан концептуал жиҳатдан маъқулланган эди.

Айнан концепцияда Давлат бюджети тўғрисидаги қонуннинг мазмун-моҳияти очиб берилади. Шу нуқтаи назардан айтадиган бўлсак, қонун лойиҳаси, энг аввало, янги таҳрирдаги Конституциямизда белгилаб берилган “ижтимоий давлат” тамойилини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган.

Бундан ташқари, Президентимизнинг Давлат бюджетининг асосий йўналишлари бўйича берилган вазифаларидан келиб чиққан ҳолда бюджет барқарорлигини таъминлаш, унинг даромадларини кўпайтириш, харажатларни аниқ мақсадларга йўналтириш, мавжуд захира ва имкониятлардан кенг фойдаланиш, бюджет интизомини кучайтириш ҳамда ижтимоий соҳаларни ривожлантириш масалалари бюджетни шакллантиришда бош мезон қилиб олинганлигини кўришимиз мумкин.

2024 йил учун Давлат бюджетининг мазмун-моҳияти тўғрисида тўхталадиган бўлсак, қонун лойиҳаси, энг аввало, инсон капитали ривожланишига доир харажатлар устуворлигини таъминлашга қаратилганини эътироф этиш лозим. Шу ўринда ижтимоий ҳимоянинг манзиллигини кучайтириш, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасини янада ривожлантириш ҳамда уларнинг инфраструктурасини замон талаблари асосида шакллантиришга оид дастурларни молиялаштириш муҳим ўрин тутади.

Хусусан, келгуси йил инсон капиталини ривожлантириш учун 105 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилмоқда. Ушбу маблағлар умумий бюджет харажатларининг 33 фоизини ташкил этади. Шундан мактабларни қуриш ва реконструкция қилиш учун 4,1 трлн. сўм,  олийгоҳлар учун 3,9 трлн. сўм, таълим кредити учун 2,2 трлн. сўм, соғлиқни сақлаш соҳасида дори воситалари, тиббиёт буюмлари, вакцина ва бакпрепаратлар учун жорий ва давлат дастурларида назарда тутилган харажатлар билан биргаликда 4 трлн. сўмга яқин маблағ ажратиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, Тиббиётни ривожлантириш давлат мақсадли жамғармасига 530 млрд. сўм маблағ ажратиш режалаштирилган.

Давлат бюджетининг яна бир ўзига хос жиҳати шундаки, 2024 йилдан бошлаб, аҳолининг бюджет маблағларини тақсимлаш жараёнидаги фаол иштирокини янада кенгайтириш мақсадида “Маҳалла бюджети” лойиҳасини ишга тушириш кўзда тутилмоқда. Мазкур мақсад учун 426 млрд. сўм маблағ ажратилиб, бунда мол-мулк ва ер солиғи бўйича ундирилган маблағларнинг 10 фоизи маҳаллаларга йўналтирилади. Бу маблағлар маҳаллада аҳолининг оғирини енгил қиладиган лойиҳаларга сарфланади.

Булар ҳали ҳаммаси эмас. Бунда фақат 2024 йил учун Давлат бюджетининг ижтимоий йўналтирилганлигини келтирдим, холос. Бундан ташқари, бошқа соҳалар ривожи бўйича ҳам долзарб лойиҳа ва дастурларни молиялаштириш масалалари бош молиявий ҳужжатда акс эттирилган. Хусусан, минтақамизда сув муаммоси кун сайин долзарб бўлиб бораётганини ҳисобга олиб, ирригация тармоқларини реконструкция қилиш, таъмирлаш, суғориш каналларини бетонлашга 1,7 триллион сўм маблағ ажратиш назарда тутилмоқда. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

— Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёни қандай кечди? Шу ҳақда ҳам ўз фикрларингизни билдириб ўтсангиз.

— Бу йилги Давлат бюджети қонуни лойиҳасининг муҳомаси олдинги йиллардан тубдан фарқ қилади. Энг аввало, шуни эътироф этиш керакки, қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига олдинги йилларга нисбатан эртароқ тақдим этилди. Бу эса Қўмита томонидан ўтказилган йиғилишларда қонун лойиҳасини мазмунли муҳокама қилиш имконини берди. Фракцияларда ҳам депутатлар лойиҳани шошилмасдан, батафсил кўриб чиқишди.

Қонун лойиҳасининг биринчи ва иккинчи ўқиш оралиғида бўлиб ўтган йиғилишларда депутатлар томонидан 100 дан ортиқ саволлар берилди. Уларнинг бирортаси ҳам жавобсиз қолгани йўқ. Ҳукумат томонидан белгиланган ишчи гуруҳи, тегишли вазирлик ва идоралар томонидан саволларга батафсил жавоблар олинди. Бу, албатта, вазирлик ва идораларнинг Давлат бюджети муҳокамаларига катта масъулият билан ёндашганлигини кўрсатади.  

Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси махсус ишчи гуруҳи билан биргаликда бюджет маблағларини режалаштириш, улардан фойдаланиш натижадорлигини ошириш ҳамда бюджетлараро муносабатларни такомиллаштиришга оид депутатлар томонидан билдирилган таклифлар бўйича тегишли вазирлик ва идоралар билан алоҳида муҳокамалар ўтказди. Ҳар бир биринчи даражали бюджет тақсимловчилар, шу жумладан, соғлиқни сақлаш, таълим, қишлоқ хужалиги, сув хўжалиги, маданият ва бошқа соҳалар бўйича тегишли вазирлик ва идораларнинг масъуллари иштирокида бюджет параметрлари таҳлил қилинди. Ҳар бир депутатнинг берган саволлари ёки кўтарган масалаларига ойдинлик киритилди.

Бюджет кодексига кўра, Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси парламентга киритилишидан олдин лойиҳа бўйича Ҳисоб палатасининг хулосаси олинади. Муҳокама жараёнида ушбу хулоса бўйича ҳам депутатлар томонидан бир қанча фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Улардан етарлича асослантирилган таклифларни Солиқ ва Бюджет кодексларида акс эттириш масаласини алоҳида кўриб чиқишга келишиб олинди.

— Бюджет тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокамаларида депутатлар қайси масалаларга кўпроқ эътибор қаратишди?

— Энг аввало, шуни эътироф этиш керакки, депутатларимизнинг Давлат бюджети муҳокамасига бўлган ёндашуви такомилига етиб бормоқда. Олдинги йиллар муҳокамаларида халқ вакиллари кўпроқ харажатлар билан боғлиқ айрим соҳа ва йўналишларга ажратилган маблағлар бўйича купроқ қизиқиш билдирар эдилар. Бу сафар эса бюджет даромадларининг шаклланиши билан боғлиқ омиллар, солиқ ставкаларининг қулай тадбиркорлик муҳитини сақлашга таъсири, қўшилган қиймат солиғи “занжири”ни тиклашга қаратилган чоралар ҳамда айрим солиқ имтиёзларини бекор қилиш орқали иқтисодиётда рақобат муҳитини шакллантириш ва тадбиркорлар учун бозорларда тенг шароитлар яратиш каби масалаларга аҳамият қаратаётганлиги эътиборга молик.

Қонун лойиҳасининг концепцияси муҳокамасида (биринчи ўқишда) депутатлар Ҳукумат вакиллари олдига бир қатор саволлар қўйган эдилар. Хусусан, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган фуқароларимизга шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларга уй-жой сотиб олишда ажратилаётган субсидиялардан самарали фойдаланиш, таълим соҳасида ўқитувчи ва тарбиячиларнинг меҳнатини муносиб тақдирлаш бўйича янги мехнизмлар ишлаб чиқиш, фуқаролар фойдасига компенсация тўловларини амалга оширишда суд қарорлари ижросининг тўлиқ таъминланиши, автомобиль йўлларидан фойдаланиш тартибини такомиллаштириш, яъни йўл йиғимлари миқдорини белгилашда оғирликка қараб дифференцация қилиш, соғлиқни сақлаш соҳасида диагностика ва скрининг ўтказиш харажатларини қайта кўриб чиқиш каби масалалар лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида батафсил ўрганилди.

Муҳокамаларда депутатлар даромадларни ошириш, солиқ базасини кенгайтиришга қаратилган чоралар ҳамда келгуси йилда кўзда тутилган бюджет маблағларидан фойдаланишда самарадорлик ва натижадорликни ошириш юзасидан ҳам таклиф ва тавсиялар беришди. Мисол учун, деярли барча фракцияларда депутатларимиз яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича кўрилиши лозим бўлган чора ва тадбирлар ҳақида ўз фикрларини билдиришди. Ўринли эътирозлар ҳам бўлди. Ушбу масаланинг ўта долзарблигини ҳисобга олиб, Фискал стратегияни янгилаш, айрим асосли таклифларни эса Бюджет кодекси ва Солиқ кодексига тегишли ўзгартишлар киритиш жараёнида ўрганиб чиқилишига келишиб олинди.  

— Қонунчилик палатасининг куни кеча бўлиб ўтган мажлисида қонун лойиҳаси мунозараларида депутатлар томонидан ўртага ташланган саволлар нечоғли долзарб аҳамиятга эга? Бу ҳақда батафсил тўхталиб ўтсангиз.

— Дарҳақиқат, мажлисда қонун лойиҳасининг иккинчи ўқишдаги муҳокамаси қизғин кечди. Депутатлар томонидан кўтарилган барча масалалар юзасидан атрофлича тушунтиришлар берилди. Яхши маънода, тортишувлар ҳам бўлди. Хусусан, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Дониёр Ғаниевнинг давлат мақсадли жамғармаларига режалаштирилган харажатлар таркиби ва миқдорига оид саволини ўринли, деб айтиш мумкин. Депутат Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси харажатлари таркибида харажатлар йилдан-йилга камайиб бораётганини мисоллар орқали қайд этди.

Масалан, хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида меҳнат ва бошқа ҳуқуқлари бузилган, мураккаб молиявий аҳволга тушиб қолган фуқароларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда уларга моддий ёрдам кўрсатиш маблағлари бу йилги 10 млрд. сўмдан келгуси йил учун 2,5 млрд. сўмга туширилган, яъни 4 баравар қисқарган. Ҳукумат вакиллари ушбу саволга атрофлича жавоб беришди. Қолаверса, бу масала қўмита, фракциялар йиғилишларида ҳам муфассал кўриб чиқилиб, таҳлил қилинган. Айтиш керакки, Давлат бюджети ижросининг 9 ойлик якунлари таҳлилидан келиб чиқиб, давлат мақсадли жамғармаларига келгуси йил учун маблағлар режалаштирилган. Масалан, жорий йилда меҳнат миграцияси билан боғлиқ айрим харажатларга 6 млрд. сўм режалаштирилган бўлса, 2024 йилда 5 млрд. сўм кўзда тутиляпти. Бунинг асосий сабаби, жорий йилнинг 9 ойлик якуни бўйича 2,5 млрд. сўм ишлатилган, холос. Агарда келгусида бундай харажатлар учун маблағ талаб этилса, қўшимча молиялаштириш манбалари топиб берилиши маълум қилинди. 

Яна бир эътибор қаратиладиган савол — 2024 йил бюджет лойиҳасида хусусий секторда ишловчи аёлларнинг ҳомиладорлик нафақа пулини бюджет маблағлари ҳисобидан тўлаш билан боғлиқ харажатлар учун 100 млрд. сўм кўзда тутилгани билан боғлиқ бўлди. Депутат Муборак Аҳмедова 2023 йилга нисбатан 3 баробар кам маблағ режалаштирилаётгани сабаби билан қизиқди.

Айтиш ўринли, бу масала ҳақиқатан ҳам долзарб. Чунки сўнгги йилларда мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Шу жумладан, хусусий секторда ишловчи аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга 2022 йил 1 сентябридан ҳомиладорлик нафақа пулини тўлаб бериш тизими йўлга қўйилган. Бу нафақа инсон омилисиз, яъни проактив усулда тайинланади ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ахборот тизими орқали амалга оширилади. Давлат бюджети ижросининг 9 ойлик натижаларига кўра, бу масалада 12 минг нафар аёллардан мурожаатлар келиб тушган ва бунга 24,6 млрд. сўм сарфланган. Йил якунига қадар эса 19 минг нафар аёлларга 40 млрд. сўм маблағ сарфланиши прогноз қилиняпти. Шулардан келиб чиқиб, ушбу мақсадларга 2024 йил учун жорий йилда кутилаётганидан 2 баравардан кўпроқ, яъни 100 млрд. сўм маблағ режалаштирилган. Қолаверса, ушбу маблағлар ўзлаштирилган тақдирда, яна мурожаатлар бўладиган бўлса, қўшимча маблағ ажратилиши кўзда тутилади. Зеро, бу мамлакатимизда аёлларга эътибор давлатимиз сиёсати даражасида кўтарилганини намоён этади.

Бўлиб ўтган ялпи мажлисда кўплаб мунозарали саволлар орасида Ўзбекистон Республикаси консолидациялашган бюджети тақчиллигининг чекланган миқдори ялпи ички маҳсулотнинг 4 фоизи миқдорида белгиланаётганини келтириш ўринли. Депутат Ўктам Исломов ушбу чегарани тегишли қонун билан 2023 йилдан бошлаб 3 фоиздан ошмаслиги  белгиланганини қайд этиб, кейинги йилларда бу кўрсаткич қандай бўлиши эҳтимолини ўртага ташлади.

Ҳақиқатан ҳам, консолидациялашган бюджет тақчиллигининг чекланган миқдори 2023 йил учун ялпи ички маҳсулотнинг 3 фоизини ташкил этиши ўтган йили қабул қилинган қонунда белгиланган эди. Лекин шу ўтган даврда катта геосиёсий ҳамда геоиқтисодий ўзгаришлар рўй берганлиги ва уларнинг миллий иқтисодиётимизга таъсири тўғрисида юқорида айтиб ўтилди. Давлат бюджетининг даромадлари иқтисодиётимизнинг ўсиш кўрсаткичлари билан бевосита боғлиқ. Иқтисодиётимизга эса ташқи омилларнинг таъсири борган сари кучаймоқда ва бу табиий ҳол. Чунки биз очиқ бозор иқтисодиёти сари одимлаяпмиз. Ўтиш даврида ҳаттоки, тез суръатларда ривожланаётган мамлакатларда ҳам тақчиллик 3, 4 айрим ҳолларда 5 фоиз ташкил этаётганлигини кўришимиз мумкин. Бундан ташқари, иқтисодиётда ислоҳотларни давом эттириш, аҳоли даромадлари, ишлаб чиқариш суръатларини ошириш ва бошқа ижтимоий иқтисодий мақсадлардан келиб чиқиб, тақчиллик бироз баландроқ ушланаётганлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан етарлича асослаб берилди. Шунингдек, фискал рағбатлантириш сиёсати юритилаётганлиги ҳам маълум даражада бюджет тақчиллигига ўз таъсирини кўрсатади.

Бюджет бўйича Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселекторда ҳам моливий интизомни кучайтириш ҳамда бюджет тақчиллигини олдини олиш масалаларига жиддий эътибор қаратилди. 2025 йилда ушбу кўрсаткични 3 фоизга тушириш ва кейинги йилларда 3 фоиздан оширмаслик бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.

— Шу ўринда депутатлар ташаббуси билан қонун лойиҳасига киритилган ўзгаришларга ҳам ойдинлик киритсангиз.

— Депутатларимизнинг айрим асослантирилган таклифлари қабул қилиниб, қонун лойиҳасига тегишли ўзгартиришлар киритилди. Улардан айримларига эътиборингизни қаратмоқчиман.

Қонун лойиҳасининг биринчи ўқишида депутатлар томонидан юк кўтариш қуввати 10 тоннадан оғир юк машиналари учун бир хил миқдорда эмас, балки юк кўтариш қувватининг оғирлигидан келиб чиқиб, йиғимнинг табақалаштирилган ставкаларини жорий этиш таклиф этилган эди.

Ушбу таклиф атрофлича ўрганилиб, юк кўтариш қуввати 10 тоннадан юқори бўлган автотранспорт воситалари учун юк кўтариш қуввати 10 тоннадан 25 тоннагача бўлганда 5 базавий ҳисоблаш миқдори, юк кўтариш қуввати 25 тоннадан 35 тоннагача бўлганда 8 базавий ҳисоблаш миқдори, юк кўтариш қуввати 35 тоннадан юқори бўлганда 10 базавий ҳисоблаш миқдорида йиғим ундирилиши белгиланди.

Шунингдек, депутатлар томонидан таркибида шакар мавжуд бўлган энергетик ичимликларга 1 литр учун 5 000 сўм миқдорида акциз солиғи жорий этилиши таклиф этилган эди. Ушбу таклиф этилаётган акциз солиғининг маҳсулот нархига ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг молиявий натижаларига таъсирини инобатга олган ҳолда энергетик ичимликларнинг 1 литри учун 2000 сўм миқдорида акциз солиғи солиниши кўзда тутилмоқда.

Муҳокамаларда, шунингдек, депутатларимиз соғлиқни сақлаш тизими бўйича ҳам бир қанча таклифлар билдирган эди. Ушбу таклифларни мутасадди вазирлик ва идоралар билан ўрганганимизда депутатларимиз тўғри масала кўтарилганлигига амин бўлдик. Уларни ҳисобга олган ҳолда соҳага ажратилаётган маблағлар 25,8 млрд.сўмга кўпайтирилмоқда. Шундан 11,8 млрд.сўми аҳоли орасида вирусли гепатитнинг “С” ва “В” турларини эрта ташхислаш ва вирусга қарши махсус даволаш ишларини ташкил этишга қаратилади. Қолган 14 млрд.сўмни эса 40 ёшдан ошган аҳолини қандли диабет ва диабет олди ҳолатлари учун мақсадли скрининг ўтказишни ташкил этишга ажратиш кўзда тутилмоқда.

Депутатлар яна бир муҳим масалага — яъни маҳаллаларда спорт инфратузилмасини ривожлантириш, спорт майдончалари тозалигини сақлаш ва атрофини ободонлаштириш бўйича ишларни тизимли йўлга қўйиш масаласига эътибор қаратишган эди. Буни Қўмита ишчи гугуҳи билан биргаликда ўрганиб чиқиб, асосли, деб топди ва ушбу тадбирлар бўйича ажратилган маблағларни 54 млрд.сўмга кўпайтириш таклиф қилинмоқда.

Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан ёшларни китоб ўқишга бўлган қизиқишини ошириш, айниқса, талаба ёшларни кутубхона ресурсларидан кенг фойдаланишларига имконият яратиб бериш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Шу ўринда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси — ахборот ресурс марказидан кечаю кундуз фойдаланиш бўйича муаммолар борлигини депутатлар томонидан асослаб берилди. Ушбу таклифни ҳисобга олиб, ўқувчи ва ёшларга кутубхонадан кечки вақтда фойдаланиш учун қулай шароит яратиш мақсадида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси — ахборот ресурс маркази ҳузуридаги бюджетдан ташқари Ахборот-кутубхона муассасаларини ривожлантириш жамғармаси харажатларига қўшимча 1,2 млрд.сўм маблағ ажратиладиган бўлди.

Шунингдек, депутатлар кўтариб чиққан яна бир муҳим масала ўз ечимини топди. Яъни ҳудудлардаги чиқиндихоналарни тартибга солиш, аҳоли пунктларини ҳавони ифлослантирувчи ҳар қандай чиқиндилардан тозалаш ва чиқиндилар таъсирида турли юқумли касалликларнинг тарқалишини олдини олиш юзасидан комплекс чораларни кўриш мақсадида ажратилган маблағлар етарли эмас, деб топилди. Шуни ҳисобга олган ҳолда қўшимча 66,4 млрд.сўм маблағ ажратиш таклифи депутатлар томонидан маъқулланди. 

— Давлат бюджети тўғрисидаги қонун — мамлакатнинг асосий молиявий ҳужжати. Қонундаги ўзгаришлар ва янгиликлар, умуман айтганда, унинг аҳамиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилишда депутатлик корпусининг ўрни қандай бўлмоқда?

— Албатта, бугунги кунда парламентда қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш депутатларимиз фаолиятининг муҳим йўналишларидан саналади. Шу боис ҳудудларда бўлганимизда, сайловчилар билан учрашувларда уларни ўйлантираётган долзарб масалаларга эътибор қаратган ҳолда, қонунларни кенг тушунтириб беришга ҳаракат қиляпмиз. Чунки бугун аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ошириш энг муҳим вазифалардан бири. Зеро сайловчиларимиз  қонунларни қанчалик кўп билса, қанчалик яхши билса, уларнинг ҳуқуқлари изчил таъминланишига эришилади.

Шу нуқтаи назардан айтганда, Давлат бюджети нафақат молиявий, шу билан бирга, муҳим ҳуқуқий, сиёсий ҳужжат ҳамдир. Унда мамлакатимиз тараққиётининг барча устувор йўналишлари ва вазифаларини амалга оширишнинг молиявий манбалари акс эттирилган. Қабул қилинган бюджет тўғрисидаги қонун фуқароларнинг фаровонлигини янада ошириш, уларнинг турмуш тарзини яхшилаш учун хизмат қилади. Унинг қабул қилиниши кўплаб муҳим жараёнларни, хусусан, маҳаллий бюджетларнинг масъулияти ва мустақиллигини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, жамоатчилик ва давлат институтлари ўртасида самарали, кўп қиррали ҳамкорликни янада фаоллаштириш учун асос бўлади.

Айтиш мумкинки, Давлат бюджети тўғрисидаги қонун очиқлик, шаффофлик каби тамойиллар инобатга олинган ҳолда қабул қилинди, бу бўйича ОАВда кўплаб чиқишлар амалга оширилди. Ушбу жараёнда депутатларнинг, Ҳукумат аъзоларининг фаоллиги сезиларли бўлди. Галдаги вазифа эса қонуннинг тарғиботини ҳудудларда самарали ташкил этиш ва фуқароларнинг хабардорлик даражасини оширишдир.     

Албатта, буларнинг барчаси давлатнинг фуқаролар олдида ўз зиммасига олган барча ижтимоий, иқтисодий ва бошқа мажбуриятлари бажарилишига хизмат қилади. Пировардида аҳоли фаровонлиги янада юксалади, яшаш тарзи яхшиланади.

 

Зиёда АШУРОВА суҳбатлашди

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш