Ҳар бир хотин-қиз хавфсиз ва фаровон яшашга ҳақли
Ҳар бир хотин-қиз хавфсиз ва фаровон яшашга ҳақли

 

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, дунё бўйича аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари йилдан йилга ошиб бормоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, 15 - 49 ёшдаги хотин-қизларнинг 25 фоизидан кўпроғи ҳаёти давомида жисмоний ёки жинсий зўравонликка дуч келишади. Ушбу зўравонликларнинг 33 фоизи Жануби-Шарқий Осиё ҳудудига тўғри келмоқда.

Ўзбекистон БМТнинг «Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида»ги Конвенциясига қўшилганига 27 йил бўлишига қарамай ҳамон аёллар ҳуқуқларини топташ ҳолатлари учрамоқда. Жумладан, Оила ва хотин-қизлар қўмтасининг маълумотига кўра, жорий йилнинг 7 ойида тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган 21 871 нафар хотин-қизларга ҳимоя ордери берилди.

Хотин-қизларга нисбатан қайд этилган тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг 18 минг 526 таси ёки 84,7 фоизи оилаларда содир этилган. Ҳимоя ордери бериш натижасида 9 минг 362 та оилани тиклашга, 11 минг 350 та оилада низоларни бартараф этишга эришилди.

Расмийлаштирилган 5 минг 495 та ҳимоя ордерлари бўйича маъмурий ёки жиноий жавобгарлик белгиланиб, хотин-қизларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Бу рақамлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан бир мунча камайган бўлсада, одамни ташвишга соладиган кўрсаткичдир.

Мамлакатимизда бундай иллатларнинг олдини олишнинг таъсирчан механизмлари ишлаб чиқилмоқда. Жумладан, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунда ҳам хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг асосий йўналиши қилиб белгиланган.

Бугунги кунда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузурида Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази ва унинг ҳудудий бўлимлари фаолият юритмоқда.

Марказларнинг асосий вазифаларидан бири тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган, ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизларга аноним тарзда шошилинч тиббий, психологик, ижтимоий, педагогик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатиш ҳисобланади.

24 соат ишлайдиган 1146 қисқа рақамли “ишонч телефони” фаолияти йўлга қўйилди. Бу орқали тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар билан мулоқот қилиш ва шошилинч руҳий, психотерапевтик, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, маслаҳат бериш ва ахборот тақдим этиш масалалари бўйича келиб тушган мурожаатларга тезкор муносабат билдириш амалиёти йўлга қўйилган. Марказларга боришга жойи йўқ ёки бошқа оғир вазиятга тушган аёллар жойлаштирилади. Уларга тиббий, психологик ёрдам кўрсатилади.

Аслида, аёлларга нисбатан зўравонлик жиддий эътибор қаратадиган муаммо ҳисобланади.

2014 йилдан буён ҳар йили дунё миқёсида 25 ноябрдан 10 декабргача “Зўравонликка қарши 16 кун” шиори остида турли тадбирлар ўтказилади. Худди шундай, республикамизда ҳам “Зўравонликка қарши 16 кунлик фаол саъй-ҳаракатлар” кампанияси бошланди. Шу муносабат билан Ўзбекистон ХДП “Аёллар қаноти” томонидан ушбу 16 кунлик кампанияда партия тизими, сафидаги фаол аёллар ва депутат аёлларни жалб қилган ҳолда “Биз зўравонликка қаршимиз!” шиори остида “Хотин-қизлар ҳуқуқлари қонун ҳимоясида”, “Биргаликда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қиламиз!” мавзуларида туркум тадбирларни ўтказиш режалаштирилди.

Ҳар бир хотин-қиз зўравонликсиз ҳаётда хавфсиз ва фаровон яшашга ҳақли. Унинг бу ҳуқуқларини поймол қилиш, тазйиқ ўтказиш қонун билан ҳимояланади.

Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича ҳар бир шахс ўзини дахлдор ҳис этиши, бундай ҳолатларга барҳам беришда барча бирдек фаол иштирок этиши лозим. Мўътабар оналаримиз, мунис опа-сингилларимиз, жондан азиз қизларимиз ҳуқуқларини биргаликда ҳимоя қилайлик.

 

Гулшан Асатова,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши “Аёллар қаноти” раҳбари.

 

 

 

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш