Адолатпарварлик, бағрикенглик қомуси
Адолатпарварлик, бағрикенглик қомуси

Мустақил Ўзбекистон Республикасининг биринчи Конституцияси қабул қилингани мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим тарихий воқеадир. Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилган санадан эътиборан дунё саҳнида янги, суверен давлат сифатида қарор топган бўлса, Конституция қабул қилиниши билан мустақилликнинг ҳуқуқий тамал тоши ўрнатилган.

Халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг намунаси бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Ватанимиз мустақиллиги, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаёти, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларининг мустаҳкам ҳуқуқий кафолати сифатида демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш борасида асосий пойдевор бўлиб келмоқда.

Инсоният ривожланар экан, ягона, асосий қонунга эҳтиёж пайдо бўлган. Кўпчилик дунёдаги илк Конституция АҚШда ишлаб чиқилган, деб ҳисоблайди. Конституциянинг ибтидоси аслида қадимги Афина ҳуқуқий ҳужжатлари бўлса ажаб эмас. «Конституция» сўзи лотинчада constitutio – тузум, тузилиш маъносини англатади. Бундан қарийб тўрт минг йил аввал қадимги Бобилда яратилган Хаммурапи қонунларида ҳам Конституцияга хос кўпгина жиҳатлар ўз аксини топган.

Бугунги кунда турли давлатларда амалда бўлган Конституцияларнинг ҳам ўзига хос жиҳатлари мавжуд. Масалан, Ҳиндистон Конституцияси 1950 йилда қабул қилинган. У ҳажми бўйича дунёдаги энг катта Асосий қонундир. У қабул қилингандан буён 500 дан ошиқроқ ўзгартириш ва қўшимча киритилган, 80 та янги модда қўшилган, қарийб 20 та модда бекор қилинган.

Қиёслаш учун қуйидаги маълумотга эътибор беринг: АҚШ Конституцияси ҳажман кичик бўлишига қарамай, қабул қилингандан буён ўтган икки асрдан ошиқроқ вақт мобайнида борйўғи 27 та ўзгартириш киритилган. Шунинг 10 таси «Инсон ҳуқуқлари ҳақида билл» деб номланади. АҚШ Конституциясининг илк матнида асосий эътибор федерал давлат тузилишига қаратилган бўлиб, инсон ҳуқуқларига оид нормалар деярли йўқ эди. Америка Қўшма Штатлари демократик давлат сифатида маълум ва машҳур бўлса-да, унинг Конституциясида «демократия» сўзи қўлланмаган.

Япония Конституциясининг уч асосий тамойили бор: халқ суверенитети, инсоннинг асосий ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, пацифизм (миллатнинг суверен ҳуқуқи сифатида урушдан воз кечиш).

 

Тарихий воқеа

Жорий йилнинг ўтган даврида халқимиз иккита йирик ижтимоий-сиёсий воқеанинг иштирокчиси ҳам бўлди, бу муҳим демократик жараёнлардан бири 30 апрелдаги умумхалқ референдумида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганидир.

Бундай муҳим воқеликлар, ўз навбатида, жамиятимизнинг сиёсий етуклигини, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар халқимиз томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланаётганини яна бир бор амалда тасдиқлади. Бинобарин, мамлакатимизнинг янгиланган конституциявий-ҳуқуқий заминида миллий тараққиётнинг асосий йўналишларини такомиллаштириш, шиддатли ва кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш давр талабига айланди.

Янги Конституция билан инсон қадр-қиммати ва унинг қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни янги поғонага кўтаришга, яъни халқимизнинг фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган “Янги Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар давлат” ғоясини амалга ошириш учун мустаҳкам пойдевор яратилди.

Конституция давлатнинг қонуний асосларини белгилаб бериш билан бир қаторда, унинг келажаги учун ҳам асос яратади. Шу сабабли ҳам Конституциянинг 1-моддаси “Ўзбекистон — бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат” шаклида эътироф этилди.

Конституцияни янгилаш ислоҳотларнинг бош тамойили бўлган “инсон – жамият – давлат”, деган концепциясини Конституциямизнинг мазмунига чуқур сингдириб, ҳаётимизда бош қадриятга айлантирди.

Конституциямиз тарихан синалган умуминсоний, умумбашарий қадриятларни ўзида мужассам этган ҳужжатдир. Асосий қонунимиз энг ривожланган, тараққий топган давлатларнинг тарихий тажрибасига таянган ҳолда яратилган.

Шу билан бирга, янгиланган Конституцияда халқимизнинг асрлар давомида шаклланган миллий тафаккури, адолатпарварлиги, ҳақиқатгўйлиги, бағрикенглиги каби олий қадриятлари ўз аксини топган.

 

Мақсуда ВОРИСОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.

«Ўзбекистон овози», 6.12.2023, №48

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш