Янгиланган Конституция – ижтимоий давлат ғоясининг мустаҳкам пойдевори
Янгиланган Конституция – ижтимоий давлат ғоясининг мустаҳкам пойдевори

 

Маълумки, бугунги кунда бутун борлиғи, бўйи-басти билан кундан-кунга чирой очаётган Ватанимиз, дунёнинг энг қудратли давлатлари билан ҳам аввало ўз манфаатлари нуқтаи-назаридан ҳамкорлик қилаётган ва бундан том маънода манфаат топаётган, Янги Конституция асосида янада янгиланаётган Ўзбекистонимиз бағрида бугун миллионлаб халқимиз тинч ва осойишта ҳаёт кечирмоқда. Муҳтарам Юртбошимиз бошчилигида, мамлакатимизда изчил равишда эришилаётган улкан натижалар, тинчлик ва хавфсизликнинг барқарорлиги, шу билан биргаликда, халқимиз фаровонлиги йўлидаги катта режа ва мақсадларни ҳаётга татбиқ қилиш давомийлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳам юртимиз тақдирида муҳим ҳаётий аҳамият касб этаётганлиги бугун ҳеч кимга сир эмас. Дарҳақиқат хозирги кунда глобал миқёсдаги ижтимоий барқарорлик, хавфсизлик, фаровонлик ва албатта тинчлик тушунчалари ҳар қачонгиданда долзарб аҳамият касб этаётган бир пайтда, уларнинг илдизини мустаҳкамлашдан муҳимроқ вазифа, улуғроқ мақсад йўқ назаримда. Шу нуқтаи-назардан, агар Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатдаги устуворликларини тизимлаштирилган ҳолда таҳлил қиладиган бўлсак, юртимизда сўнгги йилларда инсон манфаатлари энг олий тушунча сифатида қаралаётганлигига, олиб борилаётган ислоҳотлар моҳиятан ушбу мақсад атрофига қурилаётганига гувоҳ бўламиз.

Айниқса, барча йўналишдаги ислоҳотларнинг пойдевори бўлмиш Бош қомусимизни янги таҳрирда қабул қилиш жараёнидаги ўзгаришлар бевосита, ҳар томонлама мустаҳкам ва барқарор демократик жамият барпо қилишга қаратилганлигини алоҳида қайд этиш адолатдан бўлади. Фикримни бу борадаги бир қатор муҳим омиллар ва янгиланган Конституциямиз нормаларини ҳаётга боғлаган тарзда давом эттирмоқчиман. Бунинг учун аввало, соғлом жамият тушунчаси борасида фикр юритсак. Унинг қандай бўлиши тўғрисида эса, истаганча фикр алмашиш, баҳслашиш мумкин. Бироқ аниқки, соғлом жамият энг аввало, жиноятчилик, гиёҳвандлик, ишсизлик ва тенгсизлик, ҳуқуқлар поймол этилиши каби салбий тушунчалардан деярли ҳоли жамиятдир. Демак, бу олий мақсадга эришиш йўлидаги ишларга ёндашув энг аввало ҳуқуқий асосларда акс этиши лозим ва бунинг ҳаётий исботини қўрқмасдан, асосий қонунимизда жамлай олдик, деб ўйлайман. Зеро, агар оила институти жамиятни ташкил этувчи энг асосий бўғин деган нуқтаи-назардан қарасак, аввало оила таркибига эътибор қилиш лозим бўлади. Демакки, хотин-қизлар ва ёшлар масалаларига оид нормалар тизимлилиги ва ҳаётий аҳамиятига Конституциямизда алоҳида урғу берилгани замирида ана шудай ҳақиқат мужассам. Зотан оз эмас, кўп эмас тўлиқ боб яъни, — ўн тўртинчи боб оила, болалар ва ёшлар масаласига бағишлангани фикримиз тасдиғидир. Мавжуд нормаларни шунчаки санаш ва эътироф этишдан кўра, уларнинг моҳияти ҳақида фикр алмашиш ҳамда бу борадаги тушунтириш ва тарғибот ишларини айнан ёшлар ва хотин қизлар орасида оммалаштириш барчамиз учун энг асосий вазифа бўлиши турган гап. Зеро ушбу бобни чуқур таҳлил қилиш орқали унинг замиридаги узвийлик ва ҳаётийлик каби муҳим жиҳатларга яна бир бор амин бўлдим.

Демак тизимлилик борасида:

Мазкур бобда белгиланган моддалар умумийликдан хусусийликка қараб тизимлаштирилган. Яъни, 74-моддада қайд этилганидек, Оила жамиятнинг асосий бўғини ҳамда у жамият ва давлат муҳофазасида экани белгиланган. Дарҳақиқат, жамият барқарорлигининг асосий кафолати сифатида оиланинг ўрнини ҳеч бир бошқа институт ва ёки восита билан қиёслаш мумкин эмас. Бироқ сўнгги пайтларда дунё миқёсида оилавий анъаналар борасида асрлар оша ҳукм суриб келган муқаддас омиллар, ришталарга жиддий раҳна ўлароқ турли кўринишдаги хавфлар ҳар қачонгидан кўра кучайиб бормоқда. Хусусан, бир жинсли никоҳ, турли буюмлар, нарсалар ёки ҳайвонлар билан барпо этилаётган оилалар ҳақида баъзан эшитиб қоляпмиз. Ҳатто ушбу номуносиб ҳаракатларнинг дунё миқёсида кенг ёйилиши, тарғиб этилиши учун уринишлар кўзда ташланмоқда. Афсуски, бу каби ҳаракатлар илк натижаларига ҳам эга. Бугунги кунда дунёнинг 34 та мамлакатида бир жинсли никоҳларга қонун йўли билан руҳсат берилган ва бу мамлакатларнинг умумий аҳолиси сони 500 миллиондан ошади. Англашиладики, ярим милларддан ортиқ инсон ушбу ноинсоний тушунчалар тан олинган бир жамиятда, шундай номуносиб ҳаёт тарзида яшаётган инсонлар билан ёнма-ён яшашга маҳкум. Бунинг нималигини тушунтириб ўтиришнинг ўзи ортиқча. Ачинарлиси, бу каби тарғиботлар инсон ҳуқуқлари деган энг олий тушунча билан пардаланаётганидир. Ваҳолангки, 500 миллион аҳоли яшайдиган ҳудуддаги бу қўштирноқ ичидаги эркинликка шунча одам бир овоздан рози, деб бўлмайди албатта.

Ушбу рақам ва мисолни келтиришдан мақсад эса, бош қомусимиздаги нормалар асрий анъаналаримиз, халқимиз маънавиятининг ўзига хослиги ҳамда муқаддас эътиқодимизни ўзида тўла намоён этишига эътибор қаратишдан иборатдир. Бинобарин, конституциянинг айнан 74-моддасида қатъий белгилангани каби “Никоҳ Ўзбекистон халқининг анъанавий оилавий қадриятларига, никоҳланувчиларнинг ихтиёрий розилигига ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади” деб белгилаб қўйилди. Энг асосийси, давлат юртимизда оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитлар яратиши алоҳида хатбоши сифатида мустаҳкамланди.Кейинги нормалар моҳиятига эътибор қаратар эканмиз, аввало ўз оиламизни кўз олдимизга келтирайлик. Албатта, ўзбек оиласида фарзанд туғилса, ота-онанинг бор эътибори, кучи ва имконияти болани тарбиялаб, элга қўшишга сарф бўлади.

Худди шу тушунча 77-моддада акс эттирилди.

Шу ўринда савол туғилиши мумкин: агарки, оилавий муносабатлар бизда ҳеч бир нормаларсиз ҳам рисоладагидек экан, унда нега буни бош қомусимизда мустаҳкамлашимиз лозим? Бу борада ўз фикримни айтиб ўтаман: Гарчи ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилиши халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган бўлсада, турли сабабларга кўра носоғлом муҳит шаклланиб қолган оилалар борлигидан кўз юма олмаймиз. Айниқса, ота-онанинг ўзаро муносабатларига дарз кетиши, оила парчаланиши ёки тирикчилик мақсадида муайян ва ёки номуайян муддатга ота, она ёхуд уларнинг ҳар иккиси оилани тарк этишидан аввало ёш болалар, фарзандлар азият чекишади. Болалигида олинган руҳий зарба эса, истиқболда турлича таъсир қилиши ҳаммамизга маълум. Ушбу ҳолатлардаги ижтимоий муносабатларни қатъий тартибга солиб туриш эса, ана шу каби вазиятларнинг аввало олдини олиш, оқибатларидан огоҳлантиришдек муҳим мақсадларга хизмат қилади.

Модомики гап, носоғлом оилалар ҳақида кетар экан, бир ҳақиқатни алоҳида таъкидламоқчиман. Носоғлом оила носоғлом муҳитда улғайган фарзанд дунёқарашидаги кемтиклик, йирик ижтимоий ҳавф деганидир. Муҳит тозалиги ва бола тарбиясида эса, аёлнинг ўрнини ҳеч ким ёки ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайди. Шундан келиб чиққан ҳолда, айнан хотин-қизлар ва ёшларга оид нормалар ушбу бобни моҳиятан давом эттирибгина қолмасдан, ўзидан аввалги қоидаларни мантиқан тўлдиради ва якунлайди. Жумладан, 78-моддада Оналик, оталик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши белгилангани фикримиз тасдиғидир. Бу мақсадларга эришишда аввало давлат ва жамият болаларда ҳамда ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқликни, мамлакатидан ҳамда халқнинг бой маданий меросидан фахрланишни, ватанпарварлик ва Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини шакллантириш тўғрисида ғамхўрлик қилади. Демакки ушбу йўналишда зарур шароитлар яратилишини таъминлайди, ҳам ҳуқуқий ҳам моддий ҳам ташкилий жиҳатдан зарур чоралар кўради.

Шу ўринда бир маълумотни келтирмоқчиман. Мақолага тайёрланиш жараёнида, интернет қидирув тармоғига вояга етмаганлар ўртасидаги жиноятчиликнинг ҳолати тўғрисида маълумот олиш учун қидирув бердим. Афсуски, аксарият мамлакатлар бўйича тақдим этилаётган маълумотларда, бу борадаги кўрсаткичларда фақат ўсиш кузатилаётгани ҳақидаги хабарлар жуда кўплиги дилимни хира қилди. Тан олиш лозимки, криминоген вазиятга тушиб қолишнинг энг катта омилларидан бири бу, боланинг назоратсиз ҳолда қолдирилишидир. Бош қомусимизнинг 77-моддаси худди шу бўшлиқни тўлдириши билан аҳамиятлидир. Зеро, юқорида айтиб ўтганимиздек, ҳамма оилалар ҳам афсуски, тўлақонли оилалар сирасига кирмайди. Минглаб болалар турли сабабларга кўра етим бўлиб қолган ёки ота-онасининг васийлигидан маҳрум бўлган. Демак бу ўринда давлат ва жамият ушбу болаларни боқиш, тарбиялаш, уларнинг таълим олишини, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топишини таъминлаши алоҳида белгиланиши замирида юртимизда ҳеч бир бола эътибордан четда эмаслигининг амалий исботини кўрамиз ва бу конституция даражасида мустаҳкамланган.

Юқорида айтиб ўтганимдек, оилавий муносабатлар ва хотин-қизларга ёндашув қомусимизга ўта халқона тарзда маҳорат билан сингдирилган. Бинобарин, вояга етган фарзандлар ўз ота-оналарига ғамхўрлик қилишлари, бунинг учун уларга давлат томонидан шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши таъминланиши, қолаверса, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишининг рағбатлантирилиши алоҳида моддада мустаҳкамланган. Бу ёндашув эса пировардида, албатта ёшларнинг замон талаблари асосидаги интеллектуал, ижодий, жисмоний ва аҳлоқий жиҳатдан етук шахс бўлиб камол топишининг кўзланганлигидир. Бу эса, ўйлайманки ҳеч кимга сир эмас.

Шунингдек қомусимизнинг 42-моддасида “ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади”, дея қатъий белгиланган. Тан олишимиз лозимки, бу норманинг қанчалар муҳимлигини, кўплаб аёлларимиз, айниқса бор эътибори ва ҳаракатини ишга солиб, ўқиган, олий маълумот олган опа-сингилларимиз яхши англайди. Шу маънода бу масалага ортиқча изоҳларнинг ҳожати йўқ деб ўйлайман.

Ушбу фикрларга кўра айтмоқчи бўлганларим эса, Конституциямиз юртимизда, инсон қадри ҳар нарсадан устун, деган тушунчани олий қадрият даражасига кўтаришга хизмат қиладиган нормалар ҳисобига янгиланди. Уни билиш, ўрганиш ва олинган хулосаларни тарғиб қилиш ижтимоий давлат барпо этиш борасидаги олий мақсадимизга хизмат қилиши шубҳасизлир. Зеро ҳар қандай иш, аввало билишдан бошланади.

 

Зулайхо Акрамова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси, ЎзХДП Фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш