Меҳнат ҳуқуқлари ҳимоя қилинади
Меҳнат ҳуқуқлари ҳимоя қилинади

 

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот инсонларнинг яхши яшаши ва улар учун муносиб турмуш шароити яратишга қаратилганлиги билан муҳим аҳамият касб этади. Жорий йилнинг 30 апрели халқимиз ҳаётида ўзига хос воқеликка эга бўлган кун сифатида муҳрланди. Кўпчилик овоз билан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилингани унда халқимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича орзу-умидлари ва интилишлари ўз аксини топганидан далолат бермоқда.

Конституциямизнинг IX-яъни, Иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқлар бобида, қолаверса, 42-моддасида “Ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсиз ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек, ишсизликдан қонунда белгиланган тарзда ҳимояланиш ҳуқуқига эга” нормасининг киритилиши инсонларнинг иш жойларида уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади. Эндиликда ҳар бир иш берувчининг ишчи ходимларга муносиб шароит яратишга масъуллиги ва масъулияти янада ошади.

Ҳозирги кунда Конституциямизнинг янги модда ва нормалари ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилиши учун қонунларимиз Бош қомусимизга мувофиқлаштирилмоқда. Меҳнат жамоаларида ходимларнинг ҳеч қандай камситилишига йўл қўймаслик, меҳнатига яраша иш ҳақи олиши ҳам кафолатланмоқда. Бундан ташқари, Меҳнат кодексида ҳам ходимларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинган. Хусусан, 21- моддада ходимнинг ҳуқуқлари белгиланган бўлиб, модданинг 7-қисмида “хавфсиз ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитларига эга бўлиш, шунингдек иш жойидаги меҳнат шароитлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари тўғрисида тўлиқ ва ишончли ахборот олиш мумкинлиги” нормасининг киритилиши, ходимларнинг қулай ва хавфсиз ишлашига замин яратади.

Бир сўз билан айтганда, “Инсон – жамият – давлат” деган янги тизим асосида Ўзбекистон олдинга қараб интилмоқда. Янги таҳрирдаги Конституцияда Ўзбекистон “ижтимоий давлат” деган тамойил ҳам қатъий қилиб белгиланиб қўйилгани аҳолининг барча қатламлари манфаатлари тенг ҳуқуқлилик асосида ҳимоя қилинишини англатади.

 

Мавжуда Ҳасанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш