Солиқ сиёсатида ижтимоий йўналтирилганлик кучаймоқда
Солиқ сиёсатида ижтимоий йўналтирилганлик кучаймоқда

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Фракция аъзолари Ўзбекистон Республикасининг “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2024 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар.

Қонун лойиҳаси Солиқ кодексининг 44 та моддасига ўзгартириш ва қўшимчаларни киритишни назарда тутувчи 8 та моддадан иборат. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ва “Чиқиндилар тўғрисида”ги Қонунларига ҳамда Иқтисодий процессуал кодекси ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, 2024 йил 1 апрелдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи “занжири”ни таъминлаш ҳамда солиқ маъмурчилигида юзага келган айрим муаммоларни бартараф қилиш мақсадида дори воситалари, ветеринария дори воситалари, тиббий ва ветеринария хизматлари учун назарда тутилган солиқ имтиёзлари бекор қилинмоқда.

2024 йил 1 апрелдан бошлаб аҳоли учун ичимлик сув таъминоти, канализация, санитария тозалаш, иссиқлик таъминоти бўйича кўрсатиладиган хизматлар бўйича қўшилган қиймат солиғининг ноль даражали ставкасини бекор қилиш кўзда тутилмоқда.

Қонун лойиҳаси билан акциз солиғи ставкалари индексация қилинаётган бўлиб, 2024 йил 1 январдан фильтрланган ва фильтрсиз сигареталар ҳамда бошқа тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун 12 фоиз, 2024 йил 1 июлдан республикада ишлаб чиқарилган алкоголли маҳсулотлар учун 5 фоизга оширилмоқда.

Таркибида шакар ёки бошқа ширинлантирувчи ва (ёки) хушбўйлаштирувчи моддалар қўшимчалари бўлган минерал ва газланган ичимликларга 1 литр учун 500 сўм, шунингдек, энергетик ва тетиклаштирувчи ичимликларга 1 литр учун 2 000 сўм миқдорида акциз солиғи жорий этилмоқда. Ушбу солиқ тури бўйича тушумлар тўлиқ ҳолда Тиббиётни ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади. Бундай солиқ тури 50 дан ортиқ давлатларда (Франция, Венгрия, Буюк Британия, Россия, Озарбайжон) жорий қилингани қайд эти.

Жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун ер солиғининг базавий ставкалари, шунингдек, кон-кимё хом ашёси ва норуда қурилиш материаллари учун ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 12 фоизга индексация қилинмоқда.

Шунингдек, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси цемент ишлаб чиқаришга мўлжалланган оҳактошнинг 1 тоннаси учун қарийб 4 бараварга пасайтирилиб, 6 000 сўм миқдорида (амалда 22500 сўм) белгиланмоқда. Шундан келиб чиқиб, кўмирдан фойдаланувчи заводлар учун солиқ ставкасини 50 фоизга камайтириш тартиби бекор қилинмоқда.

Фракция аъзолари қонун лойиҳасини муҳокама қилар экан, хусусан, акциз солиғи ставкаларидан тушадиган маблағлар тиббиётни ривожлантириш жамғармасига йўналтирилишини маъқуллади. Шунингдек, ичимлик суви ва бошқа коммунал хизматлар учун кўрсатиладиган хизматлар бўйича қўшилган қиймат солиғининг ноль даражали ставкасини бекор қилиш ҳам мақсадга мувофиқлиги таъкидланди. Бу фуқароларнинг сувга, табиатга бўлган эҳтиёткорона муносабати, масъулияти ошишига кўмаклашади. Айрим моддалар юзасидан баҳс-мунозара, савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланди.

Йиғилишда, шунингдек, Солиқ кодексининг 378-моддасига профессионал ва олий таълим олишни янада рағбатлантиришга қаратилган ўзгартириш киритиш тўғрисидаги масаласи ҳам қизғин муҳокама қилинди. Унга кўра, ота-оналарга фарзандларининг ёшидан қати назар уларнинг таълим олиши учун йўналтирган маблағлари қисмига солиқ имтиёзларидан фойдаланиш имконияти яратилмоқда. Депутатлар қонун лойиҳасини бир овоздан маъқуллаган ҳолда, турмуш ўртоқларга нисбатан ҳам бу имкониятни яратиш масаласини ўйлаб кўриш бўйича қўшимча таклиф берилди.

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш