ЎзА: “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га кирганларнинг 5-6 фоизи ўзига тўқ оилалар эканлиги аниқланмоқда
ЎзА: “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га кирганларнинг 5-6 фоизи ўзига тўқ оилалар эканлиги аниқланмоқда

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши медиа-марказида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” эҳтиёжманд аҳолига имкониятлар ва янгиликлар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия маъсуллари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари аъзолари, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, бу борада давлат хизматларини такомиллаштириш юзасидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётгани, Ўзбекистон аҳолисини 2030 йилгача ижтимоий-ҳимоя қилиш стратегияси ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилаётгани хусусида тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, аҳолининг кам таъминланган қатламларини ҳисобга олиш ва манзилли қўллаб-қувватлашнинг янги миллий модели жорий этилди. Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, хусусан, давлат томонидан ижтимоий ёрдам кўрсатишни рақамлаштириш имконини берувчи “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими йўлга қўйилди. Маҳалла даражасида аҳолининг алоҳида қатламлари – аёллар, ёшлар, кексалар, ногиронлар бўйича табақалаштирилган ҳолда энг муҳтож оилаларни холисона баҳолаш ва рўйхатини шакллантириш амалга оширилмоқда.

Йиғилишда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ишлашини тўғри ташкил этиш ижтимоий ҳимоя учун ажратилаётган маблағларнинг манзилли ва мақсадли ишлатилиши устидан депутатлик назоратини ўрнатиш мақсадида маҳаллий Кенгаш депутатларининг ўрганишлар якунлари Навоий вилояти мисолида таҳлил қилинди. Ўрганишларда аниқланишича, хонадонлар тоифаларга ажратилиб, ягона маълумотлар базаси шакллантирилган. Моддий ёрдамга муҳтож, эҳтиёжманд, ногирон фарзандлари бор оилаларга ижтимоий ёрдамлар кўрсатилиб, белгиланган нафақалар тўлаб келинмоқда. Ишсиз ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш учун мономарказларда ўқитилмоқда.

Соҳадаги ижобий ишлар билан бирга, ижтимоий нафақалар автоматик тарзда тайинланиши туфайли баъзи камчиликлар ҳам кўзга ташланаётгани аниқланган. Жумладан, айрим ҳолларда кўчмас мулк ва автомашиналари яқин қариндошлари номида бўлган, ёки ишончнома асосида бошқариб юрган ўзига тўқ оила вакиллари томонидан ҳам тизим орқали болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинланганлик ҳолатлари мавжуд. Бу эса ўз навбатида, бошқа ҳақиқий муҳтож фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётгани маълум бўлди.

Бундан ташқари, ижтимоий аҳамиятга эга касалликлар бўйича бепул даволаниш учун бериладиган ордерлар ҳар доим ҳам реестрда рўйхатга олинган эҳтиёжманд фуқароларга етиб бормаяпти. Реестрга олинган аҳолининг ёрдамга муҳтож қисмига уй-жой ажратиш, шунингдек, ёлғиз кексаларни парваришлаш, доимий яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш борасида ҳам камчиликлар бор.

– Партиямиз томонидан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” тизими бўйича барча ҳудудда ўрганиш ишларини олиб бориш режалаштирилган, – дейди партия Тошкент шаҳар кенгаши раиси ўринбосари Сирожиддин Шоназаров. – Шу вақтга қадар Навоий ва Жиззах вилоятларида ишчи гуруҳлар томонидан ўрганишлар олиб борилди. Республика бўйича 2 миллион 100 мингдан ортиқ аҳоли “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”дан рўйхатдан ўтган бўлса, уларнинг 5-6 фоизи ўзига тўқ оилалар эканлиги аниқланмоқда. Демак, ушбу реестрни янада такомиллаштириш лозим. Ўрганишларимиз натижасида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”да ҳисобга олинган 2 миллион 100 минг оила қайта инвентаризациядан ўтказилади ва реал ҳолат аниқланади.

Муҳокамалар давомида аниқланган масалалар ечими юзасидан таклифлар ўртага ташланди. Айрим ҳолларда оилаларда рўй бериши мумкин бўлган ўта оғир ижтимоий вазиятларда (оғир касаллик ёки бошқа ҳолатлар) тизимга истисно тариқасида депутат хулосаси ёки маҳаллий кенгашлар қарори асосида аризани ҳисобга олиш масаласи ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

 

Муҳтарама Комилова,

ЎзА

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш