Янги йил Яхши йил бўлсин!
Янги йил Яхши йил бўлсин!

 

Ҳар бир йил инсон ҳаётида қандайдир из қолдиради. Бирор яхши воқеа, яхши хотира билан уларни эслаб қоламиз. 2023 йил халқимиз учун ниҳоятда омадли, баракотли, хайрли воқеа-ҳодисаларга бой бўлди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида одамлар кутган, орзу қилган жуда катта янгиликлар, яхшиликлар бўлди, хайрли ташаббуслар кўпайди.

Кимдир янги уйга кўчиб ўтди, яна бир оила ўз мустақил ишини бошлаб доимий даромадга эга бўлди, кимдир янги ҳаёт бошлади, яна кимдир саломатлигини тиклади.

Албатта, янги йил қувонч, оилавий байрам ва ўз навбатида, янги умидлар вақти. Кимдир тўй қилиш ҳақида ўйласа, кимдир янги иншоот қуриш ёки бошлаган иморатини битказиш, ўз ишини йўлга қўйиш каби эзгу режалар қилади. Шу тариқа янги йилга янги орзулар, катта умидлар билан кириб борилади.

Газетамизнинг бу галги қаҳрамонлари ҳам ўтаётган йилнинг эсда қоларли дамлари ва янги йилдаги режалари билан бўлишишди.

 

Янги йилдан умидимиз катта

Мамлакат Нурматова,

12-мактабгача таълим ташкилоти директори, халқ депутатлари Бўстон туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

- Янги йилдан ҳаммамиз аввало кўп яхши нарсалар кутамиз, ўтаётган йилдаги ишларимизни сарҳисоб қилиб, мақсадлар қўямиз. Албатта, депутат сифатида жойларда аҳолининг ҳаёт даражасини ошириш, ҳудудлар тараққиётига хизмат қиладиган ташаббуслар кўпайиб бораётганидан қувонаман.

“Деҳқонобод” маҳалласида қарийб 2 мингга яқин аҳоли яшайди.

Ўтиб бораётган 2023 йилда маҳалламизда кўп яхши ишлар бўлди. Эски симёғочлар янгисига алмаштирилди, ҳудудимиз интернет тармоғига уланди, хизмат кўрсатиш ва сервис янада яхшиланди. Йиллар давомида ёндош қишлоқ ва маҳаллалардан челаклаб сув ташиган одамларимиз учун яна бир катта янгилик бўлди. Яъни, маҳалламизга сув келди, одамлар хурсанд.

2024 йилда ҳам янада яхши ўзгаришлар бўлишини истаймиз. Депутат сифатида сайловчиларим билан учрашганда кўпинча бандлик масаласида мурожаатлар бўлади. Шунинг учун камбағалликни қисқартириш, янги иш ўринлари яратиш масаласига чуқурроқ эътибор беришимиз керак, деб ўйлайман. Имкониятлар кўп, фақат улардан оқилона фойдалансак бўлди. Янги йилда маҳалламизда янги цех очиш учун ҳаракат қиляпмиз. Ҳозир бир нечта қизлар тикувчилик, тўқувчилик бўйича курсларда ўқияпти. Уларни шу цехга ишга жойлаштириш ниятидамиз.

Шунингдек, яқинда маҳалламиздаги ногиронлиги бўлган йигит-қизлар бизга ишга жойлашишда ёрдам сўраб келишди. Улар билан суҳбатлашдик, косибчилик, тўқимачилик билан шуғуллана олишларини айтишди. Ҳозир ҳунармандчилик марказлари ташкил қилиб, қўлидан иш келадиган шундай ёшларимизни ишга жойлаштириш бўйича режа қиляпмиз.

Ҳудудимиз “Обод маҳалла” дастурига киритилди. Инфратузилма янада яхшиланиб, маҳалламиз янада обод бўлади, бундан жуда хурсандмиз. Янги йилда “Заврақ” ва “Сойбўйи” кўчаларини асфальт қилиш масаласи ҳозир жуда муҳим. Кутубхона ва спорт заллари ҳам ташкил қилинса, яхши бўларди. Маҳалламиз ободлиги учун ташаббуслар кўп бўлишини хоҳлардим.

Юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин!

 

“Ўз устахонам, ишхонам бўлади...”

Азизахон Салимова,

ҳунарманд:

– Расм чизишга, ҳунармандчиликка жуда қизиқаман. Ранг-тасвир, кулолчилик, наққошлик жону дилим. Шу йўналишда ижод қиламан, чиройли санъат асарлари яратишга интиламан. Қадим ва навқирон Бухоронинг ўтмиши, бугунидан сўзлайдиган чизгиларим, ижод маҳсулим ҳам жуда кўп. Уларни кўриб завқланаман, ишимга иштиёқим янада ошади.

Онам билан турли буюмлар, либослар, жойнамозлар ва сўзаналарга нақшлар тикамиз. Буюртма асосида ишлаш баробарида ижод билан ҳам шуғулланаман. Ҳозир ҳунаримдан яхши даромад топяпман. Чизаман, ясайман, янги ғоялар яратаман. Ҳамиша янгилик яратишга интиламан. Одамлар ноодатий нарсаларга қизиқишади, бугунги замонда харидорларни ҳайратга солиш мушкул. Шунинг учун тинмай изланаман.

Маҳсулотимни асосан сайёҳлар сотиб олади. Шунингдек, савдогарлар буюртма қилишади. Ҳозир уйда ишлайман. Янги йилда режаларим жуда кўп. Келаси йилдан ўз устахонам, ишхонам бўлади, ҳозир шу мақсад учун ҳаракат қиляпман. Кредит олиб, устахонам фаолиятини йўлга қўйсам, 2-3 нафар тенгдошларимни ҳам ёнимга қўшишни, иш билан таъминлашни ният қилганман. Вилоят банкларидан келишиб, бу масалада маблағ ажратилишини ваъда қилишганди. Янги йилда улардан яхши хабарлар кутяпман.

Янги йилдаги яна бир режани амалга оширишим керак. Яъни, хориж тилларини ўрганмоқчиман. Устахонамни ишга туширсам, бу ерга туристлар кўп келади, улар билан мулоқот қилишим учун хориж тилларини билишим керак.

Барча тенгдошларимни эшик қоқаётган янги йил байрами билан табриклайман. Яхшидан-яхши орзулар қилайлик ва улар амалга ошаверсин!

 

Оила психологи кўпайсин, дейман...

Нилуфар Сангирова,

Жиззах давлат педагогика университети ўқитувчиси, ХДП аъзоси:

- 2023 йил ҳаётимда яхши янгиликларга бой бўлди. Ўзбекистон Миллий университетини тамомладим, магистр даражасига эришдим. Ўзим яхши кўрган касбимда иш бошладим. Албатта, янги йилда ҳам янгидан-янги ютуқлар, орзу-мақсадларим рўёбини кутяпман.

Аҳолининг нафақат ҳуқуқий, тиббий саводхонлигини ошириш, балки ишда ва оилаларда уларнинг ўзаро муносабатларини бир маромда кечиши учун ҳам психологлар ёрдами зарур. Шунинг учун ҳозирги пайтда психолог хизматига талаб, эҳтиёж мамлакатнинг барча ҳудудларида ортиб бормоқда, шунга яраша амалиётчи-психолог фаолияти тобора кенгаймоқда. Ахборот технологиялари асрида яшаяпмиз. Хоҳлаймизки, йўқми, интернет, виртуал олам кўпчиликнинг ички дунёсига, руҳий оламига таъсир қилади, айниқса, ёшларнинг.

Аввало, мамлакатимиздаги барча фуқаролар, оилаларда тўғридан-тўғри оила психологларига мурожаат қила олиш механизми йўлга қўйилишини хоҳлардим. Шунингдек, ҳар бир аҳоли яшаш пунктларида оила психологлари маслаҳат маркази очиш учун уларга ваколат берилса, мақсадга мувофиқ бўларди, деб ўйлайман. Бунинг учун албатта, психологларга марказлар очиш учун имтиёзли кредитлар берилса, ҳам иш ўрни яратилади, ҳам оилалардаги муаммоли вазиятлар бартараф этиларди. Чунки оила психологи нафақат оилавий низолар ва муаммоларни, балки инсоннинг шахс сифатида юксалиши, ўз ишини қўрқмай бошлаши учун руҳлантирувчи, кишининг ўзига ишончини оширадиган мутахассислардир.

Бундан ташқари, “Ёшлар дафтари”га киритилган вақтинча ишсиз ёшларга психологик ёрдам кўрсатиш ишларини янада кучайтириш керак. Психологлар маҳаллаларда ёшлар, хотин-қизлар билан тез-тез учрашувлар ўтказиши керак, уларни тинглаши керак. Бу масалага қанчалик жиддий ёндашсак, жамиятда хулқ-атворида салбий иллатларга мойил, ижтимоий меъёрларни қабул қилолмаслик хоҳиши, хатти-ҳаракатларини назорат қила олмайдиган болалар яхши томонга ўзгаради. Аёлларнинг ўзига ишончи ортади, қанчадан-қанча оилалар ҳаётини изга солади.

Кириб келаётган янги йилдан мақсадларимиз, орзуларимиз катта. Мамлакатимиздаги ҳар бир инсон ҳаётидан мамнун, бахтли яшашга ҳақли. Юртдошларимиз тинч-тотувликка, ҳамжиҳатликка, ёш оилаларнинг бошқаларга ўрнак бўладиган даражада тинч-тотув яшашлари, ишсизлик даражасини камайишини жудаям истайман.

Янги йилда барча орзуларимиз амалга ошсин. Оилаларни тинчлик, хотиржамлик тарк этмасин!

 

Ҳисобдорлик жавобгарликни оширади

Алишер Пардаев,

Ўзбекистон ХДП Сурхондарё вилоят кенгаши раиси:

- Ишончим комилки, кириб келаётган 2024 йилимиз 2023 йилга нисбатан кам бўлмайди, яхши янгиликлар янада кўпаяди, соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар янада хосиятли ва самарали бўлади.

Жорий 2023 йилда ҳам кўп хайрли ишларни амалга оширдик. Вилоятдаги депутатларимиз ташаббуси билан 30 дан ортиқ масала сессияларда кўриб чиқилди. 20 дан ортиқ масала доимий комиссия йиғилишларида, 30 дан ортиқ масала партия гуруҳларида муҳокама этилди. Сайловчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган 140 дан ортиқ масала юзасидан тегишли ташкилотлар мутасаддиларига депутатлик сўровлари юборилди. Бугунги кунга қадар уларнинг 82 таси ечимини топди. Шунингдек, 22 марта ижро ҳокимияти вакиллари ҳисоботлари эшитилди.

2023 йилда депутатларимиз фаоллиги сезиларли даражада ошди, фаолиятимиз анча сермаҳсул бўлди, дейиш мумкин. Олдимизда ҳали муҳим вазифалар турибди. Янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямиз асосида давлат органлари фаолиятида очиқлик, шаффофлик ва ҳисобдорликни кучайтириш, давлат ҳокимияти фаолияти устидан халқ назоратини кучайтиришга қаратилган ишларимизни янада кенгайтирмоқчимиз.

Ўзгаришлар, янгиланишлар сабаб бу йил кўп нарсани тушуниб, англаб етдим. Яна бир ёшга улғайдик, тажриба орттирдик. Янги йилда депутатлик назоратини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олдик. Чунки назорат кучайган жойда масъулият бўлади, ҳисобдорлик жавобгарликни оширади. Бу – ҳаёт қонуни.

Яна бир муҳим масала. Аҳолининг қарийб 55 фоизини ёшлар ташкил этади ва ҳар йили меҳнат бозорига 600 мингдан ортиқ ёшлар кириб келмоқда. Албатта, бундай демографик ўсиш биз учун ҳам имконият, ҳам жуда катта масъулиятдир. Ёшлар билан кўпроқ ишлаш керак, деб ўйлайман. Аввало, улар иш билан таъминланишини хоҳлайман. Қишлоқларда кутубхоналар ташкил қилиш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилишга эътиборни кучайтириш лозим.

Тўғриси, ҳозир кўпчилик ёшлар телефон, интернетда асосий вақтини ўтказади. Ахборот асрида яшаяпмиз, буни чеклаб бўлмайди. Лекин ота-оналар билан келишган ҳолда, ҳамкорликда фарзандларимизни кутубхонага жалб қилиш чоралари кўрилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Шунингдек, ҳудудларда, чекка қишлоқларда ҳам “Smart kutubxona”ларни кўришни истардим. Болаларимиз бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларни китобга қизиқтириш бўйича қизиқарли акцияларни кўпайтирсак, бу бугунимиз учун ҳам, келажагимиз учун ҳам яхши бўлади, менимча.

 

Ишсизлик камайишини хоҳлайман

Шуҳрат Юсупов,

халқ депутатлари Яккабоғ туман Кенгаши депутати:

- 2023 йилда ўз сайлов округимда амалий ишларни амалга оширдик. Жумладан, “Мевазор” МФЙ ҳудудидаги “Маҳматмўмин ота” қабристонини ободонлаштириш бўйича ташаббусим билан очиқ бюджет платформаси орқали 750 млн. сўм ютиб олинди.

Шунингдек, ушбу маҳалладаги тупроқли йўлларни қумшағал билан текислаштирдик. Жорий йилнинг август ойида “Каттабоғ” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисини қийнаб келаётган тоза ичимлик суви муаммолари ҳал этилди.

Ўтиб бораётган йилда сайлов округимда 400 нафардан ортиқ сайловчилар билан учрашувлар ўтказдим. Муаммоларни очиқ-ойдин таҳлил қилдик, аҳолининг таклиф ва мулоҳазаларини ўргандик.

40 дан ортиқ ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларга соғлигини тиклаш ҳамда жарроҳлик амалиёти учун, моддий таъминот учун туман “Саховат ва кўмак” жамғармаси орқали бир марталик моддий ёрдам берилишига кўмаклашдик. Шунингдек, 13 нафар ногиронлиги бўлган фуқароларга аравача ва бошқа турдаги реабилитатция воситалари олиб берилди.

2023 йил мен учун жудаям омадли, баракали йил бўлди. Вилоят миқёсида ўтказилган “Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг энг фаол депутати” кўрик-танловида қатнашиб “Энг шижоатли ёш депутат” номинацияси соҳиби бўлдим. Сентябрь ойида “МДҲ етакчилари” халқаро илмий-амалий танловида ғолиб бўлиб, эсдалик кўкрак нишони билан тақдирландим.

2024 йилда ҳам катта мақсадларни олдимга қўйдим. Иш ўринлари кўпайишини, одамларимизнинг даромади ошишини хоҳлайман. Шундан келиб чиқиб, сайлов округимдаги 100 дан ортиқ ишсиз хотин-қизларни бозор талабидан келиб чиқиб, касб-ҳунарга ўқитишни режалаштирдим. Янги йилда ишлашга иштиёқи бор, қайсидир касб-ҳунарга қобилиятли йигит-қизларни фаол қўллаб-қувватлашни режа қилдим. Маҳаллаларда косибчилик, сартарошлик, тикувчилик ёки бошқа хизмат кўрсатиш соҳаси ривожланса, бу орқали нафақат иш ўрни яратилади, балки ўша ҳудудда инфратузилма ривожланади.

Албатта, шахсий ҳаётимда ҳам янги режаларим бор. Ушбу йилда ёшларга берилаётган кенг имкониятлардан фойдаланиб, янги, шинамгина уй-жойли бўлдик. Ҳозирда шу янги уйда турмуш ўртоғим ва 4 нафар фарзандим билан чиройли, бахтли оила бўлиб яшаб келяпмиз. 2024 йил автомашинали бўлишни ният қиляпмиз.

Республикамизнинг барча фуқароларига 2024 йил 2023 йилдан-да омадли келишини тилайман.

 

Янги йил сайлов йили!

Шоҳруҳ Ўктамов,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бош маслаҳатчиси, Ёшлар парламенти аъзоси:

- Ўзбекистонда сиёсий партиялар учун кириб келаётган йил синовли бўлади. Ўз электорати манфаатларига дахлдор масалаларга кўпроқ урғу қаратишга бел боғлаш имкониятини яратади. Келаси йил мамлакатимизда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари вилоятлар, туман (шаҳар) Кенгашлари депутатлигига сайловлар бўлиб ўтади.

Агар дунё тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, туб бурилиш даврида кўпгина давлатларда конститутциявий ислоҳотлар амалга оширилганини кўрамиз. 2023 йил юртимизда муҳим сиёсий жараёнлар бўлиб ўтганининг гувоҳи бўлдик.

Келгуси сайловлар янги тартибда, Қонунчилик палатаси депутатлари сайлови аралаш сайлов тизими асосида ўтказилиши сиёсий партиялардан рақобатбардош муҳитда сайловолди дастурлари ҳажмига эмас, кўпроқ амалига қараб иш кўришни талаб этади. Бу сафар анъанавий сайлов бўлмайди. Бизга анъана эмас, келажак лозим. Бу фикрни ҳар бир номзод чуқур ҳис этиши муҳим. Аслида парламент ёки Кенгашлар эмас, балки инсонлар ҳаракат қилади. Қонун ҳеч нарсани бажармайди ва ҳеч нарса учун жавобгар эмас. Уни ишлаб чиққан ва маъқуллаганларгина жавобгар бўлади.

Сайловларда реал ҳаёт инобатга олинмаса, сиёсат бўлмайди. Рақобат кучсизлиги жамиятни ҳам кучсизлантиради. Сайловлар ҳақиқий ҳаётдан узилса, виртуаллашув кучайиб боради. Бу жамиятда сиёсий партиялардан кўра, онлайн жамиятлар кўпайишига замин яратади. Бунинг олдини олиш учун сиёсатчиларнинг айтган фактларини сайловчи текшириш имкониятига эга бўлиши лозим.

Шунинг учун 2024 йил ҳар доимгидан-да фаол бўлишимиз зарур. Дастур ва лойиҳаларимизни ҳаёт талабларига қараб кучайтиришимиз лозим. Бунга ҳар томонлама тайёргарлик кўрилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ёшлар фундаментал ўзгаришларни кўришни исташади.

Ислоҳотлар самарасини таъминлашда фаол иштирокчи бўлаётган барча юртдошларимизни янги йил билан қутлайман. Хайрли ва эзгу ташаббусларимиз кўпаяверсин!

 

2024 йил янада хосиятли ва самарали бўлсин!

Мавлуда Чориева,

Жондор туманидаги 32-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси, тикувчи:

- Бу йилда эришган натижаларимни йил бошида хаёлимга ҳам келтирмагандим. Натижалар жуда яхши, мен бир нарсага яна амин бўлдимки, ҳаракатлар эртами-кечми, албатта, натижасини беради. Ўқувчиларимиз фан олимпиадаларида муваффақиятли иштирок этишди, республикамизнинг нуфузли олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди. Устозга шогирдининг ютуқ ва зафарларини кўришдан ортиқ бахт бўлмаса керак.

Шахсий ҳаётимизда ҳам яхши янгиликлар бўлди. Ишимдан ташқари чеварчилик билан ҳам шуғулланаман. Маҳалламиз марказида ўз устахонамиз бор, бу ерда шогирд қизлар билан буюртма асосида кийим-кечаклар тикамиз. Иш ҳажми ошиб, буюртмалар анча кўпайди.

2 нафар фарзандим бор, ҳозир уларнинг яхши ўқиши учун бор куч ва имкониятларни сафарбар қиляпман. Фарзандларим ўқимишли бўлишини хоҳлайман. Шароит ва имкониятлар етарли, ҳамма гап эътибор ва қўллаб-қувватлашда.

Албатта, янги йилдан ҳам умидларимиз анча катта. Қишлоғимиздаги тикувчиликка, чеварчиликка қизиқиши бор қизларни жалб қилиб, тикув цехи очиш ниятидаман. Бунинг учун бино бор, керакли маблағни йўналтириб, тикув машиналари олсак бўлди. Яқинда депутатимиз билан шу масалада гаплашдик, ишимизнинг ҳуқуқий томонларини маслаҳат қилдик.

Кўп нарса кишининг ҳаракатига боғлиқ, аслида. Елиб, югурган одам кам бўлмайди. Имтиёз ҳам, имконият ҳам бор. Қанчадан-қанча имтиёзли кредитлар бор, булар ким учун, албатта биз учун, фаровонлигимиз учун. Фақат улардан оқилона фойдалансак, марра бизники.

Юртдошларимизни янги йил билан қутлайман. Хонадонлардан тинчлик-хотиржамлик, бахту саодат ва фаровонлик аримасин!

 

Тиббий хизмат сифати янада ошишини истайман

Қувондиқ Бисенгалиев,

Қонликўл туман тиббиёт бирлашмаси шифокори, халқ депутатлари Қонликўл туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

- Янги йилдан ҳаммамиз аввало кўп яхши нарсалар кутамиз. Аввало, тиббиёт соҳасида янада яхши ўзгаришлар бўлишини истайман.

Тўғри, бугун юртимиз тиббиётидаги ижобий ўзгариш ва янгиланишларни мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси ўз ҳаётида, турмуш тарзида ҳис этиб турибди. Аммо таҳлил қилиб кўрадиган бўлсак, бу борада қилиниши керак бўлган ишлар ҳам кўп, аслида.

Туманимиз Нукусдан 95 км. Олисда жойлашган. Бу ерда 53 минг нафардан ортиқ аҳоли яшайди, 7 та қишлоқ-овулимиз бор. Уларга сифатли тиббий ёрдам керак.

Давлатимиз раҳбари аҳолининг малакали ва сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш зарурлигини кўп айтадилар. Шундан келиб чиқиб, қатор хайрли ташаббуслар ҳам амалга ошяпти. Ана шулар қаторига бизнинг ҳудудда, 2 та овулимизда оилавий шифокорлик пунктлари ташкил этилишини хоҳлайман. Бу туманимиз аҳолиси учун жуда яхши янгилик бўларди. Боиси, тиббиёт муассасаси баъзи ҳудудларга олислик қилиб қолган. Саломатлик билан боғлиқ ҳар хил ҳолатлар бўлади. Автоулови борлари бор, йўқлари бор. Йўл олис бўлса, бир неча дақиқада ҳам муҳим бўлган вазиятлар туғилиши мумкин. Шундай пайтларда ўз ҳудудидаги тиббий муассаса асқотади-да. Келгуси йилда тиббиётни аҳолига янада яқинлаштириш чоралари кўрилса, яхши бўларди. Шунда малакали тиббий ёрдамга муҳтож бўлганлар ортиқча вақт ва маблағ сарфлаб, овора бўлиб юрмайди.

Шунингдек, яшаш ҳудудида сифатли амбулатор ва стационар тиббий хизматларни олиш учун шароит кенгайтирилишини хоҳлайман. Чекка ҳудудлар ва овулларда ҳам тиббиёт соҳасини рақамлаштириш вақти келди, деб ўйлайман. Тиббиёт бирлашмамизга замонавий тиббий ускуналар, яхши мутахассислар керак.

Тўғри, кейинги йилларда барча ҳудудларда бўлгани каби бизда ҳам тиббий хизмат яхши томонга ўзгарди, эскирган тиббий аппаратуралар янгиларига ўзгартирилди. Бизга асосан тор мутахассислар етишмайди. Келгусида сафимизга етук кадрлар қўшилишини кутиб қоламиз. Зеро, одамлар биздан, тиббий хизмат сифатидан ҳамиша рози бўлсин.

Барчага сиҳат-саломатлик тилайман, ҳеч ким касал бўлмасин!

 

2024 йилда хотин-қизлар орасида замонавий соҳа вакилларини кашф этамиз!

Роҳила Абдуқодирова,

Тошкент вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, халқ депутатлари Ангрен шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

– 2023 йилда янгиликлар янгиликларга, яхшиликлар яхшиликларга уланди. Хусусан, хотин-қизлар манфаатини ҳимоя қилиш, аёлларнинг оила ва жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Муаммоларга ечим топиш тизими янада осонлашди, ҳаётда ўз ўрнини топишга қийналаётган опа-сингилларимизга яқиндан кўмак бериляпти. Уларнинг ўқиши, ишлаши, саломатлиги, оиласи учун шароитлар яхшиланмоқда. Уй-жойсиз, ишсиз аёлларга қанча имтиёзлар, имкониятлар берилди. Гендер тенглик масалаларида ҳам қатор эътиборга молик ишлар қилинди, натижада аёлларнинг жамиятдаги мавқеи ҳам ошиб бормоқда, сиёсий-ҳуқуқий фаоллиги тобора юксалиб боряпти.

Куни кеча давлатимиз раҳбарининг “Оила ва хотин-қизлар кўмитасининг фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилингани ҳам бу борадаги саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамиятга эга бўлиши аниқ. Ушбу фармон мамлакатимиздаги барча хотин-қизлар қаторида мени ҳам жуда қувонтирди.

Фармонда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, гендер тенглик, давлат ва жамият бошқарувида хотин-қизларнинг нуфузини ошириш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш масаласига алоҳида эътибор берилгани мамлакатимиздаги ҳар бир аёлнинг кўнглидаги гап бўлди, десам тўғри бўлади.

Шундай имкониятлардан фойдаланиб, биз ҳам кириб келаётган 2024 йил учун бир қатор янги вазифаларни олдимизга қўйдик.

Хусусан, таълим ва фан соҳасида ютуққа эришган аёлларимизнинг тажрибаларидан фойдаланиб, қизларимизнинг яхши таълим олиши учун кенг кўламли тарғибот ишларини кучайтирмоқчимиз. Келгуси йилда асосий мақсадимиз хотин-қизлар орасида олималар, ихтирочилар, инженер-технологлар, лидер-тадбиркорлар, замонавий соҳа вакилларини кашф этишдир.

Янги йилда қалбимизда ин қурган эзгу ниятларимизнинг ҳаммаси амалга ошсин!

 

* * *

Мақсадлар, ниятлар катта. Ҳамма орзусига эришсин, кутгани амалга ошсин. Энг асосийси, янги йил яхши йил бўлсин!

 

“Ўзбекистон овози” мухбири

Лазиза Шерова тайёрлади.

«Ўзбекистон овози», 27.12.2023, №51-52

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш