Ёшлар масаласига бўлган эътибор кучайиб, мутлақо янги босқичга кўтарилади
Ёшлар масаласига бўлган эътибор кучайиб, мутлақо янги босқичга кўтарилади

 

Поёнига етган 2023 йил юртимиз солномасида сиёсий воқеаларга бой тафсилотлари билан уйғун ҳолда тарих зарварақларида муҳрланиб қолди. Ўтган йил эл-юртимиз учун қут-баракали ва омадли келди. Мамлакатимиз таниб бўлмас даражада чирой очди.

Республикамизнинг барча гўшалари улкан қурилиш-бунёдкорлик майдонига айланди. Юқори технологик замонавий саноат корхоналари, логистика ва инфратузилма тармоқлари, боғча ва мактаблар, маданият ва спорт объектлари барпо этилди. Янги-янги иш ўринлари яратилиб, аҳолининг яшаш шароитлари ўзгарди.

Айниқса, юртимизда ёшларга оид давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш, бандлиги ва тадбиркорлигига кўмаклашиш, сифатли таълим олиши учун зарур шароитлар яратиш бўйича салмоқли ишлар бажарилди. Бизнесни бошлаш истагида юрган минг-минглаб ёшларга амалий ёрдам, кенг имкониятлар яратиб берилди.

Ёшлар билан ишлаш бўйича эса мутлақо янги – вертикал бошқарув тизими яратилди. Юртимиздаги барча маҳаллаларда ёшлар етакчиси лавозими жорий этилди. Бу тизим орқали маҳаллада ёшларга 100 дан ортиқ имкониятлар яратилди.

Жорий йилга “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб ном берилиши замирида чуқур маъно мужассам. Зеро, ёшлар — давлат ва жамиятнинг ҳал қилувчи кучидир. Бугунги кунда кенг ривожланмаган бизнессиз эса замонавий иқтисодиётни тасаввур этиб бўлмайди.

Бу ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, ташаббусларини рўёбга чиқаришга устувор аҳамият қаратилади, йигит-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топиши учун кўмак берадиган яхлит ва узлуксиз тизим яратилади, дегани.

Инчинун, ҳар қандай жамият тараққиётида унинг келажагини таъминлайдиган ёш авлоднинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши ҳал қилувчи ўрин тутади. Шу боис, ҳар томонлама етук, замонавий билим ва ҳунарларни пухта эгаллаган, азму шижоатли, ташаббускор ёшларга таянади.

Янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳам ёш авлоднинг ҳуқуқ ва манфаатлари аниқ моддалар билан муҳрлаб қўйилгани, ҳеч шубҳасиз, бу борадаги ҳуқуқий базани янада кенгайтириш, амалий ишларимизни янги босқичга кўтариш имконини бермоқда. Жумладан, алоҳида бир бобнинг (XIV боб) оила, болалар ва ёшлар масаласига бағишлангани юртимизда ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қанчалик эътибор қаратилаётганини кўрсатади.

Бош қомусимизда давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаши, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантириши ҳам белгилаб қўйилган. Уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиши мустаҳкамланган.

Албатта, буларнинг барчасини қисқа муддатда ҳал қилиш мушкул. Шу сабабли давлат бу каби масалаларни ўз зиммасига олмоқда. Буларнинг барчаси Янги Ўзбекистонда инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун, ёшлар учун зарур шароитлар яратиш, уларни бизнесини йўлга қўйишларига кўмаклашиш ҳамма вақт эътибор марказида бўлишига ишорадир.

Асосий қонунимизда бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам алоҳида моддалар мавжуд. Бу юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар бардавомлигини, узоқни кўзлаб олиб борилаётган хайрли ишлар ўзининг юксак натижаларини беришини англатади.

“Ўзбекистон — 2030” стратегиясида ҳам ёшларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва ишсизлик даражасини камайтириш устувор вазифа сифатида белгилангани эътиборга молик. Хусусан, 400 минг нафар ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва муаммоларини ҳал этишга эришиш, ёшларнинг ишсизлик даражасини 14 фоиздан 11 фоизга камайтириш мақсад қилинган.

Сирасини айтганда, бугун юртимизда ёшлар сони 19 миллиондан ошиқ бўлиб, аҳолимизнинг катта қисмини ташкил этмоқда. Мамлакатда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шарт-шароитлар ва имкониятларни яратиб бериш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган ҳамда бу тизим замон талабларига ҳамоҳанг равишда такомиллаштириб борилмоқда.

Ишончим комилки, янги йилда ҳам иқтисодиётимизга хорижий инвестицияларни жалб этиш, тадбиркорлик ва хусусий мулк учун кенг имкониятлар яратиш, илм-фан, инновация, IT каби соҳаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Айниқса, ёшлар масаласига бўлган эътибор янада кучайиб, ижтимоий соҳалар ривожи мутлақо янги босқичга кўтарилади.

 

Шерзод РАҲМОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш