Қонунга зид тарзда уй-жойдан маҳрум этишга йўл қўйилмайди
Қонунга зид тарзда уй-жойдан маҳрум этишга йўл қўйилмайди

 

Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Фракция аъзолари Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар.

Мамлакатимизда хусусий мулк ва унга бўлган ҳуқуқлар дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш ҳамда давлат органларининг мулкий муносабатларга ноқонуний аралашувини чеклашга доир тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланиши ҳақида қатъий норма белгиланди.

Таклиф этилаётган Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодекси ҳамда “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида” Қонунга ўзгартиришлар киритилмоқда. Фракция аъзолари Қонун лойиҳасини муҳокама қилар эканлар унинг қабул қилиниши биринчи навбатда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини сўзсиз амалга оширишга, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг таъминланишига хизмат қилишини таъкидлашди.

Назарда тутилаётган ўзгартиришга мувофиқ, мулкдорларни суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойдан маҳрум этишга йўл қўйилмайди. Турли сабабларга кўра, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши кафолатланиши белгиланмоқда. Депутатлар айрим масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашгач, Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда маъқулланди.

Йиғилишда шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига болалар соғломлаштириш оромгоҳларининг фаолиятини янада қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартириш киритиш тўғрисида қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди. Маълумки, юртимизда болаларнинг мазмунли дам олишини ташкил этиш, уларни соғломлаштиришга жиддий эътибор қаратилади.

Мазкур Қонунда касаба уюшмалари тизимидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳлари негизида ташкил этилган дам олиш масканларини (дам олиш уйлари ва дам олиш зоналарини) мажбурий сертификатлаштириш талабидан ҳамда уларнинг ушбу йўналишдаги хизматларни кўрсатишдан олган фойдасини маълум муддатга фойда солиғидан озод этиш назарда тутилмоқда.

Депутатлар лойиҳа болалар соғломлаштириш оромгоҳларидаги шароитларни янада яхшилаш, келажагимиз бўлмиш фарзандларимизнинг таътилни мазмунли ўтказиши, уларни соғломлаштириш ва ақлий ривожлантириш бўйича вазифалар самарадорлигини оширишга хизмат қилишини эътироф этишди.

Савол-жавоблардан сўнг Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан маъқулланди.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш