ХДП яна бир муаммони кўтарди: Банк аҳоли учунми ёки аҳоли банк учун?
ХДП яна бир муаммони кўтарди: Банк аҳоли учунми ёки аҳоли банк учун?

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳамда унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан ўтказилган йиғилишда “Банклар ва уларнинг хизматидан фойдаланувчи фуқаролар ўртасида вужудга келаётган муаммолар ва уларнинг ечими тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди.

Бугунги кунда банк хизматлари турлари кўпайиб, улардан фойдаланиш, айниқса, кредит олиш тизими соддалашиб боряпти. Маиший техникадан тортиб кийим-кечак, озиқ-овқатларни ҳам “ҳозир олиб, кейин тўлаш” имконияти мавжуд. Замонавий тезкор банк хизматларининг кўпайиши юртдошларимизга қулайлик яратяпти албатта. Аммо олинган пул маблағлари ўз вақтида тўлаб борилмас экан банк ёки нобанк ташкилотлари билан мижоз ўртасида муаммолар келиб чиқиши ҳеч гап эмас.

Йиғилишда Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов соҳада амалга оширилаётган салмоқли ишларни эътироф этган ҳолда сўнгги пайтларда кредит ёки микрокредит олган фуқароларнинг банк карталаридан, шунингдек уларнинг кафиллари карталаридан рухсатсиз пул маблағларини ечиш ҳолатлари кўпайганига урғу берди. Бу эса амалдаги қонунчилик талаблари бузилишига сабаб бўлаётганини таъкидлади. Масалан, Фуқаролик кодексининг 783-моддасига биноан, мижознинг кўрсатмасисиз пул маблағларини ечиш фақат суд қарори билан ёки фуқаролик кодексида, бошқа қонунларда белгиланган ёки банк ва мижоз ўртасидаги шартномада назарда тутилган бошқа ҳолларда йўл қўйилади. Бошқа вақтда эса карта эгасининг рухсатисиз пул ечиб олиниши ноқонуний ҳаракат саналади.

Мазкур масала ЎзХДПнинг ҳудудий ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари томонидан деярли барча ҳудудларда ўрганиб чиқилган бўлиб, қатор муаммолар мавжудлиги аниқланган. Хусусан, қарз олувчи билан суғурта ташкилоти ўртасида қарз олувчининг банк карталаридан маблағларни акцептсиз тарзда ечиб олиш юзасидан шартнома тузилмаган ва бундай ҳуқуқнинг нобанк ташкилотларига берилиши қонунчиликда кўзда тутилмаган.

Тижорат банклари томонидан фуқароларнинг банк карталаридаги пул маблағларини ушбу банк карталари эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминламаган ҳолда ҳисобдан чиқарилишига (шунингдек, бундай имкониятни суғурта ташкилотлари учун яратилишига) йўл қўйилганлиги фактлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари бузилишига олиб келмоқда. Яна бир жиддий масала фуқаролар номидаги бир нечта картадан кредит қарздорлиги учун пул ечиб олинаётгани билан боғлиқдир.

Бундан ташқари, сўнгги вақтларда рақамли банклар ривожланиб, мобил иловалар орқали кредит олиш имкониятлари кенгаймоқда. Расмийлаштириш жараёнларида одатда қарз олувчи фуқародан ташқари яна бир неча яқинининг мобил рақами ҳам сўралади. Мижоз уларни киритгач, ўша инсонлар ўзи хабардор бўлмаган ҳолда бевосита кафилга айланмоқда. Қарз олган шахс кредитни ўз вақтида қайтармаса, унинг танишига банк томонидан мурожаатлар қилина бошлайди. Ўша одам ўзи хабардор бўлмаган масала учун қайта-қайта безовта қилинади.

ХДП фракцияси аъзолари мазкур ҳолатлар нафақат партия электорати манфаатларига зидлигини, балки барча фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилишига олиб келаётганини таъкидлашди.

Мажлисда банклар ва уларнинг хизматидан фойдаланувчи фуқаролар ўртасида вужудга келаётган муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидан келган мутахассисларнинг ҳамда партия Марказий Кенгаши ва ҳудудий кенгашларидаги фаолларнинг таклифлари тингланди.

Қонунчиликдаги бўшлиқларни тўлдириш, кўтарилган масалаларни ҳал қилиш учун ҳамкор ташкилотлар билан чуқур ўрганишлар олиб бориш, зарурат бўлса, депутатларимиз томонидан қонун ташаббускорлигини амалга ошириб, амалдаги қонунларга тегишли ўзгартиришлар киритиш масаласини ҳам кўриб чиқишга келишиб олинди.

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш