Масала, муҳокама, ечим: қуйи палата иш тартиби
Масала, муҳокама, ечим: қуйи палата иш тартиби

 

23 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Мажлисда кўрилган биринчи масала “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси бўлди.

Лойиҳа билан “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунда вазирлик ва унинг органлари номи, вазифа ва функцияларига тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда. Шу билан бирга, Олий Мажлис палаталари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатлари қайта кўриб чиқилмоқда.

Ушбу қонун лойиҳаси шу йилнинг 17 январь куни бўлиб ўтган Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан берилган таклиф, фикр-мулоҳазалар асосида такомиллаштириш учун масъул қўмитага қайтарилган эди.

Ўтган даврда берилган таклифлар ишчи гуруҳ аъзолари иштирокида чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг аксарияти лойиҳани такомилига етказишда эътиборга олиниб, қонун лойиҳаси маромига етказилган.

Депутатларнинг айтишича, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши, қонун ҳужжатлари ўртасидаги тафовутларни бартараф этиш, давлат органларининг табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги масъулиятини янада оширишга хизмат қилади.

Кун тартибида “Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг фаолияти янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокамадан ўтди.

Қонун лойиҳаси билан “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунга давлат ёрдамини беришни назарда тутувчи лойиҳалар Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси билан мажбурий тартибда келишиб олинишини назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.

Бундан ташқари, иқтисодий таъсири паст ҳолатлар бўйича биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган тадбиркорлик субъектларига жавобгарлик чораларини қўлламаган ҳолда, профилактик тушунтириш тадбирларини амалга ошириш белгиланмоқда.

Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг депутатлар лойиҳани биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватлашди.

Мажлисда депутатлар “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилишди.

Ушбу қонун лойиҳаси билан янги таҳрирдаги Конституцияда белгиланган муҳим нормалардан бири бўлган, яъни ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашда мутаносиблик ва етарлиликнинг конституциявий принципларига таянган ҳолда маъмурий жавобгарлик чораларини либераллаштириш ҳамда уларни аниқ белгилаш таклиф этилмоқда.

Шу билан бирга, ўн саккиз ёшгача бўлган, олтмиш ёшдан ошган, тўлиқ давлат таъминотида бўлган, шунингдек, фавқулодда вазиятлар, турар ёки нотурар жойларнинг ёниши, қулаши, транспорт воситаларининг ёниши каби ҳодисалар рўй берганлиги натижасида жабрланган шахсларни паспорт ёки идентификацияловчи ID-картани белгиланган муддатларда расмийлаштирмаганлик ёхуд доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмаганлик каби ҳуқуқбузарликлар учун назарда тутилган жавобгарликдан озод этиш белгиланмоқда.

Айрим депутатлар мазкур лойиҳада жарималарнинг юмшатилиши билан бирга оширилиш ҳолатлари борлигини ҳам айтиб ўтишди. Масалан, доимий ёки вақтинчалик рўйхатдан ўтмаганлик, паспорт ёки ID картани қасддан яроқсиз ҳолатга келтириш ва эҳтиётсизлик оқибатида йўқотганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима белгилаш назарда тутилмоқда. Амалдаги қонунчиликда эса мазкур ҳолатлар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим бароваридан уч бараваригача жарима белгиланган. Статистик рақамларда келтирилишича, 2022 йилда мазкур ҳолатда жаримага тортилганларнинг 70 фоизи, 2023 йилда эса 62 фоизи ярим баробари миқдорида жарима тўлаган. Демак, ҳар қандай ўқувчи бу фикрлар ҳам маълум асосга эга, деган хулосага келиши ҳам мумкин.

Яна баъзи депутатлар ID картани йўқотганлик ёки яроқсиз ҳолга келтирганлик учун жаримага тортиш мантиқсизлик. Сабаби, фуқаро ID карта олиш учун тўловни амалга оширади. Агар фуқаро ID картани йўқотиб қўйса, ёки яроқсиз ҳолга келтирса уни тиклаш учун яна тўлов қилиб олади. Шундай экан ўзининг пулига олаётган шахсий мулки учун у нега яна жаримага тортилиши керак, деган саволни ўртага ташлашди.

Тасаввур қилинг, сиз банк картангизни йўқотиб қўйдингиз. Уни таклаш учун маълум суммани тўлайсиз, лекин, жаримага тортилмайсиз. Шундайми?

Лойиҳа атрофида муҳокамалар узоқ давом этди. Иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида айрим таклиф ва фикрлар инобатга олиниши кераклигини таъкидлашиб, биринчи ўқишда маъқуллашди.

Шу куни мажлисда Соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи А.Худаяровнинг “Мамлакатимизда дори воситалари ва тиббий буюмларнинг улгуржи ва чакана савдоси ҳолати тўғрисида”ги ЎзХДП фракцияси ва Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси ташаббуси билан юборилган парламент сўровига жавоби муҳокама қилинди.

Жавобда қайд этилганидек, республикада бугунги кунда дори воситаларини улгуржи реализация қилиш учун 538 та корхона, дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш учун эса 15 250 та лицензияга эга дорихона фаолият юритмоқда.

Шу билан бирга, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 26 октябрдаги тегишли қарорига мувофиқ, 2023 йил 1 майдан бошлаб, жисмоний шахслар томонидан харид қилинган дори воситаларининг нархи “FAIR TECH” ягона ахборот тизимида дори воситаларининг улгаржи ва чакана савдосида нархларни референт нархлар билан автоматик тарзда солиштириш ҳамда ҳуқуқбузарликни аниқлаш имконияти яратилган.

Ушбу тизим орқали бир ойда ўртача 352 мингдан ортиқ референт нархни бузиш ҳолатлари қайд этилган. Айрим аниқланган ҳолатларда ҳатто тадбиркорлар 27 баравар миқдорида устама қўллаб, дори воситаларини сотганлиги аниқланган.

 

Улуғбек ИНОЯТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари:

– Биз парламент сўровига жавобни фракциямиз йиғилишида ҳам муҳокама қилдик. Сайловчилар билан учрашувларда улар томонидан янграётган фикрлар натижасида ушбу парламент сўрови юборилди. Жавобни муҳокама қилиш жараёнида шу нарсага эътибор бердикки, биз жуда катта миқдорда дори-дармон импорт қилаётган эканмиз. Бунинг натижасида дори-дармон нарх-навоси ошиб бормоқда. Қолаверса, дори-дармоннинг улгуржи савдосини ташкил қилишдаги қонун бузилишлари ва кўплаб коррупцион элементлар борлигига амин бўляпмиз.

Шу нуқтаи назардан биз қонунчиликдаги бундай бўшлиқни тўлдириш учун вазирлик билан биргаликда ишлашимиз лозим. ЎзХДП фракцияси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда ишлашга тайёр. Биз шундагина натижага эришишимиз мумкин.

Депутатлар ҳам мазкур соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш ва мавжуд қонунлар ижроси устидан парламент назоратини кучайтириш кераклигини таъкидладилар.

Йиғилиш кун тартибида кўрилган қонун лойиҳаларининг кўпи биринчи ўқишда муҳокама қилинди. Одатда лойиҳалар биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқулланиб, таклифлар берилади. Билдирилган таклиф ва фикр-мулохазалар асосида эса иккинчи ўқишгача лойиҳа анча маромига етказилади. Бежизга парламентни мулоқот майдони, дейишмайди. Аслида ҳаётимизни тартибга солиб турган ҳар бир қонун шу тариқа дунёга келади.

 

Аҳмад ҚУРБОНОВ

тайёрлади.

«Ўзбекистон овози», 24.01.2023, №3

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш