ЎзХДП фракцияси Омбудсманнинг мурожаатларни тизимли ҳал этиш ташаббусини қўллаб-қувватлади
ЎзХДП фракцияси Омбудсманнинг мурожаатларни тизимли ҳал этиш ташаббусини қўллаб-қувватлади

 

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман)нинг 2023 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.

Қайд этилишича, 2023 йилда Омбудсманга Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар 18622 тани ташкил этди. 2022 йилга нисбатан ўсиш кузатилган.


Фуқаролар мурожаатлари асосида уларнинг манфаатларига 1847,2 млн сўм маблағ ундирилган. Омбудсман котибияти ходимлари эса фуқароларнинг мурожаатлари ва сўровлари асосида суд мажлисларида 249 маротаба кузатувчи сифатида иштирок этишган.

Депутатлар Омбудсман томонидан давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда судларга фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан 170 та таъсир чоралари киритилгани, хусусан, судларга фуқаролар манфаатида берилган 100 га яқин ариза ва даъво аризаларининг 98 фоизи қаноатлантирилгани, такрорий мурожаатлар сони 2022 йилга нисбатан 21,0 фоизга камайганини ижобий тажриба сифатида таъкидлашди.

Бу борада Омбудсманнинг фуқароларнинг ариза ва шикоятларини кўриб чиқиши натижасида 9 та жиноят иши қўзғатилган, 1 та ҳолатда жиноят иши қайта малакаланган, 16 та ҳолатда жиноят иши кўзғатишни рад этиш ҳақида қарорлар тегишли прокурорлар томонидан бекор қилинган. 5 нафар шахс маъмурий қамоққа олинган, 4 нафар масъул эгаллаб турган лавозимидан озод этилган, 18 нафар ходим интизомий жазога ва 12 нафар масъул маъмурий жавобгарликка тортилган.

Депутатлар ҳисобот йилида фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар сони ортганининг сабаблари билан қизиқди. Қонунчиликни такомиллаштириш ёки ҳуқуқий бўшлиқлар бўлса, уларни тўлдириш билан боғлиқ таклифлар ҳақида сўради.

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг таъкидлашича, қонунчилик таклифларини ташаббус ҳуқуқи тартибида парламентга киритиш имконияти берилган. Шундан келиб чиқиб, айни пайтда 3 та қонун лойиҳаси муҳокама учун тайёрланмоқда.

Уларнинг бири пенсия таъминоти билан боғлиқ бўлиб, бу борада фуқаролардан кўплаб мурожаатлар тушаётган экан. Вакил ўтган йилда судларга киритилган даъво аризаларининг 2 таси ҳам айнан пенсия ҳисоблашда иш стажи инобатга олинмагани билан боғлиқ бўлган.

Суд орқали ҳал қилиниши керак бўлгани учун фуқарода молиявий харажатлар учун маблағи ва етарли юридик маълумоти бўлмагани боис, бу ишга Омбудсман аралашишига тўғри келган. Ҳар бир мана шундай вазиятга тушиб қолган шахс билан алоҳида ишлаш учун имконият йўқлиги боис, қонунчиликка ўзгартириш киритиш энг мақбул ечим экани таъкидланди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил келаётган мурожаатларнинг энг кўпи, яъни 3600 таси ижтимоий масалалар билан боғлиқ бўлиб, Халқ демократик партияси фаоллари ва депутатларидан ҳамкорликни янада кучайтиришни кутиб қолишини қайд этди. Фракция аъзолари бунга тайёр эканликларини билдириб, Омбудсман фаолиятини янада такомиллаштиришга оид таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди. Омбудсман ҳисоботи қўллаб-қувватланди.

Фракция йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари ҳам кўриб чиқилди. Савол-жавоблар, муҳокамалар асосида билдирилган тавсиялар қонун ташаббускорлари томонидан кейинги ўқишгача инобатга олинган ҳолда такомиллаштирилиши белгиланди.

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш