Устувор вазифалар ижроси
Устувор вазифалар ижроси

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташаббуси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Б. Зокировга “Ўзбекистон Республикаси қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг 2021 – 2025 йилларга мўлжалланган стратегияси доирасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги масала юзасидан парламент сўрови юборилган эди.

Парламент сўровида қурилиш тармоғини модернизация қилиш, шаҳарсозлик фаолиятини жадал ривожлантириш, аҳолини сифатли, қулай уй-жой, ижтимоий ва муҳандислик инфратузилмаси хизматларига бўлган эҳтиёжларини қондириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати юзасидан асослантирилган тушунтиришлар бериш сўралган. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар мазкур парламент сўровига юборилган жавобни кўриб чиқдилар.

Парламент сўровига келган жавобда келтирилишича, қуриш, реконструкция ва мукаммал таъмирланиши режалаштирилган объектларнинг лойиҳа ҳужжатларини сифатли ишлаб чиқиш ҳар бир объект бўйича салоҳиятли лойиҳа ташкилотлар электрон рейтинг баҳолаш тизими орқали “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида баҳоланиб, маълумотлар базаси шакллантирилиб келинмоқда.

Қурилиш соҳасида лицензиялаштириш ва аккредитациялаш бўйича 2021-2023 йилларда 2,3 мингта лицензия, 88 та аккредитация гувоҳномалари берилган. Шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертиза қилиш Республика маркази томонидан 2021-2023-йиллар мобайнида жами 81,5 мингтадан ортиқ лойиҳа-смета ҳужжатларига экспертиза хулосалари тақдим этилган.

Бундан ташқари, “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасидаги 16 та давлат хизматлари рақамлаштирилиши натижасида аҳоли ва бизнес эгаларига уйдан чиқмаган ҳолда хизматлардан фойдаланиш имконияти яратилган. 2021-2023-йилларда “Давхизмат” ахборот тизими орқали 800,5 мингта объект бўйича давлат хизматлари кўрсатилган.

Мажлисда қайд этилганидек, “Менинг уйим” автоматлаштирилган биллинг ахборот тизими Марказий банкнинг клиринг “МУНИС” тизимига интеграция қилиниб, мажбурий бадалларни тижорат банклари кассаларидан қабул қилиш имконияти яратилган. Тизим орқали иссиқ сув ҳисоблагичларини қиёсловдан ўтказиш бўйича 2021-йилда 23,5 мингта, 2022-йилда 23,5 мингта ва 2023 йил 16,6 мингта давлат хизмати кўрсатилган.

Шу билан бирга, жорий йилнинг 29-январь куни давлатимиз раҳбари ҳузурида уй-жой, қурилиш, коммунал хўжалиги, транспорт ва экология соҳаларида 2024-йилда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги вазифалардан келиб чиқиб, вазирлик томонидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Хусусан, смета шаклланишига асос бўлувчи шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига ўзгартириш киритиш чоралари кўрилмоқда. Шу билан бирга, марказлашган манбалар ҳисобидан қурилаётган объектларда лойиҳалаш, танлов, қурилиш-монтаж ишлари ҳамда фойдаланишга топшириш жараёнларини “коррупциядан ҳоли соҳа”га айлантириш бўйича тегишли тизим яратиш ишлари олиб борилмоқда.

Кадастр агентлиги томонидан 2024-2025-йилларда уйдаги умумий мол-мулк ва ертўла ва бўш майдонлар ҳақида электрон маълумотлар базаси шакллантирилиб, “Менинг уйим” тизимига боғланади ҳамда аҳоли ва ташаббускорларга очиқ эълон қилинади. Ижара тўловлари фақат “Менинг уйим” платформаси орқали ҳисоб-китоб қилиниб, аҳоли учун очиқ бўлиши таъминланади.

Мажлисда парламент сўровига жавобда кўтарилган масалалар бўйича атрофлича маълумотлар тақдим этилганлиги қайд этилиб, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг жавоби маълумот учун қабул қилинди.

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш