Жамият турли фикрлар асосида ривожланади
Жамият турли фикрлар асосида ривожланади

 

«Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» газеталари таҳририяти бош муҳаррири, Олий Мажлис Сенати аъзоси Фармон Тошев билан Конституциявий ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этилаётган, Президентимизнинг жорий йил 2 февралдаги муҳим Фармони билан бошланган жараёнларда сиёсий партиялар, уларнинг ҳудудий ташкилотлари олдида турган долзарб вазифалар ҳақида телефон орқали суҳбатлашдик.

Жамиятдаги сиёсий рақобат аҳамияти, фикрлар хилма-хиллиги, фуқаролик жамияти институтлари ривожланиши билан боғлиқ масалаларда катта ҳаётий ва айтиш мумкинки, сиёсий тажрибага эга партиядошимиз кўп йиллик фаолияти давомида тўпланган шахсий фикрлари, хулосалари билан бўлишди.

— Рақобатлашиш бу бир-биридан ўрганиш дегани. У қилолмаган ишни қилиш ёки ундан яхшироқ натижа билан амалга ошириш рақобатнинг негизини белгилайди. Эртамиз нима бўлади, деган саволга жавобни жамоатчиликнинг қарори беради. Олий Мажлиснинг икки палатаси, маҳалла институти, касаба уюшмалари, ёшлар ташкилотлари — буларнинг ҳаммаси энг муҳим ва катта сиёсий кучни ифодалайди. Бевосита бошқарув тизимини такомиллаштиришда давлат сиёсий партиялар кучига таянади. Чунки, бошқарув тизимидаги кадрларни ва бошқарув тизимининг қулай ёки ноқулай эканлигини биринчи бўлиб сиёсий партиялар ҳис қилади. Сабаби, улар ҳар куни халқ билан суҳбатлашади.

Давлат тараққиёти йўлидаги таклифлар асосида сиёсий кучларнинг ҳаракатлари бошланади. Қайси бири бажарилиши керак, қай бири олдин амалга оширилиши зарур, деган қарашлар натижасида энг катта рақобат юзага келади. Мазкур жиҳатдан қараганда, Олий Мажлис барча сиёсий кучлар кўрсатган депутатларни бирлаштириб, уларга йўл-йўриқ бериб турадиган ташкилот ҳисобланади. Мисол учун, турли фикрлар, таклифлар муҳокама қилиниб, улар асосида давлат дастурлари шаклланади. Мана бу давлат бошқарувининг энг намунали, кенг қўлланиладиган усули саналади ва ушбу технология ҳамма жойда ҳудди шу тариқа юритилади.

– Мамлакатимизда ушбу тизим самарали фаолият олиб боришига монелик қиладиган қандай жиҳатлар бор, деб ўйлайсиз?

– Биринчидан, айрим сиёсий партияларнинг ўз электоратини қоғозда ёзиши бунга тўсиқ бўляпти. Қоғоздаги электорат билан мақсадга эришиб бўлмайди. Афсуски, қоғоздаги рақамлар ва ҳисоботлар масаласи жуда кўп ташкилотларига тегишли. Биз қоғозда қоладиган нарсалардан воз кечишимиз керак. Кам бўлишига қарамасдан, ҳақиқий электоратни шакллантириш лозим.

Электорат бу партия ўз сиёсатини, ғоясини тушунтириб ва ишонтира билган одамлардир. Тушунган одамлар кўп бўлиши мумкин, муҳими, уларни ишонтиришда. Ишонтириш эса маъруза, телевидение ёки радиога чиқиб гапириш билангина амалга ошмайди. Шунинг учун ҳам сиёсий партиянинг вакили жонли мулоқотлар қилиши лозим.

Фақат кам сонли одам билан суҳбатлашиш талаб этилади. Айтайлик, уларнинг айни пайтдаги вазияти ва бу борада қандай кўмак бериш мумкинлиги ҳақида ўша шахснинг ўзидан сўраш орқали мулоқот олиб борилса, одамларнинг онгида нимадир қолади. Шунингдек, фуқаронинг қонуний ваколатлари тушунтирилади, қандай қилса, масаласига ечим топиши бўйича йўл-йўриқ кўрсатилади.

Афсуски, сиёсий партиялар ташкилотларида жонли мулоқот умуман етишмайди. Ёппасига қабул, ёппасига бадал, ёппасига мажлис бўлмаслиги керак. Буни юз фоиз кафолат билан айта оламан.

Албатта, марказларда — пойтахтда ёки вилоят марказларининг қаерларидадир зиёлилар кўп бўлгани учун ҳам баҳслар, мунозаралар бўлаётгандир. Лекин улар ҳали пастга тушмаган, электоратга етиб бормаган. Улар электоратнинг кам сонли қисми, холос. Жойларда тарихий, адабий саналарга, ёзувчилар, умуман, ижодкорлар кунига бағишлаб ҳар хил тадбирлар ўтказиш сиёсий партиянинг ваколатига кирмайди, унинг вазифаси ҳам бўлолмайди. Аксинча, улар ўз ғоялари, ўз мақсадларини одамлар орасида албатта тарғиб қилиши ва шубҳасиз, ишонч уйғота олиши зарур. Ана ўшандагина мақсадларга эришилади.

— Ишончни қандай изоҳлаган бўлардингиз?

— Масалан, бирор бир шахсга партиядан депутатликка номзод бўлиш таклиф этилганида аввало унинг жамиятдаги нуфузига, одамлар орасидаги обрў-эътиборига, низомига қаралади.

Шуни ҳам унутмаслик керакки, менимча, партиянинг низоми ёмон бўлмайди. Масалан, биздаги барча сиёсий партияларнинг низоми ёмон эмас. Улардаги ғояларнинг ҳаммаси давлатни ривожлантиришга, жамият қудратини оширишга қаратилган. Лекин уларни амалга ошириш механизмлари кучсиз.

Мазкур механизмларни кучайтириш одамларда ишончни ҳосил қилади. Ишонч билан келган депутат кўзбўямачилик учун эмас, ростдан ҳам ишлайди.

Бугунги кунда сиёсий партиялар ва маҳаллий Кенгашларнинг жамият ҳаётидаги ролини оширишга давлат бор эътиборини қаратмоқда. Демак, бунга муносиб жавобни ишимиз орқали беришимиз керак.

Биринчидан, сиёсий ислоҳотларда замонавий усулларни қўллашнинг, янгиланишнинг мавриди келди. Конституцияда белгиланган талабларни бажариш керак. Ва яна энг муҳим масала, партия тили билан айтганда, электоратнинг ҳуқуқий, маънавий савиясини оширишдан иборат. Буни ким амалга оширади?

Табиийки, партия ўз ғоялари, низоми, йўл-йўриғини айтиш орқали одамларнинг савиясини оширади. Қачонки, одамларда фикрлар пайдо бўлса, муносабат шаклланади ва бу ишончни юзага келтиради.

Бутун дунёда партиялар ишончни қозониш учун бир-бири билан сиёсий курашлар олиб боради, керак бўлса, танқид қилади. Бу рақобат, деб аталади. Бизда эса бир хил сиёсий партиялар арзимаган сўзнинг орқасидан қувиб юради. Ваҳоланки, рақобат бу бировдан зўрроқ ишлаш дегани, кимнидир ерга уриш эмас.

Танқид дегани партия низоми билан ҳаракати ўртасидаги тафовутни кўрсатиб беришни англатади. Низоми бўйича қилинаётган ишлар, ҳаракат дастури, ўтказилаётган тадбирлар савияси, самарадорлиги ёки аксинча бесамарлигига қараб танқид қилиш ёки ўз ишини қойиллатиб қўйиш бу ҳақиқий рақобат ҳисобланади. Рақобат бу «мен сендан зўр ишлайман» ёки «ишладим-ку» дегани. Яна бир жиҳати, партиянинг ҳақиқий мавқеини унинг аъзоларининг обрў-эътибори эмас, амалга ошираётган ишлари, депутатларининг қуввати белгилайди.

Тан олиб айтиш керакки, кўп жойларда бугун ушбу талабга тўлиқ жавоб берадиган депутатлик корпуси етишмаяпти. Сифатга эмас, сонга кўпроқ урғу бердик. Ким кўп бўлса – ўша кучли, деб нотўғри талқин қилдик. Ваҳоланки, туман-шаҳар, вилоят миқёсидаги кўплаб Кенгашларни биламан. Қайсидир партиянинг депутатлари камчиликни ташкил қилади, лекин улар ўша ерда сўзи, билими, ташаббуслари билан етакчи.

Масалан, бирор жойга бир миллионта кўчат экиш кераклиги айтилса, тапир-тупур қилиб бир миллион икки юзтага қоғоз тайёрланади. Кўзбўямачилик, қўшиб ёзиш, бир-бирини алдаш авж олади. Агар рақамлардан воз кечиб, теп-текис, бўш ер қолмасин фалон ҳудудда, деган аниқ жой кўрсатилса-чи? Унда рақам ҳам, сифат ҳам бўлади. Ёки айтайлик, қайсидир газета 30 минг нусха, ҳеч ким ўқимайди. Аммо 3-4 минг нусхадаги матбуотни ҳамма ўқиши мумкин. Сифатга урғу бериб, ишимизни рақамлаштирсак, ана шунда фаолиятимизнинг таҳлилини юритиш осонлашади. Бу ҳар бир соҳадаги камчилик ва ютуқларни билиб олишга хизмат қилади.

Номзодни дипломга қараб эмас, салоҳиятига қараб қўйиш лозим. Муносиб кадр бўлмаса, у номзодни қўймаган афзал. Чунки ношуд номзод партиянинг обрўйини туширишдан бошқага ярамайди. Бу орқали ўз оёғимизга ўзимиз болта урган бўламиз.

Энди назорат тизимини олайлик. Назорат, аввало, текшириш эмас, бу ҳар бир ҳудудда амалга ошадиган дастурларни тасдиқлаб беришдан иборатдир. Чунки режа пухта тузилса, уни ижро қилиш ҳам мумкин, яъни реал бўлади. Иккинчиси, бунинг ижросини кўриш. Фақат бунда ижронинг якунига қараб эмас, йўл-йўлакай кўриш ва камчиликларини тузатиб бориш. Ушбу йўналиш ижро ҳокимиятининг ҳисоботларини эшитиш орқали амалга оширилади.

— Сиёсий партиялар ўз ғояларини тарғиб қилишда қандай йўл тутиши керак, сизнингча?

— Ўз электорати бўлган аҳоли қатламининг ҳар бири билан гаплашиб, уларнинг таклифлари, муносабати, талаб ва истакларини Кенгашга олиб чиқиши керак. Бунда эса депутатлар кучидан фойдаланилади. Минг афсуски, жамоатчилик билан ишлашнинг энг осон, тажрибадан ўтган йўли бизда яхши йўлга қўйилмаган.

Тўғри, расман қилиш мумкин. Энг осон усулни қўллашади. Мисол учун, автойўлнинг бошлиғини чақиради. «Келинг, бизга ҳисоб беринг», дейди. У ҳам келиб билганини ўқиб беради. 1-2 та саволга жавоб қайтаради, ўшани сессияга олиб чиқади. Бу усул на сессиянинг мақомига, на депутатнинг мақоми ва савиясига тўғри келади.

Сиёсий партиялар ўзларининг депутатлик минбаридан фойдаланишни яхши ўрганиши лозим. Агар минбардан фойдалансак, бу халққа етиб боради. Халқ қизиқа бошлайди. Бунинг ортидан ҳам ишонч шаклланди. Бу механизм аслида бор, бироқ яхши ишламайди.

Навбатдаги масала сиёсий партияларнинг депутатларни қандай назорат қилиши билан боғлиқ. Йил якуни ёки бошқа бирор сабаб билан ҳаммасини йиғиб, уларни табриклаб, ош бериш билан иш битмайди. Сиёсий партиялар депутатлик гуруҳларига сифатли методик ёрдам кўрсатиши зарур. Масалан, масъуллар бирор бир ҳудудга бориб, депутатлар билан биргаликда юриб, дастурларда белгиланган вазифалар, лойиҳаларнинг ижросини қойиллатиб ўрганмайди. Тўғри, вилоят ташкилотларининг кучи етмаслиги мумкин. Лекин марказий аппаратда ёхуд бошқа бир ҳудудда кучли, лидер сиёсатчилар бор, уларнинг кўмагида масалани ўрганиб, сессияга олиб чиқса, бу партия нуфузининг сезиларли даражада ошишига хизмат қилади.

Бир хил жойларда кўзбўямачилик учун тадбирлар ўтказилади. Мисол учун, бир ҳафта хонасидан чиқмаган партия ходими бирор танишига қўнғироқ қилади. 15-20 кишини тўплаб беришини, депутатлар билан бориб, тадбир қилишини айтади. Эски танишининг юзидан ўтолмаган шахс мажбуран одамларни бир хонага йиғади. Ким нимага келганини, нима ҳақида гап боришини ҳам билмаган ҳолда зерикарли, узундан узоқ маъруза тинглашга мажбур бўлади. Эскириб, сийқаси чиқиб кетган «олифта» гаплар айтилади. Эски рақамлар такрорланади. Қарабсизки, 4 та расм, 6 та гап билан партия ишини зўр қиляпман, деган ўта кулгули хаёл билан ҳисобот тўлдирилади. Минг афсуски, бу билан партиянинг обрўсини ерга уради, холос.

Чунки одамларни ишонтириш қийин. Минг гапирсак, минг мажлис қилсак ҳам, натижасиз, ибратсиз уларнинг ишончини қозониб бўлмайди. Қачонки, муҳокама қилинган масала охирига етказилса, одамларнинг қизиқишлари ҳақида уларнинг ўзидан сўралсагина тадбирлар учун сарфланган вақт ва маблағ зое кетмайди.

Суст, бефарқ ва лоқайд депутатларни чақириб олиш механизми барқарор бўлмагани учун ҳам айрим депутатлар хоҳлаганча, билганича юрибди. Шунинг учун ҳам сиёсий партияларнинг халқ ўртасида нуфузини ошириш қийин масалага айланган. Бу борада аниқ ва қатъий механизм зарур, деб ўйлайман.

Тадбир ўтказишда эътибор қаратиш бўлган муҳим жиҳатлардан бири одамларнинг ёнида, улар билан бир сафда туриб гапириш, уларни эшитишдан иборат. Баъзида 1,5-2 метр баланддаги минбарга туриб олиб гапиришади. Ҳозир одамлар 1 қарич баланд бўлсангиз ўзини ноқулай сезади, ёмон кўради ҳаттоки. Кейин ҳамма учрашувлар жонли, қисқа, лўнда машварат шаклида ўтиши керак. Одамларнинг ўзидан сўраш, жавоб бера олмаган тақдирда уларни тўлдириш, фикрини айтиш учун кўмаклашиш зарур.

Шу билан бирга гапирган, фикр билдирган одам рағбат топиши керак. Уни турғизиб мақташ, гапларининг аҳамиятига эътибор қаратиш ёки бирор бир кичик совға, айтайлик, бир китоб билан рағбатлантириш мумкин. Бу орқали ҳам китоб тарғиботи, ҳам одамларга ҳурмат ифода этилади. Ёнидаги одамга кўрсатилган эътиборни кўрган бошқалар ҳам фикр айтишга, таклиф билдиришга ёки савол беришга ҳаракат қилади.

50-60 кишини тўплаш ҳам шарт эмас. Одамларнинг ҳамма қатламини бир жойга йиғиш ҳам хато. Уларни ихтисослашган ҳолда қабул қилиш лозим. Масалан, ёлғиз аёллар, ёшлар, ногиронлиги бўлган шахслар, нуронийлар, умуман, ҳар бир қатламнинг қизиқишларига қараб суҳбатлашиш ва бунга ўша қатламнигина жалб қилиш керак. «Мана бу саволларга жавоб излаб келяпмиз. Кимда бўлса, айтсин, мукофоти бор», деб эълон қилинсин. Ана шунда тадбирлар жонланади, одамларнинг эсида қолади, ҳурмат ошади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА суҳбатлашди.

«Ўзбекистон овози», 21.02.2023, №7

 

 

 

 

Теглар

Депутат Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш