Янги Ўзбекистонда ижтимоий ҳимояга оид янгича тизим
Янги Ўзбекистонда ижтимоий ҳимояга оид янгича тизим

 

Куни-кеча давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги хизматлар қамровини янада кенгайтириш бўйича устувор вазифалар юзасидан ўтган видеоселектор йиғилишида ижтимоий ҳимоянинг янгича тизимини яратиш ҳақида қатор топшириқлар берилди.

Ҳаммамизга маълумки, барча ислоҳотлар бугун маҳаллада, қуйида ижросини таъминлаш орқали устувор аҳамият касб этмоқда. 49 та ижтимоий хизмат маҳаллагача туширилиши белгиланди. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига вилоят ҳокимлари билан бирга барча маҳаллаларда ижтимоий ходимлар фаолиятини ташкил қилиш вазифаси топширилди. Протез воситаларини бериш, нафақа ва қаровсиз қолган болаларга васийликни расмийлаштириш, ўзгалар парваришига муҳтож кексаларни ёлғиз деб эътироф этиш каби ижтимоий хизматларнинг маҳаллагача туширилиши белгиланди. Маҳаллаларда ижтимоий хизматлар кўрсатиш электрон платформаси ишлаб чиқилади. Бу хизматларнинг маҳаллада йўлга қўйилиши фуқароларнинг ортиқча вақти тежалишига ва қулайлик яратишга хизмат қилади.

Сўнгги пайтларда ҳудуд раҳбарлари ҳам муҳтож оилалар билан манзилли ишламай, пул ва озиқ-овқат бериш, маиший техника совға қилиш билан чекланиб келгани, эски ижтимоий ҳимоя тизимида одамларга умид бериш, ҳаётини яхшилаши, банд бўлишига кўмаклашиш энг охирги ўринга тушиб қолгани қайд этилди.

Ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий ва ижтимоий реабилитация қилиш, касбга ўргатиш орқали тўлақонли ҳаётга қайтаришга эътибор сустлашиб кетгани танқид қилинди.

Таъкидланганидек, ногиронлиги бор шахслар ишлаши мумкин бўлган касблар рўйхати замон талабларидан келиб чиқиб қайта кўриб чиқилмагани сабабли улар ўзининг меҳнат салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқара олмаяпти.

Президент бу соҳада умумий ёндашув ўзини оқламагани, ҳар бир оила ва инсон тақдирига алоҳида профессионал ёндашиш лозимлигини қайд этиб, устувор йўналишларни белгилаб берди. Буни маҳалла даражасида манзилли, шаффоф ва адолатли ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.

Ижтимоий ҳимоя тизими билан 250 та хизмат қамраб олинган бўлса-да, маҳалладаги аҳоли уларнинг ярмидан ҳам бехабар. Масалан, ногиронлиги бор фарзандини парваришлаш нафақасини олиши мумкин бўлган 33 минг ота-она ушбу имтиёздан фойдаланмаяпти. Фуқароларнинг бу каби ислоҳотлардан бехабарлиги ҳаммамизни безовта қилиши керак. Худудларга округларга чиққанимизда албатта ўз сайловчиларимизни хабардор қилиш бўйича тарғибот тадбирларини ўтказишимиз лозим.

Йиғилишда, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хизматлар кўрсатиш жараёнларини соддалаштириш ва тезлаштириш мақсад қилинганлиги алоҳида қайд этилди. Бунинг учун эҳтиёжманд тоифани белгилаш бўйича мезонлар ишлаб чиқилади ва айнан қандай ёрдамга муҳтожлиги аниқ белгилаб берилиши, ҳар бир муҳтож фуқаро бўйича индивидуал ижтимоий хизматлар дастури бўлиши лозимлиги топшириғи берилди.

Шунингдек, маҳалладаги “еттилик” учун ижтимоий хизматлар бўйича ягона саволнома жорий қилиниши ва маҳалладаги барча ижтимоий хизматларни босқичма-босқич ижтимоий хизмат кўрсатиш шартномаси орқали тақдим этилиши йўлга қўйилади.

Спорт-ногиронлиги бўлган шахслар учун яна бир нажот йўлидир.

Ногиронлиги бор шахслар учун спортни ривожлантириш ассоциацияси ташкил этилади. Ассоциация ногиронлиги бор шахсларни маҳалладан бошлаб оммавий спортга жалб қилади ва “Беш ташаббус” доирасида доимий спорт мусобақалари ўтказиб бориши белгиланди. Ногиронлиги бор инсонларни спортга жалб қилишда ҳам маҳалланинг эътибори бўлиши кераклиги қайд этилди.

Эндиликда ногиронлигини касалликка қараб эмас, балки шахснинг мустақил ҳаракати, ўзини ўзи эплаши, мулоқот қобилияти ва ижтимоий ҳаётдаги иштирокига қараб белгилаш тизимига ўтилиши йиғилишда белгилаб берилди.

Шубҳасиз, бу жараёнда спортнинг аҳамияти беқиёс. Кейинги пайтларда ногиронлиги бўлган фуқаролар ўртасида спорт ва турли кўрик-танловларнинг ўтказилиши анъанага айланган. Бу эса ўз навбатида уларнинг ижтимоийлашувига ва ҳаётдан рози бўлиб яшашига замин яратмоқда. Параолимпиадаларда кўплаб медаллар қўлга киритилмоқда.

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қабул қилинган қонунларни таҳлил қиладиган бўлсак, мустақиллик йилларидан то 2016 йилгача 24 та қонун, 2016 йилдан 2023 йилгача 44 та қонун қабул қилинган. Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, ижтимоий давлат тамойилининг амалда ижроси таъминланаётганлиги алоҳида эътирофга лойиқ. Ногиронлиги бўлган шахсларга янада қулай шарт-шароит, тўсиқсиз муҳитнинг яратилиши, уларнинг ўксик кўнглини кўтаришга ва ҳаётда тўлақонли инсон сифатида яшашига замин яратади.

Бу жараёнда албатта биз депутатлар ҳам фаол бўлиб, ўз сайлов округларимизда ислоҳотларнинг жойлардаги ижросини таъминлаш мақсадида жамоатчилик назоратини ўрнатишимиз, ногиронлиги бор шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдек ишда жонбозлик кўрсатишимиз лозим бўлади. Провард мақсад инсонларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига ўз ҳиссамизни қўшишдир.

 

Мавжуда Ҳасанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш