Бугунги кунда мобил қурилмалар кичик ёшли болаларнинг севимли овунчоғига айланиб қолган. Ҳатто ота-оналар фарзандининг турли инжиқликларини тинчитиш учун ҳам қўлига телефон тутқазиб қўймоқда. Смартфондаги турли ўйинлар эса болаларнинг руҳиятига жиддий таъсир қиляпти.
Аммо шунга қарамай, кейинги пайтда ёшларимиз ҳаётини телефонсиз, компьютер ва интернетсиз тасаввур эта олмай қолди. Тўғри, XXI аср ахборот технологиялари, инновациялар асри. Лекин ёшларимиз кўп вақтини экран қаршисида ўтказаётгани уларнинг руҳий ва жисмоний саломатлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан телефонга қарамликка касаллик даражасида қаралаётгани сабаби ҳам шунда. Болаларда телефонга қарамлик жисмоний саломатликка ёмон таъсир этиши билан бирга, унинг руҳий ривожланишини кескин ўзгартириб юбориши мумкин.
Депутатлик фаолиятимга қадар кўп йиллар давомида тиббиёт тизимида фаолият юритган инсон сифатида айтишим мумкинки, смартфонлардан тез-тез ва кўп фойдаланадиган ўқувчиларда руҳий ва хатти-ҳаракатларнинг бузилиши билан боғлиқ белгилар кўп учрайди. Ушбу касалликда шахс ривожланиши босқичи орқада қолади.
Шунингдек, мобил қурилмалар асаб тизимининг емирилишига, инсон миясида турли шишлар ва симталар ҳосил бўлишига олиб келади. Қолаверса, бундай инсонларда уйқусизлик, бош оғриғи, хотиранинг пасайиши билан боғлиқ турли касалликларга чалинувчилар кўп учрайди.
Стив Жобс ўз вақтида фарзандларига гаджетлардан фойдаланишда бежиз чекловлар қўймаган. Ёки "Apple"нинг айни вақтдаги раҳбари Тим Кук 2018 йилда жиянларига ижтимоий тармоқларда рўйхатга ўтишга рухсат бермаган.
Шу нуқтаи назардан, ушбу масалага лоқайд бўлишга асло ҳаққимиз йўқ. Бу борада болаларни имкон қадар смартфонлардан узоқлаштириш чораларини кўриш, керак бўлса, таълим муассасаларида ўқувчиларни телефондан фойдаланишни чеклашни қонун билан тартибга солиш лозим.
Қизилгул ҚОСИМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.