Таълим, тадбиркорлик ва қурилиш соҳасидаги ишлар ҳолати қандай?
Таълим, тадбиркорлик ва қурилиш соҳасидаги ишлар ҳолати қандай?

 

Аввал хабар берганимиздек, шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат Ишчи гуруҳ аъзолари ҳудудларда бўлиб, Президентимиз раислигида ўтказилган йиғилишларда белгилаб берилган устувор вазифаларнинг ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганяпти.

Хусусан, қуйи палатанинг бир гуруҳ депутатларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари Самарқанд вилоятида бўлиб, ижтимоий-иқтисодий соҳа объектлари, тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан яқиндан танишмоқда.

Депутатларнинг вилоятдаги дастлабки манзили — Тойлоқ тумани бўлди. Ҳудуд аҳли деҳқончиликнинг ҳадисини олган. Маҳалла драйвери асосан кўчатчилик бўлиб, аҳоли томорқачиликдан яхши даромад олади. Бу ерда “Бир маҳалла, бир маҳсулот” тамойили йўлга қўйилган.

Масалан, таллиоталик Саидамирхон Оқилов, Саидакбар Аҳроровлар 20 йилдан буён кўчат етиштириш билан шуғулланади. Миришкорлар ҳалол меҳнати ортидан йилига 150-200 миллион сўмгача даромад оляпти.

Айни чоғда С.Оқилов 10 сотих томорқасида иссиқхона ташкил этиб карам кўчатлари етиштирмоқда. Карамдан бўшаган ерга помидор, булғор қалампири, бақлажон, гулкарам каби сабзавот кўчатлари етиштиради.

Ишчи гуруҳ аъзолари ўрганишлари давомида таллиоталик тажрибали томорқачилар билан учрашиб, уларнинг муаммолари билан қизиқдилар. Юртимизда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумотлар бериб ўтдилар.

Шу куни депутатлар "САМ ФИОРEНТА" МЧЖ корхонаси фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Бу ерда меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар билан суҳбатлашиб, улар учун яратилган шарт-шароитларни, муаммоларни ўрганди.

Бугунги кунда мазкур корхонада тойлоқлик кўплаб ёшлар иш билан банд. Корхона томонидан йилига 100 минг дона, 6 хил турдаги чанг чангютгичлар ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Шунингдек, корхона томонидан умумий қиймати 17 млрд. 500 млн  сўмлик “Майиший техникалар учун кабел махсулотлар” ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга ошириш ҳисобига 50 та янги иш ўринлари яратиш мақсад қилинган.

Очиқ ва самимий мулоқотлар давомида қуйи палата депутатлари мамлакатимизда тадбиркорларга яратилаётган шарт-шароитлар, қулайликлар хусусида маълумот бериш билан бирга, маҳсулотлар тури ва сифатини ошириб, экспортни йўлга қўйиш бўйича тавсиялар бердилар.

Ишчи гуруҳ аъзоларининг кейинги манзили тумандаги 62 сонли умумтаълим мактаби бўлди. Депутатлар таълим муассасаси фаолияти, бу ерда  ўқувчилар учун яратилган шароитлар билан қизиқдилар. Ушбу мактаб биноси 2022 йилда инвестиция дастури асосида 11млрд 882 млн сўм эвазига қурилган бўлиб, 330 ўринга мўлжалланган. Энг муҳими, ёшларнинг таълим олиши, спорт билан шуғулланиши учун барча қулайликлар мавжуд.

Сўнгги йилларда Тойлоқ туманида аҳолини сифатли уй-жой билан таъминлаш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Чароғбон маҳалласида 2019-2023 йиллар давомида 21 та уй-жой, унда 1236 та хонадонлар қуриб битказилди.

Депутатлар аҳолини сифатли уй-жой билан таъминлаш ҳолати, кўп-қаватли уй-жойларда яшовчи аҳолига коммунал хизмат кўрсатиш сифати, муаммо ва камчиликларни ўрганди. Жорий йилда қурилиши режалаштирилган 4 та 16 қаватли уй-жойларнинг қурилиш жараёнлари билан яқиндан танишди.

Маълум бўлишича, туманда 2023-2030 йилларда жами 43 та кўп қаватли уй-жойларда 4128 та хонадон, шундан 43 та 3 хил типдаги 16 қаватли уй-жойлар қурилиши режалаштирилган.

Суҳбат жараёнида ишчи гуруҳ аъзолари охирги йилларда мамлакатимизда бунёдкорлик кўлами кенгайиб бораётгани, қишлоқ жойларда ҳам қурилиш ишлари жадаллик билан амалга оширилаётганига тўхталиб, қурилиш сифатига алоҳида эътибор қаратиш бўйича зарур тавсиялар бердилар.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат ишчи гуруҳ аъзоларининг ўрганишлари давом этмоқда.

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш