Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Дастлаб “Сув ресурсларини бошқариш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.
Мазкур қонунга муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Лойиҳада маҳаллий Кенгашлар сув лимитини тасдиқлаш эмас, белгилашини назарда тутувчи меъёр кўрсатилгани депутатларда саволларни юзага келтирди.
Шарофиддин Назаров,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси, ХДП фракцияси аъзоси:
— Аввалги ўқишда ҳам ўз эътирозларимизни билдирган эдик. Амалда фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда бошқалар учун лимитлар сув истеъмолчилари уюшмалари томонидан белгиланаётган эди. Бунда бевосита ҳар битта субъект бўйича сарфланадиган меъёр аниқланади. Биргина туманда турли тоифадаги минглаб истеъмолчи мавжуд. Ҳар битта истеъмолчи билан алоҳида шартнома тузилган равишда сув етказилар эди. Қонунда назарда тутилган тартиб механизми қандай амалга оширилади? Умумлашган лимит, деган тушунчанинг маъносини очиқлаб беринг. Чунки бу жумланинг ўзи умумий бўлиб, қабул қилингандан сўнг тушунмовчиликларга сабаб бўлиши ёки умуман ишламайдиган нормага айланиб қолиши мумкин.
Рашанбек Бегматов,
Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси:
— Сув истеъмолчилар уюшмаси фермерлар кесимида ишлаган бўлса, эндиликда бу борада махсус хизмат фаолият олиб боради. Экин туридан, жой ҳажми ва бошқа жиҳатлардан келиб чиқиб, лимит аниқланади ва қайси декадада қанча сув талаб қилиниши каби меъёрлар ишлаб чиқилади. Туманлардан олинган маълумот вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармасига боради. Шу тариқа умумлаштирилиб, лимит тақдим этилади. Масалан, бир туманда 100 куб сув сўралган бўлса ва кутилаётган сув 80 куб бўлса, 20 фоиз лимит пропорционал равишда қайта ишлаб чиқилиб, Кенгашга киритилади. Бунда ўрганишлар натижалари ва унинг асосида ишлаб чиқилган лимитни депутатлар тасдиқлаш орқали белгилайди.
Мақсуда Ворисова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ЎзХДП фракцияси аъзоси:
— Биламизки, сув стратегик ресурс, унинг тўғри тақсимланиши жуда муҳим саналади. Маҳаллий Кенгаш лимитни тасдиқлаб бериши мумкин холос. Чунки бу ерда жавобгарлик, масъулият масаласи турибди. Баъзи бир фермер ёки деҳқон хўжалигида эътироз бўлса, депутатларга билдира олмайди. Сабаби лимит сессия қарори билан белгиланган бўлади. Лекин давлатдан маош олиб ишлаётган соҳа мутахассислари бунга жавоб бериши керак. Шунинг учун депутатлар белгиламайди. Яъни, лимитни белгилаш масъулияти давлат идораларида қолиб, тасдиқлаш, кўриб чиқиш депутатлар зиммасига қўйилиши лозим. Зеро, тасдиқлаш ва белгилаш икки хил юридик тушунча. Бу ишни қишлоқ хўжалигининг эгаси, мутахассиси белгилаши тўғри бўлади. Мазкур моддани яхшилаб ўйлаб кўриш зарур.
Фракция аъзолари Ўзбекистон Республикасининг “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонунига божхона брокери ва халқаро курьерлик жўнатмаларини етказиб бериш фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқишди.
Унга асосан божхона брокери ва халқаро курьерлик жўнатмаларини етказиб бериш бўйича фаолиятни бошлаш ёки тугатиш учун ваколатли органни хабардор қилиш тартиби белгиланмоқда. Шунингдек, божхона назоратини амалга ошириш механизмларини янада соддалаштириш жараёнида хавфларни бошқариш тизими асосида ҳалол тадбиркорлик субъектлари рўйхатини шакллантириш кўзда тутилмоқда.
Фракция аъзолари қонун лойиҳасидаги меъёрлар айрим ноҳалол ташкилотларнинг яширин иқтисодий фаолиятини чеклашга хизмат қилишини таъкидладилар. Қонунни янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилгач, лойиҳа концептуал жиҳатдан маъқулланди.
Йиғилишда, шунингдек, “Киберхавфсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Унда банк ва электрон ҳукумат тизимида киберхавфсизликни таъминлашга, ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида содир этиладиган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган меъёрлар ўрин олмоқда. Депутатлар маълумотлар, ўтказмалар алмашинуви хавфсизлигини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги бўйича ўз-фикр мулоҳазаларини билдирдилар. Қонун фуқаролар, жамият манфаатларини ҳимоя қилишда муҳимлиги ҳисобга олиниб, биринчи ўқишда маъқулланди.