Фарзандларни виртуал қарамликдан асраш – ота-она масъулиятидир
Фарзандларни виртуал қарамликдан асраш – ота-она масъулиятидир

 

Бугун глобаллашув даврида яшаяпмиз. Ҳаёт шиддат билан ўзгармоқда. Мамлакатимизда ёшлар қарийб 60 фоизни ташкил этади. Ўзбекистон ёшлар мамлакати. Давлатимиз раҳбари ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратиши ҳам бежизга эмас. Йилнинг номига ҳам “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб белгиланишида ҳам рамзий маъно бор. Ёшлар тарбиясига бугундан эътибор қаратмасак, эртага кеч бўлади.

Баъзан инсонлар билан мулоқот қилсангиз, ёшлар ҳозир жуда ёмон бўлиб кетди, кундалик турмуш шароитимизда нохуш воқеалар кўп бўляпти деб ношукурлик қилишади. Лекин ўз фикримни билдираман. Ҳаётимизда олдин ҳам шундай ҳолатлар кузатилган. Аммо биз ҳозир тезкор техника асрида яшаяпмиз. Чекка қишлоқда бўлган воқеалар бир зумда бутун жаҳонга интернет ижтимоий тармоғи орқали тарқалиб кетади. Айтмоқчиманки, ижтимоий тармоқ, виртуал оламнинг салбий ва ижобий томонлари бор. Ундан фойдаланиш эса ҳар кимнинг маънавиятига, оиладаги тарбиясига боғлиқ бўлиб қолди. Шундай тезкор ва глобаллашув даврида баъзи одамларимиз кўпроқ маблағ топиш, ким ўзар ҳолатларига ўтиб, фарзандлари тарбиясини иккинчи даражага қўйишмоқда.

Фарзандга тикилган сармоя эртага ўн баробар ўзига яхши бўлиб қайтишини, ўзи тушуниб етмайдиган ота-оналар ҳам афсуски, орамизда учрайди. – Қўй бугун мактабга бориб нима қиласан, ундан кўра бозорда менга ёрдам бер ёки қўй боқиб кел, ўқиб шаҳар олиб берармидинг, – дейдиганлар ҳам борлиги ачинарлидир. Болаларимизнинг ким билан дўст бўлишини билишимиз лозим. Халқимизда бир мақол бор “Қозонга яқин юрсанг, қораси юқар”. Жамиятда яхши ва ёмон инсонлар доимо бўлган ва бундан сўнг ҳам бўлади. Шунинг учун оилалардаги маънавий муҳит яхшилаб, доим фарзандларимизни ёмон жиҳатларга қарши иммунитетини шакллантириб боришимиз зарур. Виртуал оламда айниқса, қизларнинг беҳаё ҳатти-ҳаракатини кўриб ўсаётган ёшлар, эртага ким бўлади? Ёшларга нимани тақиқласангиз шуни қилишга ва кўришга ҳаракат қилади. Оилада ота-онанинг тарбияси бугун жуда ҳам муҳим. Фарзанд оилада нимани кўрса, шуни ўз ҳаётида ҳам давом эттиради. Қуш уясида кўрганини қилади.

Бугун давлатимиз раҳбари бу борада ҳам жон куйдиряптилар. Ҳар бир бола мактабни битиряптими, у иккита тилни, битта касб-ҳунарни ўргансин деб бежизга айтилмаяпти. Хорижга кетяпти на тил билади, на касби бор. Оқибатда турли оқимларга ва бузғунчи ғоялиларга қўшилиб қолмоқда. Қачонки, фарзанд тарбиясида бўшлиқ бўлса, у ёмон йўлга кириб кетиши осон бўлади. Шундай экан оилаларда бола тарбиясига ота ҳам, она ҳам бирдек масъулдир.

Куни-кеча давлатимиз раҳбари 8-март халқаро хотин-қизлар байрамидаги нутқида ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратдилар. Оналар ўз фарзандларининг тарбиясига жуда эътиборли бўлишини, мактабларга бориш, давоматини яхшилаш, ёшларнинг бандлигини таъминлаш, хорижий тилни мукаммал билиб, сертификатларни қўлга киритиш ҳақида оталарча жон куйдириб, бу асосий масала сифатида давлатнинг муҳим вазифаси эканлигини таъкидладилар.

Биз маънавий тарбия ишларини энди мутлақо янгича усулда олиб боришимиз керак. “Эзгулик шиоримиз, маърифат қуролимиз” деган ғоя асосида бу жараённи аввало оиладан, маҳалладан бошлашимиз лозим. Зотан, ҳадиси шарифда айтилганидек, “Ота-она ўз фарзандига яхши тарбиядан бошқа мерос қолдира олмайди.

Муҳтарама опа-сингилларимиз, дуогўй онахонларимизнинг масъулияти – айнан ана шу масалаларда яққол намоён бўлади. Чиндан ҳам, жондан азиз болаларимиз ҳамма ҳавас қиладиган таълим ва тарбия олса, биласизларми, жамиятимиз, ҳаётимиз қандай ўзгаради?

– Ҳал қилувчи аҳамиятга эга бу вазифани адо этишда биз аввало сиз, азизларга ишонамиз ва таянамиз, – дея таъкидлади юртбошимиз. Инсон ўзидан фақат яхши мерос қолдириши учун оилаларда фарзандлар тарбиясига эътиборли бўлишимиз керак. Шундагина болангизнинг келажагидан кўнглингиз тўқ, сиз ҳам жамият ҳам манфаатдор бўлади.

Давлатимиз раҳбари айниқса, қизлар тарбияси ва ўқишига алоҳида эътибор қаратиб, байрам табригидаги нутқида: – Бундай шароитда ижтимоий соҳалар учун бюджетдан маблағ ажратиш албатта осон бўлаётгани йўқ. Лекин, қанчалик қийин бўлмасин, биз қўшимча имконият топиб, ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, хотин-қизларимизнинг ўз салоҳиятини рўёбга чиқаришлари учун шароит яратмоқдамиз ва бу ишларимиз албатта давом эттирамиз, – деб таъкидлади. Чунки аёлларнинг, хусусан, қиз боланинг ўқиб, олий маълумотли бўлиши, касб-ҳунар эгаллаши оила бахти, фарзандлар камоли учун, шу асосда бутун жамият равнақи учун хизмат қилади. Ҳозирги кунда олийгоҳларда таълим олаётган 1 миллион 300 минг нафарга яқин талабанинг ярмидан кўпи – эътибор беринг, ярмидан кўпи, яъни, 653 минг нафардан зиёдини қизлар ташкил этмоқда. Магистратурада ўқиётган ёшларимиз орасида қизларнинг улуши янада кўп, яъни, салкам 14 минг нафарни ташкил этмоқда. Бу жами магистрантларнинг қарийб 60 фоизи деганидир. Ўтмишда буюк инсонлар ҳам яхши оилаларда ўсгани ва уларнинг тарбиясида оналарнинг ўрни муҳим бўлганлигини адабиётларда ўқиганмиз.

Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, фарзандимиз тарбияси оила учун ҳам мамлакат учун ҳам муҳим ҳисобланади. “Бир болага етти маҳалла ота-она” ҳикматли сўзлардан келиб чиқиб, бугунги ёшлар тарбиясида ҳеч кимнинг бефарқ бўлишга ҳаққи йўқ. Чунки, ёшлар келгусида жамиятни бошқаради. Келгуси авлодларга тарихимизни, маънавиятимизни безавол етказиш ҳар бир инсонинг бурчи деб биламан.

 

Мавжуда Ҳасанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш