Китоб – буюк устоз!
Китоб – буюк устоз!

 

“Билимсизлик инсоният учун энг қоронғи тундир” дейди буюк шарқ файласуфи Конфуций. Илм инсониятни юксакликка кўтарса, билимсизлик уни фақат тубанлик, жарлик сари етаклайди. Шунинг учун эртасини фаровон бўлишини ўйлаган жамият илм сари интилади, ёш авлодга билим ўргатиш, зиё тарқатиш йўлида бўлади. Бунинг синалган ва самарали усули мутолаадир.

Китобнинг инсон камолоти, дунёқараши кенгайишида тутган ўрнини бошқа ҳеч нарса босолмайди. Бугунги кунда ёшлар ўртасида китобхонликни кучайтиришга бўлган эътибор ҳар доимгидан-да юқори эканлигининг таг замирида эса келажагимиз эгаларининг илмли, маърифатли ва зукко бўлиб улғайишидек эзгу мақсад ва муддоалар мужассамдир. Юртбошимиз айтганларидек,- “Илм, изланиш бўлмаган жойда ҳеч қандай ривожланиш, юксалиш ва умуман, бирон бир соҳанинг келажаги бўлмайди”.

Ҳозирги технологиялар асрида турли гаджет, интернет ҳаётимизнинг барча жабҳасига чуқурроқ кириб келиб, ёшларнинг китоб ўқимай қўйгани, кутубхоналарга ташрифи сусайиб кетаётгани ҳақидаги фикрларни эшитиб қоламиз. Лекин ёшлар орасида кундан кунга илмли, салоҳиятли ёшлар сони ортиб бораётганлигини ҳам инкор этиб бўлмайди.

Мамлакатимизда илм-фан ва китобхонликни юксалтириш, китоблар нашр этиш ҳамда тарқатиш тизимини қўллаб қувватлаш борасида қабул қилинган ҳужжатлар ўз меваларини бера бошлади. Ёш ижодкорларнинг илк китоблари Ёзувчилар уюшмаси ҳузуридаги фонд томонидан бепул нашр этилмоқда. Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилаётган “Ёш китобхон”, “Ёш китобхон оила” республика танловлари ғолибларига енгил автомобиллар совға қилинмоқда. Бу борадаги ишлар юртдошларимиз орасида катта акс садо бериб, жамоатчиликда мутолаа маданияти юксалишига, билимга, илмга интилувчан ёшлар сафи тобора кенгайишига ҳисса қўшмоқда.

Давлатимиз раҳбари Бухоро вилоятига сафари чоғида “Заковот” интеллектуал ўйинининг финал босқичига ташриф буюриб, мазкур ўйинни аҳоли орасида кенг ёйиш борасида катта ташаббусларни илгари сурди. “Сизларнинг мана шундай жўшқинлигингиз, билимга интилишингиз учун ташаккур айтаман. Биз кейинги йилларда таълимга алоҳида эътибор қаратиб, қарорлар қабул қилганимиз, китоб ўқишни рағбатлантирганимиз натижасини бугунги ёшларда кўриб, қувонаман. Мен сизлар билан фахрланаман,” – деди Ш.М.Мирзиёев. Ҳар йили “Заковат” интеллектуал ўйинларини қўллаб қувватлаш учун 50 миллиард сўм ажратиш, ҳар бир мактабда, ҳар бир олийгоҳда “Заковат” клуби фаолиятини йўлга қўйиш, ғолиблар учун “Заковат” стипендиясини жорий қилиш белгиланди.

Китоб ўқувчиларни турли дунёлар, маданиятларни бир-бирига солиштириш, ўрганиш ва ўз нуқтаи-назарларига эга бўлишларига ёрдам бериш, ҳамдардлик ва тушунишни ривожлантириш қудратига эга. Ёш китобхонлар турли келиб чиқиши ҳар хил бўлган қаҳрамонлар иштирокидаги ҳикояларга шўнғиш орқали кенг дунёқарашни ривожлантиришлари, эмоционал зеҳнларини чархлашлари ва бошқаларга нисбатан меҳр-шафқатни кўрсатиш ҳисларини ривожлантиришлари мумкин.

Китоб ўқиш тасаввур кенгайиши, маълумот, персонажлар ва сюжетларни таҳлил қилиш, шарҳлаш ва баҳолашга ундайди, шу каби қобилиятларни шаклланишни рағбатлантиради. Ўз шахсини ривожлантириш учун керак бўлган танқидий фикрлаш қобилиятини шакллантиради. Мураккаб ҳикоялар ва хилма-хил мавзулар эса ёшларни ўша асардаги қаҳрамонларнинг нохуш фикрларини аниқлаши, сўроқ қилиши ва асосли хулосалар чиқаришига ўргатади. Таҳлилий фикрлашга ундайди.

Китоб ёшлар учун стресс, ташвиш ва кундалик ҳаёт талабларидан бироз чекиниш учун ўзининг саҳифаларида жой беради. Китоблар ҳозирги глобаллашув даврида мослашиш, янгилик яратиш, кашфиёт қилиш, ўрганиш каби хислатларнинг ўсиши, ривожланиши имкониятларини кенгайтиради.

Дарҳақиқат, китоб-буюк устоз! Зеро, биргина китоб инсон ҳаётини тубдан ўзгартириб юбориши мумкин. Яъни бахт миллионлаб китоблар ичида руҳимизга мос китоб топа олишда. Шунинг учун болаларнинг айни улғайиш пайтида мутолаага жалб қилиш уни шахс сифатида шаклланишига, ҳаётда ўз йўлини топиб, касб танлашида катта таъсир кучига эга бўлади.

 

Муқаддас Ўразалиева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш