«Ўзбекистон овози»: Ҳаёт, энг аввало, олдинга интилишдир
«Ўзбекистон овози»: Ҳаёт, энг аввало, олдинга интилишдир

 

75 йил — бир асрнинг тўртдан уч қисми. Тарих учун кичик, лекин бир инсон умри учун муҳим босқичларни босиб ўтишга етгулик муддат. Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзоси, ажойиб фахрий Михаил Ельшов умрнинг ана шундай донолик, баркамоллик даврига етибди. У билан суҳбатлашар экансиз, овозидаги босиқлик, меъёр ва самимиятни дарров сезасиз.

“Партия ва сиёсий тизимда ишлаш менинг тақдирим, деб ўйлайман. Чунки ўзим умуман бошқа соҳада ўқиб, сиёсатга анча узоқ ишларга қизиқар эдим”, дейди суҳбатдошимиз.

Радио физикани жуда ҳам яхши кўрган одам қандай қилиб партияга келиб қолди? Дастлаб шу ҳақидаги ҳикояга қулоқ тутдик.

 

Партия – менинг тақдирим

Бизнинг давримизда ҳаёт бутунлай бошқача эди. Мен аслида муҳандис бўлишни хоҳлардим. Бунга астойдил интилдим, тегишли малака олдим, университетни радио муҳандиси сифатида тамомладим, Тошкент “Фотон” электрон-техника ишлаб чиқариш заводида муҳандис сифатида иш бошладим. Бу иш менга ёқар эди. Лекин айни пайтда ижтимоий фаол бўлганман.

Бефарқ бўла олмасдим. Ҳамиша кимгадир ёрдам бериш, тушунтириш, сўраганини ўргатишни истардим. Ғояларим, фикрларимни илгари суришни ёқтирардим. Ҳозир ўйлаб қарасам, ўша даврда мен билан ўқиганларнинг деярли барчаси ана шундай хислатларга эга бўлган. Ўшанда физика, астронавтика, ядро гидрологияси, атом электр станциялари, янги элементар заррачаларни кашф қилиш соҳалар ривожидаги энг машҳур брендга айланган эди.

Шундай бўлдики, завод ёшлар ташкилотида янги лавозим жорий этилди ва уни менга таклиф қилишди. Ўша пайтдаги туманнинг иккинчи секретари Дилором Алиева келиб, завод директори билан бирга лавозимга ўтказиш таклифини айтишди. Аввалига мен оёқ тирадим, истамадим. Янги генератор устида ишлаётгандим ва у ишим амалга ошганди. Баҳоналарим ўтмади ва мен сиёсатга қадам қўйдим. Орадан кўп ўтмай Тошкент шаҳар Сергели туман комсомол қўмитаси иккинчи котиби, кейинроқ ҳарбий хизматда ҳам шу ишимни давом эттирдим. Ана шунда сиёсат бу менинг тақдирим эканини англаб етдим.

Тўғриси, бу ҳақда гапириш қанчалар тўғри, билмадим. Лекин биз энди сиёсий фаолиятга фаол кириб келаётган пайтда тузум ўзгариши ҳақидаги гаплар анча авж олган, собиқ тузум парчаланиш арафасига келиб қолган эди. “Компартия”нинг йўқ бўлиши қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида кўп тортишувлар, муҳокамалар бўлди. Қўшни давлатлардаги вазиятлар ўрганилди, Халқ демократик партиясини ташкил этиш кераклиги ҳақидаги фикрлар илгари сурилди. Бу лойиҳа ҳақидаги гаплар 1990-йилларга тегишли бўлиб, ўшанда партиянинг уставини ишлаб чиқиш жараёни бошлаб юборилди.

 

Ташаббускорлар сафида

Истиқлолга эришган давлат демократик тараққиёт йўлини танлаган эди. Ана шундай вазиятда М.Ельшов фаоллар ва ташаббускорлар сафида бўлди. Демократик давлатда биринчи сиёсий партияни ташкил қилиш, мамлакатимиз бўйлаб турли корхона ва ташкилотларда унинг фаолиятини йўлга қўйишдек машаққатли ишда бош-қош бўлди. Партиянинг устави, ғоя ва мақсадларини ишлаб чиқиш, амалиётга татбиқ этиш ва одамлар орасида тарғиботини йўлга қўйишдек масъулиятли вазифаларни амалга оширишдаги асосий иштирокчилардан бири ҳам шу инсон бўлган.

Бундан ташқари, мамлакат мустақил бўлгач, парламент сайловларини ўтказиш, бунинг учун муносиб номзодларни танлаш ва парламентни шакллантиришда муҳим ҳамда асосий миссияни Ўзбекистон Халқ демократик партияси бажарди.

Партиянинг бошланғич ташкилотларини йўлга қўйиш, уларнинг фаолиятини ташкил этиш, турли лойиҳаларни амалга ошириш, аҳоли вакиллари билан мулоқот қилиш каби қатор масалалар янги ва ёш мамлакат учун долзарб аҳамият касб этарди. Зеро, ана шу жараёнларда ғоялар ва уларнинг тарафдорлари шаклланган. Ўша пайтларда одамларни ортидан эргаштира олиш, аҳолини партия ғояларига ишонтириш осон бўлмаган.

Бугун партиянинг фахри ҳамда фахрийси бўлган М.Ельшов мураккаб вазиятда ортга чекинмади, меҳнатдан қочмади. Шу тариқа партиядошлари ҳурматини қозона олди.

 

Ҳамиша изланиш ва ўрганиш лозим

Ташкилотчилик ва ижтимоий фаоллик унинг бир умрлик йўлдоши бўлди. Масалан, ўтган асрнинг тўқсон бешинчи ва тўқсон олтинчи йилларида 18-мактабда ўқиётган қизининг синфида ота-оналар фондини ташкил қилади. Йиғилаётган маблағлар қандай сарфланаётгани, нимага сарфланиши билан ҳам қизиқиб боради. Ўзи тўқ бўлган оилалар пул жамғариб, мактабга ёрдам қилиш, таълимни ривожлантиришдаги жараёнлардан бироз олдинроқ бўлиш истагида бу ишларни амалга оширади. Ота-оналар мактабни қўллаб-қувватлаш учун фондни молиялаштиради. Мақсадимиз у ердан пул қилиб, бойлик орттириш эмас, мактабга чин кўнгилдан кўмаклашиш эди.

 

Меҳнатдан кўрқмайдиган инсон

1990-йилларнинг иккинчи ярми, 97-98-йилларнинг охирида Ўзбекистонни ҳам молиявий, иқтисодий инқироз тўлқини қамраб олади. Инқироз муқаррар эди. Чунки Ўзбекистон иқтисодиёти бошқа давлатлар билан чамбарчас боғлиқ бўлган ва бу алоқалар узилган эди. Ўша даврлар ҳамма қатори Михаил Ельшов ва унинг оиласи учун ҳам синовли йиллар сифатида тақдирига муҳрланади. Унинг сўзларига қараганда ўша пайтларда икки баробар ишлашга тўғри келган. Бироқ қўшимча меҳнат қилиш ҳеч қачон уни қўрқитмайди, меҳнатдан асло қочмайди.

Айтиш керакки, қаҳрамонимиз бугун ҳам ишда, қўшимча лойиҳалар билан шуғулланади. Хоҳлаймизми-йўқми – инсонлар икки гуруҳга бўлинади: етакчилик фазилатларига эга бўлган ва эга бўлмаганлар. Бундан муаммо ясаш керак эмас. Чунки ҳамма лидерлик қилган, ўзича фаол бўлган жамиятда ўсиш қийин бўлади.

Михаил Ельшов қобилият эгаларидан бўлиб, бугун ҳам ташкилотчилик билан шуғулланиб келади. Ўз ташаббуси билан “Партия фаоли маҳаллада” лойиҳасини ишга туширган ва телеграм ижтимоий тармоғида алоҳида канал очган. Айни пайтда амалга оширилаётган уй-жой коммунал соҳа тизимидаги ислоҳотларнинг тўғри бажарилишига бош-қош бўлади. Бу эса унинг функционал вазифаларини амалга оширишда қўл келмоқда. Гап шундаки, маҳалладагилар вазиятидан келиб чиқиб, одамларни нима ташавишга соляпти, оғриқли нуқталари қаерда эканини яхши билади. Ўрганишлари партия дастурий мақсадлари ва ғояларини тайёрлашда муҳим восита бўлмоқда.

 

Жонли энциклопедия

М.Ельшовни яхши билган инсонлар суҳбатида бўларкансиз, унинг ҳамиша ёрдамга шайлигини айтишади. Унинг узоқ йиллик самарали меҳнати, ҳар доим ёшларга партия ишини тушунтиришда кўрсатган фаоллиги, садоқатини эътироф этишади.

Партиямиз сафидагиларнинг аксарияти уни ўзига устоз, деб билади. Ундаги билим, тажриба ва маҳорат ҳали узоқ йиллар ёшларга ўрнак бўлишда давом этишига умид билдиришади. Ишхонадагилар ташкилотига садоқат билан хизмат қилиш бўйича унинг намунаси, ибратини алоҳида эътироф этишади. Фидойи инсонга, унинг ғайрати, ёшига нисбатан анча тетик эканига ҳавас билан қарайдиганлар талайгина.

Бунинг сири эса унинг ҳаётга берган қуйидаги таърифида мужассам: “Ҳаёт, энг аввало, олдинга интилишдир. Чунки инсон олдинга интилиш қобилиятини йўқотса, у ақлли мавжудот сифатида, аввало, мавжуд бўлиш инстинктини тўхтатади. Бундай қобилиятларни йўқотиш - ҳаётда тўғри йўналишни йўқотиш демакдир. Ҳаёт - бу ҳаракатдир”.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

журналист.

«Ўзбекистон овози», 3.04.2023, №14

 

 

 

 

 

 

Теглар

Фахрий
← Рўйхатга қайтиш