Жорий йил 22 декабрь куни мамлакатимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловлар муносабати билан эълон қилинган сайлов кампанияси энг муҳим, энг қизғин палласига яқинлашмоқда. Ўзбекистон Халқ демократик партияси бу йилги сайловга ўзгача шижоат, кўтаринки кайфият, энг муҳими, аниқ ғоя ва мақсадлар билан кириб бормоқда.
2019 йил 28 октябрь куни пойтахтимиздаги “International hotel Tashkent” меҳмонхонасининг муҳташам Амир Темур залида Халқ демократик партиясининг қурултойи бўлиб ўтди.
Партия Марказий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, Қорақалпоғистон Республика, вилоятлар ва Тошкент шаҳар партия ташкилотларидан кўрсатилган делегатлар, партиянинг республика миқёсидаги фаоллари, хайрихоҳлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этган қурултойда партиянинг бу йилги сайловда иштироки билан боғлиқ муҳим масалалар муҳокама этилди.
Қурултойда дастлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловларда партиянинг муносиб иштирокини таъминлаш вазифалари тўғрисида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов маъруза қилди.
Бу йилги сайлов кампанияси халқимизнинг кайфияти ва ислоҳотларга ишончи ортган, бутунлай янгича муҳитда ўтмоқда. Янги Ўзбекистон янги сайловларга кириб боряпти. Халқимиз, сайловчилар сиёсий партиялардан амалий натижа, қатъий таклиф ва ташаббуслар кутяпти. Ўзбекистон Халқ демократик партияси бу жараёнда юксак масъулиятни зиммасига олиб, сайлов кампаниясига киришган, деди партия етакчиси.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг 2015-2019 йиллардаги фаолияти юзасидан тайёрланган ҳисоботлари қурултойда атрофлича муҳокама этилди.
Ҳисобот даврида устувор дастурий мақсад-вазифалардан келиб чиқиб, партия фракцияси аъзолари 500 дан ортиқ қонун ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлашда фаол иштирок этган. Шунингдек, партия фракциясининг ташаббуси билан Ҳукумат вакилларининг 50 дан ортиқ ҳисобот ва ахборотлари эшитилган.
Партия фракцияси аъзолари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида сайловчилар билан 10 мингдан ортиқ учрашув ўтказган, уларда 800 мингдан ортиқ аҳоли вакиллари билан мулоқот олиб борилган. Жараёнда аҳолини ўйлантираётган 50 мингдан ортиқ масала аниқланиб, уларнинг 45 мингдан ортиғи ваколатли органлар ёрдамида ижобий ҳал этилган. 5 мингга яқин мурожаатнинг ечими бўйича мутасадди идоралар ва партия ташкилотлари билан биргаликда иш олиб борилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари томонидан ҳисобот даврида жами 3 243 та масала ва муаммо ўрганилган. Шундан 2 266 та масала доимий комиссияларга, 1 407 та масала сессияларга олиб чиқилиб, ижро ҳокимияти идораларига олдига аниқ вазифалар белгиланишига эришилган.
Шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига 22 531 та масала бўйича депутатлик сўровлари юборилиб, 17 675 та масала ижобий ҳал этилган.
Партия кенгашлари қошида фаолият юритаётган 214 та Жамоатчилик қабулхонасига республика бўйича жами 64 288 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатларнинг 40 412 таси ёки 63 фоизи ижобий ҳал этилган. Қолган мурожаатлар назоратга олинган.
Жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра Халқ демократик партияси аъзолари сони 496 396 нафар. Аъзоларнинг ўтган 5 йилликдаги табиий ўсиши 101 439 нафарни ташкил қилмоқда. Хусусан, аёллар 64 389 нафарга, ёшлар 63 667 нафарга кўпайган.
Қурултойда партия Марказий Кенгаши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси фаолияти ҳақидаги ҳисоботлар чуқур ва танқидий-таҳлилий муҳокама этилди.
Шундан сўнг қурултойда Халқ демократик партиясининг бу йилги сайловда иштироки билан боғлиқ энг муҳим масалалар кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга сайловлар муносабати билан Сайловолди дастури делегатлар эътиборига тақдим этилди.
Партия Сайловолди дастурига учта ғоя умумий асос сифатида олинган. Булар – ижтимоий тенглик ва адолат, ижтимоий бирдамлик, ижтимоий демократия.
Алоҳида жиҳати шундаки, партия Сайловолди дастури янгича ёндашув бўйича “пирамида” шаклида ишлаб чиқилган. Яъни, ҳудудларга хос энг муҳим масалаларни белгилаб олиш, келажакда депутатлик бирлашмалари орқали амалий ва аниқ натижаларга эришиш учун қуйидан юқорига, “округ – туман (шаҳар) – вилоят – республика” тартибига амал қилинади.
Партиянинг янги Сайловолди дастурида халқимизни ўйлантириб келаётган кўплаб долзарб масалалар ечими бўйича янги ва қатъий ташаббуслар ўрин олган. Хусусан, дастурда миллионлаб юртдошларимизнинг кундалик турмушини яхшилаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини амалда таъминлаш учун “Яшаш минимуми”, “Истеъмол саватчаси”, “Давлат минимал ижтимоий стандартлари” тўғрисидаги қонунларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббуси илгари сурилган.
Шунингдек, дастурда аҳолининг кам таъминланган қатламлари, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахсларнинг турмуш даражасини ошириш, кундалик истеъмол товар ва хизматлар нархларининг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш, тиббий хизмат сифатини ошириш, шифокорлар, ўқитувчи ва педагогларнинг ҳимоясини кучайтириш, қишлоқ одамларининг яшаш шароитини яхшилаш бўйича аниқ вазифалар белгиланган.
Партиянинг устувор мақсад ва ғоялари ҳамда ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли манфаатлари ҳимояси билан боғлиқ таклифлар жой олганини ҳисобга олиб, қурултой делегатлари Халқ демократик партиясининг янги Сайловолди дастурини тасдиқлади.
Сайловда ҳар бир сиёсий партия сайловчилар, аввало, халқ олдида ўта масъулиятли имтиҳондан ўтади. Айниқса, бу йилги сайловлардан халқимизнинг умиди катта. Парламент депутатлигига интилаётган номзодларга ҳам талаб жуда юқори.
Шунинг учун Халқ демократик партияси парламент қуйи палатаси депутатлигига номзодлар илгари суриш масаласига улкан масъулият билан ёндошди.
Қурултойда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги масала муҳокамага қўйилиб, ҳар бир округдан илгари сурилаётган номзодлар ҳақидаги маълумотлар бирма-бир ўқиб эшиттирилди.
Халқ демократик партияси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайлов учун ташкил этилган 150 та округдан 150 нафар номзодини илгари сурди. Делегатлар барча номзоднинг партия номидан сайловда депутатликка номзод бўлишини қўллаб-қувватлади.
Шундай қилиб, қурултойда Халқ демократик партиясининг янги Сайловолди дастури ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига 150 нафар номзоди тасдиқланди.
Қурултойда партия фаолияти билан боғлиқ бошқа ташкилий масалалар ҳам белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши
Ахборот хизмати