“Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси
“Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси

 

 

Лойиҳа

 

Ўзбекистон Республикасининг

Қонуни

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида

 

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади ва қўлланилиш соҳаси

Ушбу Қонуннинг мақсади кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ушбу Қонун кўчмас мулкнинг қуйидаги турларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишга нисбатан қўлланилади:

ер участкалари;

бинолар, иншоотлар, шу жумладан қурилиши тугалланмаган объектлар;

кўп йиллик дов-дарахтлар;

мулкий комплекс сифатида бутун корхоналар.

Ушбу Қонун ер қаъридан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.

2-модда. Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги қонунчилик

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

автомобиль сақлаш ўрни – автомототранспорт воситасини жойлаштириш учун мўлжалланган ва юридик ёки жисмоний шахсга тегишли бўлган, ушбу Қонунга мувофиқ кўчмас мулк сифатида давлат рўйхатидан ўтган капитал қурилманинг (бинолар, иншоотлар, шу жумладан, автотураргоҳнинг) бир қисми;

авторизация қилинган воситачилар – кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказувчи орган (бундан буён матнда рўйхатдан ўтказувчи орган деб юритилади) билан электрон ахборот алмашув воситасида жисмоний ва юридик шахсларга кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестридан маълумотлар ва ҳужжатларни тақдим қилиш билан боғлиқ хизматларни кўрсатувчи, рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан авторизация қилинган шахс;

Апелляция комиссияси – Комиссиянинг қароридан норози бўлган манфаатдор шахс ёки кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказувчи (бундан буён матнда рўйхатдан ўтказувчи деб юритилади) томонидан берилган мурожаатларни кўриб чиқувчи коллегиал орган;

ариза берувчи – кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ эгаси, бундай ҳуқуқ олувчи ёки кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилаётганда бундан манфаатдор бўлган бошқа шахслар;

ариза берувчининг ваколатли вакили – ариза берувчининг номидан ишончнома, қонунчилик ҳужжатлари ёки суднинг қарори асосида кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақида ариза берадиган
ва ушбу жараён билан боғлиқ бошқа ҳаракатларни амалга оширадиган шахс;

бино – функционал мақсадига қараб одамлар яшаши ёки бўлишига
ва ҳар хил турдаги ишлаб чиқариш жараёнларини бажаришга мўлжалланган, таянч, тўсма ёки ҳар иккала мақсадга хизмат қилувчи конструкциялардан иборат қурилиш тизими;

ер участкаси – ер фондининг қайд этилган чегарага, майдонга, жойлашиш манзилига, ҳуқуқий режимга ҳамда давлат ер кадастрида акс эттириладиган бошқа хусусиятларига эга бўлган қисми;

идентификация қилиш маълумотлари – жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, ойи, йили, шахсий идентификация рақами, фуқаролиги, яшаш жойи, шунингдек, юридик шахс ёхуд якка тартибдаги тадбиркорнинг давлат рўйхатидан ўтказилган рақами
ва санаси, ойи, йили, унинг тўлиқ номи, якка тартибдаги тадбиркорнинг туғилган санаси, ойи, йили, солиқ тўловчи – юридик шахс ёхуд якка тартибдаги тадбиркорнинг идентификация рақами, юридик шахс жойлашган ери (почта манзили) ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг яшаш жойидан иборат маълумотлар тизими;

изоляцияланган хона – капитал қурилманинг (бинонинг, иншоотнинг) бошқа туташган қисмларидан пардеворлар, деворлар, тўсиқлар билан ажратилган, қўшимча хоналардан (вестибюл, йўлак, айвон, зинапоялар ёки майдончалари, лифт майдончалари ва ҳ.к.) ёки сервитут ўрнатиш орқали унинг умумий фойдаланиш ҳудудидан (бино атрофидаги ҳудуддан, кўчадан ва ҳ.к.) бевосита ёки бошқа хоналар орқали мустақил кириш жойига эга бўлган ички бўшлиқ қисми, бино ичидаги жойлашган жойи, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрида ундан фойдаланиш мақсади кўрсатилган майдони;

иншоот – ҳар хил турдаги ишлаб чиқариш жараёнларини бажариш, моддий қимматликларни жойлаштириш ва сақлаш, одамларнинг вақтинча бўлиши (ҳаракатланиши), шунингдек ускуналар ёки коммуникацияларни жойлаштириш (ўтказиш, улаш) учун мўлжалланган, таянч, тўсма ёки ҳар иккала мақсадга хизмат қилувчи конструкциялардан иборат ҳажмий, ясси ёки чизиқ тарзидаги қурилиш тизими;

ипотека – мулкни кредиторга эгалик қилиш учун топширмасдан, мажбуриятни таъминлаш шарти билан кўчмас мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни гаровга қўйиш;

кадастр йиғмажилди – объектнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни шакллантириш, ҳисобга олиш ва кейинчалик давлат рўйхатидан ўтказиш учун зарур бўлган кадастр суратига олиш, техник хатловдан ўтказиш
ва паспортлаштиришнинг, махсус текшириш ва изланишларнинг, сифат
ва қиймат жиҳатидан баҳолашнинг ҳужжатлари, материаллари
ва маълумотлари жамламаси;

кадастр паспорти – кўчмас мулк объекти ва объектнинг кадастр рақами ҳақида умумий маълумотларни ўз ичига олган электрон ҳужжат;

кадастр рақами – кўчмас мулкни шакллантиришда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бериладиган ва давлат рўйхатидан ўтказилган кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқнинг ягона объекти сифатида мавжуд бўлиши даврида сақлаб қолинадиган ер участкаси, бино ва иншоотнинг ўзига хос, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида такрорланмайдиган алоҳида рақам;

Комиссия – кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда юзага келадиган низоларни судгача ҳал қилиш комиссияси;

кўчмас мулк – ер участкалари, бинолар, иншоотлар, шу жумладан,
қурилиши тугалланмаган объектлар, кўп йиллик дов-дарахтлар ва мулкий комплекс сифатида бутун корхоналар;

кўчмас мулк ҳақида тузилган битимлар (бундан буён матнда битимлар деб юритилади) – жисмоний ва юридик шахсларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлари вужудга келишига, ўзгартиришига, чекланишига ёки бекор қилинишига (бошқа шахсга ўтказиш, ипотекага қўйиш, узоқ муддатли ижарага олиш, меросни қабул қилиш ва бошқалар) қаратилган ҳаракатлари;

кўчмас мулкни техник хатловдан ўтказиш – кўчмас мулкни асли ҳолида текшириш натижалари асосида унинг мавжудлиги, жойлашган ери, таркиби, ўлчов асосида майдони ва бошқа тавсифлари, ҳолати, қиймати тўғрисидаги маълумотларни тўплаш, белгилаш ва қайта ишлов бериш;

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни бирламчи давлат рўйхатидан ўтказиш – кўчмас мулкни вужудга келиши (шакллантирилиши) жараёнида, шунингдек, мавжуд бўлган (шакллантирилган), аммо уларга бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилмаган кўчмас мулкларга бўлган ҳуқуқлар ҳақидаги биринчи ёзувни кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрига киритиш;

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш – юридик ва жисмоний шахсларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларини вужудга келиши, бошқа шахсга ўтиши (бегоналаштирилиши), чекланиши ва бекор бўлиши фактини давлат томонидан эътироф этиш (бундан буён матнда давлат рўйхатидан ўтказиш деб юритилади);

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг чекланиши (юкланиши) (бундан буён матнда чекланиш деб юритилади) – битимлар, қонунчилик ҳужжатлари ёки ваколатли орган томонидан ўрнатиладиган, мазкур кўчмас мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва тасарруф этиш имконини чеклайдиган шартлар, шунингдек, кўчмас мулкнинг мулкдори бўлмаган шахсларнинг (ипотекага олувчилар, ижарачилар, кредиторлар
ва бошқаларнинг) ушбу кўчмас мулкка бўлган мулкий ҳуқуқлари;

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестри (бундан буён матнда реестр деб юритилади) – кўчмас мулклар, уларга бўлган ҳуқуқлар, шунингдек, ҳуқуқ эгалари ҳақидаги маълумотларнинг электрон базаси шаклидаги тизимлаштирилган маълумотлар тўплами;

рўйхатдан ўтказиш иши – кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш маълумотларининг электрон жамланмаси;

рўйхатдан ўтказиш ҳудуди – Ўзбекистон Республикаси ҳудудининг битта ёки бир нечта маъмурий-ҳудудий бирлиги чегарасидаги бир қисми бўлиб, тегишли рўйхатдан ўтказувчи орган ўз фаолиятини ушбу ҳудуд доирасида олиб боради;

рўйхатдан ўтказувчи – кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва у билан боғлиқ ҳаракатларни амалга оширувчи рўйхатдан ўтказувчи органнинг мансабдор шахси;

сервитут – ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқи;

техник тусга эга бўлмаган хато – тузатилиши кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар юзага келиши, уларнинг чекланишига, бошқа шахсга ўтиб кетиши ёки бекор бўлишига ёхуд манфаатдор шахсларнинг ҳуқуқларига зарар етказилишига олиб келадиган реестрдаги хато (бошқа ҳуқуқ эгасини, бошқа ҳуқуқ тури, ҳуқуқнинг чекланиши номини адаштириб кўрсатиш, умумий мулкдаги улушлар миқдорини бузиб кўрсатишлар);

техник хато – давлат рўйхатидан ўтказилган ҳуқуқнинг ўзгаришига олиб келмайдиган реестрдаги хато (сўзлардаги хатолар,
сўзларнинг, рақамларнинг тушиб қолиши, арифметик ҳисоб-китоблардаги хатолар) бўлиб, уни тузатиш кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг вужудга келиши, бошқа шахсга ўтиб кетиши, чекланиши ёки бекор бўлишига олиб келмайди;

қурилиши тугалланмаган объектлар – қурилиши белгиланган тартибда ажратилган ер участкасида тасдиқланган лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ бошланган, лекин белгиланган кунида тугалланмаган ёки қурилиши тугалланган, аммо қурилиши (реконструкцияси) тугалланган бинолар
ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси асосида фойдаланишга қабул қилинмаган бино ва иншоотлар;

ҳуқуқ эгаси – кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқнинг ушбу Қонунга мувофиқ давлат рўйхатидан ўтказилиши асосида унга бўлган ҳуқуққа эга юридик
ва жисмоний шахс;

ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатлар – кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг вужудга келиши, бошқа шахсга ўтиши (бегоналаштирилиши), чекланиши ва бекор бўлишини белгиловчи ҳужжатлар.

4-модда. Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишнинг асосий принциплари

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш мажбурийлиги;

қонунийлик;

муқаддам давлат рўйхатидан ўтказилган ҳуқуқларнинг устуворлиги;

ошкоралик ва ишончлилик;

таққослаш ва мослик.

5-модда. Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш мажбурийлиги принципи

Кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар, уларнинг вужудга келиши, бошқа шахсларга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлиши давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳуқуқ эгалари ва манфаатдор шахслар учун мажбурийдир.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг вужудга келиши, бошқа шахсларга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлишини назарда тутувчи ҳужжатлар ушбу кўчмас мулк тўғрисидаги маълумотлар реестрга киритилгандан сўнг кучга киради.

6-модда. Қонунийлик принципи

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Давлат кадастрлари палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари, ариза берувчи, ариза берувчининг ваколатли вакили ҳамда авторизация қилинган воситачилар кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ушбу Қонун
ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига оғишмай риоя этиши ҳамда уларни бажариши шарт.

7-модда. Муқаддам давлат рўйхатидан ўтказилган ҳуқуқларнинг устуворлиги принципи

Давлат рўйхатидан ўтказишда рўйхатдан ўтказувчи органда биринчи бўлиб давлат рўйхатидан ўтказилган ҳуқуқ устувор ҳисобланади.

8-модда. Ошкоралик ва ишончлилик принципи

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш натижалари очиқ ва ошкора бўлиши лозим, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустано, реестрда келтирилган маълумотлар ишончли ҳисобланади.

9-модда. Таққослаш ва мослик принципи

Реестр маълумотлари бошқа давлат регистрлари, кадастрлар, реестрлар ва бошқа ахборот ресурсларида мавжуд бўлган маълумотлар билан таққосланиши ва мос келиши шарт.

10-модда. Давлат рўйхатидан ўтказиладиган ҳуқуқлар

Қуйидаги ҳуқуқлар, шу жумладан, битимлар асосида вужудга келадиган кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар ва чекловлар давлат рўйхатидан ўтказилади:

мулк ҳуқуқи;

доимий эгалик қилиш ҳуқуқи;

доимий фойдаланиш ҳуқуқи;

мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи;

узоқ муддатли ижара ҳуқуқи;

узоқ муддатли иккиламчи ижара ҳуқуқи;

хўжалик юритиш ҳуқуқи;

оператив бошқариш ҳуқуқи;

кўчмас мулкни ишончли бошқариш ҳуқуқи;

рента;

ипотека;

сервитут;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари асосида келиб чиқадиган ёки ваколатли давлат органлари томонидан белгиланган чекланишлари.

11-модда. Давлат рўйхатидан ўтказишнинг кетма-кетлиги

Бинолар, иншоотлар, шунингдек, қурилиши тугалланмаган объектга бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш ушбу мулк жойлашган
ер участкасига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилмагунга қадар амалга оширилмайди.

Бинонинг бир қисмига (квартирага, хонага) бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш улар жойлашган бинога бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилмагунга қадар амалга оширилмайди.

Мулкий комплекс сифатида бутун корхонани давлат рўйхатидан ўтказиш ушбу корхона таркибига киритилаётган ер участкалари, бино
ва иншоотларга бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилмагунга қадар амалга оширилмайди.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқнинг бошқа шахсларга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлишини давлат рўйхатидан ўтказиш тегишли ҳуқуқнинг вужудга келиши давлат рўйхатидан ўтказилмагунга қадар амалга оширилмайди.

12-модда. Давлат рўйхатидан ўтказишни бекор қилиш

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат рўйхатидан ўтказилиши Комиссиянинг қарори билан, ариза берувчи унинг қароридан норози бўлган тақдирда эса, Апелляция комиссиясининг қарори билан бекор қилиниши мумкин.

Ариза берувчи Комиссия ва Апелляция комиссиясининг қарорларидан норози бўлган тақдирда, низолар суд тартибида кўриб чиқилади.

Судлар томонидан кўриб чиқилган ёки кўриб чиқилаётган низоларни Комиссия такроран кўриб чиқмайди.

2-боб. Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасида давлат бошқаруви

13-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси:

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасида ягона давлат сиёсатини белгилайди;

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасида устувор ривожланиш йўналишларини белгилайди;

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун тўловлар миқдорларини белгилайди;

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилганлигини тасдиқловчи реестрдан кўчирма шаклларини тасдиқлайди;

рўйхатдан ўтказувчилар малакасини ошириш ва уларни аттестациядан ўтказиш тартибини белгилайди;

кадастр рақамларини бериш тартибини ўрнатади;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кўчмас мулк манзилларини бериш, ўзгартириш, мавжудлигини бекор қилишнинг ягона тартибини белгилайди;

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда юзага келадиган низоларни судгача ҳал қилиш тартибини белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

14-модда. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги (бундан буён матнда махсус ваколатли орган деб юритилади) кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасидаги махсус ваколатли орган ҳисобланади.

Махсус ваколатли орган:

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

ўз ваколати доирасида кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ва қабул қилади;

рўйхатдан ўтказувчи органларга умумий раҳбарлик қилади, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради ва назорат қилади;

рўйхатдан ўтказувчи органлар ҳисобдорлиги қоидалари ва тартибини белгилайди;

кўчмас мулкни техник хатловдан ўтказишни тайинлашга асосларни
ва тартибини белгилайди;

кўчмас мулкни техник хатловдан ўтказиш ва тавсифларини текшириш тартибини тасдиқлайди;

устун мавқега эга бўлмаган кадастр иш турлари бўйича базавий тарифларни белгилайди;

бош рўйхатдан ўтказувчи, рўйхатдан ўтказувчи (рўйхатдан ўтказувчи ёрдамчиси) лавозимига танлов ўтказиш тартибини белгилайди;

реестрдан ахборот бериш, реестрга тузатишлар киритиш, ундаги ёзувни бекор қилиш ҳақидаги хабарномалар шаклларини тасдиқлайди;

давлат рўйхатидан ўтказишга оид ҳаракатларни мониторинг қилиш тартибини белгилайди;

рўйхатдан ўтказувчининг касб этикаси қоидаларини тасдиқлайди;

давлат рўйхатидан ўтказувчи ташкилотларга авторизация қилинган воситачи сифатида фаолиятни амалга ошириш мақсади ҳақидаги хабарномаларни, давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этилган электрон ҳужжатлар, қоғоздаги ҳужжатларнинг электрон нусхаларини юбориш тартибини ўрнатади.

Махсус ваколатли орган қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

15-модда. Махсус ваколатли органнинг Давлат кадастрлари палатаси ва унинг ҳудудий бошқармаларининг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасидаги ваколатлари

Махсус ваколатли органнинг Давлат кадастрлари палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган ҳисобланади.

Рўйхатдан ўтказувчи орган:

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни ташкил қилади ва амалга оширади;

рўйхатдан ўтказувчи орган ҳудудий бошқармаларнинг давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича, шу жумладан, реестрни яратиш ва юритиш билан боғлиқ фаолиятини мувофиқлаштиради;

реестрни юритади, ундан рухсатсиз фойдаланилиши, ўғирланиши ва йўқ қилинишидан ҳимояланишини таъминлайди;

ҳудудий бошқармаларининг давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича
иш юритиш қоидаларини тасдиқлайди;

рўйхатдан ўтказувчи органларнинг бош рўйхатдан ўтказувчи, рўйхатдан ўтказувчи (рўйхатдан ўтказувчи ёрдамчиси) лавозимини эгаллаш учун танлов ўтказади, рўйхатдан ўтказувчилар реестрини юритади;

рўйхатдан ўтказувчиларга кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллаш тартиби бўйича тушунтиришлар беради ва тавсиявий услубий кўрсатмаларни ишлаб чиқади ҳамда услубий ёрдам кўрсатади;

жисмоний ва юридик шахсларнинг рўйхатдан ўтказувчи органлар мансабдор шахсларига нисбатан мурожаатларни кўриб чиқади;

давлат рўйхатидан ўтказишга оид ҳаракатлар мониторингини олиб боради;

давлат рўйхатидан ўтказишга оид ҳаракатлар мониторинги натижаси бўйича қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилмаган ҳолатлар юзасидан Комиссияга, Комиссиянинг қароридан норози бўлган тақдирда
эса Апелляция комиссиясига мурожаат қилади;

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича маълумотларни тўплайди, таҳлил қилади ва умумлаштиради;

реестрнинг жамланма кўрсаткичларини тўплаш, таҳлил қилиш, умумлаштириш ва ҳар йили оммавий ахборот воситаларида нашр қилишни амалга оширади.

Рўйхатдан ўтказувчи орган қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Рўйхатдан ўтказувчи орган ўз фаолиятида махсус ваколатли органга бўйсунади ва унга ҳисобот беради.

16-модда. Авторизация қилинган воситачи

Авторизация қилинган воситачи рўйхатдан ўтказувчи орган билан электрон ахборот алмашув воситасида жисмоний ва юридик шахсларга кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ хизматларни кўрсатади.

Қуйидагилар авторизация қилинган воситачи бўлиши мумкин:

давлат хизматлари марказлари;

нотариал идоралар;

риэлторлик ташкилотлари;

тижорат банклари;

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари билан бошқа юридик ва жисмоний шахслар ҳам авторизация қилинган воситачилар сифатида белгиланиши мумкин.

Авторизация қилинган воситачи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат рўйхатидан ўтказиш, реестрдан маълумотлар ва ҳужжатлар тақдим этиш ҳақида аризалар тузиш;

жисмоний ёки юридик шахслардан давлат рўйхатидан ўтказиш, тузатишлар киритиш, реестрдан маълумотлар ва ҳужжатларни тақдим этишни амалга ошириш учун ҳужжатларни кейинчалик уларни рўйхатдан ўтказувчи органга юбориш учун қабул қилиш;

ўзига тақдим этилган қоғоз шаклидаги ҳужжатларнинг электрон нусхаларини тайёрлаш;

электрон ҳужжатлар ва ахборотни рўйхатдан ўтказувчи органга юбориш.

Авторизация қилинган воситачилар рўйхатдан ўтказувчи органга юбориладиган электрон ҳужжатлар ва ахборотнинг ҳаққонийлиги учун жавоб берадилар.

3-боб. Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича фаолиятни ташкил қилиш

17-модда. Рўйхатдан ўтказувчи органни молиялаштириш манбалари

Кўчмас мулкларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланадиган миқдорда тўлов ундирилади.

Рўйхатдан ўтказувчи органнинг фаолияти кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, маълумот бериш ва шу билан боғлиқ ҳаракатларни амалга ошириш учун тўловлар тарзида тушадиган маблағлар ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

18-модда. Бош рўйхатдан ўтказувчи ва рўйхатдан ўтказувчилар

Бош рўйхатдан ўтказувчи лавозимига рўйхатдан ўтказувчи бўлиш учун аттестациядан ўтган, олий маълумотга ҳамда давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ ишларни амалга оширишда етти йилдан кам бўлмаган меҳнат стажига эга Ўзбекистон Республикасининг фуқароси тайинланиши мумкин.

Рўйхатдан ўтказувчи лавозимига аттестациядан ўтган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси тайинланади. Рўйхатдан ўтказувчи олий маълумотга ҳамда давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ ишларни амалга оширишда уч йилдан кам бўлмаган меҳнат стажига эга бўлиши лозим.

Бош рўйхатдан ўтказувчи ва рўйхатдан ўтказувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат рўйхатидан ўтказишни амалга ошириш учун тақдим этилган ҳужжатларни ушбу Қонунда белгиланган тартибда қабул қилиш;

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатларни уларнинг ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини аниқлаш мақсадида таҳлил қилиш;

ҳужжатларни кадастр йиғмажилдига киритиш;

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, давлат рўйхатидан ўтказишни тўхтатиб туриш ёки давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ҳақида қарорлар қабул қилиш;

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг вужудга келиши, бошқа шахсга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлишини давлат рўйхатидан ўтказишни, шунингдек, кўчмас мулк билан боғлиқ битимларни давлат рўйхатидан ўтказишни реестрга ёзув киритиш йўли билан амалга ошириш;

ушбу Қонуннинг 25-моддасига мувофиқ реестрга киритилган ёзувларни бекор қилиш.

Бош рўйхатдан ўтказувчи ва рўйхатдан ўтказувчи кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида:

мазкур кўчмас мулкка тегишли аризани ва кадастр ҳужжатларини ўрганади, уларни реестрда мавжуд ахборот ва маълумотлар билан солиштиради;

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ёки бошқа ашёвий ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш учун асослар мавжудлигини аниқлайди;

ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда – кўчмас мулкка умумий улушли мулкка эгалик қилиш ҳуқуқига эга бўлган иштирокчиларининг сонини
ва уларнинг улушлари миқдорларини аниқлайди;

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишга тўсқинлик қилувчи омилларни, ушбу кўчмас мулк гаровга қўйилган ҳолларни ёки бошқа шахсга ўтиши учун тўсқинлик қиладиган чекланиш мавжудлигини реестрдаги маълумотлар орқали аниқлайди;

реестрда худди шу кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш учун бошқа шахслардан мурожаатлар бор ёки йўқлигини аниқлайди.

Рўйхатдан ўтказувчи лавозимга тайинланишидан олдин ҳамда ҳар
уч йилда камида бир марта аттестациядан ўтиши шарт.

Рўйхатдан ўтказувчи танлов натижасига кўра рўйхатдан ўтказувчи органнинг раҳбари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.

19-модда. Рўйхатдан ўтказувчининг мустақиллиги

Рўйхатдан ўтказувчи ўз фаолиятида ушбу Қонунга ва бошқа қонунчилик ҳужжатлар талабларига риоя қилади.

Рўйхатдан ўтказувчи:

давлат рўйхатидан ўтказиш натижаларидан ўзи мулкий ёки бошқа шаклда шахсий манфаатдор бўлса;

ўз номига ва ўз номидан, хотини (эри) номига ҳамда унинг номидан, хотинининг (эрининг) ва ўзининг қариндошлари (ота-онаси, фарзандлари, неваралари, бобо, бувиси, ака-укалари ва опа-сингиллари), улар билан васийлик ва ҳомийлик туфайли боғланган шахслар номига ҳамда уларнинг номидан давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ хатти-ҳаракатларни амалга оширишга ҳақли эмас.

Рўйхатдан ўтказувчи:

шахсан ёки воситачилар орқали тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, шунингдек, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ масалалар бўйича учинчи шахсларнинг ишончли вакили бўлишга;

ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб жисмоний ва юридик шахсларга ҳар қандай тарзда кўмаклашишга, воситачилик қилишга ва бунинг учун ҳақ олишга ҳақли эмас.

4-боб. Реестр

20-модда. Реестрнинг мазмуни ва уни юритиш

Реестрга қуйидаги маълумотлар киритилади:

реестрнинг тартиб рақами;

ҳуқуқ эгаси бўлган юридик шахснинг номи ёки жисмоний шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми;

ҳуқуқ эгасининг улуши;

ер участкасининг кадастр рақами, майдони, жойлашган жойи, ҳуқуқ тури, кадастр қиймати;

ер участкасига бўлган ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатлар;

ер участкасидан фойдаланиш мақсади;

ер участкасига бўлган ҳуқуқларнинг чекланиши;

сервитутлар;

бинолар ва иншоотларнинг рўйхати, кўп йиллик дов-дарахтлар турлари;

бино ва иншоотнинг кадастр рақами, майдонлари, ҳуқуқ тури ва кадастр қиймати;

бино, иншоот ва кўп йиллик дов-дарахтларга бўлган ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатлар;

бино, иншоот ва кўп йиллик дов-дарахтларга бўлган ҳуқуқларнинг чекланиши;

ипотека ҳақида маълумотлар;

мулкий комплекс сифатида бутун корхонанинг фаолияти учун мўлжалланган ҳамма мулк турлари, шу жумладан ер участкалари, бинолар, иншоотлар, ускуна, инвентар, хом ашё, маҳсулот, талаб қилиш ҳуқуқи, қарзлар, шунингдек корхонани, унинг маҳсулоти, ишлари ва хизматларини акс эттирувчи хусусий аломатларга (фирма номи, товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари) бўлган ҳуқуқлар ва бошқа мутлақ ҳуқуқлар тўғрисидаги маълумотлар.

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг вужудга келиши, бошқа шахсга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлишини давлат рўйхатидан ўтказиш санаси, ойи, йили.

Реестрни юритиш электрон шаклда Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида амалга оширилади.

21-модда. Реестр маълумотларининг сақланишини таъминлаш

Реестрга киритилган ҳар қандай ўзгаришлар (маълумотларни киритиш, тузатиш, чиқариб ташлаш ва ҳоказолар) реестрда сақланиши шарт.

Реестрдаги маълумотлар доимий сақланади ва уларнинг йўқ қилинишига, шунингдек, бирорта маълумотлар ҳамда ҳужжатларнинг олиб қўйилишига йўл қўйилмайди.

Рўйхатдан ўтказувчи органда доимий сақланадиган ҳужжатларнинг сақланишини таъминлаш учун маълумотларни сақлаш тизимига эга бўлган архив ҳамда маълумотларга ишлов бериш маркази ташкил этилади.

Архив ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фондининг таркибий қисмидир.

22-модда. Рўйхатдан ўтказиш иши

Рўйхатдан ўтказиш иши электрон ахборот тизимида кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни бирламчи давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида очилади ҳамда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқнинг бекор бўлиши давлат рўйхатидан ўтказилаётганда ёпилади.

Рўйхатдан ўтказиш иши ўз рақамига эга бўлади.

Ҳар бир рўйхатдан ўтказиш ишида ундаги электрон аризалар
ва ҳужжатларнинг рўйхати мавжуд бўлади. Рўйхат кетма-кет ёзувлар тартибида шакллантирилади.

Рўйхатдан ўтказиш ишига киритилган ҳужжатларни олишга йўл қўйилмайди.

Рўйхатдан ўтказиш иши электрон шаклда Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида юритилади.

23-модда. Реестрга тузатишлар киритиш

Реестрга тузатишлар рўйхатдан ўтказувчи томонидан қуйидагилар асосида киритилади:

ҳуқуқ эгасининг ёки рўйхатдан ўтказувчининг ташаббуси билан
– техник хато билан боғлиқ тузатишларни киритишда;

Комиссия ёки Апелляция комиссиясининг қарорлари;

суднинг қарорлари (ҳужжатлари);

ҳуқуқ эгасининг аризаси ёхуд давлат органларининг ва бошқа ташкилотларининг тегишли маълумотлари – ҳуқуқ эгалари ҳақидаги идентификация қилиш маълумотлари, аҳоли пунктлари ва кўчалар номлари, биноларнинг тартиб рақамларининг ўзгартирилганлиги билан боғлиқ тузатишларни киритишда.

Агар тузатишларни киритиш кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос бўлган ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилганлиги билан боғлиқ бўлса, ушбу ҳужжат унга ҳужжатни тузган (берган) шахс (давлат органи, бошқа ташкилот) томонидан киритилган ўзгартиришлар билан бирга ушбу ҳужжатнинг қоғоздаги электрон нусхаси рўйхатдан ўтказиш ишига киритилиши шарт.

Рўйхатдан ўтказувчи томонидан йўл қўйилган хатоларни тузатиш, шунингдек, бундай хатоси бўлган ҳужжатларни алмаштириш бепул амалга оширилади.

24-модда. Реестрга киритилган ёзувни бекор қилиш

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда ҳамда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни бирламчи давлат рўйхатидан ўтказишда реестрга киритилган ёзувлар суднинг қарори, шунингдек, Комиссия ёки Апелляция комиссиясининг қарори билан бекор қилинади.

Ҳуқуқ эгаси, бошқа манфаатдор шахсларнинг аризалари ёхуд давлат органлари ва ташкилотларининг маълумотлари асосида рўйхатдан ўтказувчининг ташаббуси билан реестрга тузатишлар киритилган бўлса, реестрга киритилган ушбу тузатишлар Комиссия, Апелляция комиссияси ёки суднинг қарори асосида бекор қилинади.

Суд давлат рўйхатидан ўтказишни ва (ёки) давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос бўлган ҳуқуқ тасдиқловчи хужжатларни ҳақиқий эмас деб тан олган тақдирда, ҳақиқий эмас деб топилгандан кейинги юридик оқибатларнинг бекор қилиниши учун асос бўлади.

Реестрда дастлаб мавжуд бўлган ёзув ўрнига киритилган ёзув бекор қилинган тақдирда, дастлаб мавжуд бўлган ёзув долзарбликни вужудга келтиради.

Рўйхатдан ўтказувчи ёзувнинг бекор қилинганлиги ҳақида у бекор қилинган кундан бошлаб уч иш куни давомида ёзма шаклда судни, ҳуқуқ эгаларини ва (ёки) ҳуқуқ эгалигига номзодларни хабардор қилади.

25-модда. Реестрдан маълумотлар ва ҳужжатларни тақдим этиш

Рўйхатдан ўтказувчи орган шахсини идентификация қилган ҳолда ҳар қандай шахсга фақат аниқ кўчмас мулк бўйича ахборот берилаётган пайтда мавжуд ҳуқуқлар ва ҳуқуқларнинг чекланишлари ҳақида (бундан буён матнда долзарб ҳуқуқлар ва ҳуқуқларнинг чекланишлари деб юритилади) зарур ахборотни бериши шарт. Бундай ахборот реестрдан кўчирма кўринишида тақдим этилади.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос бўлган ҳуқуқ белгиловчи ҳужжатлар нусхалари фақат ҳуқуқ эгаларига ва (ёки) ишончнома асосида ҳаракат қилувчи шахсга берилиши мумкин. Мазкур маълумотлар ва ҳужжатларнинг бошқа шахсларга ва давлат органларига тақдим этилишига фақат қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда йўл қўйилади.

Маълумотлари давлат сирини ташкил қиладиган кўчмас мулкка оид ахборот фақат “Давлат сирларини сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида белгиланган тартибда берилиши мумкин.

Ахборот ёки ахборотни беришни асосли рад этиш тўғрисидаги маълумот, башарти қонунчилик ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ариза берилган кундан ёки ёзма сўров тушган пайтдан ҳамда ахборот берилиши учун тўлов киритилгандан бошлаб икки иш куни мобайнида тақдим этилади. Ахборотни бериш рад этилган тақдирда ахборот берилиши учун тўланган тўлов қайтариб берилади.

Реестрдан ахборот, шунингдек, реестрга масофадан киришни таъминлаш орқали ҳам тақдим этилиши мумкин.

Ахборотни тақдим этмаслик ёки ҳақиқий бўлмаган ахборотни тақдим этиш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликни келтириб чиқаради.

Берилган ахборот ҳақидаги маълумотларнинг ҳисоби юритилиши лозим. Рўйхатдан ўтказувчи орган ҳуқуқ эгасининг аризаси ёки сўровига кўра унга тегишли кўчмас мулк ҳақидаги маълумотларни олган шахслар ва органлар ҳақида ахборотни бериши шарт.

26-модда. Реестрдан кўчирма

Реестрдан кўчирмада қуйидаги ахборотлар кўрсатилади:

кўчмас мулк ҳақидаги асосий маълумотлар;

ҳуқуқ эгаси жисмоний шахснинг исми, фамилияси, отасининг исми, юридик шахснинг номи ва солиқ тўловчининг идентификация рақами, ҳар бир ҳуқуқ эгасининг улуши миқдори;

кўчмас мулкка оид ҳуқуқлар ва ҳуқуқларнинг чекланишлари рўйхати, ҳуқуқларнинг ва уларнинг чекланишлари амал қиладиган муддат, ҳуқуқ эгалари ҳамда чекланишлар ўрнатилишидан манфаатдор шахслар жисмоний шахснинг исми, фамилияси, отасининг исми, юридик шахснинг номи ва солиқ тўловчининг идентификация рақами, ипотека билан таъминланган мажбуриятлар қиймати ёки уни аниқлаш тартиби ва шартлари ҳақидаги маълумотлар;

реестрдан кўчирманинг тартиб рақами, берилган санаси ва вақти;

махсус ваколатли орган томонидан белгиланган кўчмас мулк тўғрисидаги бошқа маълумотлар.

5-боб. Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ белгиловчи ҳужжатлар

27-модда. Давлат рўйхатидан ўтказиладиган ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг асослари

Давлат рўйхатидан ўтказиладиган ҳуқуқлар, шу жумладан, битимлар асосида вужудга келадиган ер участкасига бўлган ҳуқуқлар ва чекланишлар ушбу Қонуннинг 10-моддасида назарда тутилган ҳуқуқлар асосида давлат рўйхатидан ўтказилади.

Давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган ҳуқуқ тури маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер участкаси бериш тўғрисидаги
қарорига, аукцион натижалари тўғрисидаги баённомага мувофиқ қабул қилинади.

Агар 2021 йил 8 июнга қадар қабул қилинган давлат ҳокимияти органининг қарорида ҳуқуқ тури кўрсатилмаган бўлса, у ҳолда юридик
ва жисмоний шахс учун қуйидаги ҳуқуқлар тан олинади ҳамда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим:

якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш, деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжалиги ҳамда жамоа боғдорчилиги ва узумчилик хўжалигини юритиш учун фойдаланиладиган ер участкаларига бўлган мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи;

бинолар ва иншоотлар қуриш учун берилган ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи;

қишлоқ ва ўрмон хўжалигини юритиш учун берилган ер участкасига ижара ҳуқуқи.

28-модда. Ер участкасига бўлган ҳуқуқларнинг вужудга келишини белгиловчи ҳужжатлар

Ер участкасига бўлган ҳуқуқларнинг вужудга келишини белгиловчи ҳужжатлар қуйидагилардан иборат:

ер участкасига доимий фойдаланиш ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш учун – Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланишга ажратиш тўғрисидаги, кўп квартирали уйлар жойлашган ва уларга туташ ер участкаларини умумий фойдаланиш (нотижорат мақсадларда) учун кўп квартирали уйлардаги жойларнинг мулкдорларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида бериш тўғрисидаги қарори;

ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш учун – давлат мулкини бошқариш бўйича ваколатли давлат органлари томонидан берилган давлат ордери;

ер участкаларини ижарага олиш ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш учун – ижара шартномаси, электрон савдо майдончасида ўтказилган электрон аукцион ёки электрон танлов натижалари ҳақида баённома асосида тузилган ижара шартномаси.

1998 йил 1 июлдан 2021 йил 16 августга қадар ер участкасига бўлган ҳуқуқларнинг вужудга келишини белгиловчи ҳужжатлар қуйидагилардан иборат:

ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш учун – маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер участкасини бериш тўғрисидаги, ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарори ёки мерос қилиб олиш ҳуқуқи тўғрисидаги нотариал идора томонидан берилган гувоҳнома ёхуд бу ҳуқуқ аукцион асосида сотиб олинганлиги тўғрисидаги туман (шаҳар) ҳокими томонидан берилган давлат ордери;

ер участкасига доимий эгалик қилиш, доимий ва муддатли (вақтинча) фойдаланиш ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш учун – жойлардаги маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг муайян юридик ва жисмоний шахсга ер участкаси бериш тўғрисидаги ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарори, электрон савдо майдончасида ўтказилган электрон аукцион натижалари ҳақида баённома;

ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш учун – давлат мулкини бошқариш бўйича ваколатли давлат органлари томонидан берилган давлат ордери;

ер участкаларини ижарага олиш ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш учун – ижара шартномаси.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг “Ер тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни амал қилган даврда олинган
ер участкаларига бўлган мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат архивлари томонидан тасдиқланган қуйидаги ҳужжатлар асос бўлади:

шаҳарлар (туманлар) ҳокимларининг Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун шаҳарлар ерларидан мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқида ер участкалари бериш тўғрисидаги қарорлари;

шаҳарчалар ва қишлоқлар (овуллар) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун шаҳарчалар
ва қишлоқ аҳоли пунктларининг собиқ колхозлар, совхозлар ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги корхоналари, муассасалари
ва ташкилотлари ҳудудида бўлмаган ерларидан мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқида ер участкалари бериш тўғрисидаги қарорлари;

қишлоқлар (овуллар) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг Ўзбекистон Республикаси фуқароларига қишлоқ жойларида шахсий ёрдамчи хўжалик юритиш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқида ер участкалари бериш тўғрисидаги қарорлари.

Ўзбекистон ССРнинг Ер кодекси амал қилган даврда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг олинган ер участкаларига бўлган мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат архивлари томонидан тасдиқланган қуйидаги ҳужжатлар асос бўлади:

тегишли туманлар, шаҳарлар ва шаҳарчалар халқ депутатлари Кенгашлари ижроия қўмиталарининг якка тартибда уй-жой қуриш учун
ер участкалари бериш тўғрисидаги қарорлари;

тегишли қишлоқлар (овуллар) халқ депутатлари Кенгашлари ижроия қўмиталарининг колхозлар аъзоларининг умумий мажлислари баённомаларини ҳамда совхозлар ва бошқа қишлоқ хўжалиги ҳамда ўрмон хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари директорларининг фуқароларга якка тартибда уй жой қуриш учун ер участкалари бериш ҳақидаги буйруқларини тасдиқлаш тўғрисидаги қарорлари.

29-модда. Ер участкасида жойлашган бино, иншоот ёки бошқа кўчмас мулк бошқа шахсга ўтганда ерга бўлган ҳуқуқнинг ўзига хос хусусиятлари

Бинолар, иншоотлар ёки бошқа кўчмас мулкка бўлган ашёвий ҳуқуқларнинг бошқа шахсга ўтишини давлат рўйхатидан ўтказишда кўрсатилган объектлар билан эгалланган ва улардан фойдаланиш учун зарур бўлган ер участкасига доимий эгалик қилиш, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш, доимий фойдаланиш ва ижара ҳуқуқи ҳам ўтади.

Сотувчи сотилаётган кўчмас мулк жойлашган ер участкасининг мулкдори бўлган тақдирда сотиб олувчига ер участкасининг тегишли қисмига мулк ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи ёхуд кўчмас мулкни сотиш шартномасида назарда тутилган бошқа ҳуқуқ берилади.

30-модда. Хусусийлаштирилган ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқининг бошқа шахсга ўтишини белгиловчи ҳужжатлар ва унинг ўзига хос хусусиятлари

Хусусийлаштирилган ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқининг бошқа шахсга ўтишини белгиловчи ҳужжатлар қуйидагилардан иборат:

хусусийлаштирилган бўш ер участкасининг нотариал тартибда тасдиқланган олди-сотди шартномаси;

хусусийлаштирилган бўш ер участкасининг ҳадя этиш тўғрисидаги нотариал тартибда тасдиқланган шартнома;

хусусийлаштирилган бўш ер участкасининг айирбошлаш тўғрисидаги нотариал тартибда тасдиқланган шартнома;

хусусийлаштирилган бўш ер участкасининг бошқа шахсга рента тўлови шарти билан ўтказилиши назарда тутиладиган нотариал тартибда тасдиқланган рента шартномаси;

нотариал тартибда тасдиқланган хусусийлаштирилган бўш
ер участкасини мерос қилиб олиш ҳуқуқи ва эр-хотинларнинг умумий мулки бўлган хусусийлаштирилган бўш ер участкасининг тегишли қисмига бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома;

хусусийлаштирилган ер участкасини унда жойлашган бино ва иншоот билан биргаликда юридик шахсларнинг устав фондига (устав капиталига) улуш сифатида бериш (турар жой объекти бўлса, нотариал тасдиқланган) шартномаси;

хусусийлаштирилган ер участкасини унда жойлашган бино ва иншоот билан биргаликда муассисга унинг улушини қайтариб бериш (турар жой объекти бўлса, нотариал тасдиқланган) шартномаси;

суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда жисмоний ва юридик шахсларга мулк ҳуқуқида (хусусийлаштирилган) тегишли бўлган бўш ер участкасини реализация қилиш бўйича аукцион натижалари ҳақида баённома;

суд қарори ёки давлат ижрочисининг қарори ёхуд давлат ижрочиси томонидан тасдиқланган ундирувчи ва қарздор ўртасида тузилган хусусийлаштирилган бўш ер участкасини бериш далолатномаси.

Хорижий юридик ёки жисмоний шахснинг мулки бўлган хусусийлаштирилган ер участкалари сотилган тақдирда ушбу ер участкаларга бўлган мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш ер участкаларини сотишдан олинган даромадлар бўйича юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ёки жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўланганлиги тўғрисидаги маълумотнома тақдим этилган тақдирда амалга оширилади, мазкур
ер участкалари Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтган юридик шахсга сотилган ҳоллар бундан мустасно.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган маълумот давлат солиқ органлари томонидан рўйхатдан ўтказувчи органга ахборот-коммуникация тизими орқали бир кунлик муддатда тақдим этилади.

31-модда. Ер участкаларига бўлган ҳуқуқнинг бекор қилинишини белгиловчи ҳужжатлар

Ер участкасига бўлган ҳуқуқларнинг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ва тартибда бекор қилиниши давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

Ер участкасига бўлган ҳуқуқларнинг бекор қилинишини белгиловчи ҳужжатлар қуйидагилардан иборат:

ер участкаси Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг жамоат эҳтиёжлари учун ёки давлат ҳокимияти органларининг ер қонунчилигининг бузилиши муносабати билан олиб қўйиш тўғрисидаги қарори;

бўш ер участкасига нисбатан, юридик шахсни рўйхатдан ўтказган давлат органининг ушбу юридик шахс тугатилганлиги тўғрисидаги ахбороти;

уй-жойларининг бошқа шахсга ўтганлиги муносабати билан
ер участкасига бўлган ҳуқуқлар ҳам ўзга шахсга ўтиши бўйича ҳужжатлар;

ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг бекор қилиниши бўйича қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳужжатлар.

Ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг бекор қилиниши реестрга ҳуқуқнинг бекор қилинганлиги ҳақидаги ҳужжатнинг номини ҳамда унинг реквизитларини кўрсатган ҳолда тегишли ёзув киритиш орқали амалга оширилади.

Ер участкасига бўлган ҳуқуқларнинг бекор қилиниши муносабати билан юридик ва жисмоний шахслар ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида илгари берилган ҳужжатлар ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади.

Ушбу модда шахсга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган
ер участкаларига нисбатан татбиқ этилмайди.

32-модда. Бино ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқининг вужудга келиши ҳамда бошқа шахсларга ўтишини белгиловчи ҳужжатлар

Бино ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқининг вужудга келишини белгиловчи ҳужжатлар қуйидагилардан иборат:

қурилиши (реконструкцияси) тугалланган бинолар ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси;

хусусийлаштирилган давлат биноси, иншооти, турар жойини мулк ҳуқуқини берувчи давлат ордери;

бино ва иншоотни мулкдорлар ўртасида бўлиш шартномаси;

кўп квартирали уй-жойдаги умумий мол-мулкнинг айрим қисмларини бошқа шахсга бериш тўғрисидаги умумий улушли мулкнинг барча иштирокчилари томонидан бир овоздан қабул қилинган, белгиланган тартибда нотариал тасдиқланган қарори;

суд қарори ёки давлат ижрочисининг қарори.

Бино ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқининг бошқа шахсга ўтишини белгиловчи ҳужжатлар қуйидагилардан иборат:

нотариал тартибда тасдиқланган уй-жойнинг олди-сотди шартномаси;

нотариал тартибда тасдиқланган турар жой бўлмаган бино, иншоотнинг олди-сотди шартномаси;

турар жой бўлмаган бино ва иншоотнинг олди-сотди шартномаси ҳамда топшириш-қабул қилиш далолатномаси;

корхонанинг нотариал тартибда тасдиқланган олди-сотди шартномаси (ваколатли давлат органининг қарорига биноан танлов (тендер) асосида тузиладиган корхонани сотиш шартномаси бундан мустасно) ҳамда топшириш-қабул қилиш далолатномаси;

лизинг тўловлари тўлиқ тўланганлиги тўғрисидаги далолатнома билан бирга лизинг шартномаси (турар жой объекти бўлса, нотариал тасдиқланган);

бино, иншоот, турар жойни ҳадя этиш тўғрисидаги нотариал тартибда тасдиқланган шартнома;

умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (квартира)ни бошқа шахсга бериш тўғрисидаги нотариал тартибда тасдиқланган шартнома;

бино, иншоот, турар жойни айирбошлаш тўғрисидаги нотариал тартибда тасдиқланган шартнома;

турар жойни бошқа шахсга рента тўлови шарти билан ўтказилиши назарда тутиладиган нотариал тартибда тасдиқланган рента шартномаси;

хусусийлаштирилган давлат биноси, иншооти, турар жойини мулк ҳуқуқини берувчи давлат ордери;

нотариал тартибда тасдиқланган мерос қилиб олиш ҳуқуқи
ва эр-хотинларнинг умумий мулки бўлган бино, иншоотнинг тегишли қисмига бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома;

суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда кўчмас мулк объектини реализация қилиш бўйича аукцион натижалари ҳақида баённома;

суд қарори ёки давлат ижрочисининг қарори ёхуд давлат ижрочиси томонидан тасдиқланган ундирувчи ва қарздор ўртасида тузилган бино
ва иншоотни бериш далолатномаси.

Бино ва иншоотлар қайта ихтисослаштирилганда унга бўлган ҳуқуқ белгиловчи ҳужжатлар қуйидагилардан иборат:

туман (шаҳар) қурилиш бўлимининг турар жойни нотурар жой тоифасига ўтказишга рухсати;

туман (шаҳар) қурилиш бўлимининг нотурар жой биносини турар жой тоифасига ўтказишга рухсати;

туман (шаҳар) қурилиш бўлимининг нотурар жой биносини қайта ихтисослаштиришга рухсати.

Хорижий юридик ёки жисмоний шахснинг мулки бўлган бинолар
ва иншоотлар сотилган тақдирда бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш бинолар ва иншоотларни сотишдан олинган даромадлар бўйича юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ёки жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўланганлиги тўғрисидаги маълумот тақдим этилган тақдирда амалга оширилади, бинолар ва иншоотлар Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтган юридик шахсга сотилган ҳоллар бундан мустасно.

Ушбу модданинг тўртинчи қисмида назарда тутилган маълумот давлат солиқ хизмати органлари томонидан рўйхатдан ўтказувчи органга ахборот-коммуникация тизими орқали бир кунлик муддатда тақдим этилади.

Ўзбекистон ССРнинг қонунчилик ҳужжатлари амал қилган даврда бунёд этилган бинолар ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқини белгиловчи ҳужжатлар қуйидагилардан иборат:

ваколатли давлат органларнинг бинолар ва иншоотларни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги ҳужжатлари, қарорлари ва фармойишлари;

олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя, кўчмас мулкни бўлиш, уй-жойни умрбод таъминлаш шарти билан бошқага ўтказиш, иморат солиш, шахсий мулк ҳуқуқида уйларни қуриш учун ер участкалари бериш, якка тартибдаги иморат солувчилар уй-жой-қурилиши жамоаларига уйларни қуриш учун
ер участкалари бериш, эр-хотин ўртасида уйларни бўлиш тўғрисида нотариал тасдиқланган шартномалар;

шаҳар ва туман халқ депутатлари Кенгашлари ижроия қўмиталарининг иморатларга бўлган мулк ҳуқуқини тан олиш (мавжуд ҳужжатлар асосида) тўғрисидаги қарорлари;

умумий мулк бўлган иморатнинг тегишли улушига бўлган мерос қилиб олиш ҳуқуқи тўғрисидаги ва мулк ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномалар ҳамда
уй кимошди савдосида харид қилинганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар;

бинолар ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи қонуний кучга кирган суд қарорлари ва ажримлари;

кўчмас мулкни бегоналаштириш ҳақидаги шартномалар дубликатлари.

Бино ва иншоотларга бўлган ижара ҳуқуқи ижара шартномаси асосида давлат рўйхатидан ўтказилади.

33-модда. Бинолар ва иншоотларга бўлган хўжалик юритиш ҳуқуқини ва оператив бошқариш ҳуқуқини белгиловчи ҳужжатлар

Бинолар ва иншоотларга бўлган хўжалик юритиш ҳуқуқини ва оператив бошқариш ҳуқуқини белгиловчи ҳужжатлар қуйидагилардан иборат:

ваколатли давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг давлат ташкилотларини ташкил этиш ва уларга кўчмас мулкни хўжалик юритиш ёки оператив бошқариш ҳуқуқида бериш ҳақидаги қарорлари;

ваколатли давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг бинолар
ва иншоотларни давлат корхоналари ҳамда давлат муассасаларига бериш тўғрисидаги қарорлари;

муассисларнинг бинолар ва иншоотларни улар томонидан ташкил этиладиган муассасаларга бериш тўғрисидаги қарорлари.

34-модда. Қурилиши тугалланмаган объектларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш

Қурилиши тугалланмаган объектларга бўлган ҳуқуқлар тегишли лойиҳа ташкилоти томонидан уларнинг қурилиши бошланганлиги тасдиқланган тақдирда, давлат рўйхатидан ўтказилиши мумкин. Бунда, бино ва иншоотнинг пойдевор ва биринчи қавати деворларининг қурилиш ишлари якунланганлиги қурилишни бошланган деб топиш учун асос ҳисобланади.

Қурилиши тугалланмаган объектларга бўлган ҳуқуқлар ер участкасига бўлган ҳуқуқ ушбу Қонунда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ва қурилиш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланган лойиҳа асосида бошланганлиги шарти билан давлат рўйхатидан ўтказилади.

Электрон савдо майдончасида сотиб олинган, электрон аукцион ғолибларида уларга нисбатан қабул қилинган мажбуриятлар мавжуд бўлган
ер участкаларида, шунингдек, ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасида жойлашган қурилиши тугалланмаган объектлар давлат рўйхатидан ўтказилмайди.

35-модда. Бинолар ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқининг ва бошқа ашёвий ҳуқуқларнинг бекор қилинишини белгиловчи ҳужжатлар

Бинолар ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқининг ва бошқа ашёвий ҳуқуқларнинг бекор қилинишини белгиловчи ҳужжатлар қуйидагилардан иборат:

юридик шахсни рўйхатдан ўтказган давлат органининг ушбу юридик шахс тугатилганлиги тўғрисидаги ахбороти. Бунда мазкур маълумотга тугатиш вақтидаги улушлари кўрсатилган таъсисчилар рўйхати илова қилинади;

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ер участкаларини уларда жойлашган бинолар ва иншоотлар билан бирга жамоат эҳтиёжлари учун, шунингдек, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, шу жумладан, муайян ҳудуднинг архитектура қиёфасини ўзгартириш ва яхшилашга қаратилган давлат дастурлари ҳамда инвестиция ва ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларни амалга ошириш доирасида ер участкаси ёки унинг бир қисмини олиб қўйиш тўғрисидаги қарорлари;

бино ва иншоотларни, турар жойларни олди-сотди, ҳадя, айирбошлаш, турар жойни рента тўлаш шарти билан бошқа шахсга ўтиши назарда тутилган, нотариал тасдиқланган шартномалар;

мулкдор ёки бошқа ваколатли органларнинг бинолар ва иншоотларга бўлган хўжалик юритиш ҳуқуқини ҳамда оператив бошқариш ҳуқуқини бекор қилиш тўғрисидаги қарори;

мулкдорнинг бино ва иншоотни бузиб ташлаш тўғрисидаги қарори;

бино ва иншоотнинг табиий ва техноген офатлар натижасида барҳам топганини тасдиқловчи ҳужжатлар;

суд қарори ёки давлат ижрочисининг қарори ёхуд ундирувчи ҳамда қарздор ўртасида бино ва иншоотни бериш тўғрисида давлат ижрочиси томонидан тасдиқланган далолатнома.

Ҳуқуқнинг бекор бўлиши бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларнинг бекор бўлгани тўғрисидаги маълумотларни реестрга киритиш йўли билан давлат рўйхатидан ўтказилади.

36-модда. Кўп йиллик дов-дарахтларга бўлган мулк ҳуқуқини белгиловчи ҳужжатлар

Кўп йиллик дов-дарахтларга бўлган мулк ҳуқуқининг вужудга келишини белгиловчи ҳужжатлар қуйидагилардан иборат:

ҳосилга кирган кўп йиллик дов-дарахтларни фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси;

қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги кооперативларининг (ширкат хўжаликларининг) боғ ва токзорларини фуқароларга фермер хўжалиги ташкил этиш учун аукцион асосида сотиш тўғрисидаги Комиссия баённомаси ҳамда туман (шаҳар) ҳокими ва ижарачи ўртасида тузилган шартнома;

боғдорчиликка, узумчиликка, тутчиликка ихтисослашган хўжалик ташкил қилиш учун ер участкаларини узоқ муддатли ижарага бериш тўғрисида туман (шаҳар) ҳокими ва ижарачи ўртасида тузилган шартнома;

ер участкасини узоқ муддатли ижарага бериш тўғрисидаги шартномага кўп йиллик дарахтлар экиш ҳуқуқини бериш тўғрисида тузилган қўшимча битим;

ўрмон фонди ерларини ижарага бериш тўғрисида давлат ўрмон хўжалиги органлари билан ижарачи ўртасида тузилган шартнома.

Кўп йиллик дов-дарахтларга бўлган мулк ҳуқуқининг бошқа шахсга ўтишини белгиловчи ҳужжатлар қуйидагилардан иборат:

нотариал тартибда тасдиқланган кўп йиллик дарахтнинг олди-сотди шартномаси;

лизинг тўловлари тўлиқ тўланганлиги тўғрисидаги далолатнома билан бирга нотариал тасдиқланган лизинг шартномаси;

кўп йиллик дарахтни ҳадя этиш тўғрисидаги нотариал тартибда тасдиқланган шартнома;

кўчмас мулкни айирбошлаш тўғрисидаги нотариал тартибда тасдиқланган шартнома;

нотариал тартибда тасдиқланган мерос қилиб олиш ҳуқуқи
ва эр-хотинларнинг умумий мулки бўлган кўп йиллик дарахтнинг тегишли қисмига бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома;

суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда кўчмас мулк объектини реализация қилиш бўйича аукцион натижалари ҳақида баённома;

суд қарори ёки давлат ижрочисининг қарори ёхуд давлат ижрочиси томонидан тасдиқланган ундирувчи ва қарздор ўртасида тузилган кўп йиллик дов-дарахтларни бериш далолатномаси.

Қуйидаги кўп йиллик дов-дарахтларга бўлган мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилмайди:

ер участкасига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилмаган ерларда экилган кўп йиллик дов-дарахтлар, бундан ижарага олинган ўрмон фонди ерларида экилган кўп йиллик дов-дарахтлар мустасно;

кўчатзорлардаги кўчатлар;

юридик шахсларнинг балансига олинмаган кўп йиллик дов-дарахтлар;

ҳосилга кирмаган ва фойдаланишга қабул қилинмаган кўп йиллик
дов-дарахтлар;

кўп йиллик бутазорлар ва резавор ўсимликлар;

ўрмон хўжаликлари ва бошқа ўрмон хўжалиги давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари балансидаги ўрмонлар ва кўп йиллик
дов-дарахтлар;

илмий-тадқиқот ташкилотларининг кўп йиллик дов-дарахтлари;

аҳоли пунктлари, шунингдек, ташкилотларнинг ерларини кўкаламзорлаштириш мақсадида ўстирилган кўп йиллик дов-дарахтлар;

узоқ муддатли ижарага берилган ер участкаларида ижарага берувчининг рухсатисиз ўстирилган кўп йиллик дов-дарахтлар.

37-модда. Жисмоний ва юридик шахсларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг хусусиятлари

Юридик шахсларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни вужудга келиши, бошқа шахсларга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлишини белгиловчи ҳужжатлар қуйидагилардан иборат:

юридик шахсни рўйхатдан ўтказган давлат органининг ушбу юридик шахс қўшиб юборилганлиги, қўшиб олинганлиги, бўлинганлиги, ажратиб чиқарилганлиги, ташкилий-ҳуқуқий шакли ўзгартирилганлиги, тугатилганлиги ҳақидаги маълумотлари (тугатилганлиги тўғрисидаги маълумотга тугатиш вақтидаги улушлари кўрсатилган таъсисчилар рўйхати илова қилинади);

бино ва иншоотларни юридик шахсларнинг устав фондига (устав капиталига) улуш сифатида бериш (турар жой объекти бўлса, нотариал тасдиқланган) шартномаси;

бино ва иншоотни муассисга унинг улушини қайтариб бериш (турар жой объекти бўлса, нотариал тасдиқланган) ҳақидаги шартномаси.

Ҳуқуқ эгасининг исми, фамилияси, отасининг исми, шунингдек, юридик шахснинг номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли ўзгарганда, реестрга ўзгартириш ваколатли органларнинг маълумотлари асосида ушбу Қонунга мувофиқ давлат рўйхатидан ўтказилади.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг вужудга келиши, бошқа шахсларга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлиши қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда ҳам давлат рўйхатидан ўтказилиши мумкин.

6-боб. Давлат рўйхатидан ўтказиш ҳаракатларини амалга ошириш

38-модда. Давлат рўйхатидан ўтказиш ҳаракатларини амалга ошириш тартиби

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этилган ариза ва ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатларни қабул қилиш;

давлат рўйхатидан ўтказиш ҳаракатларини амалга ошириш ҳақида қарор қабул қилиш;

давлат рўйхатидан ўтказиш ҳаракатларини амалга ошириш;

давлат рўйхатидан ўтказилганлигини тасдиқлаш.

Давлат рўйхатидан ўтказиш ҳаракатларини амалга оширишда рўйхатдан ўтказувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат органларидан, бошқа ташкилотлардан ва авторизация қилинган воситачилардан давлат рўйхатидан ўтказиш ҳаракатларини амалга ошириш учун зарур маълумотлар ва ҳужжатларни ахборот-коммуникация тизимлари орқали олиш;

ҳужжатлар нусхаларини ва улардан кўчирмаларни тайёрлаш;

рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан белгиланган ҳолларда
ва тартибда кўчмас мулкнинг техник хатловдан ўтказилишини ва тавсифлари текширилишини тайинлаш;

ушбу Қонуннинг 42-моддаси учинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда давлат рўйхатидан ўтказиш ҳаракатларини тўхтатиш;

ушбу Қонуннинг 43-моддасида назарда тутилган ҳолларда давлат рўйхатидан ўтказиш ҳаракатларини амалга оширишни рад этиш.

Чет эл юридик ёки жисмоний шахснинг мулкида бўлган кўчмас мулк тасарруф қилинганда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш кўчмас мулкни реализация қилишдан олинган даромадлар бўйича юридик шахсларнинг фойда солиғи ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўлангандан кейин амалга оширилади, Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтган юридик шахсга кўчмас мулкни тасарруф қилиниши ҳоллари бундан мустасно.

39-модда. Давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатларга қўйиладиган умумий талаблар

Давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатлар қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақида ариза;

давлат рўйхатидан ўтказиш ҳаракатларини амалга оширишда реестрга киритиладиган идентификация қилиш маълумотларини ўзида сақловчи ҳужжатлар, шунингдек, ариза берувчининг ваколатли вакилларининг
ва мансабдор шахсларнинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳамда (ёки) битимнинг мазмунини ифодаловчи ҳужжатни имзолаган шахсларнинг уни имзолашга ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар;

давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос бўладиган ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатлар.

Ҳужжатларда тузатишлар, қириб ўчирилган ёки қўшимчалар киритилган, сўзлари устидан чизилган, изоҳ берилмаган бошқа тузатишлар, қўлда ёзилган сўзлар бўлмаслиги, шунингдек, уларнинг мазмунини бир хил талқин этишга имкон бермайдиган жиддий тарзда шикастланмаган бўлиши лозим.

Ўзбекистон Республикасидан ташқарида хорижий давлатларнинг қонунчилигига мувофиқ тузилган ҳужжатлар, агар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларида бошқача қоидалар назарда тутилган бўлмаса, легаллаштирилган ёки апостиль қилинган, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг давлат тилига таржима қилинган бўлиши (таржиманинг тўғрилиги ёки таржимон имзосининг ҳақиқийлиги нотариус томонидан тасдиқланади) лозим.

40-модда. Давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатларни қабул қилиш

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатлар рўйхатдан ўтказувчи органга, шунингдек авторизация қилинган воситачилар томонидан, ахборот-коммуникация технологиялари орқали тақдим этилади.

Ариза берувчи давлат рўйхатидан ўтказишни амалга ошириш учун тақдим этган асл ҳолидаги ҳужжатлар авторизация қилинган воситачилар томонидан электрон рақамли имзо билан имзолангандан кейин рўйхатдан ўтказувчига юборилади.

Рўйхатдан ўтказувчи қуйидаги ҳолларда давлат рўйхатидан ўтказиш ҳаракатларини содир этиш учун тақдим этилган ҳужжатларни қабул қилишни рад этади:

ҳужжатлар тегишли шахс томонидан ёки белгиланган тартибда берилмаган бўлса;

давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақидаги ариза ваколати бўлмаган шахс томонидан имзоланган ҳолда тақдим этилса;

давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос бўладиган ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатлар тақдим этилмаса;

ҳақиқий бўлмаган маълумотларга ёхуд реестр маълумотларига мос келмайдиган маълумотларга эга ҳужжатлар тақдим этилган бўлса (техник хатолар оқибатида келиб чиққан ҳолатлар бундан мустасно);

авторизация қилинган воситачилар томонидан тасдиқланган битимнинг ва тасдиқловчи ёзувининг санаси бир-биридан фарқ қилса;

давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатларнинг мазмуни бир-бирига ўзаро мувофиқ келмаса;

давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақидаги аризада кўрсатилган мулк, ҳуқуқ, ҳуқуқнинг чекланиши, битимни давлат рўйхатидан ўтказиш қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ тақиқланган бўлса.

Рўйхатдан ўтказувчи давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатларни қабул қилишни рад этган тақдирда, улар авторизация қилинган воситачиларга рад этиш сабабларини кўрсатган ҳолда қайтарилади.

Давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатларни қабул қилиб олган рўйхатдан ўтказувчи давлат рўйхатидан ўтказиш ҳаракатларининг кейинги босқичларини ҳам амалга оширади. Давлат рўйхатидан ўтказиш ҳаракатларини амалга ошириш жараёнида рўйхатдан ўтказувчини алмаштиришга у ўз мажбуриятларини бажара олмай қолганда, шунингдек, бошқа истисно ҳолларда йўл қўйилади.

Рўйхатдан ўтказувчини алмаштириш тўғрисидаги қарорни рўйхатдан ўтказувчи органнинг раҳбари қабул қилади.

41-модда. Давлат рўйхатидан ўтказиш ҳаракатларини амалга ошириш тўғрисида қарор қабул қилиш

Давлат рўйхатидан ўтказиш ҳаракатлари, башарти ушбу Қонун ёки қонунчилик ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатлар қабул қилинган кундан бошлаб икки иш куни мобайнида амалга оширилади.

Давлат рўйхатидан ўтказиш ҳаракатлари давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақидаги ариза асосида амалга оширилган тақдирда мазкур модданинг биринчи қисмида кўрсатилган муддатларнинг ўтиши рўйхатдан ўтказувчи органга давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақида ариза тушган кундан ёки агар бундай аризада давлат рўйхатидан ўтказиш учун барча зарур маълумотлар бўлмаса, рўйхатдан ўтказувчи томонидан талаб қилинган маълумотлар кўрсатилган охирги ҳужжат келиб тушган кундан бошланади.

Давлат рўйхатидан ўтказиш ҳаракатларининг амалга оширилиши, агар тақдим этилган ҳужжатларда жиддий бўлмаган техник тусдаги камчиликлар мавжуд бўлса ва уларни бартараф этиш имконияти бўлса ёки қўшимча ҳужжатлар талаб этишни тақозо этса, уч кунга тўхтатиб турилиши мумкин. Рўйхатдан ўтказувчи бир кун ичида давлат рўйхатидан ўтказишни
уч иш кунига тўхтатиб туриш ҳақида қарор қабул қилади ва қарорни авторизация қилинган воситачига юборади.

42-модда. Рўйхатдан ўтказувчининг давлат рўйхатидан ўтказиш ҳаракатларини амалга оширишни рад этиши

Рўйхатдан ўтказувчи қуйидаги ҳолларда давлат рўйхатидан ўтказиш ҳаракатларини амалга оширишни рад этади:

давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатларни қабул қилишни рад этиш асослари аниқланганда;

кўчмас мулк тавсифларини текшириш натижаларининг кадастр йиғмажилдида мавжуд маълумотларга мувофиқ эмаслиги аниқланганда;

давлат рўйхатидан ўтказилиши бошқа шахсларнинг қонуний ҳуқуқларини бузадиган бўлса;

қонунчилик ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, кўчмас мулкка тақиқ қўйиш ёки уни тасарруф этилишининг чекланиши давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақида ёзув мавжуд бўлса, унга нисбатан битим ёки ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича мурожаат бўлса;

бир вақтнинг ўзида айнан битта кўчмас мулкни, битта битимни, ҳуқуқларни, ҳуқуқларнинг чекланишини давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақида ҳар хил ариза берувчилардан икки ёки ундан ортиқ ариза тушса ва уларни бир вақтда давлат рўйхатидан ўтказиш имкони бўлмаса. Давлат рўйхатидан ўтказиш ҳаракатларини амалга оширишни рад этиш учун бундай асосни фақат, иккита ёки ундан ортиқ ариза берувчиларга нисбатан давлат рўйхатидан ўтказиш ҳаракатларини амалга оширишни рад этиш учун бошқа асослар мавжуд бўлмаган тақдирдагина қўллаш мумкин;

рўйхатдан ўтказувчи органда ушбу кўчмас мулкнинг мансублиги масаласида низолар борлигидан далолат берувчи суд ҳужжатлари мавжуд бўлса;

ваколатли орган томонидан кўчмас мулкка тақиқ ёки хатлов қўйилган бўлса;

тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри, қарама-қарши ёки бузилган маълумотлар аниқланса;

бирламчи кадастр йиғмажилди ёки кадастр паспорти мавжуд бўлмаса;

рўйхатдан ўтказувчи органда кўчмас мулк қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда олиб қўйилганлиги ҳақидаги маълумотлар мавжуд бўлса;

ер участкасига бўлган ҳуқуқлар қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда бекор қилинган бўлса;

ҳуқуқларнинг вужудга келишини белгиламайдиган ҳужжатлар тақдим этилган бўлса;

кўчмас мулкнинг кадастр паспортидаги майдони (ҳажми) ҳуқуқ белгиловчи ҳужжатда кўрсатилган майдондан (ҳажмдан) ортиқ бўлса;

хорижий юридик ёки жисмоний шахснинг мулки бўлган кўчмас мулк сотилган тақдирда кўчмас мулкни сотишдан олинган даромадлар бўйича юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ёки жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўланганлиги тўғрисидаги маълумот мавжуд бўлмаса, кўчмас мулк Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтган юридик шахсга сотилган ҳоллар бундан мустасно;

ушбу Қонуннинг 11-моддасида белгиланган давлат рўйхатидан ўтказишнинг кетма-кетлигига риоя этилмаган бўлса;

қурилиши тугалланмаган объектга бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказишда қурилиш органи томонидан тасдиқланган лойиҳа ҳамда лойиҳа ташкилоти томонидан уларнинг қурилиши лойиҳага мувофиқ бошланганлиги тўғрисидаги хулоса тақдим этилмаган бўлса;

рўйхатдан ўтказувчи томонидан ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўхтатиб турилган ҳолларда, тақдим этилган материаллардаги камчиликлар
уч иш куни мобайнида бартараф этилмаган бўлса.

Тузатилган ҳужжатларни кўриб чиқишда ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилганлиги ҳақида хабарномада илгари кўрсатилмаган янги асослар бўйича кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилишига йўл қўйилмайди, ваколатли органлар томонидан кўчмас мулкка тақиқ ёки хатлов қўйилган ҳолатлар бундан мустасно.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни ушбу моддада назарда тутилганидан бошқа асослар бўйича рад этишга йўл қўйилмайди.

Рўйхатдан ўтказувчи давлат рўйхатидан ўтказиш ҳаракатларини амалга оширишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинган кундан бошлаб
бир иш куни давомида авторизация қилинган воситачини рад этиш сабабини кўрсатган ҳолда хабардор қилиши ҳамда ушбу рад этиш устидан шикоят қилиш тартибини кўрсатиши лозим.

43-модда. Давлат рўйхатидан ўтказишни тасдиқлаш

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқнинг вужудга келиши, бошқа шахсларга ўтиши, чекланиши ва бекор қилиниши давлат рўйхатидан ўтказилганлигини тасдиқлаш реестрдан кўчирма бериш орқали амалга оширилади.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқнинг вужудга келиши, бошқа шахсларга ўтиши, чекланиши ва бекор қилиниши қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тегишли ҳуқуқларга эга бўлган давлат органларидан рўйхатдан ўтказувчи органга келиб тушган ижро учун мажбурий кўрсатма, суднинг қарори асосида давлат рўйхатидан ўтказилган тақдирда давлат рўйхатидан ўтказилганлик манфаатдор шахсларга ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақида билдиришнома юбориш ва реестрдан кўчирма бериш орқали тасдиқланади.

44-модда. Давлат рўйхатидан ўтказиш вақти

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш вақти реестрга ёзувни киритиш санаси ва вақтидир.

45-модда. Биттадан ортиқ рўйхатдан ўтказиш ҳудудларида жойлашган кўчмас мулкка нисбатан давлат рўйхатидан ўтказиш ҳаракатлари

Биттадан ортиқ рўйхатдан ўтказиш ҳудудларида жойлашган кўчмас мулкка нисбатан давлат рўйхатидан ўтказиш ҳаракатларини амалга ошириш зарурати бўлганда, давлат рўйхатидан ўтказишни амалга ошириш учун тақдим этилган ҳужжатлар бош рўйхатдан ўтказувчи томонидан қабул қилинади.

Давлат рўйхатидан ўтказиш ҳаракатларининг кейинги босқичлари бош рўйхатдан ўтказувчининг ёзма кўрсатмаси асосида давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича рўйхатдан ўтказувчи органнинг тегишли ҳудудий бошқармаларнинг рўйхатдан ўтказувчилари томонидан амалга оширилади.

46-модда. Туман (шаҳар) чегараси ўзгариши муносабати билан реестрга ўзгартириш киритиш

Маъмурий-ҳудудий бирликларни тузиш, тугатиш ва уларнинг чегараларини ўзгартириш, маъмурий-ҳудудий бирликларнинг маъмурий марказларини белгилаш ва кўчириш, маъмурий-ҳудудий бирликларнинг бўйсунувини ўзгартириш натижасида кўчмас мулк жойлашган туман (шаҳар) ўзгарган ҳолларда рўйхатдан ўтказувчи орган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қарори асосида реестрга тегишли ўзгартириш киритади ва бу ҳақда ҳуқуқ эгаларини хабардор қилади.

Реестрга киритилган ўзгартириш ариза олмасдан ва давлат рўйхатидан ўтказиш учун тўлов ундирмасдан амалга оширилади.

47-модда. Мулкий комплекс сифатида корхонага нисбатан давлат рўйхатидан ўтказиш ҳаракатлари

Мулкий комплекс сифатида корхонага нисбатан давлат рўйхатидан ўтказиш ҳаракатлари бош рўйхатдан ўтказувчи томонидан амалга оширилади.

Агар тегишли кўчмас мулклар ёки уларга бўлган мулкий ҳуқуқлар мулкий комплекс сифатида корхона таркибига кирса, мулкий комплекс сифатида корхонага нисбатан давлат рўйхатидан ўтказиш ҳаракатлари
ер участкалари, бинолар, иншоотлар, қурилиши тугалланмаган объектлар, алоҳида ажратилган хоналар, автомобиль сақлаш ўринларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос бўлади.

Мулкий комплекс сифатида корхона таркибига кирган кўчмас мулклар ёки ушбу объектларга бўлган мулкий ҳуқуқлар билан битимларни амалга оширишдан олдин ушбу корхона таркибидан тегишли кўчмас мулк ёки унга бўлган мулкий ҳуқуқнинг чиқарилиши муносабати билан бу корхона техник хатловдан ўтказилиши керак. Техник хатлов натижалари асосида кадастр йиғмажилди (паспорти) тайёрланади.

Мулкий комплекс сифатида корхонага нисбатан давлат рўйхатидан ўтказиш ҳаракатларидан келиб чиқадиган кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказувчилар бош рўйхатдан ўтказувчининг кўрсатмаси бўйича давлат рўйхатидан ўтказади.

Ушбу модданинг учинчи қисмига мувофиқ амалга ошириладиган кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш вақти давлат рўйхатидан ўтказишни амалга ошириш учун тақдим этилган ҳужжатларни бош рўйхатдан ўтказувчидан қабул қилинган сана ва вақти ҳисобланади.

48-модда. Рўйхатдан ўтказувчининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш

Манфаатдор шахс, агар рўйхатдан ўтказувчи ўзининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан унинг фуқаролик ҳуқуқларини бузган деб ҳисобласа, рўйхатдан ўтказувчининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан Комиссияга шикоят бериши мумкин.

7-боб. Кўчмас мулкка кадастр йиғмажилдини (паспортини) тайёрлаш

49-модда. Кўчмас мулкка кадастр йиғмажилдини (паспортини) шакллантириш учун асослар

Кўчмас мулкка кадастр йиғмажилдини (паспортини) шакллантириш учун қуйидагилар асос ҳисобланади:

ер участкалари берилиши (реализация қилиниши);

бинони, иншоотни қуриш ва фойдаланишга топшириш;

белгиланган тартибда ажратилган ер участкасида қурилиши тугалланмаган объектнинг мавжудлиги;

кўчмас мулкнинг бўлиниши;

кўчмас мулкнинг қўшиб юборилиши;

изоляцияланган хонанинг алоҳида ажратилиши;

қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асослар.

50-модда. Кадастр йиғмажилдига (паспортига) ўзгартиришлар киритиш учун асослар

Кўчмас мулк кадастр йиғмажилдига ўзгартиришлар киритиш учун қуйидагилар асос ҳисобланади:

ер участкаси чегарасининг ўзгариши (чизиқлар узунликлари,
ер участкаси бурилиш нуқталари ёки унинг чегараси бурилиш бурчаклари сонининг ўзгариши ва бунда кадастр рақами ва ер участкасидан фойдаланиш мақсади ўзгармаслиги);

бинонинг, иншоотнинг устки қавати, туташган қисми, алоҳида ажратилган хонасининг қурилиши ва фойдаланишга топширилиши;

бино, иншоот, изоляцияланган хонанинг қайта қурилиши (реконструкция) ва фойдаланишга топширилиши;

бино, иншоотнинг, қурилиши тугалланмаган объектнинг, изоляцияланган хонанинг бир қисми бузилиши (вайрон бўлиши) ёки йўқ қилиниши;

кўчмас мулк мақсадининг ўзгартирилиши;

қурилиши тугалланмаган объектнинг қурилиши тугалланиши
ва фойдаланишга топширилиши;

қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асослар.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ тури ёки эгаси ўзгарганда кадастр паспортига ўзгартириш киритилмайди.

Бунда кўчмас мулкнинг бир қисми бегоналаштирилганда ёки унда ўзгаришлар (реконструкция, қўшимча ва алоҳида қурилиш) мавжуд бўлганда, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш кадастр йиғмажилди (паспорти) расмийлаштирилгандан сўнг амалга оширилади.

51-модда. Кадастр йиғмажилдини (паспортини) тугатиш (архивлаш) учун асослар

Кўчмас мулкнинг кадастр йиғмажилдини (паспортини) тугатиш (архивлаш) учун қуйидагилар асос бўлади:

ер участкасининг жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши;

бино, иншоотнинг, қурилиши тугалланмаган объектнинг, изоляцияланган хонанинг бузилиши (вайрон бўлиши) ёки йўқ қилиниши;

кўчмас мулкнинг бўлиниши;

кўчмас мулкнинг қўшиб юборилиши;

қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асослар.

8-боб. Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ва уларнинг чекланишларини давлат рўйхатидан ўтказиш

52-модда. Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг вужудга келиши, бошқа шахсларга ўтиши, чекланишини ва бекор бўлишини давлат рўйхатидан ўтказиш

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг вужудга келиши, бошқа шахсларга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлиши кўчмас мулкларга бўлган ҳуқуқларнинг вужудга келиши, бошқа шахсларга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлиши тўғрисидаги маълумотларни реестрга киритиш йўли билан давлат рўйхатидан ўтказилади.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг вужудга келиши, бошқа шахсларга ўтишини давлат рўйхатидан ўтказиш учун қуйидагилар асос ҳисобланади:

қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган битимлар (шартномалар);

қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилмаган, аммо унга зид ҳам бўлмаган битимлар (шартномалар);

қонунчилик ҳужжатларида кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг вужудга келиши, бошқа шахсларга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлишини давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос сифатида назарда тутилган давлат органлари ҳужжатлари, маҳаллий давлат ҳокимияти қарорлари;

давлат фойдасига ўтказилган ҳамда оммавий савдоларда (кимошди савдоларида) сотилган кўчмас мулк бўйича оммавий савдолар (кимошди савдолари) натижалари тўғрисидаги баённомалар;

фуқаролар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахсларнинг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг вужудга келиши, бошқа шахсларга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлиши билан боғлиқ бошқа ҳаракатлари.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг чекланишини давлат рўйхатидан ўтказиш учун қуйидагилар асос ҳисобланади:

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг чекланишини ўрнатувчи ёки бекор қилувчи қонуний кучга кирган суд қарорлари (ҳужжатлари);

кўчмас мулкни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги суд қарорлари, давлат ижрочиси ҳужжати;

кўчмас мулклар хатлаб қўйилгани тўғрисидаги хабарнома;

кўчмас мулкларнинг бошқа шахсга ўтказилишини тақиқлаш тўғрисидаги хабарнома;

кўчмас мулклар ипотекаси тўғрисидаги шартнома;

тасарруф этиш ҳуқуқисиз берилган давлат ордери;

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг чекланиши билан боғлиқ ҳодисалар.

Ваколатли органлар қарори асосида кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг чекланиши давлат рўйхатидан ўтказилганда, ҳуқуқ эгалари бу ҳақда рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан хабардор этилади.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг бекор бўлишини давлат рўйхатидан ўтказиш учун қуйидагилар асос ҳисобланади:

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни бекор қилувчи қонуний кучга кирган суд қарорлари (ҳужжатлари);

кўчмас мулкни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги суд қарорлари, давлат ижрочиси ҳужжати;

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг бекор бўлиши билан боғлиқ ҳодисалар.

Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ёки ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатларсиз фойдаланилаётган ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар, шунингдек, ўзбошимчалик билан қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқлар ҳамда қурилиш даврида фойдаланиш учун қурилган вақтинчалик иморатларга бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилмайди.

53-модда. Сервитут вужудга келишини давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос бўладиган ҳужжатлар

Сервитут вужудга келишини давлат рўйхатидан ўтказиш учун
ер участкасига сервитут белгиланишини назарда тутувчи шартнома ёхуд суд қарори асос ҳисобланади.

Сервитут вужудга келишини давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос бўладиган ҳужжатда ер участкаси, чегараларнинг таърифи, шунингдек, агар ўрнатилган бўлса – амал қилиш муддати ва тўлов миқдори кўрсатилади.

54-модда. Кўчмас мулкка бўлган умумий мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш

Кўчмас мулкка бўлган умумий биргаликдаги мулк ҳуқуқининг вужудга келиши, агар қонунчилик ҳужжатларида бошқа тартиб назарда тутилган бўлмаса, умумий биргаликдаги мулк иштирокчиларининг бирининг аризаси асосида мулкдорлар номига ҳуқуқ белгиловчи ҳужжатларда кўрсатилган улушларда давлат рўйхатидан ўтказилади.

Агар улушли мулк ҳуқуқи иштирокчилари ўзаро келишув бўйича умумий бино ва иншоотнинг (хоналардан, квартиралардан ва ҳ.к.) алоҳида қисмларидан (хоналардан), ўзларининг улушларига мувофиқ равишда фойдаланиш тартибини белгилаган бўлсалар, бундай келишув уларнинг мурожаати бўйича давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

55-модда. Кўчмас мулкка бўлган ўзаро бир-бирига боғлиқ ҳуқуқларни, ҳуқуқларнинг чекланишини давлат рўйхатидан ўтказиш

Агар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ҳуқуқлар, ҳуқуқларнинг чекланиши ўзаро бир-бирига боғланган бўлса (бинога, иншоотга бўлган мулк ҳуқуқининг бошқа шахсга ўтиши ҳамда ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг вужудга келиши, бошқа шахсларга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлиши, мулк ҳуқуқи ва хўжалик юритиш ҳуқуқи ёки оператив бошқариш ҳуқуқи,
ер участкаси ёки мулкий комплекс бўлган корхонанинг ижара ҳуқуқи ҳамда
у билан узвий боғлиқ иккиламчи ижара ҳуқуқининг бекор бўлиши, кўчмас мулкни тўловни кечиктириш шарти билан сотиш шартномаси бўйича мулк ҳуқуқининг бошқа шахсга ўтиши ва ипотека, бошқа ўзаро боғланган ҳуқуқлар, ҳуқуқларнинг чекланиши), улар бир вақтда давлат рўйхатидан ўтказилади.

56-модда. Рентани давлат рўйхатидан ўтказиш

Рентани давлат рўйхатидан ўтказишда реестрга рента олувчи, рента тўловчи ва рентанинг миқдори ёки уни аниқлаш тартиби ва шартлари тўғрисидаги маълумотлар киритилади.

57-модда. Кўчмас мулкни ишончли бошқаришни давлат рўйхатидан ўтказиш

Кўчмас мулкни ишончли бошқаришни давлат рўйхатидан ўтказишда реестрга ишончли бошқаришга бериладиган кўчмас мулклар, ишончли бошқарув муддати, мулкдор, ишончли бошқарувчининг номи ва бошқа шартлари, ишончли бошқарувчининг кўчмас мулкни тасарруф этиш бўйича ваколатлари тўғрисидаги ахборот киритилади.

Кўчмас мулкни ишончли бошқаришга топшириш кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқининг ишончли бошқарувчига ўтишига олиб келмайди.

58-модда. Кўчмас мулкка қўйилган тақиқни давлат рўйхатидан ўтказиш

Кўчмас мулкка терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, нотариус томонидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тақиқ қўйилиши ва унинг бекор қилиниши тегишли ахборотлар тушганда
бир иш куни муддатида давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

Кўчмас мулкка қўйилган тақиқ уни қўйган органнинг қарори, хати ёки қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ суднинг қарори асосида бекор қилинади.

59-модда. Кўчмас мулкни бўлиш ва бўлинаётган кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш

Кўчмас мулкни бўлиш, кўчмас мулкни икки ёки ундан ортиқ кўчмас мулкка бўлиш тўғрисидаги мулкдорнинг қарори ёки суд қарори асосида амалга оширилади.

Кўчмас мулкни умумий улушли мулк бўлган кўчмас мулк унинг икки ёки ундан ортиқ бўлган мулкдорларининг (иштирокчиларининг) ўзаро келишувига мувофиқ бўлинади.

Бўлиш натижасида кўчмас мулкнинг вужудга келганлиги, мавжудлиги бекор бўлганлиги шартнома ёки суд қарори билан тасдиқланади. Кўчмас мулкни бўлиш учун бино, иншоот, изоляцияланган хона учун қўшимча тарзда кадастр йиғмажилди (паспорти) шакллантирилади.

Кўчмас мулкни бўлиш қонун ҳужжатлари талаблари асосида амалга оширилади.

Муайян турдаги кўчмас мулкни бўлиш натижасида худди шу турдаги иккита ёки ундан ортиқ кўчмас мулк вужудга келади.

Бўлишда тақсимланган кўчмас мулкнинг рўйхатдан ўтказиш иши ёпилади ва унинг ўрнида вужудга келган кўчмас мулкларга эса янги рўйхатдан ўтказиш иши очилади. Бунда кўчмас мулкнинг бўлиниши натижасида икки
ва ундан ортиқ янги кўчмас мулк вужудга келиб, бўлинаётган асосий кўчмас мулк мавжудлиги тўхтатилади.

Бўлишда тақсимланаётган кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқлар
ва ҳуқуқларнинг чекланишлари вужудга келган кўчмас мулкларга кўчирилади.

Кўчмас мулк бўлинганда ҳуқуқлар ҳамда уларнинг чекланишларини кўчириш уларнинг бўлинаётган кўчмас мулкка нисбатан бекор бўлишини давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда уларнинг янгидан вужудга келган кўчмас мулкка нисбатан вужудга келишини давлат рўйхатидан ўтказиш орқали амалга оширилади.

Биргаликда эгалик қилиш юзага келган бинолар, иншоотларнинг бўлиниши ушбу қурилмаларда (бинолар, иншоотларда) жойлашган изоляцияланган хоналарнинг барча мулкдорлари ўртасидаги шартнома асосида ёки суднинг қарори асосида амалга оширилади.

Кўп квартирали уйлардаги квартиралар ва қурилиши тугалланмаган объектлар бўлинмайди.

60-модда. Бинодан, иншоотдан изоляцияланган хонани, автомобиль сақлаш ўрнини ажратиш ва унда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш

Бинодан, иншоотдан изоляцияланган хонани ажратиш, бинонинг, иншоотнинг мулкдорининг белгиланган тартибда қабул қилган қарори, бинонинг, иншоотнинг биргаликдаги мулкдорлари ўртасида тузилган шартнома асосида қабул қилинган қарорига ёки суднинг қарорига асосан амалга оширилади.

Изоляцияланган хона уни бино ва иншоотдан ажратиб олиш натижасида вужудга келганлиги мулкдорнинг қарори, шартнома ёки суд қарори, давлат ижрочисининг қарори билан тасдиқланади.

Бино ва иншоотдан изоляцияланган хонани, автомобиль сақлаш ўрнини ажратиш улар ажратиб олинган бино ва иншоотнинг тавсифларини ўзгартирмайди.

Бино ва иншоотдан изоляцияланган хонани, автомобиль сақлаш ўрнини ажратишда қурилиш ишлари амалга оширилмайди.

Битта хонадан иборат бинодан, иншоотдан изоляцияланган хонани ажратиб олишга йўл қўйилмайди.

Бино ва иншоотдан изоляцияланган хонани, автомобиль сақлаш ўрнини ажратишда ажратиб олинган изоляцияланган хона, автомобиль сақлаш ўрнига янги кадастр йиғмажилди (паспорти) шакллантирилади.

Изоляцияланган хона, автомобиль сақлаш ўрни ажратилганда бино
ва иншоотнинг ажратилаётган қисмига бўлган долзарб ҳуқуқлар
ва ҳуқуқларнинг чекланишлари вужудга келган изоляцияланган хона, автомобиль сақлаш ўрнига ўтказилади.

61-модда. Кўчмас мулкни қўшиб юбориш ва бунда ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш

Кўчмас мулкни қўшиб юбориш мулкдорнинг икки ёки ундан ортиқ кўчмас мулкни битта кўчмас мулк сифатида қўшиш тўғрисидаги белгиланган тартибда қабул қилинган қарори, суд қарори ёки давлат ижрочиси қарори асосида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Қўшиб юбориш натижасида кўчмас мулк вужудга келганлиги, мулкнинг мавжудлиги бекор бўлганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тегишли шартнома, қарор ёки суд қарори, давлат ижрочисининг қарори ҳисобланади.

Кўчмас мулкни қўшиб юбориш фақат бир турдаги ҳамда бир-бирига бевосита туташиб турган, шунингдек бир ҳуқуқ турига эга бўлган кўчмас мулкларга нисбатан амалга оширилиши мумкин. Бинолар, иншоотлар ҳам, башарти қурилиш ишларини олиб бориш натижасида битта бино, иншоот вужудга келган бўлса, қўшиб юборилиши мумкин.

Кўчмас мулкнинг икки ёки ундан ортиқ объектларини қўшиб юбориш натижасида худди шу турдаги битта кўчмас мулк вужудга келади.

Қўшиб юбориш йўли билан бирлаштирилган кўчмас мулкларнинг мавжудлиги бекор қилинади.

Кўчмас мулк қўшиб юборилганда бирлаштирилаётган кўчмас мулкларнинг рўйхатдан ўтказиш ишлари ёпилади, вужудга келган кўчмас мулкка эса янги рўйхатдан ўтказиш иши очилади.

Кўчмас мулк қўшиб юборилганда бирлаштирилаётган кўчмас мулкларга нисбатан долзарб ҳуқуқлар ҳамда ҳуқуқларнинг чекланишлари вужудга келган кўчмас мулкка ўтказилади.

Долзарб ҳуқуқлар ҳамда ҳуқуқларнинг чекланишларини ўтказиш уларнинг бирлаштирилаётган кўчмас мулкларга нисбатан бекор бўлишини давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда уларнинг янги яратилган кўчмас мулкка нисбатан вужудга келишини давлат рўйхатидан ўтказиш орқали амалга оширилади.

Биргаликда уйга эгалик қилиш юзага келган бинолар, иншоотларни қўшиб юбориш ушбу бинолар, иншоотларда жойлашган изоляцияланган хоналар, автомобиль сақлаш ўрниларининг барча мулкдорлари ўртасидаги шартнома асосида амалга оширилади.

Кўп квартирали уйлардаги квартиралар ва қурилиши тугалланмаган объектлар қўшиб юборилмайди.

62-модда. Кўчмас мулкка бўлган вақтинчалик ҳуқуқлар, ҳуқуқларнинг чекланишлари бекор бўлишини давлат рўйхатидан ўтказиш

Давлат рўйхатидан ўтказилган ва амал қилиш муддатига эга кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ, ҳуқуқнинг чекланиши уларнинг амал қилиш муддати тугагандан кейин уларнинг бекор бўлиши давлат рўйхатидан ўтказилмасдан бекор бўлади, кўчмас мулкни ишончли бошқариш ҳуқуқи ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Кўчмас мулкни ишончли бошқариш шартномасида ушбу шартномани унинг амал қилиш муддати тугагани муносабати билан бекор қилиш мумкинлиги назарда тутилмаганда, кўчмас мулкни ишончли бошқариш ҳуқуқи унинг бекор бўлиши давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан бекор бўлади.

9-боб. Ипотекани давлат рўйхатидан ўтказиш

63-модда. Ипотекани давлат рўйхатидан ўтказиш асослари

Ипотекани давлат рўйхатидан ўтказишда, башарти “Ипотека тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, реестрга ипотека билан таъминланган мажбурият қиймати ёки уни аниқлаш тартиби, шартлари ва муддати тўғрисидаги маълумотлар киритилади.

Ипотека тўғрисидаги шартнома нотариал тартибда тасдиқланиши (бундан бирламчи бозордан олинадиган кўчмас мулк олиш чоғидаги ипотека тўғрисидаги шартнома мустасно) ва давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

Ипотека тўғрисидаги шартнома рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан кучга киради.

Ипотекани давлат рўйхатидан ўтказиш кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун реестрга тегишли ёзувни киритиш йўли билан амалга оширилади.

Ипотека тўғрисидаги шартнома ипотекани шартнома асосидаги давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос ҳисобланади.

Қонун асосидаги ипотекани вужудга келтирадиган кредит шартномаси ёки қарз шартномаси қонун асосидаги ипотекани давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос ҳисобланади. Қонун асосидаги ипотека алоҳида ариза бермасдан ҳамда рўйхатга олиш учун тўлов тўламасдан давлат рўйхатидан ўтказилади.

64-модда. Ипотекани давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби

Ипотека тўғрисидаги шартнома асосида вужудга келадиган ипотекани давлат рўйхатидан ўтказишда нотариал идоралар ва тижорат банклари томонидан рўйхатдан ўтказувчи органга электрон шаклда тузилган ипотека шартномаси ҳақида ахборот тақдим этилади.

Рўйхатдан ўтказувчи орган ипотека тўғрисидаги шартномани юридик
ва жисмоний шахслар аризалари, шунингдек, нотариал идоралар ва тижорат банклари томонидан электрон шаклда тузилган ипотека шартномаси ҳақида ахборотлар асосида давлат рўйхатидан ўтказади.

Ипотека тўғрисидаги шартномани давлат рўйхатидан ўтказиш рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан кўриб чиқиш учун ариза қабул қилинган кундан бошлаб бир иш куни мобайнида амалга оширилади.

Рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан реестрга ипотека шартномасининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида ёзув амалга оширилган сана ипотека тўғрисидаги шартнома давлат рўйхатидан ўтказилган кун ҳисобланади.

Ипотекага қўювчи ва ипотекага олувчи томонидан нобуд бўлган ёки шикастланган кўчмас мулк объектини тиклаш ёки алмаштириш тўғрисида битим тузилганда реестрга ушбу битим реквизитлари киритилади ва аввалги ёзувлар белгиланган тартибда бекор қилинади.

Қонун асосидаги ипотекани давлат рўйхатидан ўтказиш, агар қонунчилик ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, қайси шахснинг ҳуқуқлари ипотека билан чекланган бўлса, ушбу шахснинг мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш билан бир вақтда амалга оширилади.

Қонун асосидаги ипотекани давлат рўйхатидан ўтказишда реестрга тегишли ёзувлар киритилади.

Агар битта кўчмас мулк объекти бир нечта ипотекага олувчиларда қонун асосидаги ипотекада бўлса, у ҳолда реестрга ипотека давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида тегишли ёзув киритилади.

Ипотекани давлат рўйхатидан ўтказишнинг амалга оширилганлигини тасдиқлаш мақсадида ариза берувчига реестрдан кўчирма берилади.

65-модда. Навбатдаги ипотекани давлат рўйхатидан ўтказиш

Бир мажбурият бажарилишини таъминлаш учун ипотека тўғрисидаги шартнома бўйича гаровга қўйилган кўчмас мулк объекти (олдинги ипотека) шу ёки бошқа қарздорнинг бошқа мажбурияти бажарилишини таъминлаш учун ўша ипотекага олувчининг ўзига ёхуд бошқа ипотекага олувчига гаровга берилиши мумкин (навбатдаги ипотека).

Кейинги ипотекага айни ушбу кўчмас мулк объектининг олдинги ипотекалари тўғрисидаги барча қайд ёзувлари ҳақида белги қўйилади.

Ипотека билан таъминланган мажбурият мазмуни навбатдаги ипотека билан ўзгартирилганда, шунингдек, ипотека предметига бўлган мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар бу мулкнинг ҳақ эвазига ёхуд ҳақ олмасдан тасарруфдан чиқарилиши натижасида ёки универсал ҳуқуқий ворислик тартибида ипотекага қўювчидан бошқа шахсга ўтказилганида ипотека қўшимча равишда давлат рўйхатидан ўтказилади. Мазкур талаб бажарилмаганда ипотека билан таъминланган мажбуриятда амалга оширилган ўзгаришлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Навбатдаги ипотекани давлат рўйхатидан ўтказиш реестрга тегишли маълумотларни киритиш орқали амалга оширилади.

Рўйхатдан ўтказувчи орган ипотекани қўшимча равишда давлат рўйхатидан ўтказишда қуйидагиларни амалга оширади:

реестрга шартнома, ипотека тўғрисида ёзувлар ипотека шартномасини давлат рўйхатидан ўтказиш санаси ва тартиб рақами, кўчмас мулк объектига нисбатан янги эгалик қилувчининг ҳуқуқларини тасдиқловчи ҳужжат (олди сотди, ҳадя шартномалари, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома
ва ҳ.к.) реквизитларини киритади;

реестрнинг тегишли устунларида дастлабки ипотекага қўювчининг ҳуқуқларини чеклаш (уларга шартлар белгилаш) тўғрисидаги аввалги ёзувлар белгиланган тартибда, ипотека тўғрисидаги янги ёзув инобатга олинган ҳолда ўзгартирилади.

Ипотекани давлат рўйхатидан ўтказишнинг амалга оширилганлигини тасдиқлаш мақсадида ариза берувчига реестрдан кўчирма берилади.

66-модда. Гаров хати

Агар, ипотека тўғрисидаги шартномада ипотекага олувчининг ҳуқуқлари гаров хати билан тасдиқланиши назарда тутилган бўлса,
бу тўғрисида реестрда кўрсатилади. Бунда реестрга “Гаров хати берилган” сўзлари киритилади ва рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан гаров хатини дастлабки ипотекага олувчига бериш санаси кўрсатилади.

Ипотекага олувчининг ипотека билан таъминланган мажбурият бўйича ва ипотека тўғрисидаги шартнома бўйича ҳуқуқлари, қонунчилик ҳужжатларида бошқача тартиб ўрнатилмаган бўлса, гаров хати билан тасдиқланиши мумкин.

Ипотека давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин гаров хати
рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан ипотекага қўювчи билан ипотекага олувчи иштирокида расмийлаштирилади ва дастлабки ипотекага олувчига берилади.

Гаров хатининг барча варақлари бир бутун ҳужжатни ташкил қилади, улар рақамланиши ва рўйхатидан ўтказувчи органнинг муҳри билан тасдиқланиши лозим.

Гаров хати бекор қилинган ва шу билан бир вақтда янги гаров хати берилган тақдирда, ипотекага қўювчи рўйхатдан ўтказувчи органга кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар ва бу ҳақда тузилган битимлар давлат реестрига ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги ариза билан бирга янги гаров хатини беради, ушбу гаров хати ипотекага олувчига унинг қонуний эгалигида турган гаров хати ўрнига топширилади.

Янги гаров хати ипотекага қўювчи томонидан киритиладиган маълумотлардан ташқари, янги гаров хати берилган санани ўз ичига олиши, унда рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан гаров хати давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақида белги қўйилиши ва муҳр билан тасдиқланиши лозим.

Бекор қилинган гаров хати биринчи варағининг олд томонига давлат рўйхатидан ўтказиш ёзувини бекор қилиш ҳақида белги қўйилади, унда бекор қилинган гаров хатининг бекор қилиш санасига мос келадиган сана, рўйхатдан ўтказувчи орган раҳбарининг фамилияси, исми ва отаси исмининг бош ҳарфлари ва имзоси кўрсатилади ва муҳр билан тасдиқланади.

Бекор қилинган гаров хати рўйхатдан ўтказувчи органда ипотека тўғрисидаги давлат рўйхатидан ўтказиш ёзувини реестрдан чиқариб ташлаш вақтигача сақланади.

Гаров хати йўқолган тақдирда ипотекага қўювчи томонидан гаров хатининг дубликати тузилади ва рўйхатдан ўтказувчи органга гаров дубликатини расмийлаштириш учун топширилади, расмийлаштириш бир кун мобайнида амалга оширилади.

67-модда. Гаров хатига ўзгартириш киритиш

Гаров хатининг мазмуни ўзгарган тақдирда унинг эгаси янги гаров хатини давлат рўйхатидан ўтказиш учун рўйхатдан ўтказувчи органга мурожаат қилиши керак.

Рўйхатдан ўтказувчи орган гаров хати мазмунининг ўзгаргани тўғрисидаги битим давлат рўйхатидан ўтказилгани ҳақидаги ёзувни реестрга киритади.

Гаров хатининг ажралмас қисми бўлган мазмунини ўзгартириш тўғрисидаги битимнинг асл нусхаси гаров хатига илова қилинади ва унга тикилади.

Гаров хатининг қонуний эгаси рўйхатдан ўтказувчи органдан ўзининг ипотекага олувчи сифатида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини талаб қилишга ҳақлидир.

Гаров хатининг қонуний эгаси бир иш куни мобайнида қуйидагилар асосида давлат рўйхатидан ўтказилади:

гаров хати бўйича ҳуқуқни белгиланган тартибда бошқа шахсга ўтказиш ҳамда гаров хатига белги қўйиш асосида, агар бундай ёзувни киритган шахс гаров хатининг қонуний эгаси ёки ипотекага олувчи бўлса, гаровга ўтказишга доир махсус ёзув унинг номига ёзилган ва гаров хатини белгиланган тартибда сотган бўлса;

гаров хати бўйича ҳуқуқлар юридик шахс қайта ташкил этилганлиги натижасида ёки мерос тартибида бошқа шахсларга ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

гаров хати бўйича ҳуқуқлар ариза берувчига тегишли деб топилганлиги тўғрисидаги суд қарори асосида.

Гаров хатининг қонуний эгасини давлат рўйхатидан ўтказиш реестрга гаров хатининг янги қонуний эгаси тўғрисида ёзув киритиш орқали амалга оширилади. реестрдаги олдинги ёзув белгиланган тартибда бекор қилинади.

Гаров хатининг эгасига реестрга тегишли давлат рўйхатидан ўтказиш ёзуви киритилганлигини тасдиқлаш мақсадида унинг аризаси асосида белгиланган тартибда реестрдан кўчирма берилади. Бунда давлат рўйхатидан ўтказилган ҳуқуқ чекловлари (шартлари) тўғрисидаги маълумотларни акс эттиришда мазкур кўчирмага ипотека кўрсатилгандан сўнг “Гаров хатининг қонуний эгаси” сўзлари ва янги ипотекага олувчи (гаров хатининг янги қонуний эгаси) тўғрисидаги тўлиқ маълумотлар киритилади.

10-боб. Низоларни судгача ҳал қилиш

68-модда. Комиссияни шакллантириш ва унинг вазифалари

Комиссия рўйхатдан ўтказувчи органнинг тегишли ҳудудий бошқармаси раҳбарининг буйруғига асосан беш кишидан кам бўлмаган тоқ сонли таркибда тузилади.

Комиссия таркиби тегишли ҳудуддаги рўйхатдан ўтказувчи органнинг ҳудудий бошқармаси, тегишлилигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси масъул ходимлари орасидан шакллантирилади.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақида қарор қабул қилган ёки давлат рўйхатидан ўтказишни рад этган шахс Комиссия аъзоси бўлиши мумкин эмас.

Рўйхатдан ўтказувчи органнинг ҳудудий бошқармаси раҳбари Комиссия раиси ҳисобланади.

Комиссия ўз фаолиятини мазкур Қонун ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.

Комиссия раиси:

Комиссия фаолиятини ва унинг иш тартибига риоя этилишини ташкил этади;

манфаатдор шахслардан келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш жойи, куни ва вақтини белгилайди;

Комиссия мажлисларини ўтказади ва уларга раҳбарлик қилади.

Комиссия раиси Комиссия ишини ташкил қилиш ва уни ўз вақтида, тўғри ва ҳаққоний ўтказилиши учун масъул ҳисобланади.

Манфаатдор шахслардан келиб тушган мурожаатларни ҳамда Комиссия иши билан боғлиқ ҳужжатларни сақланиши учун Комиссия котиби масъул ҳисобланади.

69-модда. Комиссияга мурожаат қилиш

Манфаатдор шахс Комиссияга кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда вужудга келган низоларни судгача ҳал этиш бўйича мурожаат қилиши мумкин.

Жисмоний шахснинг мурожаатида унинг фамилияси (исми, отасининг исми), яшаш жойи, юридик шахснинг мурожаатида эса юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак.

Мурожаатда манфаатдор шахснинг электрон почта манзили, алоқа телефонлари ва факс рақамлари ҳамда кўчмас мулкнинг жойлашган ери (почта манзили) ҳақидаги маълумотлар кўрсатилади.

Манфаатдор шахс мурожаатга кўчмас мулк билан боғлиқ бошқа маълумотлар ва ҳужжатларни илова қилиш ҳуқуқига эга.

70-модда. Мурожаатларни кўриб чиқиш

Комиссия манфаатдор шахснинг мурожаатини у келиб тушган кундан бошлаб ўн иш кунида кўриб чиқиши лозим.

Комиссия котиби келиб тушган мурожаатларни шу куннинг ўзида қайд қилади.

Комиссия котиби келиб тушган мурожаатларнинг тўғрилигини ҳамда ундаги маълумотлар тўлиқ кўрсатилганлигини ўрганади.

Жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар ёки юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган ёхуд улар ҳақида нотўғри маълумотлар кўрсатилган мурожаат, шунингдек, уни идентификация қилиш имкониятини бермайдиган электрон мурожаат ёхуд имзо билан тасдиқланмаган ёзма мурожаат аноним мурожаат ҳисобланади
ва Комиссия томонидан кўриб чиқилмайди.

Мурожаатлар кўрмай қолдирилганда тегишли хулоса тузилади,
у Комиссия раиси томонидан тасдиқланади.

Комиссияга келиб тушган мурожаатларнинг сони бир ёки бир нечта бўлишидан қатъи назар, Комиссия ушбу моддада белгиланган муддатларда мурожаатларни кўриб чиқиши шарт.

Мурожаатларни кўриб чиқиш жойи, куни ва вақти Комиссия раиси томонидан белгиланади.

Комиссия котиби Комиссия аъзоларини Комиссия мажлиси ўтказиладиган кундан камида уч кун олдин хабардор қилиши лозим.

Мурожаатлар Комиссия томонидан манфаатдор шахснинг иштирокисиз кўриб чиқилади.

Комиссия мажлисида мурожаатни кўриб чиқиш натижаси бўйича Комиссия аъзолари мурожаатда назарда тутилган масаланинг барча ҳолатларини ҳисобга олган ҳолда қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

рўйхатдан ўтказувчининг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақидаги қарорини бекор қилиш;

рўйхатдан ўтказувчининг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ҳақидаги қарорини бекор қилиш ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш;

рўйхатдан ўтказувчининг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақидаги қарорини ўз кучида қолдириш;

рўйхатдан ўтказувчининг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ҳақидаги қарорини ўз кучида қолдириш.

71-модда. Комиссия қарорини расмийлаштириш

Комиссия қарори Комиссия аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда, Комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Комиссия қарори Комиссия котиби томонидан баённома шаклида расмийлаштирилади.

Баённомада тегишлилиги бўйича манфаатдор шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ёки юридик шахснинг тўлиқ номи, кўчмас мулк ҳақидаги тегишли маълумотлар ҳамда Комиссия томонидан мазкур мурожаат юзасидан қабул қилинган қарор кўрсатилиши керак.

Баённома Комиссиянинг ҳар бир аъзоси томонидан имзоланади ҳамда тасдиқлаш учун Комиссия раисига тақдим этилади.

Комиссия котиби Комиссия раиси томонидан тасдиқланган баённома нусхасини шу куннинг ўзида рўйхатдан ўтказувчи ва манфаатдор шахсга етказилишини таъминлайди.

Баённома Комиссия котиби томонидан Комиссия иши ҳужжатларига тикиб қўйилади.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ юзасидан аниқланган янги ҳолатлар асосида Комиссия томонидан қабул қилинган қарор қайта кўриб чиқилиши мумкин.

72-модда. Комиссия қарори юзасидан берилган мурожаатларни кўриб чиқиш

Махсус ваколатли органнинг қарори билан Апелляция комиссияси тузилади. Апелляция комиссияси таркибига махсус ваколатли органнинг, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг ҳамда Давлат солиқ қўмитасининг Комиссия фаолиятида иштирок этмаган масъул ходимлари орасидан Апелляция комиссияси раиси ва камида тўрт нафар аъзо киритилади.

Комиссия хулосасидан норози бўлган манфаатдор шахс ёки рўйхатдан ўтказувчи Комиссия хулосасини олган кундан бошлаб икки ой муддатда Апелляция комиссиясига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Манфаатдор шахс, рўйхатдан ўтказувчи орган ёки рўйхатдан ўтказувчи томонидан берилган шикоят Апелляция комиссияси томонидан ўн иш кунида кўриб чиқилиши лозим.

Апелляция комиссияси манфаатдор шахс, рўйхатдан ўтказувчи орган ёки рўйхатдан ўтказувчининг апелляциясини кўриб чиқиш натижалари бўйича Комиссия хулосасини бекор қилиш ёки уни ўз кучида қолдириш тўғрисида қарор қабул қилади.

Апелляция комиссияси тегишли қарорни манфаатдор шахс, рўйхатдан ўтказувчи орган ва рўйхатдан ўтказувчига етказилишини таъминлайди.

11-боб. Якунловчи қоидалар

73-модда. Давлат рўйхатидан ўтказишдаги жавобгарлик

Рўйхатдан ўтказувчи орган қуйидагилар натижасида жисмоний
ва юридик шахсларга етказилган зарар учун жавобгар ҳисобланади:

реестрдан ҳақиқий бўлмаган ахборот берилиши;

давлат рўйхатидан ўтказиш ҳаракатларининг ёки уларни амалга оширишнинг ноқонуний рад этилиши;

аризаларни кўриб чиқиш учун белгиланган муддатларнинг бузилиши.

Етказилган зарар суднинг қарори асосида тўлиқ ҳажмда қоплаб берилади.

74-модда. Низоларни ҳал этиш

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасидаги низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

Техник тусга эга бўлмаган хатоларни тузатиш ёки кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлигини ҳақиқий эмас деб тан олиш масалалари бўйича, агар бундай хатоларда ёки ҳуқуқларнинг давлат рўйхатидан ўтказилишида рўйхатдан ўтказувчининг айби бўлса, рўйхатдан ўтказувчи орган ёки ҳуқуқий оқибат келиб чиқиши натижасида зарар кўрган манфаатдор шахс Комиссияга, Апелляция комиссиясига ва судга мурожаат қилишга ҳақли.

75-модда. Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавоб берадилар.

76-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти
ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

77-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси:

Ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

78-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

 

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

 Президенти                                                      Ш. Мирзиёев

 

← Рўйхатга қайтиш

Қонун лойиҳасига таклиф беринг!

Илтимос, жавобингизни киритинг

+