Лойиҳа
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари
тўғрисида
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ
1-боб. Умумий қоидалар
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш ушбу Қонуннинг мақсади ҳисобланади.
2-модда. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонундан ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқа қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
3-модда. Ушбу Қонуннинг амал қилиши соҳаси
Ушбу Қонуннинг амал қилиши Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, хорижий фуқароларга ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга, Ўзбекистон Республикаси юридик шахсларига ҳамда хорижий юридик шахслар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолиятни амалга ошираётганда уларга нисбатан татбиқ этилади.
Жисмоний ва юридик шахслар, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлари ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги муносабатларнинг субъектлари ҳисобланади.
4-модда. Асосий тушунчалар ногиронлик белгиси бўйича камситиш – мақсади ёки натижаси сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, фуқаролик ёки бошқа соҳада ҳуқуқлар ва эркинликларнинг бошқалар билан тенг амалга оширилиши эътироф этилиши ёки амалга оширилиши рад этилиши натижаси ҳисобланган ногиронлик сабабли ҳар қандай ажратиш, истисно қилиш, четлатиш, чеклаш;
ногиронлиги бўлган шахсни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастури – тиббий-ижтимоий экспертиза асосида ишлаб чиқилган, улар ногиронлиги бўлган шахс организмининг, шунингдек меҳнат фаолиятининг муайян турларини бажариш қобилиятининг бузилган ёки йўқолган функцияларини тиклашга, компенсация қилишга йўналтирилган тиббий, касбий, ижтимоий ва бошқа реабилитация қилиш чора-тадбирларини амалга оширишнинг айрим турлари, шакллари, ҳажмлари, муддатлари ва тартибини ўз ичига олган ногиронлиги бўлган шахс учун реабилитация қилишнинг мақбул чора-тадбирлари комплекси;
ногиронлиги бўлган шахс – унинг жамиятдаги шахсий ҳаёт фаолияти имкониятига бошқалар билан тенг бўлишига тўсқинлик қиладиган турғун жисмоний, руҳий, интеллектуал ёки сенсор нуқсонлари мавжуд шахслар;
тиббий-ижтимоий экспертиза – кўрикдан ўтказиладиган шахснинг клиник-функционал, ижтимоий, касбий-меҳнат ва психологик маълумотларини комплекс баҳолаш асосида, соғлиғини йўқотганлик даражасини, организми функциялари турғун бузилиши оқибатида турмуш фаолиятининг чекланганлик даражасини, ногиронлик гуруҳини, ногиронликнинг юз берганлиги сабаблари ҳамда вақтини аниқлаш, шунингдек шахс учун соғлиғининг ҳолатига кўра амалга ошириши мумкин бўлган меҳнат фаолияти турлари ва меҳнат шароитлари, ўзгаларнинг парваришига, санаторий-курортда даволанишнинг тегишли турларига ҳамда ижтимоий ҳимояга бўлган эҳтиёжлари ҳақида тавсиялар тайёрлаш;
тиббий реабилитация қилиш – издан чиққан ва (ёки) йўқотилган организм функцияларини сақлашга, қисман ёки тўлиқ тиклашга йўналтирилган комплекс тиббий хизматлар;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари – ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни бошқа фуқаролар билан тенг ҳуқуқлар ва имкониятлар билан таъминлаш мақсадида ногиронлиги бўлган шахслар ва (ёки) уларнинг манфаатларини ифодаловчи шахслар томонидан ташкил этилган ташкилотлар;
шахснинг турмуш фаолияти чекланганлиги – шахснинг ўзига ўзи хизмат қилиш, ҳаракатланиш, йўлни топа олиш, мулоқот қилиш, ўз хатти-ҳаракатини назорат этиш, шунингдек ўқиш ва меҳнат фаолияти билан шуғулланиш қобилиятини ёки имкониятини тўла ёхуд қисман йўқотганлиги;
протез-ортопедия буюмлари – қўл-оёқлар ёки тананинг бошқа қисмлари йўқлиги ўрнини босишга мўлжалланган, организмнинг бузилган ёки йўқотилган функцияларини компенсация қилувчи буюмлар;
касбий реабилитация қилиш – ногиронлиги бўлган шахснинг касбий йўналишига, касбий ўқишига, ишга жойлашишига ва меҳнат билан шуғулланишига, шунингдек, бузилган ёки йўқотилган профессионал кўникмалари, билимлари ва уқувини тиклашга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар;
ногиронлиги бўлган бола (болалар) – унинг жамиятдаги шахсий ҳаёт фаолияти имкониятига бошқалар билан тенг бўлишига тўсқинлик қиладиган турғун жисмоний, руҳий, интеллектуал ёки сенсор нуқсонлари мавжуд ўн саккиз ёшгача бўлган шахс (шахслар);
хавф гуруҳига кирадиган бола (болалар) – барвақт аралашиш, зарур тиббий, ижтимоий, педагогик ёки бошқача тарзда коррекцион қўллаб-қувватлаш мавжуд бўлмаганда жисмоний ва (ёки) руҳий ривожланишда орқада қолиш эҳтимоли юқори бўлган бола (болалар);
абилитация – хавф гуруҳига кирувчи болаларда турғун жисмоний, руҳий, интеллектуал ёки сенсор бузилишлар юзага келишининг олдини олишга қаратилган комплекс тиббий, ижтимоий, педагогик, психологик ва бошқа тузатувчи чора-тадбирлар, шунингдек, уларни жамиятда ижтимоий ҳаётга мослаштириш;
ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий муҳофаза қилиш – ногиронлиги бўлган шахсларга турмуш фаолияти чекланганлигини бартараф этиши, қоплаши (компенсация қилиши) учун шарт-шароитларни таъминловчи ҳамда уларга жамият ҳаётида бошқа фуқаролар билан тенг иштирок этиш имкониятларини яратишга қаратилган, давлат томонидан кафолатланган иқтисодий, ижтимоий ва ҳуқуқий чора-тадбирлар тизими;
ижтимоий реабилитация қилиш – ногиронлиги бўлган шахсларнинг чекланган ҳаёт фаолиятини бартараф этиши учун шарт-шароитлар яратиш, ижтимоий мақомни тиклаш, ўзига ўзи хизмат қилиш, мустақил яшаш имконияти, шунингдек, уларни оилавий ва жамиятдаги ҳаётга одатдаги шароитларга қайтаришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар;
сурдотаржима – бирор бир тилдан дактил алифбо ва (ёки) имо-ишоралар тили ёрдамида таржима қилиш;
сурдотехник воситалар – эшитиш нуқсонини тузатиш ва компенсация қилиш учун техник воситалар, шу жумладан, алоқа ва ахборот узатишнинг кучайтирувчи воситалари;
тифлотехник воситалар – кўриш нуқсони натижасида ногиронлиги бўлган шахсларнинг йўқотилган имкониятларини тузатиш ва компенсация қилишга йўналтирилган воситалар;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг факсимил имзоси – соғлиғининг ҳолатига кўра (кўришнинг бузилиши, қўл-оёқлар йўқлиги, ҳаракатларни мувофиқлаштиришнинг бузилиши, фалажлик) имзо чекиш имкониятига эга бўлмаган ногиронлиги бўлган шахсларнинг ўз имзоси ўрнини босадиган махсус тайёрланган штамп (клише).
5-модда. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашнинг асосий принциплари
Қуйидагилар ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашнинг асосий принциплари ҳисобланади:
ногиронлиги бўлган шахсларнинг қадр-қимматини, уларнинг шахсий мустақиллигини, шу жумладан, танлаш эркинлиги ва мустақиллигини ҳурмат қилиш;
ногиронлик белгиси бўйича камситишга йўл қўймаслик;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари амалга оширилиши имкониятларининг тенглиги;
ногиронлиги бўлган болаларнинг ривожланаётган қобилиятларини ҳурмат қилиш ва уларнинг ўз индивидуаллигини сақлаб қолишга бўлган ҳуқуқларини ҳурмат қилиш;
жисмоний муҳитнинг қулайлиги;
ногиронлиги бўлган шахсларни жамият ва давлатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига жалб қилиш.
6-модда. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг қадр-қимматини, уларнинг шахсий мустақиллигини, шу жумладан, танлаш эркинлиги ва мустақиллигини ҳурмат қилиш принципи
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг қадр-қимматини, уларнинг шахсий мустақиллигини, танлаш эркинлиги ва мустақиллигини ҳурмат қилиш ногиронлиги бўлган шахслар ва улар оилаларининг ҳуқуқларини бошқалар билан тенгликда ҳимоя қилиш ва амалга ошириш кафолатлари билан таъминланади.
7-модда. Ногиронлик белгиси бўйича камситишга йўл қўймаслик принципи
Ногиронлик белгиси бўйича камситишга йўл қўймаслик ҳар қандай ажратиб қўйиш, истисно этиш, четлатиш, чеклаш ёки устунлик беришни, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан қулай жисмоний муҳит яратиш рад этилишини тақиқлаш йўли билан амалга оширилади.
Ногиронлиги бўлган шахслар учун имкониятларнинг тенглигини таъминлашга ва уларнинг жамиятга интеграция қилинишига йўналтирилган махсус чора-тадбирлар бошқа фуқароларга нисбатан камситиш ҳисобланмайди.
8-модда. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда имкониятлар тенглиги принципи
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари амалга оширилиши имкониятлари тенглиги ногиронлиги бўлган шахсларнинг атроф табиий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий муҳитга, соғлиқни сақлаш, таълим, ишга жойлашишга, шунингдек, ахборот ва алоқага тенг имкониятлар бериш ва улардан фойдаланиши кафолатларини яратиш чора-тадбирларини амалга ошириш йўли билан таъминланади.
9-модда. Ногиронлиги бўлган болаларнинг ривожланаётган қобилиятларини ва уларнинг ўз индивидуаллигини сақлаб қолиш ҳуқуқини ҳурмат қилиш принципи
Ногиронлиги бўлган болалар бошқа болалар билан тенг равишда инсоннинг барча ҳуқуқлари ва эркинликларидан тўлиқ ҳажмда фойдаланадилар.
Ногиронлиги бўлган болаларга нисбатан кўриладиган барча ҳаракатларда ногиронлиги бўлган болаларни ҳар томонлама ва уйғун камол топтириш мақсадида улар манфаатларининг устуворлиги, уларнинг ижтимоий фаолиятини, меҳнат қилишга бўлган қизиқишини, таълим, илм-фан, техника, санъат ва спорт билан шуғулланишини қўллаб-қувватлашга кўмаклашиш устувор ҳисобланади.
10-модда. Жисмоний муҳитнинг қулайлиги принципи
Жисмоний муҳитнинг қулайлиги ногиронлиги бўлган шахсларга бошқалар билан тенг равишда жисмоний муҳит, бинолар, иншоотлар, транспорт, ахборот ва алоқа воситаларига, шу жумладан, ахборот-коммуникация технологиялари ва тизимларига, шунингдек, ҳам шаҳарда, ҳам қишлоқ жойларда яшовчи аҳолига тақдим этиладиган бошқа объектлар ва кўрсатиладиган хизматларнинг қулайлиги учун шарт-шароитлар яратиш йўли билан таъминланади.
Давлат органлари ўз ваколатлари доирасида табиий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий теварак-атрофнинг қулайлигини таъминлайдиган нормалар ва қоидаларни ишлаб чиқадилар ва тасдиқлайдилар, шунингдек, уларнинг бажарилишини назорат қиладилар ва уларга риоя этилмаслиги учун жавобгарликни белгилайдилар.
Шаҳарлар, бошқа аҳоли пунктларини режалаштириш ва қуриш, турар жой ва рекреацион зоналарни шакллантириш, бинолар, иншоотлар ва уларнинг мажмуаларининг янгиларини қуриш ва реконструкция қилишга лойиҳа ечимларини ишлаб чиқиш, шунингдек, умумий фойдаланиладиган транспорт воситаларини, алоқа ва ахборот воситаларини улардан ногиронлиги бўлган шахсларнинг тўсиқсиз фойдаланиши учун кўрсатиб ўтилган объектларни мослаштирмасдан ишлаб чиқиши ва яратишга йўл қўйилмайди.
11-модда. Ногиронлиги бўлган шахсларни жамият ва давлатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига жалб этиш принципи
Ногиронлиги бўлган шахсларни жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига жалб этиш уларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётда иштирок этишини ҳар томонлама рағбатлантириш ва чеклашнинг ҳар қандай шаклларига йўл қўймаслик йўли билан амалга оширилади. Давлат органлари ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида иштирокини таъминлаш чора-тадбирларини амалга оширадилар.
12-модда. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида давлат сиёсати
Қуйидагилар ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳисобланади:
ногиронлиги бўлган шахслар камситилишига йўл қўймаслик бўйича комплекс чора-тадбирлар кўриш;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш;
ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳуқуқлар ва имкониятларнинг тенглигини таъминлаш;
ногиронлиги бўлган шахсларни жамият ва давлатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига жалб этиш;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимояланганлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини таъминлаш;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича давлат органлари ва улар мансабдор шахсларининг фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш;
ногиронлиги бўлган шахсларни мактабгача ва мактабдан ташқари таълим билан таъминлаш, ногиронлиги бўлган шахсларни касбий тайёрлаш, уларнинг ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим олиши;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида давлат ташкилотлари билан нодавлат ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш.
13-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқади, тасдиқлайди ҳамда уларнинг амалга оширилишини таъминлайди;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш бўйича давлат органлари фаолиятини назорат қиладилар;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш бўйича давлат томонидан кафолатланган хизматларнинг ҳажмини белгилайди.
14-модда. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ваколатлари
Давлат бошқаруви ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ўз ваколатлари доирасида:
ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида давлат сиёсатини амалга оширадилар;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш бўйича устувор йўналишларни белгилайдилар;
ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш, ижтимоий муҳофаза қилиш ва уларнинг ҳуқуқларини таъминлашнинг давлат дастурларини ҳамда ҳудудий дастурларни шакллантирадилар ва амалга оширадилар;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш бўйича қонун ҳужжатлари ижросини таъминлайдилар;
ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий, касбий ва ижтимоий реабилитация қилиш соҳасида илмий тадқиқотлар ўтказилишини ва мутахассислар тайёрланишини молиялаштирадилар ва ташкил этадилар;
ўзганинг ёрдамига муҳтож бўлган ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат кўрсатишнинг стационар муассасалари тармоғини ривожлантириш чораларини кўрадилар;
ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини захирага қўядилар;
ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат кўрсатишнинг реабилитация, илмий-ишлаб чиқариш марказлари тармоқларини, соғлиқни сақлаш давлат тизимининг амбулатория ва стационар даволаш-профилактика муассасаларида тиклаш терапияси бўлимларини, ихтисослаштирилган таълим муассасалари, ихтисослаштирилган санаторий-курорт муассасаларини ташкил этадилар, ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий-маиший хизматлар кўрсатиш бўйича корхоналар ва ташкилотлар ташкил этадилар.
15-модда. Ногиронлиги бўлган шахслар ишлари бўйича идоралараро кенгаш
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилиши давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва ушбу Қонуннинг қоидалари бажарилишини таъминлашга йўналтирилган келишилган ҳаракатларни ишлаб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ишлари бўйича идоралараро кенгаш ташкил этилади.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ишлари бўйича идоралараро кенгаш таркиби ваколатига ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш ваколатига кирадиган вазирликлар, идоралар ва ташкилотларнинг вакиллари ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари киради.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбсосари ногиронлиги бўлган шахсларнинг ишлари бўйича идоралараро кенгашнинг раиси ҳисобланади.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ишлари бўйича идоралараро кенгаш мажлислари раис томонидан заруриятга кўра, бироқ ярим йилда камида бир марта чақирилади.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ишлари бўйича идоралараро кенгашнинг унинг ваколатига кирадиган масалалар бўйича қарорлари барча давлат органлари ва ташкилотлари томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ишлари бўйича идоралараро кенгаш тўғрисидаги низом ва унинг шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
16-модда. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларнинг иштироки
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашга кўмаклашадилар.
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар:
ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш бўйича ваколатларни амалга оширишда давлатдан ва белгиланган тартибда халқаро ташкилотлардан ҳуқуқий, методик, ташкилий ва молиявий ёрдам олишлари;
ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий муҳофаза қилиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда ҳамда тегишли тадбирларни молиялаштиришда иштирок этишлари мумкин.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар ногиронлиги бўлган шахслар бошқалар билан биргаликда жисмоний муҳитдан, бинолар, иншоотлар, транспорт, ахборот ва алоқа воситалари, шу жумладан, ахборот-коммуникация технологиялари ва тизимларидан, шунингдек, аҳолига кўрсатиладиган бошқа объектлар ва хизматлардан фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратилишида иштирок этадилар.
17-модда. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида давлат сиёсати шакллантирилишида:
ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига таклифлар киритиш;
ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизматларнинг тегишли турларини кўрсатиш самарадорлигини баҳолашда иштирок этиш;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга таклифлар киритиш;
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ишлари бўйича идоралараро кенгашнинг ишида ва мажлисларида иштирок этиш;
ваколатли давлат органлари билан биргаликда спорт, маърифий ва маданий-оммавий тадбирларни ташкил этиш йўли билан иштирок этишга ҳақлидир.
Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ногиронлиги бўлган шахсларнинг манфаатларига дахл қилувчи қарорларни тайёрлаш ва қабул қилишда ногиронлиги бўлган шахсларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва уларнинг ваколатли вакиллари билан ўзаро ҳамкорлик қиладилар.
Ташкилотлар ва фуқаролар ногиронлиги бўлган шахсларнинг нодавлат нотижорат ташкилотларига моддий-техник ва молиявий ёрдам кўрсатишлари мумкин.
2-боб. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг давлат ва жамиятнинг ижтимоий-сиёсий хаётида тўлақонли иштирок этиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш
18-модда. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг тенглигини таъминлаш ва уларни камситмаслик
Тенг имкониятларни таъминлаш ва ногиронлик белгиси бўйича камситишни истисно этиш учун давлат органлари ногиронлиги бўлган шахсларнинг табиий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий атроф муҳитдан тенг фойдаланиши имкониятларини таъминлаш чора-тадбирларини амалга оширади.
Давлат ногиронлиги бўлган шахсларни камситишнинг барча шаклларига қарши тенг ва самарали ҳуқуқий ҳимояни кафолатлайди.
Ногиронлиги бўлган шахслар ногиронлиги туридан, соғлиғининг бошқа ҳолатидан, шунингдек, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқодлари, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар инсон қадр-қимматини ҳурмат қилишнинг ажралмас ҳуқуқига эга бўлади.
Давлат ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек, ногиронлиги бўлган аёллар инсоннинг асосий ҳуқуқлари ва эркинликларидан фойдаланиши имкониятини беришда камситишга йўл қўймаслик чораларини, шунингдек, стандартлар ва амал қилувчи йўналишларни ишлаб чиқишда оммабоп дизайн ғояларини илгари суришга йўналтирилган чора-тадбирларни кўради.
19-модда. Шахсий ҳаётнинг дахлсизлиги ҳуқуқи
Ногиронлиги бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда уларнинг шахсий ҳаёти дахлсизлигига, оиласига, турар жойига ёки ёзишмаларига тажовузлардан ҳимоя қилиш, қадр ва қимматини муҳофаза қилиш ҳуқуқига эгадирлар.
Давлат:
ногиронлиги бўлган шахсларнинг шахси, соғлиғининг ҳолати ва реабилитация қилиш турлари тўғрисидаги маълумотларнинг махфийлигини ҳимоя қилиш;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг никоҳ тузиш, оила қуриш, болалар сони ва улар туғилиши оралиғи тўғрисидаги қарорни мустақил қабул қилиш, репродуктив ҳуқуқлар тўғрисидаги ахборотдан фойдаланишга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш;
мажбурий ва ноихтиёрий стерилизацияга, ҳомиладорлик сунъий тўхтатилишига йўл қўймаслик;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг болаларни фарзандликка олишга, болаларни тарбиялаш учун ёрдам олишга, уйда ва турар жойи бўйича сифатли хизматларга, ногиронлиги бўлган болаларнинг оила муҳитидаги ҳуқуқларини таъминлаш, ихтисослаштирилган муассасаларга жойлаштириладиган болалар сонини қисқартириш, яқин ва узоқ қариндошларни жалб этиш ҳисобига ва оилавий шароитларда уларни муқобил парвариш қилишни таъминлаш чора-тадбирларини кўради.
20-модда. Ҳаракат қилиш эркинлиги ва фуқаролик ҳуқуқи
Ногиронлиги бўлган шахслар бошқалар билан тенг равишда фуқароликни олиш ва ўзгартириш ҳамда ногиронлик сабабли ундан маҳрум бўлмаслик ҳуқуқига, турар жойни танлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасига келиш ёки Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетиш ҳуқуқига эгадир.
Ногирон бўлиб туғилган ҳар бир чақалоқ рўйхатдан ўтказилиши, туғилиш ва фуқаролик тўғрисидаги гувоҳномани олиши керак.
Давлат паспортни беришда, миграция ва яшаш ёки ишга жойлашиш учун чет элга чиқиб кетиш билан боғлиқ тартиб–таомиллар бажарилишида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тенглигини таъминлайди.
Ногиронлиги бўлган шахсларга яшаш жойини мустақил танлаш ва яшаш жойидан қатъи назар турли хил хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқи таъминланади.
Давлат ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари ногиронлиги бўлган шахсларни уларнинг ёши, жинси ва ногиронлиги шаклини ҳамда уларнинг шахсий эҳтиёжларини ҳисобга олувчи қўллаб-қувватлаш дастурлари ва хизматлардан фойдаланиш тўғрисида хабардор қилади.
21-модда. Уй-жойга бўлган ҳуқуқ
Давлат ногиронлиги бўлган шахсларни уй-жой қурилиши бўйича давлат дастурлари ва махсус дастурлардан фойдаланиш имконияти билан таъминлайди.
Давлат ногиронлиги бўлган шахсларга ва ўз таркибида ногиронлиги бўлган шахс бўлган оилаларга уй-жой ни арзон нархлар бўйича сотиб олиш учун зарур шарт-шароитлар ва имкониятларни таъминлайди.
Уй-жой га ёки уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган ногиронлиги бўлган шахсларни ҳисобга олиш маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан таъминланади.
Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан уй-жой олишга ёки уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларнинг ҳисоби рўйхатларини тузишда ногиронлиги бўлган шахслар ва ўз таркибида ногиронлиги бўлган шахс бўлган оилалар алоҳида рўйхатга киритилади.
Ногиронлиги бўлган шахслар уй-жой қурилиши бўйича давлат дастурлари ва ижтимоий дастурлар доирасида уй-жой ва имтиёзли ипотека кредити олишга биринчи навбатдаги ҳуқуққа эга бўладилар.
Ногиронлиги бўлган шахсларга ва таркибида ногирон шахс бўлган оилаларга якка тартибда уй-жой қуриш, ёрдамчи, дала ҳовли ва боғдорчиликни юритиш учун ер участкаларини биринчи навбатда олиш ҳуқуқи берилади.
Ногиронлиги бўлган шахсларга туй-жой ни тақсимлашда уй-жой қулайлик тамойилларига риоя қилинган ҳолда иш жойига, тиббий ва реабилитация муассасаларига яқин жойдан берилади.
Ногиронлиги бўлган шахсларга, уларнинг ҳохишига кўра давлат уй-жой фондининг кўп квартирали уйлардаги уй-жой лар қуйи қаватлардан берилади, агар улар юқори қаватларда квартираларга эга бўлсалар, у ҳолда уларни пастки қаватларда жойлашган уй-жой ларга алмаштиришга ҳақлидир.
Ногиронлиги бўлган шахсларга ёки таркибида ногиронлиги бўлган шахс бўлган оилаларга бериладиган уй-жой лар қулайлик талабларига мувофиқ бўлиши керак.
Ногиронлиги бўлган шахслар эгаллаб турган уй-жой лар ногиронлиги бўлган шахсларнинг эркин ҳаракатланиши ва фойдаланиши учун махсус воситалар ва мосламалар билан жиҳозланган бўлиши керак. Ушбу уй-жой ларни жиҳозлаш маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан амалга оширилади.
Уй-жой ларда ва жамоат ташкилотларида лифтларни сотиб олиш ва ўрнатишда ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар тегишли ташкилотлар ногиронлиги бўлган шахсларнинг барча тоифалари учун лифтлардан фойдаланишнинг қулайлиги ва имкониятини таъминлаши шарт.
Ногиронлиги бўлган шахслар ижтимоий уй-жой ни биринчи навбатда олиш ҳуқуқига эгадир.
22-модда. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжларига риоя қилган ҳолда ижтимоий инфратузилма объектларини лойиҳалаштириш, қуриш ва реконструкция қилиш
Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ижтимоий инфратузилма объектларига (турар жой бинолари, жамоат ва ишлаб чиқариш бинолари, иморатлар ва иншоотлар, соғлиқни сақлаш ва спорт объектлари, маданий-томоша ва бошқа муассасаларга тўсиқсиз кириш учун ногиронлиги бўлган шахсларга, шу жумладан, кресло-аравачадан ва йўл кўрсатиб борувчи кучуклардан фойдаланувчи шахсларга) шарт-шароитлар яратишга мажбурдир.
Ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар жамоат бинолари ва иншоотларни лойиҳалаштириш, қуриш ва реконструкция қилиш ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжлари ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилиши керак.
Жамоат бинолари ва иншоотларни лойиҳалаштириш, қуриш ва реконструкция қилишда транспортда чекланган имкониятли одамлар фойдаланилиши учун мақбул сонда автомобиль тўхташ жойлари ва автомобиллар тўхтаб турадиган жамоат жойлари ўлчамини ташкил этиш чора-тадбирлари назарда тутилиши керак.
Ногиронлиги бўлган шахслар ишлаши мумкин бўлган ижтимоий-маиший ва маданий мақсаддаги объектларни, шунингдек, ишлаб чиқариш мақсадидаги объектларни фойдаланишга қабул қилиш, қуриш ва реконструкция қилиш давлат қабул комиссиясининг таркибига ногиронлиги бўлган шахсларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари киритилган ҳолда амалга оширилади.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг жисмоний муҳитдан фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратиш қурилиш лойиҳаларининг мажбурий қисми ҳисобланади. Бинолар, иншоотлар ва уларнинг мажмуаларини қуриш ва реконструкция қилиш нормалари ва қоидалари ногиронлиги бўлган шахсларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари билан келишган ҳолда ишлаб чиқилиши керак.
Жамоат бинолари ва иншоотларидан фойдаланиш ва уларни шакллантириш фақат уларга ногиронлиги бўлган шахсларнинг тўсиқсиз кириши нормативлари бажарилган тақдирда амалга оширилади.
23-модда. Транспорт воситалари ва йўл инфраструктурасидан фойдаланишнинг қулайлиги
Аҳолига транспорт хизмати кўрсатувчи ташкилотлар ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъи назар ногиронлиги бўлган шахсларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари иштирокида:
ногиронлиги бўлган шахсларнинг барча тоифалари учун умумий фойдаланиладиган транспорт воситаларидан фойдаланишни;
жамоат транспорти, ногиронлиги бўлган шахсларнинг барча тоифалари учун фойдаланиш қулайлиги учун жиҳозланишини, шу жумладан, пандуслар ўрнатилишини, алоҳида жойлар тайёрланишини, яхши эшитмайдиганлар учун ахборот таблоси ва яхши кўрмайдиган ва кўзи ожиз аҳоли гуруҳлари учун бекатларни овозли эълон қилишни;
йўналишларнинг контраст ранглари йирик шрифтда ва шаҳар ва қишлоқ жамоат транспорти воситалари кўрсаткичлари билан такрорланишини;
йўловчилар поездлари вагонларида махсус жойлар билан ва перонларни, шунингдек, асосий темир йўл вокзалларини махсус жойлар, махсус механик пандуслар билан жиҳозлашни;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг барча тоифалари учун шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини ҳисобга олган ҳолда тўхташ майдончаларини, шу жумладан, пандуслар ва тутқичлар ўрнатиш, шу жумладан, транспорт воситасининг кириш эшикларига бориладиган майдончаларига тактил қопламалар қўлланилишини, шунингдек, электрон ахборот таблолари ўрнатилишини;
чорраҳалар, кўчалар ва умумий фойдаланиладиган йўллар ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжларига мувофиқ пиёдалар ўтиш жойлари мослаштирилишини;
чорраҳаларда овозли ва кўз билан кўриладиган сигнализация тизимлари монтаж қилинишини;
ногиронлиги бўлган шахслар ҳаво транспортига кузатиб борилишини;
жамоат фойдаланиладиган асосий майдонлари ногиронлиги бўлган шахсларнинг фойдаланиши учун мосламалар билан жиҳозланишини;
аэровокзаллар, йирик темир йўл станциялари ҳамда метрода ногиронлиги бўлган шахслар транспорт воситаларига кузатиб қўйилишини;
ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус кутиш жойлари жиҳозланишини таъминлайдилар.
Маҳаллий транспорт воситаларини ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқариш ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжлари ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади.
Жамоат транспортини ишлатиш (йўналишли ва йўналишсиз таксилар бундан мустасно) фақат уларга ногиронлиги бўлган шахсларнинг тўсиқсиз ўтириши учун шарт-шароитлар мавжуд бўлганда амалга оширилади.
24-модда. Меҳмонхоналардан фойдаланиш
Меҳмонхоналарнинг мулкдорлари ҳаракатланадиган аравачадан фойдаланадиган ногирон шахслар учун умумий хона фондининг камида битта хонасини жиҳозлашлари, шунингдек, эшитиш ва кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахсларнинг тегишли эҳтиёжларини эълон қилиш учун дисплей ва овозли қурилмалар билан таъминлашлари шарт.
25-модда. Ахборотдан фойдаланиш
Давлат ногиронлиги бўлган шахсларга ахборотни олиш ҳуқуқлари амалга оширилишини таъминлайди ва ногиронлиги бўлган шахсларни қулай форматларда ва ногиронликнинг турли шаклларини ҳисобга олувчи технологиялардан фойдаланган ҳолда кенг омма учун мўлжалланган ахборот билан ногиронлиги бўлган шахсларни таъминлайди.
Ногиронлиги бўлган шахслар ахборотни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир.
Давлат одамлар ўртасидаги алоқа воситалари сифатида имо-ишора тилидан, муомаланинг бошқа муқобил шаклларидан фойдаланишга кўмаклашади.
Давлат ногиронлиги бўлган шахсларни уларга қулай бўлган форматларда телевизион дастурлар, фильмлар, театр томошалари ва бошқа маданий тадбирлардан фойдаланишни таъминлайди.
Давлат бадиий адабиётлар, мактаб дарсликлари, бошқа дидактик материаллар ва ўқитиш воситалари коммуникациянинг муқобил шаклларидан (Брайль шрифтида ва овозли версияда, содда ва қулай баён қилиш) фойдаланган ҳолда нашр этилишини таъминлайди.
Давлат органлари ва ташкилотлари ўзларининг веб-сайтларида ногиронлиги бўлган шахслар учун уларда жойлаштирилган ахборот билан танишиш ва хизматлардан фойдаланиш билан боғлиқ қўшимча имкониятларни таъминлашлари шарт.
Давлат органлари ва ташкилотлари ахборот-коммуникация ускуналарини ва ахборот таъминотига давлат харидларига давлат буюртмасини амалга оширишда ногиронлиги бўлган шахсларнинг барча тоифалари учун қулайлик мезонларига риоя қилишни ҳисобга олишлари керак.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зарурат бўлганда давлат органлари вакиллари ва эшитиш қобилияти бузилган ногиронлиги бўлган шахс ўртасида муомалани таъминлаш учун шартнома бўйича имо-ишоралар тили таржимонини ёллайдилар.
26-модда. Маданий ҳаётда иштирок этиш, дам олиш ва спорт билан шуғулланиш
Давлат органлари ва ташкилотлари ногиронлиги бўлган шахсларнинг тарихий ва маданий мерос объектларига, туристик ва спорт объектларига, шунингдек, дам олиш ва истироҳат объектларига киришларини таъминлайди.
Театрлар, музейлар, кинотеатрлар, кутубхоналар, маданият ва дам олиш истироҳат боғлари, моддий-маданий мерос объектлари ҳамда туристик объектлар ногиронлиги бўлган шахсларнинг фойдаланиши учун қулай бўлиши керак.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг моддий-маданий мерос объектларига, спорт иншоотларига, дам олиш ва истироҳат объектларига ҳамда туристик объектларга киришларини таъминлаш мақсадида мулкчилик шаклларидан қатъи назар ташкилотлар ногиронлиги бўлган шахсларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари иштирокида:
маданий, спорт ва туристик тадбирларда ногиронлиги бўлган шахслар ва уларнинг оилалари иштирокини рағбатлантиришга;
маданий, спорт ва кўнгилочар тадбирларни ўтказиш доирасида ногиронлиги бўлган шахсларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда фаолиятни ташкил этишга;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг спорт билан шуғулланишлари, спорт мусобақалари ўтказилишида ва уларда иштирок этиши учун зарур шароитлар ва имкониятларни таъминлашга;
фаолияти ногиронлиги бўлган шахсларни спорт билан шуғулланишга жалб этишга ва уларни жамиятнинг маданий ҳаётида иштирок этишга йўналтирилган ногиронлиги бўлган шахсларнинг нодавлат нотижорат ташкилотларини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашга;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг барча даражалардаги спорт тадбирларида иштирокини тарғиб қилиш ва рағбатлантиришга мажбурдир.
Ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъи назар ташкилотлар ногиронлиги бўлган шахсларнинг спорт иншоотлари объектларига, дам олиш ва истироҳат обҳектларига ҳамда туристик объектларга киришини таъминлайдилар.
Ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъи назар ногиронлиги бўлган шахслар спорт билан шуғулланишлари учун спорт заллари ва биноларни бепул асосда тақдим этадилар.
Давлат спортнинг паралимпия турлари бўйича тренерлар, судьялар ва бошқа мутахассисларни ўқитишни таъминлайди.
Давлат органлари ногиронлиги бўлган шахсларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари билан биргаликда ҳар йили ногиронлиги бўлган шахсларнинг спорт билан шуғулланишлари учун шарт-шароитлар яратиш ва уларни спорт билан шуғулланишга жалб этиш бўйича дастурларни ишлаб чиқадилар ва амалга оширадилар.
Давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг спорт билан шуғулланишини моддий қўллаб-қувватлаш тизимини яратади.
27-модда. Давлат органларига мурожаат қилиш ҳуқуқи
Ногиронлиги бўлган шахслар давлат органларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ва мансабдор шахсларга шахсий ва жамоавий мурожаатларни ёзма ва электрон шаклда юбориш, ишонч телефонлари орқали мурожаат қилиш ҳуқуқига эгадир. Давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва мансабдор шахслар ўз ваколатлари доирасида ушбу мурожаатларни кўриб чиқиши ва асосланган жавоб беришлари шарт.
Давлат органлари ва мансабдор шахслар ногиронлиги бўлган шахсларнинг:
шахслараро муомала воситаси сифатида имо-ишора тилини эътироф этиш ва қўллаб-қувватлаш, шунингдек, уни ривожлантириш ва жамият ҳаёт фаолиятининг турли соҳаларида қўллаш чора-тадбирларини кўриш;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш зарур бўлган ҳолларда судротаржима хизматлари кўрсатиш;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг фуқаронинг ўз имзосига тенглаштириладиган факсимил имзодан фойдаланиш воситасида уларнинг аризалар, шикоятлар ёки таклифлар билан мурожаат қилишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиши шарт.
Факсимил имзо ногиронлиги бўлган шахс томонидан фақат, агар у ўзининг жисмоний нуқсонларига кўра зарур ҳужжатларни имзолашда ўз имзосини қўйиш имкониятига эга бўлмаган тақдирда қўлланилиши мумкин.
Факсимил имзо ногиронлиги бўлган шахслар учун тайёрланади ва улар томонидан бутун ҳаётлари давомида фойдаланилади. Факсимил имзо йўқотилган тақдирда унинг дубликати тайёрланади.
Ҳеч ким факсимил имзодан фойдаланилиши муносабати билан ўз фуқаролик ҳуқуқларини амалга оширишда чеклаб қўйилиши мумкин эмас.
Эшитиши ва нутқи бўйича ногиронлиги бўлган шахсларга:
тергов ҳаракатларини амалга оширишда ёки жиноий, фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ишлар бўйича суд жараёнларида иштирок этишга;
ҳужжатлар ва битимларни нотариал расмийлаштиришда;
транспортни бошқариш кўникмаларига ва компьютер саводхонлигига ўқитишда;
давлат хизматлари кўрсатишда сурдотаржимон хизматлари тақдим этилади.
Давлат ҳар йили сурдотаржимонлар, сурдопедагоглар, дефектологлар ва логопедларни ўқитади.
Телерадиоэшиттириш ташкилотлари янгиликлар кўрсатуви сурдотержима ёки субтитрлар билан узатилишини таъминлайдилар.
28-модда. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари соҳасида жамиятнинг маърифати
Давлат органлари жамиятнинг хабардорлигини ошириш мақсадида ногиронлик ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш принципини қўллаш масалаларида:
оммавий ахборот воситалари ва матбуот орқали ногиронлиги бўлган шахсларнинг фаол ижтиомий ролини ижобий идрок этишга кўмаклашишни;
жамиятни ривожлантиришда ногиронлиги бўлган шахсларнинг салоҳияти ва улушини тарғиб қилишни;
ногиронлиги бўлган шахсларни ижобий ва бағри кенглик билан тасаввур қилиш йўналишида уларнинг ижтимоий интеграциясига кўмаклашадиган оммавий ахборот воситаларини рағбатлантиришни;
ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан андозалар ва хурофотларга қарши курашишни;
таълим тизимининг барча даражаларида, шу жумладан, илк ёшдан бошлаб болаларда ногиронлиги бўлган шахсларга ҳурмат билан муносабатда бўлишни тарбиялашни;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг қадр-қиммати ва қобилиятларини ва иш ўрнида ва меҳнат бозорида уларнинг жамоа ютуқларига улушини эътироф этишга кўмаклашишни;
ногиронлиги бўлган шахсларга ва уларнинг ҳуқуқларига бағишланган тарбиявий-таништирув дастурларини ишлаб чиқиш ва жорий этишни;
ногиронлиги бўлган шахслар тўғрисидаги ижобий тасаввурларни ва жамиятда уларни чуқурроқ тушунишни рағбатлантиришни таъминлайди;
Давлат ҳар йили ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан жамиятда хурофотлар ва андозаларни тугатишга, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижобий қиёфасини ёритишни рағбатлантиришга йўналтирилган бадиий, ҳужжатли фильмлар ишлаб чиқаришга ҳамда спектакллар қўйишга давлат буюртмасини жойлаштиради.
Давлат ҳар йили оммавий ахборот воситаларида ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ҳаётидаги салоҳияти ва улушини тарғиб қилишда, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижобий қиёфасини яратишга йўналтирилган ижтимоий реклама ахбороти ва материалларни ишлаб чиқариш ва жойлаштиришга давлат буюртмасини жойлаштиради. Ногиронлиги бўлган шахслар тўғрисида ижобий тасаввур ҳосил қилишга йўналтирилган ижтимоий реклама ахбороти ва роликлар телевидениеда, матбуотда ва бошқа оммавий ахборот воситаларида жойлаштирилади.
Ҳуқуқий ва гуманитар йўналишдаги олий таълим муассасаларида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ўрганиш бўйича ўқув фани ва курслар киритилади.
3-боб. Ногиронликни белгилаш, ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация ва абилитация қилиш
29-модда. Тиббий-ижтимоий экспертиза
Ногиронлиги бўлган шахсни эътироф этиш тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялар томонидан, ўн саккиз ёшгача бўлган болаларни эса – педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялар томонидан амалга оширилади.
Шахс тиббий-ижтимоий экспертизага давлат тиббиёт ташкилоти томонидан юборилади.
Ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъи назар тиббиёт ташкилотлари ногиронлиги белгилари аниқ кўриниб турган шахсларни клиник-функционал маълумотларни олиш юзасидан қўшимча текширишларсиз тиббий-ижтимоий экспертизага юборишга ҳақлидир.
Агар шахс соғлиғининг ҳолатига кўра тиббий-ижтимоий эксперт комиссияга бора олмаса ва бу тиббиёт ташкилоти ёки тиббиёт ташкилотининг хулосаси билан ёки фуқаро даволанишда бўлган стационарда тасдиқланса, тиббий-ижтимоий экспертиза уйда ўтказилиши мумкин.
Тиббий-ижтимоий эксперт комиссия мажлисларида меҳнат бўйича органлар, маҳаллий ижро этиувчи ҳокимият органлари, касаба уюшмалари ёки уларнинг ҳудудий органлари, суғурта ташкилотлари ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари, ногиронлиги бўлган шахсларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этиши мумкин.
Кўрикдан ўтказиш тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан тиббий ҳужжатлар қабул қилинган кундан бошлаб ўн календарь кундан кечикмай ўтказилади. Тиббий-ижтимоий экспертизадан ўтказиш учун юборилган шахс тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясининг текшируви куни тўғрисида тиббий ҳужжатлар қабул қилинган кундан бошлаб икки кун мобайнида хабардор қилинади. Ногиронлик белгиланганда ҳужжатлар қабул қилинган сана ногиронликнинг бошланиши санаси деб ҳисобланади.
Тиббий-ижтимоий экспертиза натижалари бўйича ногиронлиги бўлган шахс деб эътироф этилган шахсга ногиронлик гуруҳи ва сабаби, 18 ёшгача болаларга эса – “қайта кўрикдан ўтиш муддати билан ногиронлиги бўлган бола” тоифаси белгиланади.
Қайта кўрикдан ўтиш муддати кўрсатилмайдиган ногиронлик органлари функциялари ва организм тизимларининг қайтариб бўлмас морфологик ўзгаришлари ва бузилишлари турғун бўлганда, касалликнинг кечишини яхшилаш ва тиклаш, белгиланган тартибда тасдиқланган касалликлар ва анатомик нуқсонлар рўйхатига мувофиқ амалга оширилган реабилитация тадбирларининг самарасизлиги оқибатида ижтимоий мослашиш мумкин бўлмаганда белгиланади.
Олдин кўрсатилган муддатларда қайта текширувдан ўтиш соғлиқнинг ҳолати ва ҳаёт фаолияти чекланиши даражаси ўзгарганда, тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларининг асосланмаган қарорлари аниқланганда, юқори турувчи тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялар томонидан назорат функциялари амалга оширилганда ўтказилади.
Тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялар бепул текширишлар ўтказиш учун зарур ускуналар билан жиҳозланган давлат тиббиёт ташкилотларига бириктирилади.
Давлат бошқаруви органлари ва бошқа давлат ташкилотлари ногиронлик юзага келишига таъсир қилувчи сабаблар, омиллар ва шарт-шароитларни ўрганиш мақсадида ўз ваколатлари доирасида ногиронликка олиб келувчи касалликларнинг ишлаб чиқариш, ижтимоий, экологик ва бошқа сабабларини таҳлил қиладилар.
Тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялар ногиронлиги бўлган шахсларнинг маълумотлар базасини шакллантириш, ногиронлик тузилмасини ҳисобга олиш ва таҳлил қилиш мақсадида ногиронлиги бўлган шахсларни кўрикдан ўтказиш ишини ва ногиронлиги бўлган болани текширувдан ўтказиш ишини юритадилар.
Ногиронликни белгилаш мезонлари ва механизмлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
30-модда. Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастури
Ногиронлиги бўлган шахслар учун тиббий-ижтимоий экспертиза ўтказилгандан кейин ўн кун мобайнида реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастури ишлаб чиқилади.
Ногиронлиги бўлган шахсни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастури тегишли давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъи назар давлат ташкилотларининг ижро этиши учун мажбурий ҳисобланади.
Ногиронлиги бўлган шахсни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастури тиббий, ижтимоий, таълим ва касбий соҳаларда мутахассислар томонидан ўтказиладиган кўп ихтисосли баҳолаш асосида ишлаб чиқилади.
Муассасалар ва ташкилотлар ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъи назар ногиронлиги бўлган шахсни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастурларида назарда тутилган чора-тадбирлар сўзсиз, ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилишини таъминлайдилар.
Ногиронлиги бўлган шахсни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастурини тузишда тиббий-ижтимоий эксперт комиссия врачлари ногиронлиги бўлган шахсни ушбу Қонунда назарда тутилган унинг ҳуқуқларидан хабардор қилиши шарт.
Ногиронлиги бўлган шахсни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастурини бажариш бўйича тадбирларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.
Реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастурида кўрсатилган тадбирларни амалга оширишда ногиронлиги бўлган шахс:
реабилитацияни амалга оширишда иштирок этувчи шахслар томонидан ўзига нисбатан тенг, ҳурмат билан ва камситмасдан муносабатда бўлиш;
ўз ҳуқуқлари ва имкониятлари, шунингдек, реабилитацияни олиш ва ўтказиш хусусияти, сифати, шартлари тўғрисида тўлиқ ва ишончли ахборотни олиш;
реабилитацияни ўтказишнинг исталган босқичида ногиронлиги бўлган шахсларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари жалб этилиши ҳуқуқига эгадир.
Ногиронлиги бўлган шахсни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастури ногиронлиги бўлган шахслар учун тавсиявий хусусиятга эга, у реабилитация чора-тадбирларининг у ёки бу тури, шакли ва ҳажмини рад этишга, шунингдек, умуман дастур амалга оширилишини рад этишга ҳақлидир. Ногиронлиги бўлган шахс ўзини аниқ техник ёки бошқа восита ёхуд реабилитация тури, шу жумладан, автомобиллар, кресло-аравачалар, протез-ортопедия буюмлари, махсус шрифтли босма нашрлар, овоз кучайтириш аппаратлари, сигнализаторлар, субтитрли ёки сурдотаржимали видеоматериаллар, бошқа шунга ўхшаш воситалар билан таъминлаш тўғрисидаги масалани мустақил ҳал этишга ҳақлидир.
Реабилитация қилишнинг техник воситалари ва хизматлар ногиронлиги бўлган шахсларга, қоидага кўра, натура шаклида тақдим этилади.
Агар ногиронлиги бўлган шахсни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастурида назарда тутилган техник восита ёхуд хизматлар унга тақдим этилмаса ёки агар ногиронлиги бўлган шахс тегишли воситани ўзи сотиб олса ёхуд хизматларга ўзининг ҳисобидан ҳақ тўласа, у ҳолда унга ногиронлиги бўлган шахсга тақдим этилиши керак бўлган техник восита ёхуд хизматлар қиймати миқдорида компенсация тўланади.
Ногиронлиги бўлган шахс ногиронлиги бўлган шахсни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастурни умуман ёки унинг айрим қисмлари амалга оширилишини рад этган тақдирда тегишли ташкилот у бажарилмаганлиги учун жавобгар бўлмайди.
31-модда. Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация ва абилитация қилиш
Ногиронлиги бўлган шахсларга тўлақонли ҳаёт тарзи кечириш ва ўзининг ҳуқуқлари ва потенциал имкониятларини рўёбга чиқариш имконини берадиган унинг ижтимоий мақомини, ўзига ўзи хизмат кўрсатиш ва касбий фаолиятнинг ҳар хил турларига қобилиятларни тиклаш ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилишнинг мақсади ҳисобланади.
Давлат давлат муассасаларида ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий, касбий, меҳнат ва ижтимоий реабилитация қилишни кафолатлайди.
Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастурига мувофиқ ташкил этилади.
Абилитация бўйича хизматлар хавф гуруҳига кирувчи болаларга тақдим этиладиган тиббий, ижтимоий, руҳий ва педагогик, шунингдек, бошқа тузатувчи хизматларни ўз ичига олади.
Абилитация бўйича хизматлар тиббий-санитария ташкилотлари ҳамда ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъи назар тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатувчи ихтисослаштирилган ташкилотлар томонидан кўрсатилади.
Абилитация малакали ходимлар томонидан боланинг эҳтиёжларига энг кўп мослаштирилган ҳажмда амалга оширилади.
32-модда. Реабилитация техник воситалари ва протез-ортопедия буюмларига бўлган ҳуқуқ
Давлат замонавий протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларини яратиш ва ишлаб чиқаришни ташкил этиш мақсадида реабилитация индустрияси ривожланишига кўмаклашади.
Протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари давлат реестри (рўйхати), бундай воситалар билан таъминлаш тартиби, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация техник воситалари билан таъминлаш учун тиббий кўрсаткичлар ва зидликлар рўйхати белгиланган тартибда аниқланади.
Ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари билан таъминлаш бўйича сарфлаш мажбуриятларини молиялаштириш, шу жумладан, уларни тайёрлаш ва таъмирлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
Ушбу моддада назарда тутилган ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларига харажатларни молиялаштириш учун қўшимча маблағлар қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан ҳам олиниши мумкин.
Ҳисобот даври якунлари бўйича тушум умумий ҳажмининг камида 30 фоизи ногиронлиги бўлган шахслар учун протез-ортопедия буюмлари, инвентарь ишлаб чиқаришдан, шунингдек, уларга ортопедик протезлаш хизматлари кўрсатиш, протез-ортопедия буюмлари ва инвентарни таъмирлаш ва хизмат кўрсатишдан тушган тадбиркорлик субъекти қуйидаги имтиёз ва преференцияларни олиш ҳуқуқига эгадир:
уларга тақдим этилган таклифлар танлов савдоларининг бошқа иштирокчилари таклифлари билан тенг бўлганда харидор томонидан инвестиция мажбуриятлари ва ижтимоий мажбуриятлар қабул қилиниши шарти билан давлат мулкини ноль сотиш қиймати бўйича сотиш бўйича ўтказилган танлов савдолари натижалари бўйича контракт тузишга устунлик;
давлат мулки объекти учун ушбу объектнинг ижара тўлови ставкасининг энг кам миқдорининг 50 фоизи миқдорида ижара тўлови.
4-боб. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш ва уларга ижтимоий ёрдам бериш
33-модда. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш
Давлат ногиронлиги бўлган шахснинг бошқа фуқаролар билан тенг равишда соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланиш, сифатли ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олувчи тиббий ёрдамдан фойдаланиш ҳуқуқи амалга оширилишини таъминлаш учун зарур чора-тадбирлар кўради.
Давлат ногиронлиги бўлган шахсларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш чора-тадбирларини кўради, у фуқароларга бепул тиббий ёрдам кўрсатишнинг давлат кафолатлари дастури доирасида амалга оширилади. Ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий парвариш қилиш барча даражалардаги мавжуд тиббий хизматлар доирасида ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун ихтисослаштирилган хизматлар томонидан амалга оширилади.
Ўсиб борувчи шаклдаги даволаб бўлмайдиган касалликларга чалинган ёки якунловчи босқичдаги шахслар беморларнинг жисмоний, руҳий, эмоционал ва маънавий эҳтиёжларини қондиришни назарда тутувчи паллиатив тиббий парвариш қилиш хизматлари ҳуқуқига эга бўлади.
Ногиронлиги бўлган ҳар қандай шахс тиббиёт фанининг мавжуд даражаси ва тиббий хизматларни етказиб берувчиларнинг реал имкониятлари билан белгиланадиган барча мумкин бўлган қонуний усуллар ва воситалар билан азобни енгиллаштириш ва оғриқни камайтиришга бўлган ҳуқуққа эга бўладилар.
34-модда. Ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий ёрдам бериш
Ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий ёрдам:
пул тўловлари (пенсиялар, нафақалар, бирйўла бериладиган тўловлар);
техник, сурдотехник, тифлотехник ёки бошқа воситалар. шу жумладан, автомобиллар, кресло-аравачалар, протез-ортопедия буюмлари, махсус шрифтли босма нашрлар, овозни кучайтирувчи аппаратлар ва сигнализаторлар билан таъминлаш;
тиббий, касбий, ижтимоий реабилитация қилиш хизматлари ва маиший хизмат кўрсатиш;
транспорт хизматлари;
дори воситалари билан таъминлаш тарзида кўрсатилади.
Ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий ёрдам тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларнинг хулосалари асосида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, соғлиқни сақлаш, халқ таълими органлари, бошқа давлат органлари томонидан кўрсатилади.
Ногиронлиги бўлган, ўзига ўзи хизмат кўрсатиш қобилиятини қисман ёки тўлиқ йўқотган ва ўзганинг парваришига муҳтож бўлган шахсларга уларга уйда ва ваколатли давлат органларининг ихтисослаштирилган турғун муассасаларида хизмат кўрсатиш бўйича хизматлар кўрсатилади. Ушбу муассасаларда ижтимоий хизматлар кўрсатиш билан биргаликда ҳаёт фаолиятининг тегишли шарт-шароитлари, тиббий хизматлар кўрсатилади ҳамда меҳнат фаолияти, дам олишини ташкил этиш таъминланади.
Реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастурида назарда тутилган техник воситани ўз маблағлари ҳисобига сотиб олган ногиронлиги бўлган шахсларга компенсация тўланади.
Иш берувчининг (ташкилотнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар) айби бўйича меҳнатда майиб бўлган ёки касб касаллигига чалинган ногиронлиги бўлган шахслар тиббий кўрсатмаларга мувофиқ иш берувчининг маблағлари ҳисобига техник ва махсус воситалар билан таъминланадилар.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобига ногиронлиги бўлган шахсларга қўшимча ижтимоий кафолатлар белгилаш ҳуқуқига эга.
Ногиронлиги бўлган шахслар санаторий-курортда бепул соғломлаштириш, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни парвариш қилиш учун дори воситалари, тиббий буюмлар ва ногиронлиги бўлган болалар учун даволайдиган махсус озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиш ҳуқуқига эгадир.
Ногиронлиги бўлган шахсларни санаторий-курортда соғломлаштиришни таъминлаш, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни парвариш қилиш учун дори воситалари, тиббий буюмлар ва ногиронлиги бўлган болалар учун даволайдиган махсус озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиш рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
35-модда. Ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий-маиший хизмат кўрсатиш
Ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий-маиший хизмат кўрсатиш фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари иштирокида соғлиқни сақлаш, меҳнат бўйича органлар, хайрия ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар томонидан амалга оширилади ва қуйидаги турларни ўз ичига олади:
ижтимоий муҳофаза қилиш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш масалалари бўйича маслаҳат бериш, тегишли ташкилотларга юбориш;
эҳтиёжманд ногиронлиги бўлган шахсларга соғлиқнинг ҳолати бўйича уларга ҳомийликни белгилашга кўмаклашиш ва ҳомийлар ўз мажбуриятларини ижро этиши устидан назорат қилиш;
протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари олишда кўмаклашиш;
ўзганинг парваришига муҳтож бўлган ногирон шахсларни дори воситалари билан бепул ёки имтиёзли таъминлаш;
ўзганинг парваришига муҳтож бўлган ногиронлиги бўлган шахсларга асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ва гигиена товарлари билан бепул таъминлашга, овқат тайёрлаш ва уйни йиғиштиришда, гигиенани амалга оширишда кўмаклашиш.
Агар ходим иш берувчининг айби билан ногирон бўлиб қолган ва ўзганинг парвариши ва ёрдамига муҳтож бўлган тақдирда, иш берувчи тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялар ва тиббий-маслаҳат комиссияларининг хулосасига мувофиқ ногирон бўлиб қолган шахс меҳнат қобилиятини йўқотган вақтда ногиронни парвариш қилган шахсни ўз ҳисобига сақлашга ва жабрланган ходимга моддий зарарни ва маънавий зиённи қоплашга мажбурдир.
5-боб. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиши ва уларни касбга тайёрлаш
36-модда. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиш ҳуқуқи
Ногиронлиги бўлган шахслар ўз қобилиятларини тўлиқроқ ривожлантириш ва жамият ҳаётида иштирок этиш учун барча даражалардаги таълим муассасаларида ва бутун ҳаёти мобайнида таълим олиш ҳуқуқига эгадир.
Давлат ногиронлиги бўлган шахсларга инклюзив таълимни ривожлантириш, таълимга ва касбга тайёрлашдан фойдаланиш учун зарур шарт-шароитлар яратилишини кафолатлайди.
Таълим муассасалари давлат органлари билан биргаликда ногирон болалар учун мактбагача, мактабдан ташқари ва умумий ўрта маълумот, шунингдек, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим олинишини таъминлайди.
Агар ногиронлиги бўлган болалар таълим муассасаларида таълим олишининг вақтинча имкони бўлмаса, таълимни бошқариш органлари ва таълим ташкилотлари ногиронлиги бўлган болаларнинг ихтисосли врачларнинг тавсиялари асосида ва ота-оналарнинг розилиги билан уйда таълим олишларини таъминлайдилар.
Ногиронлиги бўлган болаларга уйда таълим бериш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
Давлат бепул умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими олинишини кафолатлайди.
Ногиронлиги бўлган шахсларни тўловдан озод қилган ҳолда ёки имтиёзли шартларда махсус ўқув қўлланмалари ва адабиётлари, шунингдек, сурдотаржимонларнинг хизматларидан фойдаланиш имконияти билан таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
Нодавлат таълим ташкилотлари ногиронлиги бўлган болалар ўқитилганлиги учун тўлов бўйича имтиёзларни белгилаш ҳуқуқига эга.
Ногиронлиги бўлган шахсларни ўқитиш, касбга тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳар хил шаклларда, шу жумладан, кундузги, сиртқи, махсус сиртқи, кечки шаклларда, экстернат шаклида, шунингдек, умумий типдаги таълим муассасаларида, ихтисослаштирилган таълим муассасаларида, уйда ўқитиш йўли билан масофадан туриб таълим технологияларидан фойдаланган ҳолда, шунингдек, ўқитишнинг масофадан туриб амалга ошириладиган усулида, махсус гуруҳлар, синфларда ва якка тартибдаги ўқув режалари бўйича амалга оширилади.
Ногиронлиги бўлган болаларни ҳар томонлама ва уйғун камол топтириш, уларда ижтимоий фаолликни, меҳнатга муҳаббатни ривожлантириш, уларни илм-фан, техника, санъат ва спорт билан таништириш мақсадида таълим муассасалари бошқа давлат органлари билан биргаликда ногиронлиги бўлган болаларнинг мактабдан ташқари таълимдан фойдаланишини таъминлашлари, бунинг учун зарур шарт-шароитларни яратишлари шарт.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг шахслараро муомаласи воситаси сифатида имо-ишора тили Ўзбекистон Республикаси томонидан эътироф этилади.
Давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳар бири учун энг мақбул бўлган тилларни, коммуникациялар методлари ва усулларини ривожлантириш, Брайль алифбосини, муқобил шрифтлар, нутқ ва оғзаки муомала кўникмаларини ўзлаштириш, шунингдек, ўқитувчилар ва мактаб ходимларини инклюзив таълим масалалари бўйича ўқитиш, умумий типдаги таълим ташкилотларида имо-ишора тилини ва Брайль алифбосини эгаллаб олган ногиронлиги бўлган ўқитувчиларни ишга жойлаштириш ёрдамида ногиронлиги бўлган шахслар учун таълим тизимини такомиллаштириш чора-тадбирларини кўради.
37-модда. Ногиронлиги бўлган болаларнинг мактабгача таълими
Ногиронлиги бўлган болаларнинг мактабгача таълими мактабгача таълим муассасаларида амалга оширилади. Мактабгача ёшдаги ногиронлиги бўлган болаларга нисбатан зарур реабилитация чоралари амалга оширилади ва уларнинг мактабгача таълим муассасаларида бўлиши учун зарур шарт-шароитлар яратилади.
Соғлиғининг ҳолати уларнинг мактабгача таълим муассасаларида бўлишига вақтинча имконият бермайдиган ногиронлиги бўлган болалар учун махсус мактабгача таълим муассасалари ташкил этилади.
Махсус мактабгача таълим муассасаларида таълим дастури илғор методикаларни ўз ичига олиши керак.
38-модда. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълими
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълими барча таълим муассасаларида, зарурият бўлганда эса – махсус таълим муассасаларида амалга оширилади.
Турғун даволаш-профилактика ёки реабилитация муассасаларида даволаш курсидан ўтаётган ногиронлиги бўлган болалар учун ушбу муассасаларда ўқув машғулотлари ташкил этилади.
Касб-ҳунар таълимини олиш учун махсус шарт-шароитларга муҳтож бўлган ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳар хил типлар ва турлардаги махсус касб-ҳунар таълим муассасалари ёки умумий типдаги касб-ҳунар таълим муассасаларида тегишли шарт-шароитлар яратилади. Уларда таълим олиш ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиши учун мослаштирилган таълим дастурлари асосида давлат таълим стандартларига мувофиқ амалга оширилади.
Ногиронлиги бўлган шахслар учун олий таълим муассасаларида давлат гранти асосида абитуриентларни қабул қилиш умумий сонининг икки фоизи миқдорида қўшимча қабул квотаси ажратилади.
Ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча квотага олий таълим муассасаларига қабул қилиш кириш имтиҳонлари натижалари бўйича амалга оширилади.
Тўпланган баллар билан ногиронлиги бўлган шахслар учун ажратилган қўшимча квоталар бўйича қабул қилинмаган абитуриентлар умумий асосларда таълимнинг ушбу йўналиши бўйича танловда иштирок этадилар.
39-модда. Ногиронлиги бўлган шахсларни касбга тайёрлаш ва малакасини ошириш
Ногиронлиги бўлган шахсларни касбга тайёрлаш ва малакасини ошириш таълим муассасаларида, шу жумладан, махсус таълим муассасаларида, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари корхоналарида ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастурига мувофиқ ижтимоий таъминот муассасалари билан биргаликда таъминланади.
Давлат дидактик ва йўриқномавий материал, шу жумладан, кўзи ожизлар учун материал (Брайль алифбоси), кўзи яхши кўрмайдиганлар учун овоз вариантида ҳарфлар, овозли адабиётлар, шу жумладан, гуруҳларда ўқитиш учун ёрдамчи овоз тизимлари, касбга тайёрлаш даврида яхши эшитмайдиганлар учун имо-ишора тилига таржима қилиш (шу жумладан, касбга йўналтириш, шакллантириш ва реабилитация қилиш даврида) билан таъминлашни кафолатлайди.
Соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан енгил автомобилларни бошқариш учун яроқли деб эътироф этилган ногиронлиги бўлган шахсларни автомобилни бошқаришга тайёрлаш махсус ўқув дастурлари асосида амалга оширилади. Кар ва кар-соқов шахсларни автомобилни бошқаришга тайёрлаш умумий ўқув дастури асосида сурдотаржима билан амалга оширилади.
6-боб. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнат қилиши ва иш билан бандлиги
40-модда. Меҳнат қилишга бўлган ҳуқуқ амалга оширилишини таъминлаш
Ногиронлиги бўлган шахс одатдаги меҳнат шароитларидаги ташкилотларда, ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланувчи ихтисослаштирилган корхоналарда, цехлар ва участкаларда ишлашга, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган якка тартибдаги меҳнат фаолиятини ёки бошқа амалиётни амалга ошириш ҳуқуқига эга.
Меҳнат муносабатларининг барча шаклларига, шу жумладан, ишга қабул қилиш шартларига, ёллаш, меҳнат фаолиятини амалга ошириш, ишни сақлаб қолиш, хизматда кўтарилиш, шунингдек, меҳнатнинг хавфсиз шароитлари таъминланишига нисбатан ногиронлик белгиси бўйича камситиш тақиқланади.
Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган ногиронлиги бўлган шахснинг вақтинча меҳнатга лаёқатсизлиги ва таътилда бўлиши даврида иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномаси тўхтатилишига йўл қўйилмайди, корхона тўлиқ тугатилган ҳоллар бундан мустасно.
I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ишловчи шахсларга меҳнатга ҳақ тўлаш камайтирилмасдан ҳафтада ўттиз олти соатдан ортиқ бўлмаган иш вақтининг қисқартирилган муддати белгиланади.
I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ишловчи шахсларга камида ўттиз календарь кунлик ҳар йилги асосий узайтирилган таътил берилади.
Ногиронлиги бўлган шахсларни тунги вақтда ишга, шунингдек, ишдан ташқари вақтдаги ишларга ва дам олиш кунлари ишга жалб этишга фақат бундай ишларни бажариш уларга тиббий тавсияларга кўра тақиқланмаслиги шарти билан уларнинг ёзма розилиги билан йўл қўйилади.
41-модда. Ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштириш ва бандлигини таъминлаш
Ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, меҳнат бозорида уларнинг рақобатбардошлигини ошириш мақсадида давлат қуйидаги чора-тадбирларни кўради:
ногиронлиги бўлган шахсларни касбга йўналтиришга, касбга ўқитишга, ишга жойлаштиришга, меҳнатига кўмаклашишга, шунингдек, мақбул ишни олиш, сақлаб қолиш ва хизматлар кўрсатилишини таъминлашга йўналтирилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олувчи ногиронлиги бўлган шахсларни касбий реабилитация қилиш;
ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъи назар ташкилотларда ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилишга квоталар белгилаш;
ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштириш учун мақбул бўлган касблар бўйича иш ўринларини захирага қўйиш;
ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъи назар ташкилотларни ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштиришга ҳамда махсус иш жойлари яратишга рағбатлантириш;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш ва уларни рағбатлантириш;
ихтисослаштирилган ташкилотларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;
ногиронлиги бўлган шахсларни янги касбларга ўқитиш дастурларини ташкил этиш ва такомиллаштириш;
давлат секторида ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштиришни ва уларнинг бандлигини рағбатлантириш ва ривожлантириш;
ногиронлиги бўлган шахслар меҳнатидан фойдаланадиган, корхоналар ва ташкилотларни, шу жумладан, уларнинг уйда ишлашини давлат томонидан қўллаб-қуватлаш.
Ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштириш меҳнат бўйича ҳудудий органлар томонидан таъминланади.
Давлат ҳокимияти органлари томонидан ишловчилар сони йигирма нафардан ортиқ бўлган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштириш учун ходимлар сонининг камида уч фоизи миқдорида иш ўринларининг минимал сони белгиланади ва захирага қўйилади.
Ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини яратиш бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлари ижро этилмаганлиги учун ташкилотларнинг мансабдор шахслари маъмурий жавобгарликка тортилади.
Маъмурий жазо қўлланилиши ташкилотларни ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлаш бўйича ушбу Қонун талаблари ижро этилиши мажбуриятидан озод қилмайди.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжлари ва маҳаллий хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланиш учун ихтисослаштирилган корхоналар ва иш ўринлари ташкил этилади. Кўриш бўйича ногиролиги бўлган шахслар шарт-шароитлари уларнинг имконмятларига мувофиқ бўлган ишлаб чиқаришда устунлик ҳуқуқига эга бўладилар.
7-боб. Якунловчи қоидалар
42-модда. Ушбу Қонун нормалари ижро этилмаганлиги учун жавобгарлик
Ушбу Қонун нормалари ижро этилмаслигида айбдор бўлган давлат органлари ва ташкилотлари ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъи назар, шунингдек жисмоний шахслар белгиланган тартибда жавоб берадилар.
43-модда. Айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб эътироф этиш
Ушбу Қонун кучга кирган кундан бошлаб қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин:
1) “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 11 июлда қабул қилинган ЎРҚ-162-сон Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2008 й. 7-сон, 353-модда);
2) “Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 9 сентябрда қабул қилинган ЎРҚ-254-сон Қонунининг 1-моддаси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2010 й. 9-сон, 334-модда);
3) “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелда қабул қилинган ЎРҚ-352-сон Қонунининг 1-моддаси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2013 й. 4-сон, 98-модда);
4) “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 7 октябрда қабул қилинган ЎРҚ-355-сон Қонунининг 1-моддаси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2013 й. 10-сон, 263-модда);
5) “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 26 декабрда қабул қилинган ЎРҚ-416-сон Қонунининг 2-моддаси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2016 й. 12-сон, 383-модда);
6) “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 13 июнда қабул қилинган ЎРҚ-436-сон Қонунининг 2-моддаси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2017 й. 6-сон, 300-модда);
7) “Айрим давлат органлари фаолияти такомиллаштирилиши, шунингдек фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 3 январда қабул қилинган ЎРҚ-456-сон Қонунининг 1-моддаси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палата)ларининг Ахборотномаси, 2018 й. 1-сон, 1-модда).
44-модда. Ушбу Қонун ижро этилишини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ушбу Қонун ижро этилишини, ижрочиларга етакзилишини, моҳияти ва аҳамиятини аҳоли орасида тушунтирлишини таъминласин.
45-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
Ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
Давлат бошқаруви органлари томонидан ушбу Қонунга зид бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қайта кўриб чиқилиши ва бекор қилинишини таъминласин.
46-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб уч ой ўтгандан кейин кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.Мирзиёев