Ҳамкорлик ва тараққиёт йўлидаги очиқлик
Ҳамкорлик ва тараққиёт йўлидаги очиқлик

Ли КЭЦЯН ХХР Давлат кенгаши бош вазири:

— Яқинда Ўзбекистонга ХХР Давлат кенгаши бош вазири сифатида илк марта расмий ташриф билан бораман. Бунда Тошкентда бўлиб ўтадиган ШҲТ Ҳукуматлар раҳбарлари (Бош вазирлари) кенгашининг 18-мажлисида иштирок этиш кўзда тутилган. Ташриф унчалик узоқ давом этмаса-да, ундан кўп нарсаларни кутяпман.

Эътироф

Хитой халқининг қалбида Ўзбекистон ҳамиша яхши қўшни ва ишончли ҳамкор бўлиб гавдаланади. Бундай ёқимли муносабат чуқур тарихий илдизга эга. У икки мамлакат халқларининг кўп асрлик узвий алоқалари билан боғлиқ. Қадимда Сихань сулоласи ҳукмронлиги давридаёқ, элчи ва дипломат Чжан Цзянь ўзбек заминига борган эди. Ўшандан бошлаб энг асосий халқаро мегаполислар, жумладан, Чанъан, Тошкент, Самарқандни бирлаштирувчи Буюк Ипак йўли бўйлаб хитойликлар ва ўзбеклар ўртасида дўстона муносабатлар ўрнатилган. Икки давлат учун умумий бўлган очиқлик қадрияти уларни яқинлаштириб, тарих саҳифаларида ёрқин из қолдирган.

Янги давр бошланиши билан бундай ўзаро яқинлик тобора ривожланаётган хитой — ўзбек муносабатларини янада мустаҳкамлаб келмоқда. Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг 2016 йилда Ўзбекистонга амалга оширган муваффақиятли ташрифи натижасида икки томонлама алоқалар стрaтегик шериклик даражасига кўтарилди. Жорий йилда эса биз Бош вазир А. Арипов билан бирга тарихда биринчи марта ҳукумат бошлиқларининг ўзаро ташрифларини уюштирдик.

Бугунги кунда очиқлик сиёсати Хитой ва Ўзбекистон учун миллий тараққиёт ва тикланиш ишида умумий шиорга айланди. Хитойда ислоҳотлар ва очиқлик сиёсати 1978 йили бошланган бўлиб, 40 йилдан зиёд вақт давомида улкан ривожланишга эришилди, бу эса нафақат хитой халқи, балки бутун дунё учун ноёб имкониятлар очиб берди. Айниқса, бу ислоҳотлар ва очиқлик йўлида бизга энди Ўзбекистон ҳам йўлдош бўлгани қувонарли. Ушбу мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши жуда тез суръатлар билан кечмоқда.

Очиқликни дадилликсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Протекционизм ва бир томонлама ҳаракатларнинг кучайиши, жаҳон иқтисодиёти ва ташқи савдонинг сустлашуви натижасида халқаро вазият олдиндан айтиш қийин бўлган ҳолатга келиб қолган ҳозирги шароитда очиқлик сиёсати юритиш ҳам шубҳали бўлиб қолди, баъзан ҳатто “ёпиқ эшиклар ортига яшириниш” ҳақида ўйлаб қолишга тўғри келяпти. Бундай шароитда шуни эслаш керакки, ота-боболаримиз очиқлик мақсадида ўта мураккаб ва узоқ йўлни босиб ўтишган. Ўхшатиш қиладиган бўлсак, бу йўл баланд тоғлар, тубсиз гирдоблар ва бепоён саҳролардан иборат. Бугунги кунда очиқлик ўзини енга олишни ва эскидан қолган андозаю қолиплардан холи бўлишни талаб қиляпти.

Очиқлик ҳамиша имкониятлар яратади. Негаки, “ўз қобиғига ўралиб қолиш” тараққиёт майдонини торайтиради, очиқлик эса бутун дунё билан ҳамкорлик қилиш учун имконият очади. Масалан, Иккинчи жаҳон урушидан сўнг иқтисодий глобаллашув шароитида турли давлатларда очиқликни кенгайтирмай туриб, тинчлик ва осойишталикни сақлаш, барқарор ривожланишни таъминлашнинг иложи йўқлигини тарихнинг ўзи кўрсатиб берди. Ўзбекистон денгизга чиқиш йўлига эга эмас, устига-устак ўзига ўхшаш жаҳон океанига чиқиш йўли бўлмаган мамлакатлар билан чегарадош. Шундай бўлса-да, айнан очиқлик — ўз вақтида ўзбек заминига Шарқ ва Ғарб ўртасидаги кўприк вазифасини ўташ ва инсоният ривожига улкан ҳисса қўшишга имкон берган очиқлик Ўзбекистонга яна унинг Давлат гербида тасвирланган Ҳумо қуши сингари қанот ёзишида ёрдам беради.

Хитой Ўзбекистонга ҳамкор ва ишончли шерик бўлишга тайёр. Бунда бир-биримизни очиқлик руҳида қўллаб-қувватлаш, кўмак бериш, ҳар икки томон манфаати учун ҳамкорликни чуқурлаштириш, тараққиёт имкониятлари билан бўлишиш жуда муҳим. “Бир макон, бир йўл” ташаббусини Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси билан ҳамоҳанг тарзда амалга оширишни рағбатлантириш, амалий ҳамкорликни мазмунан бойитиш ва таркибини яхшилаш орқали янги схемаларни шакллантириш ниятидамиз. Ҳамкорликнинг янги-янги шаклларини излаб топиш, иқтисодиётдаги ҳар икки томон учун ҳам фойдали бўладиган аниқ натижалар билан бир-бирини тўлдириш мақсадида қўшма лойиҳаларни рўёбга чиқаришни жадаллаштириш лозим. Биз Хитойнинг ишончли ва рақобатбардош компаниялари билан ўзбек шериклари ўртасида бозор ва тижорат қоидалари асосида инвестициявий ҳамкорликни йўлга қўйиш, хусусан, Ўзбекистондан юқори сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг бизнинг мамлакатимизга экспортини кўпайтиришни олқишлаймиз. Аминманки, хитойлик туристлар учун 7 кунлик визасиз тартиб жорий этилгани эса, Ўзбекистонга унинг буюк тарихи ва маданияти, ажойиб табиати ва бетакрор халқона муҳити билан танишиш мақсадида борадиган ватандошларимиз сонини янада кўпайтиришга хизмат қилади. Шунингдек, қўшимча тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилса, бу ҳам фуқароларимизнинг ўзаро борди-келдилари учун қулай шароит яратган бўлар эди. Жамоатчилик йўналишидаги дўстона мулоқотлар янада фаоллашса, Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги анъанавий дўстлик, албатта, кучаяди.

Тошкентда ҳамкасблар билан биргаликда “Шанхай руҳи”даги қўшма фаолиятимиз давом эттирилишини кутяпман. Бунда ШҲТ аъзолари бўлган давлатлар орасидаги ўзаро очиқлик сиёсати янада кенгаяди, савдо-инвестициявий тартиб-таомилларни соддалаштириш ва либераллаштириш даражаси ошади, минтақавий иқтисодий интеграция ғояси илгари сурилади, ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун инклюзив очиқ майдон яратилади. Донишманд Конфуций айтганидек: “Муваффақиятга эришишга интилар экан, бошқаларга ҳам ёрдам берган кишигина чинакам олижаноб инсон ҳисобланади”. ШҲТ аъзолари бўлган барча давлатларнинг БМТ шафелигида дунё тузилишини ҳимоя қилиш, Жаҳон савдо ташкилотининг ҳал қилувчи ролини сақлаб қолган ҳолда кўп томонлама ва эркин савдо тизимини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ШҲТнинг бутун халқаро ҳамжамият билан очиқ ҳамкорлик қилиши бўйича саъй-ҳаракатларини бирлаштиришдан умидвормиз.

Очиқлик сиёсатини кенгайтириш келгусида ҳамкорлик ва тараққиёт сари етаклайди. Хитойнинг очиқ эшиклари ёпилмайди, улар янаям каттароқ очилиши мумкин. Ўзбекистон билан, ШҲТнинг бошқа аъзолари билан ва умуман, жаҳоннинг барча мамлакатлари билан қўлни қўлга бериб, очиқлик йўлидан биргаликда гуллаб-яшнаш сари борамиз.

 

“Халқ сўзи”

 
← Рўйхатга қайтиш