Украина можароси: Ким нимани истайди?
Украина можароси: Ким нимани истайди?

 

Умумий тасниф

Янги 2022 йил инсоният учун, давлатлар учун синовлар билан бошланди. Инсонлар учун “омикрон” синов бўлса, давлатлар учун эса Россия ва Украина чегарасидаги вазият, Қозоғистонда содир бўлган воқеалар минтақа давлатлари учун ҳам синов, ҳам огоҳлантиришдек таассурот уйғотмоқда.

Қўшни Қозоғистондаги мудҳиш воқеалар барҳам топди ва минтақамизда шунга ўхшаш воқеалар бошқа такрорланмайди, деган умиддамиз.

Россия ва Украина бир ариқдан сув ичган оға-инилар, келиб чиқиши ҳам шарқий славянлар оиласига мансуб ва тарихан бир бутун бўлган, деярли бир хил тилда сўзлашадиган бу икки давлатнинг муносабатлари бугун қандай қилиб инқирозга, таъбир жоиз бўлса, уруш ёқасига келиб қолди? Ҳозирги жараёнларни кузатиб турган ҳар қандай одамда Россия Украинадан нима хоҳламоқда, деган савол пайдо бўлиши табиий. Балки, аксинча, бошқадир. Россия ва Украина ўртасида таранг тортилган “сиёсат тори” чертса садо берадиган ҳолатга келди, “энди уни ким чертиб мусиқа басталамоқчи” каби саволлар ҳам пайдо бўлмоқда. Нега айнан 2022 йилда яна бу икки давлат ўртасидаги муносабатлар боши берк кўчага кириб қолди?

 

Можаронинг эволюцияси

Россия ва Украина ўртасидаги муносабатларнинг ҳозирги вазиятга келишига асосий сабаб 2014 йилги Қрим воқеалари ҳисобланади. Қрим воқеалари иккала давлат учун ҳам салбий оқибатларни келтириб чиқарди Украина ўзининг ҳудудидан ажралган бўлса, Россия жуда катта иқтисодий санкцияларни бошидан кечирди. 2022 йил аввалида Оқ уй Матбуот котиби Жен Псакининг “Биз Россия ҳукумати босқинга тайёргарлик кўраётганидан хавотирдамиз. 2014 йилда Украинани мамлакат шарқидаги Россия кучларига қарши ҳужумлар уюштиришда айблаш учун саботаж ва ахборот операцияларига қайтаради. Россия ҳарбий режалари январь ва февраль ўрталарида бошланиши мумкин”, деган баёноти ҳамманинг диққатини тортди.

Бундай хулосага келишга сабаб “Конфлиcт Интеллигенcе Теам” (CIT) нинг Россия “Искандар” ракеталар мажмуасини ва яна бошқа оғир техникаларни ғарбий чегаралари томон ташиётганини маълум қилди. Унга кўра, ракеталар комплекси ва зирҳли артиллерия ортилган поездлар мамлакат Шарқий ҳарбий округидан ғарбга томон ҳаракатланган.

Кремльь матбуот котиби Дмитрий Песков ушбу баёнотларни асоссиз ҳамда Ғарб ва Россия ўртасидаги муносабатларни қасддан ёмонлаштиришга уриниш, дея атаган.

Аввалроқ, НАТО бош котиби Енс Столтенберг Украина алянсга аъзо бўлишини, Россиянинг бунга аралашишга ҳаққи йўқлигини айтганди.

НАТО бош котибининг бу баёноти Украина ва Россия ўртасидаги муносабатларнинг иккинчи тўлқинига бошланғич нуқта бўлиши ҳам мумкин.

Чунки Россия 2021 йилнинг 17 декабрь куни АҚШ ва НАТОга бир қанча талаблар қўйган эди. Масалан, янги аъзоларни, биринчи навбатда Украинани қабул қилишдан бош тортишни, шунингдек, илгари СССР таркибига кирган давлатлар ҳудудига ўз қўшинларини жойлаштирмасликни талаб қилган.

Кремлнинг бу талаби сизда қандайдир “ғалати” фикрларни пайдо қилмадими?

Россия биқинида НАТОнинг пайдо бўлишига ҳеч қанақасига кўнмайди, айниқса, у ўзининг эски ҳамкори бўлишига.

АҚШ президенти Жо Байден “Агарда Россия ҳарбийларидан бирортаси Украина чегарасини кесиб ўтса, мамлакат “катта тўлов” қилишига тўғри келади” деб огоҳлантирди ва шу билан бирга Жо Байден:

“Россия узоқ вақтдан бери очиқ ҳарбий ҳаракатлардан кўра бошқа тажовузкор усулларни қўллаган: ярим ҳарбий тактика, кулранг зонадаги ҳужумлар, махсус кийим киймаган рус ҳарбийларининг ҳаракатлари. Шу боис, биз ҳам қўлимизда бўлган турли воситалардан фойдаланган ҳолда бунга қатъий ва ягона жавоб беришга тайёр бўлишимиз керак”, дея таъкидлаган.

Бу фикри билан Жо Байден Россия Украинага киришда Донецк ва Луганскдан фойдаланади, демоқчидек.

Шунингдек, АҚШ маъмурияти Эстония, Латвия ва Литвага Америкада ишлаб чиқарилган Жавелин ва Стингер танкка қарши ва зенит ракета мажмуаларини Украинага етказиб беришга рухсат берди.

НАТО ҳарбий блокига аъзо Болтиқбўйи давлатлари ҳам бир пайтлар собиқ СССР таркибида бўлган ва улар ҳам Украинага ёрдам бермоқчи, чунки Украинада Россия ўрнашиб олса, кейинги навбат уларга эмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди.

Бундан ташқари, Канада ҳам махсус топшириқлар бўлинмасининг кичик контингентини НАТО ҳарбий алянси ва Россия ўртасидаги зиддият кучайган бир пайтда Украинага жойлаштирди. Ўз навбатида Буюк Британия Қуролли Кучларининг махсус операциялар учун ташкил этилган элита ҳарбий бўлинмасининг 30 нафар жангчисини Украинага юборди.

Германия Болтиқбўйи давлатларига немис гаубицаларини (замбарак) Украинага етказиб беришга тақиқ қўйиши билан бир вақтда, Германия флоти қўмондони, витсеадмирал Кай-Аҳим Шёнбах Ҳиндистондаги конференция чоғида “Путин ҳурмат талаб этаётгани ва бунга муносиб эканини, шунингдек, Қрим ҳеч қачон Украина таркибига қайтмаслигини” айтди. Эртаси куни эса конференциядаги мулоҳазалари унинг шахсий фикрлари эканлиги, бу Берлиннинг расмий позицияси эмаслигини айтди ва ўша куннинг ўзида истеъфо берди.

Агар Россия Украинага бостириб кирса, Россиянинг Европага экспорт қиладиган газига тақиқ қўйиш билан огоҳлантирмоқда. Эътиборлиси, Европа истеъмол газининг 40 фоизини “Шимолий оқим 2” газ қувурлари орқали Россиядан олади. Бу Россия учун ҳам жуда катта маблағ дегани. АҚШ Европани Россия газига қарамликдан озод этиш учун муқобил вариантлар изламоқда. Ана шу вариант сифатида Қатар кўрилмоқда. Лекин Қатар ҳам Шарқий Осиёнинг деярли барча давлатини газ билан таъминлашини ва Европага экспорт қилинадиган газ қувурлари Сурия орқали ўтишини инобатга олсак, бу лойиҳага шубҳа билан қарашга етарлича сабаб борлигига амин бўламиз. Энг қизиғи, бу сабабларни Европа давлатлари ҳам, Кремль ҳам жуда яхши билади.

Қолаверса, бу йил Европада газ билан боғлиқ муаммолар кўзга ташланди ва 2014 йилги Қрим воқеаларидан кейин Россия газини Вашингтоннинг ваъдалари билан бойкот қилган Европа энди бу ишни такрорлашдан олдин яхшилаб ўйлаб кўришга етарлича сабоқ ва тажрибага эга.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерришнинг сўзларига кўра, “Совуқ уруш” икки блок ўртасида олиб борилган, ҳар бирининг ўз иттифоқчилари бўлган, блоклараро можароларнинг олдини олишнинг аниқ қоидалари ва механизмлари мавжуд бўлган. Башорат қилиш мумкин бўлгани туфайли “Совуқ уруш” ҳеч қачон блоклар ўртасидаги тўғридан-тўғри тўқнашувга айланмаган.

“Биз ҳозир кўраётган нарсамиз анча тартибсизроқ ва олдиндан айтиб бўлмайдиган нарса, бизда инқирозларни енгиш учун воситалар йўқ. Демак, биз, шубҳасиз, жуда хавфли вазиятдамиз”, деб бутун дунёни огоҳликка чақирмоқда.

 

Россия ростдан ҳам Украинага бостириб кирадими?

Ҳозирги вазиятда Россия Украинага бостириб кириш учун сабаб ҳам, қурол ҳам тайёр, фақат бу нарса Украинани бой бериш орқали амалга оширилади. Яъни, Донецк ва Луганскдаги сепаратчи гуруҳлар ҳали Кремль томонидан расман тан олинмаган. Агар Кремль уларни тан олса, улар ҳам “миннатдорлик” тариқасида рус аскарларининг киришига рухсат беради ва бу Украина учун жуда қаттиқ зарба бўлади. Жавоб тариқасида Украина ҳам дарҳол НАТО аъзолигига киради. Украинанинг НАТОга кириши Россия учун, Донецк ва Луганскнинг Россия назоратига ўтиши эса Украина учун ёмон натижа. Демак, бу масала иккала тарафнинг ҳам ўйлаб иш қилишига сабаб бўлмоқда. Агар Украина НАТОга кириш фикридан қайтмаса, ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин.

АҚШ иштирокидаги энг йирик иккита ҳарбий лойиҳа мавжуд: биринчиси НАТО бўлса, иккинчиси 2021 йил 15 сентябрда тузилган АУКУСдир.

НАТО очиқдан-очиқ Россияга қаратилган бўлса ҳам, қайсидир маънода бутун Европани ҳам назоратга олган.

Янги ташкил этилган АУКУС (Australia, Unidet Kingdom, United States) эса, Тинч океани минтақасида Хитойнинг таъсирини камайтиришга қаратилган.

Кремль ва Киев муносабатларининг боши берк кўчага кириб қолишига НАТОнинг ҳам ҳиссаси бор эканлиги АҚШнинг имзосини билдиради.

Якунда бир савол туғилади: Россия АҚШнинг Хитой билан бандлигидан фойдаланиб, Европадаги мавқеини мустаҳкамламоқчими ёки АҚШ ҳали ҳам Россияни ҳолдан тойдириш фикридан қайтмаганми? Воқеалар ривожи бизга қайси фараз тўғри эканлигини кўрсатиб беради.

 

Аҳмад ҚУРБОНОВ,

Тошкент давлат шарқшунослик университети жаҳон сиёсати факультети талабаси.

“Ўзбекистон овози”, 27.01.2022, №4

 

 

← Рўйхатга қайтиш