Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, интеграция жараёнларининг шаклланиши ва ривожланиши нисбатан узоқ вақтни талаб қилади. Бугунги кунда давлатлар ўз салоҳияти ва ривожланиш даражасидан қатъи назар, интеграциялашув жараёнини халқаро майдонда ўз нуфузини ошириш, миллий манфаатларини янада кучлироқ ҳимоя қилиш имконияти сифатида кўришмоқда.
Интеграция жараёнлари борган сари нафақат минтақаларнинг ички мақсадлари, балки ташқи муҳитнинг ортиб бораётган талаблари, кучайиб бораётган халқаро рақобат билан ҳам белгиланмоқда. Халқаро интеграция мафкурасининг ўзи ўзгармоқда, авваллари аъзо мамлакатларнинг хўжаликларини ўзаро яқинлаштиришни мақсад қилган бўлса, ҳозир минтақавий ташкилотларнинг ўзи глобал макон иштирокчисига айланмоқдалар, интеграция эса минтақаларнинг дунё хўжалигига интеграциялашуви сифатида тушунилмоқда.
Охирги йилларда Марказий Осиё минтақасида ҳам Ўзбекистон ташаббуси билан интеграция учун ҳаракатлар кучаймоқда.
Бу борада АСЕАН тажрибаси ўзига хосдир. АСЕАН нима ўзи?
Ҳозирги кунда АСЕАНга 10 та давлат аъзо. Аҳолиси тахминан 670 млн. атрофида. Ялпи ички маҳсулоти эса 3,5 триллион доллардан ортиқ.
АСЕАНни ташкил этган Таиланд, Сингапур, Индонезия, Малайзия ва Филлиппин 20-асрнинг 60-йилларида иқтисодий кўрсаткичлари паст, коррупция, жиноятчилик юқори даражадаги давлатлар бўлган. Эътиборлиси, АСЕАН йирик сиёсий куч марказларининг иштирокисиз ташкил этилган. (Марказий Осиё интеграцияси учун ҳам минтақа давлатларининг қурби етади ва ҳеч қандай «катта ўйинчи»га эҳтиёж йўқ).
Вужудга келиш тарихи
1967 йил 8 августда бешта етакчи – Индонезия, Малайзия, Филиппин, Сингапур ва Таиланд ташқи ишлар вазирлари Таиланд пойтахти Бангкокда имзолаган ҳужжат АСЕАН декларацияси, деб номланади. Ушбу декларация асосида Жануби-Шарқий Осиё Миллатлар Уюшмаси (АСЕАН) вужудга келди. Бугунги кунда АСЕАН нафақат Осиё-Тинч океани минтақасида, балки бутун дунёда обрўли ва жадал ривожланаётган кўп йўналишли ҳамкорлик ташкилотига айланган.
АСЕАН декларацияси бор-йўғи бешта қоидадан иборат қисқа, содда ҳужжат эди. Унда ушбу ассоциациянинг мақсад ва вазифалари белгилаб берилди. Мақсадлар иқтисодий, ижтимоий, маданий, техник, таълим ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик, адолат ва қонун устуворлигини ҳурмат қилиш ҳамда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган эди. АСЕАН Жануби-Шарқий Осиё халқларининг дўстлик ва ҳамкорлик, биргаликдаги саъй-ҳаракат орқали тинчлик, эркинлик ва фаровонлик неъматларини таъминлашга қаратилган жамоавий иродаси эканини эълон қилди.
Декларациянинг айнан Бангкокда имзоланганининг ҳам сабаблари бор. Чунки ўша даврда Индонезия, Филиппин ва Малайзия ўртасида маълум келишмовчиликлар мавжуд эди. Лекин замон талаби уларни бирлашишга мажбур қилаётганди. Сабаби, минтақа давлатлари жаҳонда «совуқ уруш» ҳукмрон бир даврда коррупция, қурол, наркотик, одам савдоси ва халқаро босимга қарши туриши керак эди.
Минтақавий ҳамкорлик учун вақт келгани ёки минтақанинг келажаги ноаниқ бўлиб қолаётганини англаб етган Таиланд ташқи ишлар вазири Танат Хомани уч давлатнинг муросасига воситачилик қилади. Декларацияни имзолаш учун 4 давлат муҳокамага йиғилган учрашувга Сингапур ташқи ишлар вазири ҳам ташриф буюради ва декларацияга қўшилиш истагини билдиради. Иштирокчилар Сингапурнинг таклифини қабул қилишади.
Бироқ, бу осон жараён эмасди: ҳар бир киши музокараларга бошқаларникига ўхшамайдиган тарихий ва сиёсий нуқтаи назарни билдирди. Аммо улар музокаралар столига йиғилишганда, яхши ният ва хушмуомалалик билан келишмовчиликларни енгиб ўтишди ва АСЕАН ташкил этилди.
АСЕАН ҳамкорлари
АСЕАН ва АҚШ ўртасидаги икки томонлама муносабатлар кенг ривожланган. АСЕАН билан муносабатлар самарали ривожланиши учун АҚШ дипломатияси ўзининг ижобий имижини шакллантириш мақсадида халқ дипломатиясидан фойдаланган, уюшманинг «эски» аъзолари ва янги қатнашчилари билан муносабатларда фарқ бўлмаслигига интилган, икки томонлама ҳамкорлик доирасида дастурларни фаол режалаштирган ва амалга оширган.
Уюшманинг асосий механизмларини ривожлантиришда фаол иштирок этган, шунингдек, АҚШ ва АСЕАН ўртасида эркин савдо зонаси яратишга қаратилган ташаббусларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган. АСЕАНнинг умумий савдо айланмасида АҚШ тўртинчи ўринда туради. АҚШнинг АСЕАН давлатлари билан савдо ҳажми ташқи савдоси умумий ҳажмининг 56 фоизини ташкил этади.
Хитой Халқ Республикаси ва АСЕАН мамлакатлари ўртасидаги узоқ йиллик ҳамкорлик натижасида Хитой уюшманинг «стратегик ҳамкори» мақомини олган биринчи давлат ҳисобланади. Ўз навбатида АСЕАН Хитойнинг учинчи савдо ҳамкоридир. Хитойнинг АСЕАН давлатлари билан савдоси ҳажми 1990 йиллар охиридан 2015 йилгача бўлган даврда ўртача 85 фоизга ортди. Ҳозирги кунда АСЕАН ва ХХР ўртасида эркин савдо зонаси мавжуд.
Япония ва АСЕАН ўртасидаги муносабатлар биринчи навбатда иқтисодий йўналишга асосланган. Япония АСЕАНга аъзо давлатларга нафақат давлат даражасида, балки хусусий даражада ҳам ёрдам беради. АСЕАН ва Хитой ҳамкорлиги мисолида эркин савдо зонасини шакллантириш ва ривожлантириш тажрибасини ўрганган Япония ҳукумати АСЕАН давлатлари билан ўз эркин савдо зонасини ташкил этган.
АСЕАН ва Жанубий Корея ўртасида иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйиш ғояси биринчи бўлиб 1989 йилда илгари сурилди. Корея Республикаси ва АСЕАН ўртасидаги савдо муносабатлари йил сайин ривожланиб бормоқда, кейинги йилларда савдо айланмаси ҳажми 2005 йилда 46,4 млрд. доллардан 2017 йилда 120 млрд. долларгача ошди.
Аҳмаджон ҚУРБОНОВ,
«Ўзбекистон овози» мухбири.
«Ўзбекистон овози», 10.08.2022, №32