Президентликка номзод Хоразм вилоятида сайловчилар билан учрашди
Президентликка номзод Хоразм вилоятида сайловчилар билан учрашди

 

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод Улуғбек Иноятов сайловчилар билан навбатдаги учрашувини Хоразм вилоятида ўтказди.

Жамоат ташкилотлари аъзолари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, партия фаоллари, ёшлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва оммавий ахборот вакиллари учрашувда иштирок этди.

Учрашувни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Хоразм вилоят кенгаши раиси Раҳимберган Юсупов олиб борди. Ишончли вакил сайловчиларга номзоднинг таржимаи ҳолини ўқиб берганидан сўнг, номзод сўзга чиқиб, дастуридан ўрин олган таклиф ва ташаббуслар мазмуни сайловчиларга тушунтириб берди.

Жумладан, номзоднинг Сайловолди дастурида давлатнинг ижтимоий мажбуриятларини самарали амалга ошириш механизмларини белгилаш ҳамда демократик ижтимоий давлатни барпо этиш ғояларига урғу берилган.

Маълумки, ижтимоий давлатни барпо этиш аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларининг ҳаёти сифатини оширишга, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирокини таъминлашга, умуман инсон манфаатлари билан боғлиқ ҳуқуқларини адолатли ҳамда демократия тамойилларига асосланган ҳолда ҳимоя қилишга хизмат қилади. Шу сабабдан ҳам номзоднинг дастуридан бу масала ўрин олган.

Дастурда давлат ва жамият томонидан иқтисодий ривожланишни мувофиқлаштириш ҳамда тартибга солиш бўйича тизимни шакллантириш учун иқтисодиётда таркибий ислоҳотларни амалга ошириш ва янги технологияларни жорий этиш масалалари бўйича барча жабҳаларда ижтимоий мулоқот ва жамоат назорати механизмини жорий этиш таклиф қилинмоқда.

Шунингдек, ушбу жараёнларни аҳолининг барқарор, юқори ҳақ тўланадиган иш ўринларида бандлигини ошириш, меҳнат муҳофазаси, ишлаб чиқаришнинг экологик тозалигини таъминлаш билан уйғунликда олиб бориш орқали жамиятни ижтимоий ривожлантириш мақсадларига эришиш кўзда тутилган.

Номзоднинг дастурида аҳоли муаммоларини ҳал этишнинг энг самарали ва адолатли шакли сифатида маҳалла тизимини ривожлантириш, маъмурий, ижтимоий, экологик, маданий ва бошқа муаммоларни ҳал этишда унинг тўлиқ иштирокини таъминлаш борасида илгари сурилган ғоялар ҳам диққатга моликдир.

Зеро, демократик давлатда маҳалла ўзининг таъсир кўрсатиш усуллари орқали инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш, фуқаролик жамиятининг муҳим элементи сифатида катта аҳамиятга эга.

Учрашувда ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётининг асоси сифатида барқарор иш ўринлари билан таъминлашга қаратилган қонунчилик базасини такомиллаштириш ҳамда меҳнатга лаёқатли аҳолининг шахсий ташаббусларини янада рағбатлантиришга дастурда алоҳида урғу берилгани айтиб ўтилди.

Фуқароларнинг касбий тайёргарлиги, қайта тайёрланишини ташкил этиш ва рағбатлантириш, якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахслар шуғулланиши мумкин бўлган соҳаларни ҳамда ўзини ўзи банд қилган деб ҳисобланадиган фаолият турлари рўйхатини кенгайтириш билан боғлиқ таклифлар ишсизлик, ижтимоий тенгсизлик каби муаммоларнинг натижадор ечими сифатида ижтимоий йўналтирилган иқтисодиётнинг барқарор ривожини кафолатлайди.

Учрашув самимий ва кўтаринки кайфиятда ўтди. Унда сайловчилар ўзларининг қизиқтирган саволлар билан Президентликка номзодга мурожаат қилди. Номзод ҳам сайловчиларнинг саволларига бирма-бир жавоб қайтарди ва фикр-мулоҳазаларини тинглади.

Учрашувда сўзга чиққан фаоллар Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Президентлигига номзод дастурини қўллаб-қувватлашга, сайловда фаол фуқаролик позициясини намоён этган ҳолда иштирок этишга даъват қилишди.

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати.

 

 

 

← Рўйхатга қайтиш