ҚЎҚОН ЁҒОЧ ЎЙМАКОРЛИГИ МАКТАБИ СИРИ
ҚЎҚОН ЁҒОЧ ЎЙМАКОРЛИГИ МАКТАБИ СИРИ

Қўқон қадимдан ўзининг бой маданий мероси, боқий анъаналари, амалий санъати билан донг таратган. Айниқса, ҳунармандларнинг ижод маҳсуллари ҳали-ҳануз кенг жамоатчиликни мафтун этиб келмоқда. Улар орасида ёғоч ўймакорлиги намуналари алоҳида ажралиб туради. Бу бежиз эмас, албатта.

1950 йилларда археологик қазиш ишлари асносида Қўқон шаҳридан бироз жанубда жойлашган Қорабулоқ масканидан ўймакор ёғоч устуннинг чала куйган бўлаклари топилиши бу санъатнинг қадимийлигидан далолатдир. Зеро, археологлар мазкур санъат асари қолдиқларини милодий эранинг III-IV асрларига хос эканлигини эътироф этди.

Хўқанди Латиф XIII асрнинг йигирманчи йилларида мўғуллар томонидан вайрон қилингач, бошқа санъат соҳалари қатори, ёғоч ўймакорлиги санъати ҳам таназзулга учради. Қўқон хонлиги ташкил топгандан сўнггина қайта жонланди. XVIII асрнинг иккинчи ярмида бу санъат тараққий этиб, Қўқон мактаби вужудга келди. Бу мактабни ўз даврида уста Акбарали Ҳайдарали ўғли, Уста Жамолиддин Шаҳобиддин ўғли, Баҳриддин Жамолиддин ўғли каби усталар бошқариб келди.

XIX аср охирларида мактабга "Ҳайдар фаранг" тахаллусига эга бўлган Ҳайдарали Нажмиддинов раҳбарлик қилди. Унинг ишини ўғли – Қодиржон Ҳайдаров давом эттирди. Қўқон мактаби фаолиятининг энг тараққий этган даври ҳам Қодиржон Ҳайдаров фаолияти билан боғлиқдир. Қодиржон Ҳайдаров ўз санъати ва устозлик фаолияти билан Қўқон ёғоч ўймакорлиги санъатида катта мактаб яратди. Ўймакорлик санъатини чуқур эгаллаган уста ўша пайтда ўз ижодида машҳур бўлган уч усул – бағдоди, ислимий ва паргори нақшларини кенг қўллаган.

Юртимиз мустақилликка эришгач, маънавий қадриятларимиз қайта тикланди. Хусусан, ёғоч ўймакорлиги санъатини ривожлантиришга ҳам эътибор кучайди. Ёғоч ўймакорлиги санъати Қўқон мактаби, Қодиржон Ҳайдаров мактаби фаолиятини устанинг набиралари – Мирзаусмон, Мирзаюнус, Ҳасанжон Умаровлар ва уларнинг фарзандлари ва шогирдлари давом эттириб келмоқда. Марҳум Ўзбекистон Қаҳрамони Абдуғани Абдуллаев устанинг ҳақиқий шогирди эканлигини намойиш этиб, республикамиздаги кўплаб иморатлар ва иншоотларни, жумладан, Имом Бухорий меъморий мажмуаси ҳамда Тошкентдаги Хотира майдонини қуриш ва безатиш ишларида саркорлик ва усталик вазифасини адо этди. Мирзаусмон ўз бобосининг номини абадийлаштириб, Қодиржон Ҳайдаров номли мактаб-устахона ташкил этди.

Ҳасанжон Умаров санъаткорнинг набираси эканлигини исботлаб, санъат борасидаги хизматлари учун Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби юксак унвонига сазовор бўлган. Бу сулола вакиллари анъаналарга содиқ бўлиб, амалий санъатни янада ривожлантирмоқда. Бугунги кунда устанинг еттинчи авлодидан бўлган Абдулҳаким, Абдулазиз ва Абдураҳмон Умаровлар ушбу шарафли касбни ифтихор билан давом эттирмоқда.

Ёғоч ўймакорлиги ўта синчковлик, маҳорат талаб этадиган санъатдир. Аброржон Қосимов ҳам мазкур санъатга ёшлигидан қизиқиб, уни қунт билан ўрганди. Тошкентдаги Республика рассомчилик коллежида айнан шу йўналишда таҳсил олди. Қўқонлик усталарга шогирд тушиб, уни мукаммал эгаллашга ҳаракат қилди. Ёш уста томонидан тайёрланаётган ёғоч ўймакорлигининг намуналарига бугун хорижлик сайёҳларнинг ҳам қизиқиши катта.

– Халқаро ҳунармандчилик фестивалига эллик турдан ортиқ ихчам ва кичик кўринишдаги маҳсулотларни тайёрламоқдаман, – дейди А.Қосимов. – Нақш солинган қутичалар, муҳрлар, лавҳ ва бошқа маҳсулотлар шаҳримизга ташриф буюрадиган меҳмонларга совға қилинади.

Қўқонлик ҳунармандлар яратган ўймакорлик дурдоналари бугун хорижда ҳам машҳур. Айни кунларда мазкур санъат турини янада ривожлантириш, бу мактабга хос қадимий нақш усулларини қайта тиклаш йўлида ижодий изланишлар олиб борилмоқда. Бу эса ўзбек амалий санъатининг дунёда янада шуҳрат қозонишида айни муддао бўлаётир. Хусусан, халқаро ҳунармандчилик фестивалида ҳам ёғоч ўймакорлигининг моҳир усталари ўз кўргазмаларини намойиш этади.

 

Маъсуджон СУЛАЙМОНОВ,

ЎзА мухбири.

← Рўйхатга қайтиш