Сирдарё вилоятидаги пахтачилик фермер хўжаликлари ҳамда кластерлари ишчи ва ходимларининг мамлакатимизнинг миришкор фермер ва деҳқонларига мурожаати

Қадрли дўстлар!

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев 2019 йил 18 июль куни вилоятимизга ташрифи чоғида пахта далаларида бўлиб, ғўза ривожи билан яқиндан танишдилар.

Давлатимиз раҳбари биз — фермерлар билан бўлган учрашувда бу йилги мавсумни пахтачиликда ҳам муваффақиятли якунлаш бўйича олдимизда турган вазифаларни алоҳида таъкидлаб, уларни ҳал этишнинг йўл-йўриқларини аниқ-равшан кўрсатиб бердилар.

Президентимизнинг: «Чўл қуёши ва ҳаёт синовларида тобланган, омилкор, азму шижоатли сирдарёлик фермерлар ғўза парвариши борасида зарбдор 40 кунлик эълон қилиб, шу вақт мобайнида ўзларини аямасдан, астойдил меҳнат қилиб, вилоятда ғалла етиштириш бўйича эришилган ютуқлар тасодиф эмаслигини исботлайдилар, деб ишонаман. Воҳанинг азамат деҳқонлари қишлоқ хўжалигидан юқори ҳосил ва катта даромад олиб, фаровон ва бадавлат яшашга тўла ҳақлидирлар. Бугун даладаги ғўзанинг баравж ривожини кўриб, бунга ҳар томонлама амин бўлдим», деган фикрлари бизни янада руҳлантириб юборди. Бу сўзлар биз учун албатта дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Ҳақиқатан ҳам, бу йилги мавсум пахтачиликда мўл ҳосил етиштириш учун жуда қулай келди. Бу борада қишлоқ хўжалиги ходимларининг моддий манфаатдорлигини ошириш, ғўзани парвариш қилишда агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш, соҳага инновацион технологияларни жорий этиш учун давлатимиз томонидан барча шароитлар яратиб берилаётгани биз — деҳқон ва фермерларнинг кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшмоқда.

Айниқса, пахтанинг харид нархи ўтган йилга нисбатан қарийб 1,3 баробар оширилиб, унинг 1 тоннаси учун 4 миллион сўм нарх белгилангани, имтиёзли кредитлар, минерал ўғитлар, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ўз вақтида жойларга етказиб берилаётгани бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бундан ташқари, бу йилги об-ҳаво шароитида зарарли ҳашаротлар кўп бўлганини ҳисобга олиб, уларга қарши курашиш учун республикамиз бюджетидан дотация сифатида 120 миллиард сўм, жумладан, Сирдарё вилояти фермерларига 10,5 миллиард сўм маблағ ажратилганини таъкидлаш зарур.

Бу йил пахтачиликка томчилатиб суғориш технологияларини жорий этган фермерларга давлат бюджети ҳисобидан ҳар бир гектар ер учун 8 миллион сўмдан субсидия маблағи ажратилаётгани ҳам муҳим рағбатлантирувчи омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Соҳа ривожига қаратилган яна бир амалий эътиборни алоҳида қайд этиш лозим. Икки йилдан буён фермер хўжаликлари ва сув истеъмолчилари уюшмаларига қарашли насос агрегатлари томонидан сарфланаётган электр энергияси қиймати давлат бюджетидан ажратиладиган субсидиялар ҳисобидан қоплаб берилмоқда.

Сўнгги йилларда қўшилган қийматга эга рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга асосланган пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилаётгани пахтачилик тармоғидаги энг муҳим янгиликлардан бири бўлди.

Жорий йилда вилоятимизда 38 минг гектар ерда ёки умумий пахта майдонининг 52 фоизида 5 та замонавий кластер корхонаси фаолият олиб бормоқда. Улар томонидан 350 дан ортиқ янги қишлоқ хўжалиги техникалари харид қилингани чигит экишни 10-12 иш кунида якунлаш имконини берди.

Бу ислоҳотларнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, кластерларнинг тажрибали мутахассислари далага чигит экилганидан буён биз билан ёнма-ён туриб, ғўза парвариши билан боғлиқ барча агротехник тадбирлар ўз вақтида ўтказилишига яқиндан кўмаклашмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг биз — фермер ва деҳқонларга кўрсатаётган улкан эътибор ва ғамхўрлиги, камтарона меҳнатимизга бериб келаётган юксак баҳоси қалбимизга қувонч ва ғурур бағишлаб, ўз кучимизга бўлган ишончимизни янада оширади, айни вақтда зиммамизга катта масъулият ҳам юклайди.

Бу масъулият биздан янада самарали меҳнат қилишни, қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқлари қатори пахтачилик бўйича зиммамизга олган шартнома мажбуриятимизни ҳам шараф билан адо этишимизни тақозо этишини албатта барчамиз яхши англаймиз.

Айниқса, ҳосил тақдирида ҳал қилувчи палла бошланаётган шу кунларда бу ҳақиқатни барчамиз чуқур ҳис этмоқдамиз.

Чиндан ҳам, машаққатли меҳнат ва катта харажат эвазига етиштирилаётган ҳосилни нафақат тўла сақлаб қолиш, балки уни янада кўпайтириш мақсадида қишлоқ хўжалиги ходимлари ва мутасаддилари, сувчи ва механизаторлар, аграр соҳа мутахассислари билан биргаликда барча фермер ва деҳқонлар масъулиятни икки карра ошириб, куну тун далада бўлишимиз, бир тану бир жон бўлиб ишлашимиз ҳамда бу йил ғалла каби пахтадан ҳам мўл ҳосил ва юқори даромад олишимиз шарт.

Кўпни кўрган тажрибали фермер ва деҳқонларимиз июль-август ойлари ғўза айни ривожланадиган, деҳқончасига айтганда, экин кечаю кундуз кучга кирадиган, ҳосил тўплайдиган энг долзарб палла эканини, бу даврда қандай агротехник ишлар амалга оширилиши зарурлигини жуда яхши биладилар.

Буни тўғри тушунадиган вилоятимиз фермерлари 2019 йил пахта ҳосили учун тузилган контрактация шартномаларини қайта кўриб чиқдилар. Натижада пахта етиштирадиган 1 минг 474 та фермер хўжалигининг 282 таси режадаги 26,7 центнер ўрнига гектаридан 40 центнердан, 897 таси 35 центнердан ва 295 таси 30 центнердан юқори ҳосил олиш учун янгитдан шартномалар тузиб, пахта тайёрлаш шартномавий режасини вилоят бўйича ошириб бажаришга қарор қилдилар.

Ҳурматли миришкор фермер ва деҳқонлар!

Биз — сирдарёлик фермер ва деҳқонлар, пахтачилик кластерларининг ишчи ва ходимлари ғўза ривожида ўта долзарб аҳамиятга эга бўлган ҳозирги кунларнинг ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб, 20 июлдан 30 августгача бўлган муддатни мамлакатимизда «Ғўзадан кафолатли ҳосил яратишнинг 40 кунлик зарбдор ойлиги» деб эълон қилишни таклиф этамиз.

Ана шу зарбдор давр мобайнида қуйидаги тадбирларни амалга оширишга жиддий эътибор қаратишимиз зарур, деб ҳисоблаймиз.

Биринчидан, ташкилий ишларни яна бир марта, бугунги кун талабидан келиб чиққан ҳолда, қайтадан, пухта режалаштириб олайлик.

Иккинчидан, деҳқонларимизнинг тўплаган кўп йиллик бой тажрибасига таяниб, замонавий илм-фан ютуқлари, инновацион агротехнологияларни қўллашга алоҳида эътибор қаратайлик.

Сир эмас, кейинги йилларда глобал иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатлари юртимизда ҳам сезилмоқда. Жорий йил 11 июлдан буён республикамизнинг барча ҳудудларида қуруқ ва жазирама ҳаво сақланиб қолмоқда. Ҳарорат ўтган йилларнинг шу давридаги ўртача меъёрдан 5-7 даража юқори бўлмоқда.

Бундай ҳолат барчамиздан янада тадбиркорлик билан ишлашни талаб этади. Биз табиат инжиқликларини ўз билим, тажриба ва маҳоратимиз билан мардонавор енгиб ўтишимиз, ўтган йиллардаги натижалар билан чекланиб қолмасдан, янада юқори марраларни кўзлаб иш тутишимиз лозим.

Шу кунларда сувчилар сонини икки баробар кўпайтириб, улар учун зарур шароитлар яратиб, кечаю кундуз ғўзани сифатли суғоришни таъминлайлик.

«Зар қадрини заргар, сув қадрини сувчи билади», дейди халқимиз. Шу ҳикматга амал қилиб, сувнинг бир томчисини ҳам исроф қилмасдан, ғўзани фақат тунда, қатъий тизим асосида, шарбат усулида суғориб, ғўзанинг тагида доимо нам сақланишига алоҳида эътибор қаратайлик.

Учинчидан, мавжуд культиваторларни даладан чиқармасдан, уларнинг «отряд» ва «наряд» тизимида ишлашини ташкил этиб, суғорилган майдонлар тобга келиши билан уларни пешма-пеш «майин» культивация қилайлик.

Тўртинчидан, ғўзани чеканка қилишни 25 июлга қадар тўлиқ якунлаб, зараркунанда ҳашаротларга қарши комплекс ёндашув асосида курашишни давом эттириб, ғўзага махсус препаратлар билан ишлов беришга ҳамда ушбу тадбирларни куннинг салқин пайтларида амалга оширишга аҳамият берайлик.

Мухтасар айтганда, табиат ўзбек деҳқонларининг нимага қодир эканини, уларнинг сабр-бардоши, билим ва тажрибасини яна бир бор синовдан ўтказаётган шу кунларда барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, муҳим агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириб, барча саъй-ҳаракатларимизни пахтадан юқори ҳосил етиштиришга йўналтирайлик.

Азиз юртдошлар, қадрли фермерлар!

Бугун халқимиз бизни «ризқ-рўзимиз бунёдкорлари» деб улуғлаб, азму шижоатимиз, ғайрат ва матонатимизга кўз тикиб турганини бир зум бўлса-да, эсдан чиқармаслигимиз керак.

Дастурхонимиз тўкин-сочин, бозорларимиз ноз-неъматларга тўла ва арзон, турмушимиз фаровон бўлиши бизнинг машаққатли меҳнатимизга боғлиқ. Нега деганда, бугунги кунда пахтачиликнинг нафақат мамлакатимиз саноати ривожидаги, балки аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашдаги ўрни ҳам беқиёс бўлиб, уни ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайди. Хусусан, бозорларимизни гўшт, сут, тухум каби муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдиришда мазкур тармоқнинг роли нақадар катта эканини унутмайлик.

Биз муҳтарам Юртбошимизнинг юксак ишончини оқлаб, мамлакатимиз равнақи ва халқимиз фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиш учун барчангизни сидқидилдан ҳалол ва фидокорона меҳнат қилишга чақирамиз!

Барчангизга сиҳат-саломатлик, эзгу ва олижаноб ишларингизга қут-барака тилаймиз. Бу йилги мавсумда улкан хирмон барпо этиб, халқимиз олдида юзимиз ёруғ бўлиши ҳаммамизга насиб этсин.

 

Сирдарёлик фермер ва деҳқонлар.

Теглар

zhahon
← Рўйхатга қайтиш