Ҳаётда ўз йўлини излаётган, ҳар имкониятга умид билан қараётган минглаб ёшларимиз айни фурсатда талаба бўлиш ҳақида ўйлаяпти. Орзулари бир олам йигит-қизларимизни, ота-оналари, яқинларини олий таълим муассасаларига қабул жараёнлари, ажратилган квоталар, умуман, бу борадаги бир қатор масалалар қизиқтириши табиий. Шуларни инобатга олиб, тизимдаги ўзгариш ва янгиликларга тўхталишни жоиз, деб топдик.
ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИГА ҚАБУЛ КВОТАСИ
24 июнь куни “2021-2022 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги Президент қарори имзоланди. Унга кўра, 2021-2022 ўқув йили қабулидан бошлаб давлат гранти асосида кадрларни тайёрлаш бўйича давлат буюртмаси илк бора Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари ҳамда нодавлат олий таълим ташкилотлари учун ҳам шакллантирилади.
Ҳужжатга мувофиқ, 2021/2022 ўқув йили учун давлат буюртмаси параметрлари қуйидагича белгиланган:
Бакалаврлар тайёрлаш бўйича:
- кундузги таълим шаклига – 113 минг 530 нафар;
- сиртқи таълим шаклига – 37 минг 675 нафар;
- кечки таълим шаклига – 6 минг 550 нафар.
- Магистрлар тайёрлаш бўйича – 12 минг 900 нафар.
Қарорда абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш жорий йилнинг 22 июнидан 22 июлига қадар бўлган муддатда Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) ҳамда Давлат тест марказининг расмий веб-сайти (my.dtm.uz) орқали амалга оширилиши қайд этилган.
ФИЛИАЛЛАР ВА НОДАВЛАТ ОЛИЙ ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТЛАРИ УЧУН
Филиаллар ва нодавлат олий таълим ташкилотларида давлат гранти асосида кадрларни тайёрлаш бўйича 500 нафар ўрин ажратилган. Филиаллар ва нодавлат олий таълим ташкилотларида давлат гранти асосида кадрларни тайёрлаш бўйича давлат буюртмаси вазирлик, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб шакллантирилади.
Филиаллар ва нодавлат олий таълим ташкилотларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган ва ўқишни тамомлагандан сўнг кадрлар буюртмачиси тизимида 5 йилдан кам бўлмаган муддат давомида ишлаб бериш истагини билдирган абитуриентлар билан уч томонлама (кадрлар буюртмачиси-талаба-олий таълим ташкилоти) шартнома тузилади.
Филиаллар ва нодавлат олий таълим ташкилотига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган абитуриентлар кадрлар буюртмачиси билан шартнома имзолаш истагини билдирмаган тақдирда, шартнома тузиш ҳуқуқи кириш имтиҳонларида тўплаган баллар кетма-кетлигига мос равишда кейинги ўриндаги абитуриентга берилади.
Давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилинган талабаларнинг ўқитиш харажатлари кадрлар буюртмачилари томонидан Давлат бюджети параметрларида мазкур мақсадлар учун назарда тутилган маблағлар ҳисобидан қопланади.
ХОТИН-ҚИЗЛАР УЧУН ҚЎШИМЧА 2000 ТА ДАВЛАТ ГРАНТИ
Бу йил Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг тавсияномасига эга бўлган хотин-қизлар учун бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича умумий белгиланган давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларига нисбатан қўшимча 2000 та давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари ажратилади.
Самарқанд вилояти Ургут туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда таълим тизимида кадрлар қўнимсизлигини камайтириш мақсадида бакалавриатнинг кундузги таълим шаклида педагогика йўналишлари бўйича умумий белгиланган давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларига нисбатан мазкур туман учун қўшимча 100 та давлат гранти асосидаги мақсадли қабул кўрсаткичлари ажратилади. Абитуриентларга тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси ҳамда фанлар кетма-кетлиги бир хил бўлган бештагача бакалавриат таълим йўналиши бўйича танловда иштирок этиш ҳуқуқи берилади.
Абитуриентларга рўйхатдан ўтиш жараёнида танланган бакалавриат таълим йўналишлари устуворлигига қараб дастлаб давлат гранти, кейинчалик тўлов-контракт асосида танловда иштирок этиш бўйича қўшимча имконият берилади.
2021-2022 ЎҚУВ ЙИЛИГА ҚАБУЛ ТАРТИБИ
Давлат олий таълим муассасаларининг магистратура (клиник ординатура) мутахассисликларига ўқишга қабул қилиш икки босқичда амалга оширилади. Бунда, биринчи босқичда давлат олий таълим муассасаси томонидан танланган мутахассисликка мос фанлар бўйича кириш имтиҳонлари, иккинчи босқичда Давлат тест маркази томонидан чет тили бўйича тест синовлари ўтказилади.
Магистратура (клиник ординатура)га ўқишга қабул қилишда чет тили бўйича тегишли даражадаги миллий ёки халқаро сертификатга эга абитуриентлар иккинчи босқичда чет тилидан тест синовини топширишдан озод қилинади ва уларга мазкур фан бўйича максимал балл берилади.
Магистратура (клиник ординатура) мутахассислигига мос фанлар бўйича имтиҳонлар натижалари имтиҳон ўтказилганидан кейин уч кун муддатда давлат олий таълим муассасаси томонидан идоралараро электрон ахборот алмашинув тизими орқали Давлат тест марказига тақдим этилади ҳамда мазкур муассасанинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
Абитуриентнинг чет тили бўйича тест синовидан тўплаган баллари тўғрисида маълумот тест синовлари ўтказилган куннинг эртасига ҳамда магистратура (клиник ординатура) қабули бўйича танлов натижалари тест синовлари тўлиқ якунлангандан сўнг бир ҳафта муддатда Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
Абитуриентдан алоҳида иқтидор талаб этиладиган бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга қабул қилишда касбий (ижодий) имтиҳонлардан сўнг мажбурий учта – она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи фанлари бўйича Давлат тест маркази томонидан тест синовлари ўтказилади.
Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ, олий таълим муассасаларига имтиҳонларсиз давлат гранти асосида ўқишга кириш бўйича имтиёзга эга бўлган шахслар умумий қабул параметрларидан ташқари қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.
Хорижий фуқароларни давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш белгиланган тартибда ўтказиладиган суҳбат натижаларига кўра олий таълим муассасаси ректорининг буйруғи асосида амалга оширилади.
Магистратура (клиник ординатура) мутахассисликларига қўшимча қабул параметрлари асосида ўқишга қабул қилинган абитуриентларнинг тўлов-контракт суммаси бир талабага тўғри келадиган реал харажатлардан келиб чиқиб, олий таълим муассасаси томонидан мустақил белгиланади.
ТАЛАБАЛАР ЎҚИШИНИ КЎЧИРИШИ МУМКИН, ФАҚАТ...
2021 йил 15 июлдан бошлаб талабалар ўқишини кўчиришнинг тартиби ҳам белгиланди. Унга асосан, талабалар ўқишини хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган (шу жумладан, халқаро рейтингларда биринчи 1 000 та ўриндан бирини эгаллаган) олий таълим ташкилотларидан Ўзбекистон Республикаси давлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош таълим йўналишларига кўчиришда талабадан алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишлари бўйича касбий (ижодий) имтиҳонлар, бошқа таълим йўналишлари бўйича тест синовлари ўтказилади. Бунда, касбий (ижодий) имтиҳонлар тегишли олий таълим муассасаси томонидан, тест синовлари Давлат тест маркази томонидан ўтказилади. Тест синовлари ва касбий (ижодий) имтиҳонлар бўйича ўтиш баллари жорий йил 25 июлга қадар, кейинчалик ҳар йили 15 июлга қадар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар томонидан белгиланади ҳамда оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
Ўтиш баллидан паст балл тўплаган талабалар бакалавриатга қабул қилишдаги тартибга мувофиқ табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади. Тест синовлари ва касбий (ижодий) имтиҳонлар натижалари Давлат тест маркази ҳамда олий таълим муассасаларининг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.
Талабалар ўқишини хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган олий таълим ташкилотларидан Ўзбекистон Республикаси давлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош бўлмаган таълим йўналишларига кўчиришга рухсат этилмайди.
Талабалар ўқишини Ўзбекистон Республикасининг бир ҳудудида жойлашган давлат олий таълим муассасасидан бошқа ҳудудидаги давлат олий таълим муассасасига кўчиришда ўқишни мос ва турдош таълим йўналишларига кўчиришга узрли сабаблар мавжуд бўлганда рухсат этилади. Бунда, ўқишни кўчириш сўралаётган ҳудудда мос ва турдош таълим йўналиши мавжуд бўлмаганда, ўқишни мазкур ҳудуддаги олий таълим муассасасининг бошқа таълим йўналишига кўчиришга рухсат этилади. Талабанинг республика бир ҳудудидан иккинчи ҳудудига доимий яшаш учун кўчиб ўтиши, турмуш ўртоғи ёки ота-онасининг меҳнат фаолиятини амалга ошириш жойи бошқа ҳудудга ўзгартирилиши, никоҳ тузгандан кейин турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудудга кўчиб ўтиши узрли сабаблар этиб тан олинади.
Талабаларнинг ўқишини узрли сабаблар мавжуд бўлмаган ҳолатларда, шунингдек, мос ва турдош бўлмаган таълим йўналишларига кўчириш ўрнатилган тартибда, тегишли бакалавриат таълим йўналиши учун белгиланган табақалаштирилган тўлов-контрактнинг минимал миқдорига тенг бўлган бир марталик тўлов асосида амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси давлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош бўлмаган таълим йўналишларига кўчириш ўрнатилган тартибда, тегишли бакалавриат таълим йўналиши учун белгиланган табақалаштирилган тўлов-контрактнинг минимал миқдорига тенг бўлган бир марталик тўлов асосида амалга оширилади.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Гулистон давлат университети, Қарши давлат университети, Жиззах давлат педагогика институти ва Навоий давлат педагогика институтида тиббиёт факультетларини ташкил қилиш белгиланган.
СПОРТЧИ-ЎҚУВЧИЛАР УЧУН ИМТИЁЗЛАР
Янги ўқув йилидан бошлаб Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинлари ва жаҳон чемпионатларида охирги уч йилда ғолиб ва совриндор (1–3-ўрин) бўлган спортчи-ўқувчилар давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кундузги, сиртқи ва кечки таълим шаклларига қўшимча давлат гранти асосида кириш имтиҳонларисиз қабул қилинади.
Бунда, Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинлари ва жаҳон чемпионатларида ғолиб ва совриндор (1–3-ўрин) бўлган спортчи-ўқувчилар қабул қилинадиган бакалавриат таълим йўналишлари рўйхати Туризм ва спорт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идораларнинг асослантирилган таклифларига мувофиқ Давлат комиссияси томонидан тасдиқланади ҳамда Туризм ва спорт вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
Спорт мусобақалари ғолиби сифатида имтиёз билан олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинган ҳамда кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган талабаларнинг ўқишини уларнинг аризаларига мувофиқ, сиртқи таълим шаклидаги мос ва турдош таълим йўналишига (сиртқи таълим шакли мавжуд бўлган тақдирда) давлат гранти асосида кўчиришга рухсат берилади.
АБИТУРИЕНТЛАР 5 ТА ФАНДАН ИМТИҲОН ТОПШИРАДИ (МИ)?
Кўпчиликни ўйлантираётган савол бу. Тўғрими? Ҳақиқатан ҳам, бу йил кириш имтиҳонлари 5 та фандан ўтказилади. “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорига кўра, 2021/2022 ўқув йили қабулидан бошлаб тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси икки бўлимга ажратилди. Биринчи бўлимга барча тест топширувчилар учун мажбурий учта фан — она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи, иккинчи бўлимга абитуриент танлаган бакалавриат таълим йўналишига мос иккита фан киритилади. Яъни, кириш имтиҳонлари 2 та мутахассислик ва 3 та мажбурий фанлардан ўтказилади. Мажбурий фанларга она тили, математика ва Ўзбекистон тарихи киради. Айтиш керакки, ўтган йили пандемия шароити ҳисобга олиниб, истисно тариқасида имтиҳонлар 2 та фанга қисқартирилган эди.
ТЕСТ СИНОВЛАРИ ЎТГАН ЙИЛГИДЕК ОСОН БЎЛМАЙДИ
Кириш имтиҳонлари саволлари ҳақида ДТМ бош бошқарма бошлиғи Фарҳод Мирзаевга мурожаат қилдик:
– Бу йил кириш имтиҳонларида мантиқий саволлар сони кўпайтирилади, – дейди у. – Ҳозиргача шу турдаги саволлар тузилиб, уларнинг апробацияси ҳам ўтказилмоқда. Бундай саволлар математика, тарих, биология, кимё каби фанлардан кўп бўлади. Ўтган йили пандемия шароити бўлгани учун абитуриентларнинг имкониятлари ҳисобга олиниб, қийин даражадаги саволлар сони камайтирилиб, осон саволлар сони кўпайтирилган эди. Бу йил ундай бўлмайди. Мажбурий ва ихтисослик фанларидан тест топшириқларининг қийинлик даражасида катта фарқ бор. Мутахассислик фанларига тегишли саволлар учта қийинлик даражасидаги топшириқлардан, мажбурий фанлардан топшириқлар фақат биринчи қийинлик даражасидаги осон саволлардан иборат бўлади.
Саволлар сонига тўхталадиган бўлсак, мажбурий фанлар блокида жами 45 та савол бўлади ва ҳар бир тўғри жавобга 2,1 балл берилади. Мутахассислик фанлари блокида эса 2 та фан бўлади ва битта савол 3,1 балл билан баҳоланади, абитуриент максимал 280,5 балл тўплаши мумкин.
Қабул квоталари тиллар кесимида тақсимот қилиниб, тизимда бу билан боғлиқ қисқа муддатли профилактика ишлари амалга оширилгандан кейин таълим йўналишларини тўлиқ киритиш мумкин бўлади.
Маълумот учун: абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари тест синовларини телевидение ва https://test2020.uz/ сайти орқали онлайн кузатиб боришлари мумкин бўлади.
“Ўзбекистон овози” мухбири
Лазиза ШЕРОВА тайёрлади.
“Ўзбекистон овози”, 30.06.2021, №25