
Ҳеч бир давлат ўз-ўзидан изчил ривожлана олмайди. Ҳамкорликни, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий алоқаларни кенгайтириш халқнинг фаровонлигини ошириш, давлатнинг мавқеини мустаҳкамлашда энг муҳим омиллардан биридир. Айниқса, тарихи, ижтимоий психологияси ва иқтисодиёти ўзаро ўхшаш ҳамда бир-бирини тўлдирадиган давлатларнинг ҳамдўстлиги бугунги глобал дунёда ниҳоятда муҳим. Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик шу жиҳатларга асосан давлатимиз ва халқимиз учун стратегик аҳамиятга эга бўлмоқда.
Озарбайжоннинг Габала шаҳрида ўтган ТДТнинг навбатдаги саммити, унда билдирилган фикрлар, илгари сурилган таклифлар туркий халқлар жамоатчилиги билан бирга, халқаро жамоатчилик ва экспертлар диққат-марказида турибди, десак, муболаға бўлмайди.
Қайд этиш керакки, Ўзбекистон дунёда нуфузи ортиб бораётган мазкур ташкилот сафида барча мамлакатлар учун манфаатли бўлган ҳаётий ташаббусларни илгари суриб келмоқда. Бу ташаббуслар босқичма-босқич амалга ошмоқда. Хусусан, ташкилотнинг 2022 йилда ўтган Самарқанд саммитида янги иқтисодий имкониятлар умумий маконини барпо этиш ва Туркий инвестиция жамғармасини ишга тушириш ташаббуси кўтарилганди. Қисқа вақт давомида ташаббусларнинг аксарияти декларатив даражадан амалга ошиш босқичига ўтди. Туркий инвестиция жамғармаси бугунги кунда қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлашни бошлади. Туркий тараққиёт банкини ташкил этиш таклифи фаол муҳокама жараёнига чиқди.
Ташкилотнинг Самарқанд саммитида Туркий давлатлар ташкилотининг 2022-2026 йилларга мўлжалланган стратегиясини қабул қилиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган эди. Ўтган қисқа вақт мобайнида туркий давлатлар ҳамкорлиги фаол амалий босқичга ўтмоқда. Иқтисодиёт, инвестиция, ижтимоий ҳамда маърифий муносабатлар изчил интеграция даврига кириб бормоқда.
Габаладаги саммитда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қардош халқлар фаровонлигини оширишга хизмат қиладиган янги ғоя ва ташаббусларни илгари сурди.
Жумладан, стратегик шериклик, абадий дўстлик ва қардошлик тўғрисидаги шартнома тез фурсатда қабул қилиниши қўллаб-қувватланди, шунингдек, Туркий давлатлар ташкилотини 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ташаббуси билан чиқилди.
Давлатлар иқтисодиёти ва халқларнинг ижтимоий ҳаётида ҳамкорликни изчил ривожлантириб бориш кенг қамровли ёндашувни талаб қиладиган мураккаб ва қизғин жараён. Бу борада 2022-2026 йилларга мўлжалланган стратегия муҳим аҳамиятга эга бўлди. Лекин эндиликда олдинда янги вазифалар, янги натижаларга эришиш масъулияти турибди. Шунинг учун давлатимиз раҳбарининг 2030 йилгача бўлган стратегияни белгилаб олиш таклифи чуқур ҳаётий асосларга эга.
Туркий давлатлар умумий аҳолиси 175 миллион нафардан ортиқ бўлиб, харид қобилияти паритети бўйича умумий ялпи ички маҳсулот 5,6 трлн долларга етаркан. 2024 йилда ташқи савдо айланмаси 1,2 трлн доллардан ошгани ҳолда, мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро савдо улуши бу рақамда салмоқли ўринга чиқиб улгургани йўқ. Шунинг учун иқтисодий ҳамкорликни жадал ривожлантиришга эҳтиёж юқори.
Сабаби, Туркий давлатлар ташкилоти мамлакатлари иқтисодиётлари кўп томонлама бир-бирини тўлдирувчи, албатта, қўллаб-қувватловчи хусусиятларга ҳам эга. Халқларимизнинг анъанавий турмуш тарзи, кундалик истеъмол ва харид эҳтиёжлари, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш йўналишлари бир-бирига жуда яқин. Ечимини кутаётган ижтимоий масалаларимиз ўхшашиб кетадиган ҳолатлар оз эмас. Демак, мамлакатларимиз ўртасида ижтимоий интеграцияни ривожлантириш бўйича ҳам кенг ва катта имкониятлар бор.
Яқин ҳамкорлик, борди-келдини кўпайтириш, ўртадаги масофани яқинлаштириш учун биринчи навбатда ишончли йўл, шунга мос инфратузилма керак. Мустаҳкам ва доимий йўлларсиз стратегик ҳамкорликни изчил олиб бориш қийин.
Ўзбекистон Президенти Ўрта коридорни ривожлантириш, уни Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли ҳамда Трансафғон йўлаги лойиҳалари билан боғлашни қўллаб-қувватлагани, божхона тартиботини рақамлаштириш ва тарифларни оптималлаштириш муҳимлигини таъкидлагани шу жиҳатдан долзарб аҳамиятга эгадир.
Мутахассислар хулосасига кўра, давлатларимиз ўртасида тариф ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш, электрон тижорат платформаларини ривожлантиришга қаратилган аниқ битим ва келишувлар ишлаб чиқилиши лозим. Ҳозирга қадар ташкилот доирасида Соддалаштирилган божхона йўлаги тўғрисида битим имзоланишидан ташқари, рухсатнома тусидаги ҳужжатларни рақамлаштириш, хавфларни бошқариш ва ваколатли иқтисодий операторларни ўзаро тан олиш бўйича муҳим қадамлар қўйилган. Шу билан бирга, фаол ва тез ўзгарувчан технологик тараққиёт даврида ҳамкорликни барча йўналишларда қамраб олиш, изчиллик билан давом эттириш лозим бўлмоқда.
Ҳар бир йўналишда ҳамкорликни кучайтириш сиёсий, иқтисодий муносабатлар билан бирга, илмий-амалий яқинлик кенгайишига ҳам боғлиқ, албатта. Шу маънода Ўзбекистон раҳбари юртимизда қўшма тадқиқотлар ва инновациялар майдонига айланадиган Туркий давлатлар халқаро университети ташкил этилишини эълон қилиши барчамиз учун яна бир қувончли хабар бўлди. Қўшма тадқиқот ва инновациялар илдизи чуқур халқларимизнинг ҳамжиҳатлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, деб ишонамиз.
Туркий давлат ташкилотининг истиқболига ишонганлар кўп. Аввало халқларимиз қалбидаги ўзаро меҳр-муҳаббат ёрқин истиқболнинг манбаи, десак, тўғри бўлади. Албатта, қардош давлатлар раҳбарларининг сиёсий иродаси, бағрикенглиги ва дипломатик шижоати ҳали катта ютуқ ва натижаларни олиб келади.
Қардош халқлар бир фикрда собитлиги кўринмоқда: катта ҳудуд, салмоқли аҳоли, узвий тарих ҳамда кенг имкониятларга эга туркий халқларнинг қатъий ҳамкор бўлиши мураккаб глобал шароитда муносиб позицияда туришимизда ҳаммамиз учун ниҳоятда муҳимдир.
Улуғбек ИНОЯТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари.