Кодлар ва пароллар исмимиз каби аҳамиятлими?
Кодлар ва пароллар исмимиз каби аҳамиятлими?

 

ТАҲРИРИЯТДАН:

Дунё шу қадар тез ўзгармоқдаки, инсон бор-йўғи 3-4 та кодлару паролларга боғланиб қолди. Ҳозирда устунлигимиз ва ожизлигимиз ҳам шу рақамларда. Кодларингиз, паролларингиз, умуман, рақамларингизни асранг. Ишонинг, улар ҳозир исмимиз каби аҳамиятли.

Яқин танишим бошидан ўтган  воқеани сўзлаб берди.

— Оиламиз аъзоларидан бири чет эл сафаридан келаётганлиги боис, уни кутиб олиш учун аэропортга чиққандим, — дейди Нурали Очилов (исм-фамилияси ўзгартирилган). — Шунда мобиль телефонимга бир йигит нотаниш рақамдан қўнғироқ қилиб, мен Click хизматиданман. Сизнинг мобиль телефонингизга ўрнатилган Click тўлов хизмати номаълум сабабларга кўра яхши ишламаяпти, сизга SMS хабар жўнатамиз, унинг кодини бизга айтиб юборсангиз, носозлик сабабини ўрганиб, бартараф қилиб берамиз, дейишди. Сониялардан сўнг SMS хабар келди ва унинг рақамини айтдим. Кейин улар яна телефон қилиб, бу код сизга адашиб кетиб қолибди, ҳозир сизга яна SMS хабар орқали бошқа код жўнатамиз, шуни бизга код рақамини айтиб юборасиз, дейишди. Шу заҳоти яна код келди ва мен уларга айтдим. Шундан сўнг улар телефон қилиб, энди Click хизматингиз яхши ишлайди, деди-да алоқани узиб қўйди.

Содда бўлмай кетай, ўзимча бу Click хизматидагилар замон билан ҳамнафас тарзда ишлар экан. Ўзим мурожаат қилмасимдан олдин ўзлари мен билан алоқага чиқиб, муаммони бартараф қилиш ҳаракатида юришибди. Қанийди, юртимиздаги барча вазирлик, идора ва ташкилотлар шундай ишласа, халқимизнинг яшаш шароити янада яхшироқ бўларди, деб хаёлимдан ўтказибман. Камига уларнинг хизматига раҳматлар айтибман.

Шундай ўй-хаёллар билан чет элдан келган оила аъзомизни уйга олиб келдим ва бозорлик қилиш мақсадида магазинга чиқдим. Зарур бўлган барча нарсаларни олиб бўлгандан сўнг, тўлов учун пластик картамни узатдим. Сотувчи йигит бир менга, бир олган нарсамга ҳайрат аралаш қаради-да, ўзи картангизда етарли пул бормиди, картангизда арзимаган қанчадир минг сўмни кўрсатмоқда, деганида устимдан кимдир муздек сув қўйиб юборгандек бўлди.

Бундан уч соат олдин пластик картамда бир миллион сўмга яқин пулим бор эди, дедим. Шунда сотувчи йигит менга қараб пластик картангизнинг кодини кимгадир айтганмидингиз, деб сўради. Бундан уч соат олдин бўлган воқеани сўзлаб бердим. Энди ҳаммаси тушунарли, сиз замонавий ўғриларнинг тузоғига тушибсиз. Дарҳол ички ишларга мурожаат қилинг, улар ўғриларни қидиришни бошлайди.

Вақтни ўтказмасдан ички ишларга ариза беришга йўл олдим. Йўлда кетаётиб, менга қўнғироқ қилган рақамга қайта-қайта боғланишга уриндим. Рақам ўчирилган экан.

Танишимнинг гапларини эшитиб, Марказий банк билан боғландим.

— Масофавий хизмат кўрсатиш имкониятлари кенгайиб бораётган ҳозирги шароитда ишонувчан, молиявий саводхонлик даражаси етарли бўлмаган фуқароларга нисбатан фирибгарлик ҳаракатлари кузатилмоқда, — дейди Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раисининг матбуот котиби — ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Акмал Назаров. — Бу каби фирибгарлик ҳолатлари банк картаси эгасининг хабарисиз унинг карта ҳисоб варағидан пул маб лағини ечиб олиш, пароль ва ПИН-кодларни ўғирлаш ва бошқа ноқонуний фаолият турлари билан боғлиқ.

 

Республика Марказий банки Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати фирибгарликнинг қуйидаги белгиларидан огоҳ бўлишга чақиради:

  1. Ишонтириш мақсадида ўзини банк, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ёки бирон савдо ташкилотининг ходими сифатида таништирувчи бегона шахслардан қўнғироқ бўлиши, SMS-хабарнома ёки ижтимоий тармоқлар орқали турли хабарларнинг келиб тушиши;
  2. Турли совғалар ғолибига айланиш, сизнинг фойдангизга ҳар қандай маблағларни ўтказиб бериш ёки товар ва хизматларни жозибадор шартларда сотиб олиш каби гўёки жуда фойдали ва кутилмаган имкониятларнинг таклиф этилиши;
  3. Ютуқларни кейинчалик банк картасига ўтказиб бериш шарти билан турли хил сўровлар ва лотереяларда иштирок этиш таклиф қилиниши;
  4. Ютуқларни қабул қилиш ёки товар ва хизматлар учун тўловларни амалга ошириш мақсадида турли мобиль иловаларни ўрнатиш ёки ҳаволалар орқали банк картангиз ёҳуд шахсий маълумотларингизни киритиш тўғрисида таклифлар берилиши;
  5. Ҳисоб варағингиздаги пул маблағлари йўқолиши мумкинлиги ҳақида қўрқитиш ва тезкор қарор қабул қилишга мажбурловчи руҳий босим ўтказиш ҳолатлари;
  6. Ҳисобингизга хатолик билан пул маблағи ўтказиб юборилганлиги ва ушбу маблағларни қайтаришни сўраб қўнғироқ қилиш ҳолатлари.

 

Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Марказий банки истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати фирибгарларнинг турли баҳоналар билан банк картангиз маълумотларини (карта рақами, ПИН-код, шунинг дек, SMS-код ва бошқа шахсий маълумотлар) билиб олишга уринишларига жавоб бермасликка чақиради.

Шунингдек, банк ходимлари қўнғироқ қилиш, SMS-хабарнома ёки ижтимоий тармоқларда хабар юбориш орқали банк картаси эгасидан унинг картасига тегишли ва бошқа шахсий маълумотларни сўрамаслигини маълум қилади.

Бу бўйича Ички ишлар вазирлигидан ҳам маълумот олишга ҳаракат қилдим.

Беҳзод Мамажонов, Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази бошлиғи:

— Ички ишлар вазирлиги яна бир бор огоҳлантиради: банк карталарингизнинг коди ва паролини ҳеч қандай шароитда, ҳеч кимга маълум қилманг, содда бўлманг, фирибгарларнинг найрангларига тушиб қолманг, деб Ички ишлар вазирлигининг расмий сайтида, матбуот ва ижтимоий тармоқларда, қолаверса, матбуот анжуманларида маълумотлар бериб бораяпмиз. Шундай бўлса-да банк картасидаги маблағларини фирибгарларга олдириб қўяётган фуқароларимизнинг сони ортиб бормоқда. Бу каби ҳолатларнинг олдини олишга ундовчи бир-иккита мисолларни келтириб ўтмоқчиман.

Хусусан, ИИВ Киберхавфсизлик маркази томонидан олиб борилган кенг қамровли тезкор-техник тадбирлар давомида давлатимизда раҳбарлик фаолиятини олиб бораётган фуқаролар номидан “Телеграм” мессенжерида унинг рухсатисиз исми-шарифи, фотосурати ва шахсий ҳужжатларидан фойдаланган ҳолда сохта аккаунт яратиб гуруҳ ва каналларга «КРЕДИТ» беришни ваъда қилиб, ўзгаларнинг банк пластик картасидаги пул маблағларини талон-тарож қилган жиноятчи Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида яшовчи 1995 й.т., Қ.Б эканлиги аниқланди.

Натижада 05.06.2021 йилда Яккасарой тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ ТБ томонидан фуқаро Қ.Б.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Марказий банк ва Ички ишлар вазирлигининг масъул ходимлари аҳолимизни янада огоҳ бўлишга чақирмоқда. Шундан хулоса чиқариб фирибгарлар “тузоғи”га тушмаслигимиз учун ўзимиз ҳушёр бўлишимиз лозим. Акс ҳолда, жабрини ўзимиз тортамиз.

Гапни яқин танишим тушган вазиятдан бошлаган эдим. Уни чув тушириб кетган фирибгарлар ҳали ҳам топилгани йўқ...

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

“Ўзбекистон овози”, 7.07.2021, №26

← Рўйхатга қайтиш