Тошкент халқаро инвестиция форуми: Янги Ўзбекистоннинг истараси иссиқ
Тошкент халқаро инвестиция форуми: Янги Ўзбекистоннинг истараси иссиқ

 

Тадбиркорлар учун яратилган имкониятлар, солиқ имтиёзлари, транспортировка масалалари, ажратилаётган субсидиялар, умуман, давлатнинг ўзи уларга елка тутаётгани бунинг бош омили бўляпти. ўтган ҳафтада пойтахтимиз мезбонлик қилган тошкент халқаро инвестиция форумида бу яна бир карра ўз исботини топди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев форумнинг ялпи мажлисида бу кунларга шунчаки эришилмагани, қатъий чора-тадбирлар ҳамда алоҳида стратегия асосида амалга оширилганини таъкидлади ва буни 10 та йўналишга бўлган ҳолда таҳлил қилиб берди. Энг аввало, илгари инвесторларнинг Ўзбекистон бозорига кириши ва эркин фаолият юритишига тўсқинлик қилган барча омиллар бартараф этилиб, тадбиркорлик учун қулай шароитлар ярата бошланганига урғу берилди. Таъкидландики, эркин конвертация натижасида банк ва йирик корхоналар илк марта халқаро рейтинглар олиб, жаҳон молия бозорларига чиқди. Дунё бозорларига миллий валютамизда ҳам халқаро облигациялар чиқарилди.

Бундан ташқари, мамлакатимизда очиқлик сиёсатини таъминлаш учун 90 та хорижий давлат фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз кириш имконияти яратилди. Яна 60 га яқин мамлакат фуқароларига енгиллаштирилган тартибда виза олиш имконияти берилди. Ўтган йиллар давомида қилинган ишларга ва тизимлар кесимида эришилган натижаларга тўхталар экан, Президент Тараққиёт стратегияси ҳамда “Инсон қадри учун”, деган мақсад йўлида амалга оширилиши кўзда тутилган йўналишларга эътибор қаратди.

Хусусан, мамлакатимизда иқтисодий ва сиёсий барқарорликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни изчил давом эттириш, давлатнинг иқтисодиётдаги роли ва улушини кескин қисқартириш йўналишларидаги устуворликлар санаб ўтилди. Шунингдек, мамлакатимизда инфратузилмани жадал ривожлантиришни давом эттириш ҳам асосий вазифалардан саналиши таъкидланди. Иқтисодиётни саноатлаштириш доирасида бой хомашё захираларини чуқур қайта ишлаш орқали юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш кўзда тутилмоқда. Инсон капиталига инвестиция киритиш ҳам юқори ўринларга қўйилган. Ички ва ташқи муносабатларда ҳам бирдек ўзгаришлар режалаштирилган. Шулардан бири сифатида мамлакатимизда ташқи савдони янада эркинлаштириш, экспорт ва импорт фаолиятлари учун қўшимча қулайликлар яратиш масаласига урғу берилди.

Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг жадаллаштирувчи кучига айланишдек нуфузли мақсадга интилар экан, дунё иқтисодининг кўп тарафлама тизимига интеграциялашув сари ишончли одим қўймоқда. Форумда иштирок этган тадбиркорлар ва ишбилармонлар, давлат арбоблари, сиёсатчилар ҳамда ОАВ вакиллари ушбу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратди.

 

Одиль РЕНО-БАССО,

Европа тикланиш ва тараққиёт банки раҳбари:

— Ўтган 5 йилда мамлакатингиз иқтисодиётига 3,3 миллиард доллар сармоя киритдик. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон истиқболларига оид масала муҳокама қилинди. Бир нарсани алоҳида таъкидлашим жоиз, банкимиз киритаётган сармоя Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган ислоҳотлар кўлами билан боғлиқ. Масалан, хусусийлаштириш, молиявий либераллаштириш, саноатни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш. Шунингдек, кун тартибида яшил иқтисодиёт жуда муҳим саналади. Буларнинг барчаси учун янги йўналиш ва имкониятлар юзага келди.

Ўзбекистон жозибадорлигининг бир элементи – ислоҳотлар кун тартибидир. Бу тўғри йўналишда кетаётганига ва хорижий инвесторлар учун кўплаб имкониятлар яратишига ишонамиз. Чунки бугунги таҳликали, нотинч пайтларда савдонинг аҳамияти ниҳоятда ошди. Биз ҳамкор банкларимиз учун янги доимий лимитлар очиб, ўзбекистонлик импорт ва экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаймиз, бу эса бутун мамлакат бўйлаб тадбиркорлик субъектларини қамраб олади.

Умуман олганда, ўтган йилларда муваффақиятли стратегиялар ҳамда инвестициялар амалга оширилди. Муҳими, биз ҳамкорлигимизни худди шу тарзда давом эттирмоқчимиз. Шу боис банк янги инвесторларни жалб этиш, маҳаллий хусусий сектор, хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ўйлайманки, юртингизда бу борада жуда катта салоҳият мавжуд. Ҳали очилмаган қирралар, фойдаланилмаган имкониятлар бисёр. Олиб борилаётган ислоҳотларнинг бутун мажмуаси бу борада ғоят муҳим.

 

Масацуга АСАКАВА,

Осиё тараққиёт банки президенти:

— Бу менинг Ўзбекистонга биринчи ташрифим. Аввало, бу қадим юртнинг чуқур тарихи ва маданияти билан яқиндан танишиш мен учун катта шараф. Иқтисодий тараққиёт, инклюзив ва барқарор ўсиш дунё ҳамжамиятининг эътиборини тортмоқда. Бу аввало, юртингизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси, деб биламан. Мазкур муваффақиятли чора-тадбирлар хусусий сектор ривожига ҳам ўзига хос ҳисса қўшмоқда. Давлат хусусий шериклик ва инвестицияларни жалб қилиниши эса мамлакатингизга нисабатан ишончни янада ошириб, инвесторлар, сиёсатчиларнинг қизиқишига сабаб бўлмоқда.

Хусусан, 2021 йил натижаларига кўра, давлатингиз пандемиянинг таъсирини бартараф этиш учун таҳсинга лойиқ ишларни амалга оширган. Оқилона ва пухта ўйланган режа асосида қилинган ишлар банкимиз эътиборини ҳам тортди. 7,4 фоиз иқтисодий ўсиш замонавий шароитда ғайриоддий юқори динамикадир. Осиё тараққиёт банки ўз маблағларини технология ва нау-хао, қишлоқ хўжалиги, саноат ва туризмга жалб қилишни қўллаб-қувватлайди. Шу нуқтаи-назардан Ўзбекистоннинг барқарор иқтисодий ривожланишининг гарови бўлган яшил трансформациялар мавзуси алоҳида муҳокама қилинди. Қатор келишувларга эришилди.

Банкимиз Ўзбекистоннинг бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнини жадаллаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратади. Шунингдек, биз молиявий воситачиликда давлат иштирокини камайтиришга, инфратузилма ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятини яхшилашга интиламиз.

 

Бинали ЙИЛДИРИМ,

Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) Оқсоқоллар кенгаши раиси, Туркия Адолат ва тараққиёт партияси раиси ўринбосари:

— Ўзбекистонда 2000 га яқин фирмамиз бор. Кўплаб йўналишларда фаолият олиб боришмоқда. Масалан, энергетика, кончилик, туризм, қурилиш, йўл қурилиши каби кўплаб йирик лойиҳалар ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Пойтахтингиз мезбонлик қилган форумда 60 га яқин давлатдан 1500 нафардан ортиқ одам иштирок этди. Бу нимани билдиради? Бу Ўзбекистон инвестор учун ишончли портга айланди. Ер юзининг турли минтақаларидан келаётган пуллар макон қилаётгани эса тасодифан эмаслигини ҳам таъкидлаш лозим. Айниқса, 2016 йилдан буён бюрократия камайди ва инвесторлар учун қулай шароитлар яратилди.

Муҳими, инвесторлар оқими ортди ва бу жараён ҳали давом этади. Чунки Президент берган ваъдалар, улар фаолиятининг кафолатланиши ҳақидаги фикрлар кўпчиликни ҳаяжонга солди ҳамда ишонч туйғусини оширди. Бу орқали янги имкониятлар юзага келмоқда ва инвесторларни янада кўп инвестиция киритишга даъват қилмоқда. Ўйлайманки, Туркия ҳам Ўзбекистон билан алоқаларини янада мустаҳкамлайди, янги йўналишларда янги марралар забт этилади.

 

Максат МАМИТКАНОВ,

Евроосиё иқтисодий комиссиясининг божхона ҳамкорлиги ҳайъати аъзоси:

— Биз шахсан Ўзбекитон Президенти ва ҳукумати таклифи билан Тошкентга ташриф буюрдик. Чунки йирик масштабдаги тадбирда иштирок этиш биз учун муҳим. Асосийси эса икки томонлама дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, иқтисодий алоқаларни ривожлантириш мақсади биз учун устувор саналади.

Ўзбекистон Евроосиё Иттифоқида кузатувчи давлат ҳисобланади. Унда амалга ошириладиган барча тадбирлар ҳамда режалаштирилаётган лойиҳаларнинг аҳамияти ҳам беқиёс. Шу боис ўзбекистонлик касбдошларимиз билан яхши қўшничилик алоқаларини ўрнатиш, барча йўналишдаги иттифоқчилик муносабатларимизни янада ривожлантириш истиқболларига оид масалаларни муҳокама қилдик.

Барча жараёнларни рақамлаштиришга оид масала кўтарилди. Биз учун ҳам божхона органларидаги оқимларнинг электрон тизимга ўтказилиши муҳим саналади. Замонавий технологиялар ва IT тизимининг ишга туширилиши ҳисобига ўз олдимизга қўйган юксак мақсадларга эришамиз. Бу томонлар ўртасидаги иттифоқичиликда ҳам, соҳалар кесимидаги ҳамкорлик бўйича истиқболли режаларни амалга ошириш орқали ўз исботини топади.

 

ФОРУМ ВА НАТИЖАЛАР

Форум доирасида умумий қиймати 7 миллиард 833 миллион долларлик 164 та шартнома имзоланди. Келишувларнинг 97 таси инвестициявий, 67 таси савдо битимидан иборат бўлди. Хорижий инвесторлар, йирик компаниялар, вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий корхоналар ўртасида тузилган ушбу шартномалар орқали мамлакатимиз тараққиётига хизмат қиладиган қатор лойиҳалар амалга оширилади. Бир сўз билан айтганда, биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми стратегик ташаббусларни муҳокама қилиш ва амалга ошириш учун янги майдон вазифасини ўтади. Эътиборлиси, Ўзбекистон ҳозирги пайтда иқтисодий ўсишнинг янги формуласини фаол жорий қилиб, қайтадан янги имконият ва инновациялар кесишадиган марказга айланишга интилаётганини кўрсатиб бера олади. Муҳими, Ўзбекистоннинг бу борадаги салоҳияти ҳамда мамлакатимизда қулай инвестициявий муҳит яратилгани намоён бўлди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 30.03.2022, №12-13

 

 

 

 
← Рўйхатга қайтиш