«Ярмини 4 киши, қолганини бир киши…»
«Ярмини 4 киши, қолганини бир киши…»

 

Энергетика вазирлиги мутасаддиси тизимдаги ўзгаришлар ҳақида

Cable.co.uk порталининг британиялик экспертлари томонидан тузилган энг арзон электр энергиясига эга мамлакатлар рейтингида Ўзбекистон 7-ўринни эгаллади. Мамлакатда бир киловатт-соат электр энергияси 0,027 доллар турар экан.

Бунинг сабаби бугун юртимизда субсидияланган тизим амал қилади. Яъни, ким қанча электр энергияси ишлатса ҳам, унинг 40 фоизи давлат томонидан қопланади. Масалан, кимдир ойига 1 миллион сўмлик электр энергия истеъмол қилса, бунинг 40 фоизи ёки 400 минг сўми субсидия ҳисобига тўғри келади. 100 минг сўмлик электр энергия сарфлаган учун ҳам шу тартиб, яъни 40 минг сўм давлат ҳисобидан қопланади. Ким қанча кўп электр энергиясидан фойдаланса, шунча кўп давлатдан пул оляпти. Ваҳоланки, кўп энергия манбаларини истеъмол қилган шахс ўзига тўқ оилалар, уйларида қўшимча даромади бўлган кишилардир. Улар давлатнинг ҳимоясига, ижтимоий кўмакка муҳтож эмас. Шуни инобатга олган ҳолда шу кунларда янги тартиб жорий этилиши кутилмоқда. Энергетика вазирлиги электр энергетика соҳасини ислоҳ қилиш лойиҳа офиси директори ўринбосари Баҳром Умарбеков билан ана шулар ҳақида суҳбатлашдик.

— Иқтисодиётимизни нафақат ўстириш, балки унинг суръатини ҳам кўтаришимиз керак. Масалан, Хитой кўп йиллар 10-11 фоизда ўсиб келди. Бизда ҳам ана шундай имкониятлар бор. Фақат улардан тўғри ва самарали фойдаланишимиз зарур. Бунинг учун аввало, энергетика соҳасини ривожлантириш талаб этилади. Афсуски, айни пайтда тизимда муаммолар кўп. Улардан асосийси кўп йиллар давомида тарифлар паст бўлгани учун соҳа зарурий инвестицияларни амалга ошира олмаганидир. Сабаби, мамлакатнинг ЯИМ кам эди ва қарз олиш қобилияти, имконияти паст, электр таъминотида дефицит юқори бўлган. Ҳозирда анча қисқартиришга эришдик, лекин ҳали ҳам кўрсаткичлар меъёрда эмас, дефицит, яъни тақчиллик сақланиб қолган. Чунки электр энергияси ва газга бўлган талаб биз прогнозлаштирган йиллик 7-5 фоиздан ҳам ошиб кетяпти. Демак, бу тезликка мос равишда ўсиш учун соҳада ислоҳотларни амалга ошириш лозим.

Шу кунгача ўтказилган ислоҳотлар биринчи босқич эди. Бу соҳада давлат сиёсатини юритувчи орган сифатида Энергетика вазирилиги ташкил этилиши билан бошланди. Шундан сўнг иккита вертикал интеграллашган компания — «Ўзбекнефтгаз» ва «Ўзбекэнерго» компаниялари иқтисодий занжирга, яъни ишлаб чиқариш босқичларига мувофиқ равишда бўлинди. Бундан ташқари, техник ўзгаришлар ҳам амалга оширилди. Яъни, «Ҳудудий электр тармоқлари» ва «Ҳудудгазтаъминоти»да бирдек ақлли ҳисоблагичлар ўрнатилди. Натижада нафақат истеъмолга алоқадор маълумотларни етказиб бериш, балки уларни йиғиб бориш имконига эга ахборот тизими ишга тушди. Бутунлай янги база шаклланди. Мазкур маълумотлар эвазига таҳлиллар ўтказилди.

Аён бўлдики, аҳоли томонидан электр ҳамда газ истеъмоли бир хил эмас ва ўртада кучли номутаносиблик юзага келган. Яъни, бутун Ўзбекистон бўйича электр таъминотини энг кам истеъмол қиладиганлардан энг юқори кўрсаткичгача таҳлил қилинганда, рақамлар ойдинлашди. Хусусан, ойига 200 кВт. соатгача сарфлайдиган хонадонлар истеъмолчиларнинг 80 фоизини ва улар умумий истеъмолнинг ярмини, қолган 20 фоизи яна 50,2 фоизини ташкил қилиши маълум бўлди. Соддароқ қилиб тушунтирадиган бўлсам, 5 киши учун мўлжалланган овқатнинг ярмини 4 киши, қолганини эса бир киши егани билан баробар. Бунинг оқибатида адолат мезонлари бузилади.

Худди шундай ҳолат табиий газ таъминотида ҳам кузатилади. Фақат у ерда аҳвол бундан ҳам паст. Яъни, ойлик сарфи ўртача 500 куб метргача бўлган хонадонлар 85 фоиз бўлиб, улар умумий истеъмолнинг атиги 35 фоизига тўғри келмоқда. Бундан кўринадики, бирор меъёр ва мезон ишлаб чиқилиши шарт. Чунки, Ўзбекистонда бу икки соҳа субсидияланади. Яъни, катта миқдорда газ ва электр энергия сарфловчи корхоналарга тарифлар ошириб қўйилиши эвазига аҳолига арзонлаштирилган нархлар тайинланган.

Ўрганишлар натижасида истеъмолнинг катта қисми икки хил тоифадаги хонадонлар ҳиссасига тўғри келмоқда. 200-300 квадрат метрли хонадонлар ва унда қўшимча истеъмол талаб қилувчи объектлар, масалан, бассейн, парли ҳаммом кабилар қурилганда энергия сарфи ошади. Бундан ташқари, уйида иссиқхона, лимонария ташкил қилганлар, тикув цехи, бир неча 10 бош қора мол боқувчи ва яна бошқа турдаги ишлаб чиқариш билан шуғулланувчиларнинг сарфи катта. Ваҳоланки, улар юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтиши ва ана шу асосига орттирилган нархда энергия учун ҳақ тўлаши лозим. Муҳими, улар давлатнинг кўмагига муҳтож эмас. Бироқ одамлар ана шу тўловдан қочади.

Аҳолига етказиб берилатёган электр энергияси учун тахминан 420 сўм харажат қилинса, истеъмолчи бунинг 300 сўмини тўлайди. Юқоридагилар инобатга олинса, субсидиялар тўғри тақсимланмаяпти. Шу сабабли мувозанатни сақлаш учун янги тизим жорий этилди. Унга кўра, ойлик истеъмол меъёри 200 кВт. соат этиб белгиланди. Мазкур миқдоргача бўлган тақдирда эски тарифлар деярли ўзгармаган ҳолда тўлов қилинади. 201 киловаттдан бошлаб энергия етказиб беришнинг ҳамма харажатларини тўлиқ қоплайдиган, субсидияланмаган ҳажмда, яъни тарифнинг икки баробари миқдорида тўлов амалга оширилади. Натижада ижтимоий ҳимоянинг қайсидир даражада манзиллилиги таъминланади. Бу тўғридан-тўғри кўмакка нисбатан идеал тизим бўлмаслиги мумкин. Бироқ дастлабки босқичда ушбу усулдан фойдаланиш афзалроқдир.

Мисол учун, шартли равишда субсидияланган тарифни 300 сўм, деб олсак, ойига 400 кВт. соат электр энергияси ишлатган хонадон унинг тенг ярмига арзонлаштирилмаган нархда тўлов қилади. Умумий ҳисобда эса ўртача нархи ҳар киловатт учун 450 сўмга тенг бўлади. Ана шунда сарфланаётган харажатлар ва унинг қаршилиги учун тўланадиган ҳақ миқдоридаги мувозанатнинг бузилишига йўл қўйилмайди.

— Соҳани ислоҳ қилиш учун яна қандай чора-тадбирлар режалаштирилган?

— Соҳадаги муаммоларни ҳал қилишга қаратилган ишлар шу билан чегараланмайди. Чунки бу жуда майда қадамлар бўлиб, йиллар давомида амал қилганда натижа кўриниши мумкин. Энг асосий мақсад эса электр энергияси ва газга бўлган эркин бозорни ўрганишдан иборат.

Хўш, бозор қандай шаклда бўлади? Электр энергетика ишлаб чиқариш бозорида хусусий, шунингдек, айрим давлатга тегишли бўлган корхоналар ҳамда электр таъминотига муҳтож бўлган йирик ва ўрта бизнеслар улгуржи бозорда бир-бири билан кўришади. Шу орқали олди-сотди қилади.

Янги тартибга кўра, икки хил шартнома бўлади. Биринчиси, қувватлар, иккинчиси, амалда ишлаб чиқариладиган кейинги кун электр энергияси учун бўладиган бозордир. Хонадонлар ва кичик бизнес билан улгуржи бозор ўртасида чакана электр сотиш корхоналари фаолият юритади. Улар бозорга чиқиб, улгуржи энергия сотиб олади ва аҳоли ҳамда кичик бизнесга етказиб беради.

Шу ўринда табиий монополия ҳисобланган юқори кучланишли электр энергиясини узоқ жойлардан истеъмолчилар турган жойларга етказиб берувчи «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти асосий оператор сифатида сақланиб қолади. Ҳудудларда эса электр энергиясини юқори кучланишдан паст кучланишгача созлаб бериш вазифасини бажарувчи оператор сифатида «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ҳам ўз ишини давом эттиради. Ушбу тартиб газ таъминотида ҳам амал қилади.

Бундан кўринадики, таърифлаш тизимидаги ўзгариш қайсидир маънода масалалар ечимига туртки бўлади. Лекин унинг узоқ муддатли таъсири анча кучлироқ. Чунки келажакда яратиладиган эркин бозорда инвесторлар келишига шароит яратиш учун максимал даражада шаффофликни таъминлаш зарур. Бунда энг мақбул йўл тарифларга нисбатан тўғридан-тўғри ижтимоий кўмакни амалга оширишдан иборат. Яъни, тарифлар бозор механизмлари билан белгиланса ва бизда мавжуд эҳтиёжманд аҳоли хонадонигача етиб борса, натижа кўринади. Асосийси, бу на бозорга, на ижтимоий ҳимояга халақит беради.

— Ушбу тизимнинг амалиётга тадбиқ этилиши коррупцияга йўл очиб бермайдими? Ноқонуний фойдаланишлар, ўғриликлар авж олмаслиги учун қандай назорат олиб борилади?

— Ўзимнинг мисолимда айтаман. Яқинда уйимиздаги электр ҳисоблагич бузилиб қолди. Бундан хабаримиз ҳам бўлмабди. Қанчадир вақт ўтиб, ҳисоблагич ишламаётганини сезиб қолдим ва туман электр корхонасига мурожаат қилдим. Аввало, ускунани янгисига алмаштириб беришларини ва ҳисоблагич ишламай қолган вақт учун тўловни қай тартибда амалга ошириш кераклигини тушунтиришларини сўрадим. Шунда корхона ходимлари бизнинг ўртача истеъмол харажатларимиз ҳақида маълумотга эга эканликларини айтди ва мазкур усулдаги тўлов энг адолатли йўл эди. Яъни, замонавий технологиялар хонадонларнинг ўртача кунлик сарфини ҳам белгилаб бера олади.

Агар тариф бўйича ижтимоий меъёрлар киритилгач, кимдир нимадир ўзгартирмоқчи, ўғринча йўллар билан газ ва электрдан фойдаланмоқчи бўлса, ҳудудий корхоналарда ҳар бир хонадоннинг маълумоти бор. Ана шулар асосида камайтиришга уринишлар назорат органлари, инспекциялар кўмагида текширилади. Ноқонуний ҳолатлар аниқланган тақдирда керакли чоралар кўрилади. Чиндан ҳам, истеъмол камайганда, ишлаб чиқариш очиб олган одам иш жойини бошқа жойга кўчиргани тасдиқланганда, истеъмолчи ҳақлиги тасдиғини топади.

Бундан ташқари, ақлли электр ҳисоблагичлар фақатгина хонадонларга ёки охирги истеъмол нуқталарига эмас, трансформаторларга ҳам ўрнатилган. Яъни, ҳудудий электр тармоқлар корхонаси ҳар бир ҳудудда истеъмол қандай бўляпти, йўқотишлар борми ёки ортиқча сарфланишлар ҳақида алоҳида маълумотлар базаси бор. Сарфланаётган таъминот билан тўловлар ўртасида тавофут юзага келса, ўрганиш, ҳолатни бартарф этиш имкони бор. Эндиликда ўғриликларни амалга ошириш анча қийин. Зеро, жавобгарлик ҳам, назорат ҳам ҳудудий масъулларда бўлади ва улардан талаб қилиб олинади.

— Энергетика таъминотини яхшилашдаги кейинги қадам қандай бўлади?

— Амалдаги «Электр энергияси тўғрисида»ги қонунни янги таҳрирда ишлаб чиққанмиз. Режамизга кўра, жорий йил якунига қадар мазкур қонун қабул қилинишига эришиш керак. Чунки унда ислоҳотларни амалга ошириш йўллари, усуллари, эркин бозорга ўтиш босқичлари ва у ҳақидаги тасаввур батафсил баён қилинган. Эркин бозорнинг қоидаларини ёзувчи ва қайсидир даражада ҳакамлик ҳамда ривожлантириш вазифаларни бажарувчи мустақил бозор регулятори ташкил топиши ҳам белгиланган. Ислоҳотлар концепцияси ҳамда шу асосидаги «йўл харитаси»ни тасдиқловчи Президент қарори лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилган. Яқин кунларда унинг амалиётга тадбиқ этилиши кутилмоқда. Умуман, қилинадиган ишлар бисёр. Майда қадамлардан бошланган ишларимиз катта режаларга пойдевор бўлишига умид қиляпмиз.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири.

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА суҳбатлашди.

«Ўзбекистон овози», 25.05.2022, №21

 

 

 

← Рўйхатга қайтиш