Фарғона водийсини тўлиқ электр энергияси билан таъминлаш имкони пайдо бўлади
Наманган гуллар шаҳри сифатида дунёга танилган. Кўп асрлик ҳунармандлик мактаби ҳам маълуму машҳур. Бугун вилоятда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари ана шу жаҳоний эътирофга ҳамоҳанг кечмоқда.
Тўрақўрғон туманида иссиқлик электр станцияси қурилаётгани эса нафақат вилоятликлар, балки Фарғона водийси аҳлини хурсанд қилмоқда. Чунки иншоот тўлиқ қувват билан ишга тушса, водий халқини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш имкони пайдо бўлади.
Яқинда бир гуруҳ журналистлар Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллиард 195 миллион АҚШ долларидан зиёд бўлиб, у Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA), Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ва "Ўзбекэнерго" АЖ маблағлари асосида молиялаштирилган. Станция Япониянинг "Mitsubihi Corporation" ва "Mitsubishi Hitachi Power Systems" консорциуми томонидан барпо этилмоқда. Туркиянинг "СaIik Enerji" компанияси мутахассислари ҳам қурилиш-монтаж ишларида қатнашмоқда.
Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси қурилиш дирекцияси раҳбари Акмал Файзиевнинг маълумот беришича, 90 гектар ҳудудни қамраб олган майдоннинг 22 гектарида қазиш ва текислаш ишлари олти ойда бажарилган. Бу ерда иккита буғ-газ қурилмаси қад ростлаган. Улар марказий бошқарув пульти орқали назорат қилинади.
Айни чоғда иншоотда қурилиш ишлари деярли тугалланган. Биринчи ва иккинчи буғ-газ қурилмаларида асосий электр энергияни ишлаб чиқарадиган барча ускуна ва агрегатлар ўрнатилган. Уларда монтаж ва созлаш ишлари якунига етган. Ҳудудда йўл ва коммуникация тармоқлари барпо этилган, ишчилар учун тўрт қаватли учта уй қурилган. Дирекция маъмурияти уч қаватли бинода жойлашган, Ёнғин хавфсизлиги хизмати алоҳида махсус бинода жойлашган, бетон заводи ва бошқа ёрдамчи хўжаликлар фаолияти йўлга қўйилган.
– Қурилиш ишларига 2500 дан ортиқ ишчи-ходим ва мутахассис жалб этилди, – дейди Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси бош муҳандиси Нодир Насибалиев. – Уларнинг 550 нафари Япония, Туркия, Ҳиндистон ва яна йигирмадан ортиқ давлатдан келди. Ҳозир қурилиш ишлари якунига етмоқда. Шу боис энди бу ерда соҳа мутахассисларига кўзингиз тушади. Улар айни кунда монтаж ишлари билан банд. Яна бир янгилик – биринчи буғ-газ қурилмасида синов жараёнларини бошладик ва 10 августдан 300 МВт қувватни тармоққа бера бошлаймиз. Бунда бир вақтнинг ўзида синов ишлари ҳам олиб борилади. Шундай қилиб, иссиқлик электр станциясининг биринчи буғ-газ қурилмаси жорий йилнинг сентябрь ойида, иккинчиси эса декабрда ишга туширилади.
Марказий бошқарув пульти фаолияти билан танишув чоғида япониялик мутахассислар ҳам ушбу лойиҳанинг амалий аҳамияти ҳақида сўзлаб берди.
– Бу ерда асосий ишларни якунладик, – дейди ”Mitsubishi Hitachi Power Systems” консорциуми лойиҳа менежери Хироши Отагура. – Қурилиш ишларида компаниямизнинг 30 нафар япониялик ва 55 нафар бошқа давлатлардан келган вакиллари қатнашмоқда. Юртингизда ишлаш бизга маъқул бўлди. Келгусида яна шундай лойиҳаларда иштирок этиш ниятимиз бор.
Мухтасар айтганда, мазкур йирик иншоот мамлакатимизда ягона бўлиб, у бугун Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган улкан ишларнинг амалдаги самарасидир. У ишга туширилгач, 900 МВт қўшимча қувват ёки йилига 6,7 миллиард кВт/соат электр энергия ишлаб чиқариш имкони пайдо бўлади, 300 янги иш ўрни яратилади.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА,
ЎзА мухбири.