Мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллигини нишонлаш арафасида ўтган давр мобайнида босиб ўтилган мураккаб йўлимиз, амалга оширилган тарихий ишлар, эришилган натижалар аҳамияти ва моҳияти ҳақида фикрлашиб олиш хулосалар чиқариш, ютуқ ва камчиликларни холисона баҳолаш имконини беради.
Ўйлаб кўрсак, мустақиллик йилларида олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар орасида тинчлик ва осойишталикни сақлаш, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини кучайтириш, қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор берилганига ишонч ҳосил қиламиз.
Мамлакатимизда бугунги кунда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, улкан бунёдкорликлар замирида ҳам инсонпарварлик ва бағрикенглик фазилатлари мужассам. Бу тамойиллар билиб-билмай жиноятга қўл урган, судланганларга нисбатан ҳам татбиқ этилмоқда.
Маълумки, жиноят содир этган шахс нафақат ўзининг, балки фарзандлари, ота-онаси, қавму қариндошларининг ҳам келажаги ва тақдирига таъсир ўтказмасдан қолмайди. Озодликдан маҳрум бўлган кишининг фарзандлари ота меҳридан айрилади, ота-оналари бағрини куйдиради.
Шу сабабли хато қилган ва бугунги кунда қилмишига чин дилдан пушаймон бўлган шахсларни кечириш давлатимиз инсонпарварлик сиёсатининг ёрқин намунасидир. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев давлатимиз инсонпарварлик сиёсатида халқимизнинг кечиримли бўлишдек олижаноб фазилатларидан келиб чиқиб, 2018 йил 8 майда «Ўзбекистон Республикасида афв этишни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги фармони ва унга илова сифатида «Ўзбекистон Республикасида афв этишни амалга ошириш тартиби тўғрисида»ги Низом қабул қилинди. Ушбу ҳужжатларда тақдим этиш, расмийлаштириш ва кўриб чиқиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Афв этиш масалалари бўйича комиссия фаолиятини ташкил этиш тартиби белгилаб берилди. 2009 йил 13 мартда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида афв этишни амалга ошириш тартиби тўғрисида»ги Низом эса ўз кучини йўқотди. Хўш, янги таҳрирда қабул қилинган Низом билан эскисининг қандай фарқи бор?
Биринчидан, афв этиш ҳақида илтимосномани киритиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар рўйхати бирмунча аниқлаштирилди. Эски Низомда «Афв этиш ҳақидаги илтимоснома, қоида тариқасида, судланган шахс томонидан ёзма шаклда Ўзбекистон Республикаси Президенти номига берилади» деб белгиланган эди. Янги Низомда эса ушбу илтимоснома судланган ёки жазони ўтаб чиққан шахс, шунингдек, қонун томонидан илтимоснома киритиш ҳуқуқига эга бўлган бошқа шахс (орган) томонидан киритилиши мумкин эканлиги келтирилган. Шунингдек, илтимоснома бошқа шахс (орган) томонидан берилганда афв этилиши сўралаётган шахснинг ёзма розилиги бўлиши керак.
Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Афв этиш масалалари бўйича комиссиянинг таркибига кимлар кириши аниқ кўрсатиб берилди. Янги Низомга асосан, ушбу комиссиянинг таркиби Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратураси, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, шунингдек, Ёшлар иттифоқи ва Хотин-қизлар қўмитаси, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлашитириш Республика кенгаши ва «Нуроний» жамғармаси вакилларидан иборат бўлади.
Шунингдек, комиссия таркибига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари, бошқа давлат ва нодавлат-нотижорат ташкилотларнинг вакиллари ҳамда бошқа шахслар ҳам жалб қилиниши мумкин.
Учинчидан, афв этиш ҳақидаги илтимосномага илова қилинадиган ҳужжатлар сони ортди. Жумладан, илтимосномани дастлабки тарзда кўриб чиқувчи Президент ҳузуридаги Афв этиш масалалари бўйича комиссия секторига илтимоснома билан бирга юбориладиган ҳужжатлар рўйхатига жазони ижро этувчи муассасанинг маъмурияти томонидан тасдиқланган маҳкумнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси қўшилди.
Мазкур янги Фармон ва Низомнинг қабул қилиниши давлатимизнинг ҳар қандай ҳолатда ҳам фуқаролар учун ғамхўрлигининг ёрқин мисолидир.
Зеро, жиноятга қўл урган, боши деворга теккандан сўнг адашганлигини тушуниб етган одамларни афв этиш – муқаддас динимизнинг ҳам асосий арконларидан бири саналади.
«Афв» ва «Амнистия» тушунчаларини бир-биридан фарқлай олишимиз даркор. Чунки аксарият инсонлар афв ва амнистия бир хил нарса, шунчаки амнистиянинг ўзбекча таржимаси авф бўлади, деб ўйлашади. Тўғри, иккала тушунчанинг асосий мақсади битта — меҳр-шафқат ва инсонпарварлик тамойилларига асосланиб, жиноят содир этган шахсни кечириш ва уни жазодан бутунлай ёки қисман озод қилишдир. Бироқ, шундай бўлишига қарамасдан бу икки тушунча бир-биридан фарқланади. Афв ва амнистия қандай шаклларда амалга оширилади? Улар қандай фарқланади, деган саволларга жавоб топиш учун қуйидаги фарқларга эътибор қаратиш лозим.
Биринчидан, афв — бу муайян шахслар учун, уларнинг шахсини тавсифловчи маълумотларни (ёши, соғлигининг ҳолати, оилавий аҳволи) инобатга олиб, жазодан озод қилиш ҳисобланади. Амнистия — аниқ шахсларга эмас, умумий тоифаларга эълон қилинади.
Иккинчидан, афв — фақат суд ҳукми билан жазо тайинланган маҳкумларга эълон қилинади. Амнистия — жиноят процессининг исталган босқичида — дастлабки тергов, суриштирув, терговга қадар текширув ва ҳаттоки жиноят ишини қўзғатишгача бўлган босқичда ҳам қўлланилиши мумкин. Бошқача айтганда, амнистиянинг афв этишдан фарқли хусусияти шундаки, амнистия кенг мазмунга эга бўлиб, шахсни жиноий жавобгарликдан ҳам, жиноий жазодан ҳам озод қилади.
Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддасига биноан, афв фақат Президент томонидан эълон қилинади. Амнистия акти — Президент тақдимномасига биноан Олий Мажлис Сенати томонидан эълон қилинади.
Тўртинчидан, амнистия актларини қўллаш масаласи — ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ва судлар томонидан кўриб чиқилади. 2008 йилдан бошлаб амнистия актини қўллашга оид якуний қарорни фақат судлар чиқариши белгилаб қўйилган. Афвни қўллаш масаласини — Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Афв этиш масалалари бўйича махсус комиссия ҳал қилади.
Бешинчидан, амнистия акти чиққандан кейин, уни кимларга қўллаш масаласини ҳал қилиш узоққа чўзилади ва кўплаб ташкилий жараённи ўз ичига олади. Афвни қўллаш эса кўп вақт ва тартибни талаб қилмайди. У қабул қилиниши билан дарҳол ижро этилади, бунинг учун яна алоҳида босқичлардан ўтиш шарт эмас.
Олтинчидан, афвни қўллаш учун одатда жиноят содир этган шахсларнинг илтимосномаси асос бўлади. Амнистия актини қўллашда эса бундай илтимоснома талаб этилмайди. Терговчи, прокурор, жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти ва судлар амнистия актига тушадиган барча шахслар рўйхатини шакллантириб, уларга амнистия қўллаш масаласини ҳал этиши лозим. Бироқ қонунчиликда жиноий жавобгарликка тортилган шахслар ўзига амнистия акти қўлланишини хоҳламаса, уларга истисно тариқасида амнистия актини қўллаш тақиқланади. Шахслар ўзини афв этилишини сўраб илтимоснома беради, амнистия акти эса шахсларнинг хоҳиш-истагига қарамасдан ҳаммага умумий қўлланади.
Хулоса қилиб айтганда, афв этиш ҳам, амнистия ҳам халқимизга хос бағрикенглик ва инсонпарварлик фазилатларининг тасдиғи, давлатимизнинг инсон манфаати ҳамма нарсадан устун сиёсатининг амалдаги ифодасидир.
Шавкат Гайбердиев,
Ўзбекистон Республикаси Олий суди катта консультанти.