МАКТАБ ДИРЕКТОРЛАРИГА ЧОРА КЎРИЛДИ
МАКТАБ ДИРЕКТОРЛАРИГА ЧОРА КЎРИЛДИ

«Ўзбекистон овози» газетасининг 2019 йил 2 июль сонида эълон қилинган «Мактаб директорлари нега ишдан бўшатилди?» сарлавҳали танқидий мақолада Қумқўрғон туманидаги мактаб директорларининг меҳнат шартномаси ноқонуний бекор қилингани, баъзи мактабларнинг бюджет маблағлари талон-тарож бўлгани ҳақида ёзилган эди. Сурхондарё вилояти прокуратурасидан олинган жавоб мактубида қуйидагилар маълум қилинган.

«Вилоят прокуратураси томонидан «Ўзбекистон овози» газетасининг 02.07.2019 йилдаги сонида чоп этилган «Мактаб директорлари нега ишдан бўшатилди?» номли мақоласи кўриб чиқилди.

Мақолада Қумқўрғон туманидаги 11-умумтаълим мактаби директори Ш.Бобоев асоссиз ишдан бўшатилганлиги баён этилган.

Ўрганишда вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг 04.03.2019 йилдаги № 88-К-сонли буйруғига кўра, Қумқўрғон туманидаги 11-умумтаълим мактаби директори Ш.Бобоев билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси, 2-қисми 3-бандига асосан, яъни меҳнат интизомини мунтазам равишда бузиб келганлиги сабабли бекор қилинган.

Вилоят халқ таълим бошқармаси томонидан Ш.Бобоев билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнида хатоликка йўл қўйилган.

Шу муносабат билан фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилояти суди аппеляция инстанцияси судлов ҳайъатининг 21.05.2019 йилдаги ҳал қилиув қарори ва халқ таълими бошқармасининг 31.05.2019 йилдаги № 266-К-сонли буйруғига асосан Ш.Бобоев Қумқўрғон туманидаги 11-умумтаълим мактаби директори лавозимига тикланган.

Мақолада Қумқўрғон туманидаги 19-умумтаълим мактаби директори Ж.Бадалов асоссиз ишдан бўшатилганлиги баён этилган.

Ўрганишда Қумқўрғон туманидаги 19-умумтаълим мактаби директори лавозимида Ж.Бадалов ишлаб келаётганлиги ва у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинмаганлиги маълум бўлди.

Мақолада Қумқўрғон туманидаги 2-умумтаълим мактаби ўқитувчиси С.Қорабоевага туғруқ таътили 19 миллион 980 минг сўм асоссиз тўланганлиги баён этилган.

Мазкур ҳолат бўйича Қумқўрғон туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, натижаси бўйича тумандаги 2-умумтаълим мактаби ҳисобчиси Қ.Жўраевнинг ҳаракатларида ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми «в,г» банди ҳамда 209-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноят таркиби мавжуд бўлса-да, мазкур жиноят унча оғир бўлмаган жиноятлар туркумига кирганлиги, қилмишидан пушаймонлиги, етказилган зарар тўлиқ қопланганлиги ҳамда жиноятни очилишида фаол ёрдам берганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 84-моддаси, 5-қисми, 2-бандига асосан айблилик масаласини ҳал этмасдан туриб, жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Мақолада Қумқўрғон туманидаги умумтаълим мактаблари томонидан бюджет маблағлари талон-торож қилинаётганлиги баён этилган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Қумқўрғон туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, натижасига кўра, 30.04.2019 йилда бирор-бир шахснинг ҳаракатларида жиноят таркиби аниқланмаганлиги сабабли жиноят иши қўзғатиш рад этилиб, тумандаги 15-умумтаълим мактаби директори Э.Бўриев, 23-умумтаълим мактаби директори Э.Искандаров, 51-умумтаълим мактаби директори Ю.Зияев, 62-умумтаълим мактаби директори М.Холиқов, 74-умумтаълим мактаби директори Р.Муллаева, 22-умумтаълим мактаби директори Б.Чориев, 18-умумтаълим мактаби собиқ директори У.Абзаиров, 56-умумтаълим мактаби директори Б.Рўзиев, 55-умумтаълим мактаби директори У.Мажиев, 35-умумтаълим мактаби директори М.Содиқов, 6-умумтаълим мактаби директори Б.Аралов, 19-умумтаълим мактаби директори Ж.Бадалов, 40-умумтаълим мактаби директори Э.Мирзақулов ҳамда марказий ҳисобхона ҳисобчилари С.Эшқулов ва С.Боллиевларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 61-моддаси 1-қисми билан маъмурий ҳуқуқбузарликка доир иш қўзғатилиб, кўриб чиқиш учун Қумқўрғон туман маъмурий судига юборилган.

Маъмурий иш Қўмқўрғон туман маъмурий суди томонидан 30.05.2019 йилда кўриб чиқилиб, юқорида кўрсатилган умумтаълим мактаблари директорлари ва марказий ҳисобхона ҳисобчилари С.Эшқулов ва С.Боллиевга нисбатан тегишли маъмурий жазо чоралари кўрилган.

 

Сурхондарё вилоят прокурори, адлия катта маслаҳатчиси

У.Б.Қосимов».

Теглар

Лойиҳаларимиз
← Рўйхатга қайтиш