Туркий дунё хазинаси. Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилотидаги ўрни

Туркий давлатлар ташкилоти дунёда деярли ўхшаши йўқ тузилма. Тез ўзгариб кетаётган оламда ўрнини мустаҳкамлаш имкониятидан туркий халқлар қанчалик фойдалана олади? Бу жуда муҳим, жавоби қисқа муддатда топилиши керак бўлган савол. Шунинг учун ТДТда ҳар бир аъзо ва кузатувчи давлатларнинг фақат ўзига хос ўрни ва аҳамияти бор. Туркий давлатлар ўзаро рақобатлашмайди, бир-бирини тўлдиради.

Тошкент давлат шарқшунослик университети доценти вазифасини бажарувчи, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Суҳроб Бўронов фикрлари асосида ТДТда Ўзбекистоннинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилади.

Ҳар бир давлатнинг қудрати ва салоҳияти унинг нуфузли ташкилотлардаги фаолияти ва роли билан белгиланади. Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) шундай нуфузли ташкилотлар сирасига киради.

Жорий йилнинг 11 ноябрь санасида Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилоти илк саммитига мезбонлик қилди. Шубҳасиз, кейинги йилларда Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги жозибаси Самарқанд шукуҳи билан сайқал топмоқда. Бу саммитнинг ўзига хос геосиёсий ва геоиқтисодий хусусиятлари ҳам мавжудки, бу халқлар ўртасида тинчлик, барқарорлик ҳамда ҳамкорликка даъват этувчи “Самарқанд руҳи”ни ўзида мужассам этади.

Зеро, йирик кучлар ўртасида янги дунё тартиботи учун жиддий кураш ва сиёсий ўйинлар тобора авж олмоқда. Бундай шароит ўз-ўзидан жаҳон савдо бозоридаги молиявий-иқтисодий беқарорликни юзага келишига сабаб бўлиши мумкин. Шу сабабдан жаҳон сиёсатида сиёсий вазнига эга бўлаётган Туркий давлатлар ташкилоти доирасида ўзаро ҳамжиҳатлик алоқаларини юксалтириш, хусусан, минтақавий ва глобал масалаларда умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш, ташкилот бирдамлигини мустаҳкамлаш мақсадлари ҳаётий заруратга айланмоқда.

160 миллиондан ортиқ аҳолига эга бўлган туркий дунё учун Ўзбекистон ниҳоятда муҳим, ўз навбатида Ўзбекистон учун ҳам туркий дунё алоҳида аҳамият касб этади. Зеро, туркий дунё тарихи ҳамда таммаддунида Ўзбекистоннинг алоҳида ва беқиёс ҳиссаси бор. Буни қуйидагича таҳлил этиш мумкин.

Филолог олимларнинг қайд этишича, ўзбек тили барча туркий тилли халқлар учун мулоқот ва ўзак тил вазифасини бажариши мумкин. Ўзбек тилида сўзлашганда барча туркий халқлар бемалол бир-бирини тушуна олади. Интернетдаги ва турли адабиётлардаги маълумотларга асосланган ҳолда, айтиш мумкинки, туркий тилда сўзлашувчи халқлар сони тахминан 200 млн. нафарни ташкил этади. Ўзбек тилида сўзлашувчилар сони 60 млн. нафардан ортиқ бўлса, демак, ўзбек тилининг туркий дунёдаги салмоғини муҳим, деб ҳисоблаш ўринли.

Ўзбеклар нуфус ўлароқ ҳам туркий маконда кўпчиликни ташкил этади. Хусусан, ташкилот доирасида қараганда Ўзбекистон аҳолиси Туркиядан кейин иккинчи ўринни эгаллайди. Қолаверса, мамлакатимиз Марказий Осиё минтақасида энг кўп аҳолига эга давлат. Бу эса минтақанинг туркий дунёга очилишида муҳим кўрсаткичдир. Шунингдек, туркий дунёдаги ҳар бир ҳудудда кўп сонли ўзбекларни учратиш мумкин.

Жаҳон илм-фани равнақига унутилмас ҳисса қўшган буюк мутафаккирларимиз Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Мусо Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек ва бошқа шу сингари буюк олимлар туркий дунёни илм, маърифат билан бирлаштирган, деб айтсак муболаға бўлмайди. Улар Самарқанд, Бухоро, Хива, Фарғона, Андижон ва бошқа кўҳна масканларда ижод этгани билан туркий дунёда алоҳида эътирофга сазовор.

Шу жиҳатдан ТДТда Ўзбекистоннинг ўрни ва мавқеи мустаҳкам бўлиб, ташкилотга аъзолик стратегик манфаатларимизга тўла мос келади. Назаримизда, Ўзбекистоннинг ТДТ оиласи таркибида бўлиши, хоссатан фаол ҳамда ташаббускор акторга айланиши учун бир қатор асослар мавжуд.

Биринчидан, туркий дунё ягона дин, тил, тарих, муштарак маданият, биродар халқлар уйғунлиги майдонидир. Бу бизнинг нафақат тарихий, балки азалий уйимиздир.

Иккинчидан, аъзо давлатлар ўртасида бирор-бир муаммо ёки келишмовчилик йўқлиги ТДТнинг бошқа ташкилотлардан афзаллигини кўрсатиб беради. Қолаверса, ташкилотнинг барча аъзолари халқаро ва минтақавий кун тартибига оид долзарб масалалар бўйича муштарак ёки яқин якдил қараш ва позицияларга амал қилади. Бу эса турли соҳага оид Ташкилот қарорларини биргаликда қабул қилиш ва фаол ҳамкорлик қилиш учун тўсиқлар бўлмаслигини кўрсатиб беради.

Учинчидан, Ўзбекистон географик жиҳатдан ҳар томонлама ёпиқ ва денгизга бевосита чиқа олмайдиган давлат эканлиги барчага маълум. Туркий дунё орқали Ўзбекистоннинг жаҳон денгиз бандаргоҳлари ва бозорларига чиқиш имкониятлари сезиларли даражада ошади. Қиёслайдиган бўлсак, энг яқин денгиз йўлига олиб чиқадиган жануб томон йўлида Афғонистондаги номавҳум вазият ёки стратегик беқарорликнинг давом этиши, шимол томондан турли шартлар қўйилиши, қолган бошқа томонлардаги масофавий ва айрим геосиёсий тўсиқларнинг мавжуд эканлиги Ўзбекистонни туркий дунё сари янада яқинлаштиради.

Бинобарин, ташкилот аъзолари билан ҳамкорликда “Боку — Тбилиси — Карс” (“БТК”) темир йўли билан боғлиқ Транскаспий транспорт йўлагини ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизнинг мазкур лойиҳага қўшилиши Европа давлатларига юк транзитини ташкил этиш бўйича ишларни фаоллаштиришга хизмат қилади. Бу “Тошкент — Туркманбоши порти — Ахалкалаки — Карс” йўналишида Осиёни Европа билан боғловчи “Мармарай” туннелига чиқиш, деганидир.

Давлатимиз раҳбарининг ТДТ Самарқанд саммити олдидан Туркманистонга ташрифи ҳам юқоридаги стратегик вазифаларни амалга оширишга қаратилган. Шундай экан, ташкилотга аъзо давлатлар билан транспорт-коммуникация соҳасида ҳамкорлик қилиш савдо-иқтисодий шериклар доирасини кенгайтириш бўйича ташқи иқтисодий мақсадларига мос келади. Ўз навбатида, истиқболда “Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон” йўлагини “БТК” билан боғлаш тарихий Буюк Ипак йўлини тиклаш учун муҳим туртки бўлиши мумкин. Ушбу лойиҳаларда Ўзбекистон минтақавий хаб вазифасини ўташ учун етарли салоҳиятга эга. Дарҳақиқат, туркий дунё интеграцияси мамлакатимиз учун дунёнинг асосий ва минтақа бозорларига чиқиш имконини беради.

Тўртинчидан, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг геосиёсий ядроси ҳисобланади. Мамлакатимиз Марказий Осиё давлатларининг барчаси билан умумий чегарага эга минтақада ягона давлатдир. Бундан ташқари, ушбу геосиёсий маконда фақат Ўзбекистон турли куч марказларининг бевосита таъсиридан табиий муҳофазаланган давлат ҳамдир. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, Ўзбекистон минтақада Россия, Хитой, Эрон сингари куч марказлари билан бевосита чегарага эга эмас. Бундай геосиёсий мақом параллел равишда Ўзбекистон зиммасига йирик ва минтақавий кучлар мувозанати ва ўзаро барқарорликни таъминлаш масъулиятини ҳам юклайди. Табиийки, ТДТ шундай геосиёсий мувозанатда муҳим ўрин эгаллайди.

Бешинчидан, Ўзбекистон жаҳон илм-фани ва маданий-маърифий тараққиётига улкан ҳисса қўшган интеллектуал салоҳият ўлкасидир. Шунингдек, мамлакатимиз туркий халқлар ва ислом оламининг цивилизация бешикларидан бири саналади. Самарқанд, Бухоро, Хива, Қўқон ва Тошкент маданиятларининг цивилизацион таъсири ўтмишда ҳудудлардан ташқарида ҳам анча кучли бўлган. Жумладан, Ўзбекистонда туркий дунёнинг маданий ва маърифий тарихини ўзида мужассам этган ноёб илмий-маданий меърос мавжуд. Мамлакатимиз учун ТДТ шундай бетакрор ўтмиш маданиятини истиқболда тиклаш йўлида катта рол ўйнайди. Айниқса, 2020 йил Хива шаҳри – Туркий дунё маданияти пойтахти, Бухоро шаҳри – Ислом маданияти пойтахти, деб эълон қилиниши шундай қадамлардан бири бўлди.

Умуман, Ўзбекистон туркий дунё хазинасидир. ТДТнинг юксак парвоз қилишида Ўзбекистон, ҳеч шубҳасиз, қанот бўла олади. Азалий қадриятлар уйғун бўлган туркий маконда ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, турли чақириқ ва таҳдидларга қарши муштарак мулоқот, ташкилот доирасидаги конструктив ва прагматик ташаббусларни амалга ошириш мамлакатимизнинг ташқи сиёсий нуфузи учун фавқулодда муҳим аҳамиятга эга.

 

Суҳроб БЎРОНОВ,

Тошкент давлат шарқшунослик университети доценти вазифасини бажарувчи, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD).

«Ўзбекистон овози», 8.12.2022, №49

 

 

 

← Рўйхатга қайтиш