Урбанизация жараёнлари ривожланмоқда
Урбанизация жараёнлари ривожланмоқда

Акмал УМАРАЛИЕВ, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Урбанизация жамият ривожида шаҳарлар, шаҳар маданияти ва шаҳарларга хос бошқа муносабтларнинг ривожланиш жараёни ҳисобланади. Урбанизация қишлоқ аҳоли пунктларининг шаҳарларга айланиши, шаҳар атрофи зоналарининг кенгайиши ва қишлоқ аҳолисининг шаҳарларга кўчиб бориши ҳисобига юз беради.

Демак, урбанизация жараёнларини етарли даражада тарбига солиш кўплаб ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг келиб чиқишини олдини олади. Негаки, агар урбанизация жараёнлари етарлича тартибга солинмаса шаҳарлар аҳолисининг сони ва у ерда мавжуд инфратузилма, уй-жой, иш ўринлари сони ўртасида катта тафовут пайдо бўлади. Бу эса нархларнинг ошиши, уй-жой танқислиги юзага келади. Ўз навбатида соғлиқни сақлаш, таълим муассасаларининг етишмаслиги ва ишсизлик ва яна бир қатор муаммолар юзага келади.

Шунинг учун ҳам мамлакатимизда урбанизация жараёнларини республикамизнинг барча ҳудудларида истиқомат қилаётган аҳоли турмуш даражасанинг яхшиланишига таъсири, ер ислоҳоти, уй-жой сиёсати, ҳамда республикада 2030 йилгача урбанизация жараёнларини ривожланиши билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Президентнинг 2019 йил 10 январда қабул қилинган “Урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони тизимдаги муаммоларнинг пайдо бўлишига йўл қўймаслик, урбанизация даражасини ҳар томонлама пухта ўйлаб, ақл билан тартибга солиш учун қабул қилинди. Унга кўра, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузурида Урбанизация агентлиги ташкил этилган. Агентликнинг асосий вазифаларидан бири урбанизация жараёнларини тартибга солишда ягона давлат сиёсатини юритишдир.

Айтиш керакки, Урбанизация агентлиги томонидан ишлаб чиқилган ва шу кунларда қабул қилинган “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонун урбанизация жараёнларини такомиллаштириш учун муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ушбу қонунинг мақсади хусусий мулк институтини ривожлантириш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини фуқаролик муомаласига киритиш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг инвестицион имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Аҳоли сони кўпайгани сари уй-жойга эҳтиёж ҳам ошаверади. Шу маънода оладиган бўлсак, бугун уй-жой сиёсати долзарб масалалардан бири. Республика уй-жой фонди 2030 йилгача прогноз кўрсаткичларини 745,64 миллион м2 ва жон бошига ўртача уй-жой билан таъминлаганлик даражасини 19,1 м2 етказиш мақсадида муҳандислик, транспорт ва ижтимоий инфратузилмалар билан таъминланган, ипотекани кредитлаш ва тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурсларини жалб қилиш механизмларидан фойдаланган ҳолда, шу жумладан кам ва ўрта даромадли оилалар учун арзонлаштирилган турар жойларни қуришга йўналтирилган инвестицияларни қўллаб-қувватлаш бўйича махсус чора-тадбирларни назарда тутувчи Уй-жой қурилиш дастури ишлаб чиқилди.

Урбанизация агентлиги томонидан 120 та шаҳарлар, 1070 шаҳар типидаги поселкалар ва 11 мингда қишлоқ аҳоли пунктлари табиий-иқтисодий салоҳиятни аниқлаш, тизимли урбанизация жараёни амалга оширилишини, янги саноат корхоналарининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектлари билан комплекс жойлаштиришни ҳисобга олган ҳолда ўрта муддатли даврда йўлдош-шаҳарларга айлантириладиган аҳоли пунктлари рўйхатини шакллантириш мақсадида хатлов ўтказилмоқда.

Ҳудудларга бўлган ташрифлар давомида Давлат рахбари томонидан берилган топшириқлардан келиб чиқиб, Урбанизация агентлиги томонидан туман ва шаҳар марказларини ривожлантириш (Гулистон, Янгиер, Ғиждувон, Қоракўл, Қогон шаҳарлари, Ховос ва Мархамат туманлари), шаҳарлар мақомини ўзгартириш (Ангрен, Бекобод, Олмалиқ, Чирчиқ, Ширин, Зарафшон, Ғозғон, Шарғун шаҳарлари), туташ ҳудудлар чегарларини қўшиш орқали шаҳарларнинг чегаларини кенгайтириш (Янгийўл, Тошкент, Наманган шаҳарлари), саноат кластерларини ташкил қилиш, ижтимоий инфратузилма қурилиши ва муҳандислик-коммуникация тизимларини яхшилаш (Самарқанд ва Жиззах вилоятлари) бўйича таклифлар ишлаб чиқилган.

Урбанизацияни ривожлантириш концепциясининг асосий мақсади шаҳарлар ва шаҳар агломерацияларини комплекс ривожлантириш ҳисобига барқарор иқтисодий ўсиш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашдир. Концепцияда ижтимоий, муҳандислик-коммуникациялари, йўл-транспорт инфратузилмаларини ривожлантириш, шаҳар аҳолисини марказлашган сув ва газ билан таъминлашни 90%га етказиш, канализация тизимлари билан – 68,9% га етказиш, жон бошига ўртача уй-жой билан таъминланганликни ҳозирги йўл қўйилаётган санитар меъёрлардаги 16 м2дан 20 м2га етказиш, аҳолини олий таълим билан қамровини 50% етказиш каби кўрсаткичлар билан тўлдирилган мутлақо янги уй-жой сиёсатини амалга ошириш кўзда тутилган

← Рўйхатга қайтиш