Шукуҳли кунлар шукронаси
Шукуҳли кунлар шукронаси

Комила КАРОМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Бугун буюк бунёдкорлик сари ташлаётган қадамларимизда ўзгача шиддат бор, ўт олов бор. Одамлар кайфиятида ажиб бир кўтаринкилик, эртанги кунга ишонч, энг муҳими, ислоҳотларга дахлдорлик туйғуси бор. Бу руҳ сайловчиларим билан юзма юз мулоқотларда, учрашувларда яққол акс этаяпти. Ахир кечагина суҳбатимиз мавзуси тамомила бошқача эдида.

Рости, бундан 3-4 йил илгари сайловчилар билан бўлган учрашувларда пластик карточка, нақд пул муаммолари, электр энергиясидаги узлуксиз узилишлар, уй-жой танқислиги, бандлик масалалари кўтарилар эди. Сайловчиларимнинг саволлари,эътирозлари …

- Бир оилада 5 рўзғормиз, 1 хона бўлсада уй қуришга ер ажратишни сўраб бош уриб бормаган идорам қолмади…

- Коллеж 3 км узоқда. Транспорт йўқ. Бу хақда ҳам ўйлайдиганлар борми?

- Коллежни тугатганларга иш масаласи…

Учрашувларда қайта-қайта ана шу муаммолар тилга олинар эди. Бу муаммоларнинг ечими борми ўзи, деган қаттиқ ва қатъий саволлар кўндаланг эди.

Бугун эса суҳбатимиз мавзуи олдингиларига сира ўхшамайди. Юқоридаги каби дилни ўртар саволлар кўтарилмайди. Гўё, кечаги учрашувларда кўтарилган масалаларни, саволларни бугун ҳамма унутгандек. Шундай саволлар берилганлиги ёддан ҳам чиққандек...

Чунки, бугун бу масалалар ўзининг ижобий ечимини топди. Бугун энг олис ҳудудда ҳам чироқ ўчмайди. Пластик, нақд пул муаммоси худдики эртак. Ота-оналарнинг мактабларда 11 йиллик мажбурий таълимни қайта жорий этиш ҳақидаги ниятлари ҳам амалга ошди. Минтақаларда йўл транспорт инфратузилмасининг етарлича ривожланмаганлиги туфайли ота-оналар фарзандининг узоқ коллеждан пиёда уйга қайтишини минг хавотирда кутишар эди.

Энг катта муаммолардан бири – уй-жой муаммоси ҳал бўлаётганидан аҳолининг қувончи чексиз. Ўзининг уйи-жойи бўлишини орзу қилганларнинг нияти амалга ошмоқда. Алоҳида турар жойга эга бўлишнинг имкониятлари кенгайди. Кам таъминланган оилалар, якка-ёлғиз қариялар, боқувчисини йўқотганлар ҳам бугун давлатнинг, фуқароларининг тинчини ўйлайдиган халқпарвар сиёсат олиб борилаётганини юрак юракдан сезишмоқда. Минглаб оилалар Президентнинг ғамхўрлиги билан уйли бўлганидан суюниб, шукрона айтиб яшамоқда.

 Бугун мамлакат аҳолиси 33,5 млн.дан ошди. Бу албатта аҳолининг уй-жойга бўлган талаби ошишига ва нархларнинг ўсишига замин яратиши мумкин эди. Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари томонидан узоқни кўзлаб, оқилона сиёсат олиб борилди. 2018 йилнинг 24 ноябрида “Қишлоқ жойларда ва фуқароларнинг айрим тоифалари учун арзон уй жойлар қуришни кенгайтиришга оид қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги Қарор қабул қилинди. “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурларининг ижроси давомида кўз қувонадиган бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Энг муҳими одамларнинг уй-жой шароити яхшиланди. Шаҳар, туманларда инфратузилмани ривожлантиришга катта эътибор берилмоқда. Бу эса қатор муаммоларга ечим топди.

Энг муҳими, бу оилалар турмуш тарзига, уларнинг фаровонлигига ижобий таъсир кўрсатди. Ёш оилаларнинг мустақиллиги, мустаҳкамлигини таъминлаш билан бирга оиладаги низолар ва ажримларнинг олдини олди. Мамлакатда ислоҳотлар энг аввало инсон манфаатлари йўлида, уларнинг эркин ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида амалга оширилаётганлигига аҳоли ишона бошлади.

Шу ўринда бир фикр. Фаровон турмуш энг аввало тинчлик бор жойда кафолатланади. Айнан тинчлик хавфсизлик, барқарорлик, ривожланишни таъминлайди. Ҳамма соҳада мувозанатни сақлайди. Ҳар бир инсонга эртанги кунга ишонч ва умид билан қараш хуқуқини беради. Дунёдаги бебаҳо неъмат - тинчлик-хавфсизлик таъминланганлиги учун ҳам юртимизда бунёдкорлик жадал суръатларда давом этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси илк бор очиқ хусусиятга эга бўлган Мудофаа доктринасини қабул қилиб, ҳарбий соҳада Ўзбекистон Республикаси миллий хавфсизлигини таъминлашга доир принциплар ва ёндашувларни бутун дунёга эълон қилди. Номидан кўриниб турибдики, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати мудофаа руҳида тинчликпарвар сиёсат юритади. Яъни Ўзбекистон Республикаси ҳеч бир давлатни ўзининг душмани деб ҳисобламайди ва барча мамлакатлар билан муносабатларни мамлакат миллий манфаатларининг устуворлиги асосида халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормаларини инобатга олган ҳолда, тенг ҳуқуқлилик ҳамда ўзга давлатлар ички ишларига аралашмаслик, барча низоли масалаларни тинч воситалар ва музокаралар йўли билан ҳал қилиш асосида қуради. Биз тинчликпарвар сиёсатимизни дунёга эълон қилдик.

Шунингдек, бугун Қонунчилик палатасида “Мудофаа тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги , “Фуқароларнинг жамоат тартибини сақлашдаги иштироки тўғрисида”ги ва бошқа Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳалари муҳокама этилмоқда. Шубҳасиз, қонун ижодкорлигимиз тинчлигимиз, осойишталигимиз, мудофаа қобилиятимизни янада юксалтиришга хизмат қилади.

Бугун сайловчиларимиз билан бўлаётган учрашувларда аҳоли қонун ижодкорлиги фаолиятимиз, қабул қилинаётган қонунлар ҳақида кўпроқ сўраяпти, олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида тўлиб тошиб сўзлаяпти. Қувонарлиси, сайловчиларимиз уй тўйларига, янги мактаб, маҳалладаги янги боғча очилиши тадбирларига таклиф этишаяпти.

Сайловчиларим билан бўлган байрам арафасидаги учрашувларда 85 ёшли Эргаш отанинг ғурур билан айтган сўзларини эсладим: “Кеча “Афросиёб” поездида мамлакат бўйлаб саёҳатга чиқдим. Тезюрар поезд бу томони водий, бу томони воҳага қатнаяпти. Юраяпти эмас, учаяпти бу поезд. Ахир яқин яқингача кунимиз, тунимиз йўлда ўтар эди. Биргина Тошкентдан Қаршигача 10-12 соатлаб юрар эдик десам, бугун набираларим ишонмаяпти...”

Халқимизда бир ажойиб мақол бор: «Ортингга қараб, бугунга боқиб шукр қил, олдинга қараб фикр қил». Шукроналик ҳисси эртанги эзгу ишларимизга замин ҳозирлайди. Демак, ҳаммамиз, ҳар биримиз масъулият ва фидойилик билан меҳнат қилсак, янги муваффақиятлар бизники бўлади, юртимиз янада гуллаб яшнайди. Ватан обод бўлади, болаларимиз бахтли бўлади. Зеро, Ватанимиз ободлиги, фарзандларимиз саодатидан ортиқ бахт борми?

← Рўйхатга қайтиш