УМРНИНГ ҲАР ЛАҲЗАСИ ГЎЗАЛ
УМРНИНГ ҲАР ЛАҲЗАСИ ГЎЗАЛ

Асатилло БЕРДИҚУЛОВ, «Абдулла Қодирий» номли фермер хўжалиги раҳбари, халқ депутатлари Сардоба туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими:

— Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Сирдарё вилоятига ташриф буюриши, одамларнинг яшаш шароити, бунёдкорлик ишлари билан танишиши, деҳқон ва фермерлар билан учрашиши бутун сирдарёликларни кўнглини тоғдек кўтарди. Бу мулоқот юртдошларимизда эртанги кунга ишончни мустаҳкамлади. Одамларда ислоҳотларга, Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси янада кучайди.

25 йиллик фермерлик фаолиятим давомида Президентимиз билан бир неча марта кўришиш бахтига муяссар бўлдим. У киши фермер хўжалигимизда ҳам бўлиб, биз билан юзма-юз суҳбатлашган. Меҳнатларимизга юқори баҳо берган. Муаммоларимизни ечишга кўмаклашган. Фермер хўжаликлари истиқболи ҳақида биз билан маслаҳатлашган. Ховосдаги учрашувда Президентимиз менинг фикрим билан ҳам қизиқди. Ғалладан юқори ҳосил олганимиз билан бизни табриклади. Энди барча эътибор пахта ҳосилдорлигини оширишга қаратилиши кераклигини алоҳида таъкидлади. Сирдарё шароитида қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришга муҳим масала сифатида қараш лозимлигини уқтирди.

Фермер хўжалигимиз тасарруфида 467 гектар ер бўлиб, шундан 360 гектарга ғалла, 140 гектарига пахта экилган. Бу йил ғалладан ҳар гектаридан 62 центнердан сара дон олдик. Хўжалигимизда меҳнат қилаётган 55 нафар ишчи-хизматчига ҳам дон-дун улашдик. Одамлар қилган меҳнатига, олган даромадига рози бўлишди.

Бугун фермерга ҳамма кўмакчи. Барча муаммолар мутасаддилар томонидан жойида ҳал этилмоқда. Фермер хўжаликларини янада ривожлантириш бўйича бир қатор ўзгаришлар юз бермоқда. Бир сўз билан айтганда, ишнинг кўзини билган фермер бой бўлмоқда, косаси оқармоқда. Масалан, пахтанинг харид нархи ўтган йилгига нисбатан қарийиб 1,3 баробарга ошди. Бунинг натижасида деҳқоннинг манфаатдорлиги янада кучайди. Деҳқончиликда ҳар бир кун ғанимат, вақтида ишлов бермаган, ўғит солмаган ёки сув қуймаган деҳқоннинг юқори ҳосил кутишга ҳаққи йўқ. Ҳаммаси меҳнатга яраша. Тўғри, бу йил қишлоқ хўжалиги учун осон кечмади. Баҳорнинг серёғин келиши деҳқоннинг машаққатини янада оширди. Жуда кўп жойларда чигит қайта-қайта экилди. Лекин чин дилдан меҳнат қилган одам барибир кўзланган ҳосилни олишга эришади. Шу кунларда барча эътиборни ғўза парваришига қаратганмиз. Август ойи азал-азалдан пахта ҳосилига ҳосил қўшиш ойи ҳисобланади.

Президентимизнинг вилоятларда бўлишини, халқ билан мулоқот қилишини мен чин юрагимдан қўллаб-қувватлайман. Бу суҳбатларда жуда катта-катта муаммоларга ечим топилмоқда. Жойларда қурилиш ва ободончилик ишлари авж олмоқда. Одамларда умид уйғонмоқда. Бир сўз билан айтганда, бугунги кунимиз кечагидан, эртамиз бугунгидан яхши бўлади.

Мамлакатимиз раҳбари билан бўлган ҳар бир учрашув кучимга-куч, ғайратимга-ғайрат қўшади, янги марраларга ундайди.

 

Барчиной ҲАМИДУЛЛАЕВА

ёзиб олди.

← Рўйхатга қайтиш